Қайднома

Қидирув

Ноёб қора-қизил «марварид»

Ноёб қора-қизил «марварид»

  15.09.2019 01:44
  0
  232
Ноёб қора-қизил «марварид»

Франция  чемпионати олий дивизиони 2-турида камтарин «Ренн» клуби ўз майдонида бадавлат ва юлдузларга тўла «ПСЖ»ни 2:1 ҳисобида енгиб, янги мавсумнинг бош сенсациясини қайд этди. Бу бутун Европада кутилмаган натижа сифатида эътироф этилди. Кейинчалик «кўҳна қитъа» таблоидларининг бор эътибори «қора-қизиллар» сафида майдонга тушган 16 ёшли ярим ҳимоячига қаратилди. Албатта, бежиз эмас. Бинобарин, 2002 йили туғилган йигитча - Эдуардо Камавинга ўша  оқшом енгилмас гранднинг марказий чизиғини бутунлай «нон»сиз қолдириб, моҳир ижрочилар ҳавас қиладиган даражада ассистентликни ҳам қойиллатди. Хуллас, у «Ренн»нинг ўта қимматли ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.

 

Эдуардонинг майдондаги ҳайратомуз ҳаракатлари ўз йўлига, у олдинроқ рекорд расмийлаштиришга ҳам улгурганди. Яъни 2002 йилнинг 1 январидан кейин таваллуд топган футболчилар орасида биринчи бўлиб Европанинг кучли 5та чемпионати доирасидаги ўйинда майдонга тушди. Хўш, бу йигитчанинг ўзи ким? Камавинга Анголада туғилган ва болалигида оиласи билан Франциянинг Бретань вилоятига кўчиб ўтган. Эдуардо 6 ёшидан «Ренн»нинг ҳамкор жамоаси мактабида шуғуллана бошлади. Асли анголалик чаққон болакай 11 ёшга тўлганида, уни клуб академиясига қабул қилишди. Бўлажак ярим ҳимоячининг ўйин бобидаги тараққиёти хусусида алоҳида тўхталиш шарт эмас. Унинг 16 ёшдаёқ дастлабки профессионал шартномага имзо чеккани барчасини кўрсатиб турибди. Хуллас, Камавинга катта футболдаги дебютини 2019 йилнинг апрелида нишонлади. Ўшанда у «Анже»га қарши кечган сермаҳсул учрашув (3:3)да иштирок этганди. 1 май санасига келиб эса, африкалик иқтидор «Монако» билан баҳсни «Ренн»нинг бошланғич таркибида бошлади ва чакки таассурот қолдирмади. Эътиборлиси, Эдуардо 64-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берганидан кейин 2:0 ҳисобида олдинда бораётган «қора-қизиллар» якунда ғалабани қўлдан чиқаришди. Қизиқ, монегаскларнинг мувозанатни тиклай олишгани шунчаки, тасодиф маҳсулими ёки бу Эдуардонинг майдондан чиқиб кетгани оқибати? Нима бўлганда ҳам, Камавинга апрелда таркибга қўшилган ҳолда, мавсумни асосий футболчи мақомида якунлади. Рақамларда айтсак, охирги 7та учрашувнинг 4тасида илк дақиқадан жангга киришди.

Янги мавсумни чакки бошламаган «Ренн»нинг марказий ҳудудида айни шу йигитча етакчилик қилаётганига нима дейсиз? Тўғри, ёш ярим ҳимоячи «ПСЖ»га қарши ўйиндан кейингина кўпчилик эътиборига тушди. Лекин у «Монпелье» билан бўлган 1-тур беллашувида ҳам самарали тўп сурганди. Масалан, яккакурашларнинг 63 фоизини ўз фойдасига ҳал  қилди, 41та узатмасидан атиги 1таси хато чиқди, қолганларида тўп ўз эгасига етиб борди. Эдуардонинг фаоллиги натижада ҳам ўз аксини топди - «Ренн» сафар ўйини иккинчи бўлимида майдонда озчилик бўлиб  қолганига қарамай, ортга 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Ўша баҳсда Эдуардо чиндан ҳам, тўлиқ 90 дақиқа тиним билгани йўқ. «Камавинга - мен жуда яхши биладиган иқтидорли йигит. Уни ёшлар жамоаларидаги давридан буён кузатиб келаман. Эдуардо алоҳида асраб-авайлашга муҳтож ёш йигитча, ҳар ҳолда, энди 16 ёшга тўлганини унутмаслигимиз лозим. Унинг ўзи эса тинимсиз ишлашда давом этиши ва шу аснода улкан туғма маҳоратини янада юксалтириши керак» - булар «Ренн» бош мураббийи Жюльен Стефаннинг ёш шогирди хусусидаги фикр-мулоҳазалари.

Эътиборли жиҳати, Париж грандига қарши кечган фантастик учрашувдан кейин Камавинга нафақат франциялик мухлис ва мутахассислар, ОАВ вакиллари, балки Европа грандлари эътиборини ҳам ўзига тортди. Натижада «16 ёшли «марварид» учун қайсидир топ-клубга йўл олиш фойдалироқми ёки қадрдон жамоасида камолот сари интилгани афзал?» қабилидаги жумбоқли савол юзага келди. Хўш, Эдуардо пойтахтликлар билан ўйинда қандай каромат кўрсатдики, барча бирданига унга маҳлиё бўлди? Мана, йигитчанинг статистик кўрсаткичларига қаранг: узатмаларидан нақ 98 фоизи аниқ чиқди (яна 1тагина хато уриниш), тўпга 60 марта тегиниш. У яна 1та голга ассистентлик қилиш баробарида майдон марказида чинакамига «гегемон»лик ўрнатди. Қудратли Марко Верратти ва Маркиньос шу суяги ҳали қотишга улгурмаган вундеркиндни доғда қолдириш йўлини топа олишмади. Оқибатда таркиб бўйича бир бош устун саналган «ПСЖ» мағлубиятни тан олди. Очиғи, мазкур баҳс ва ноёб иқтидор соҳибининг сермазмун ўйинию, чиройли узатмаларини қайта-қайта томоша қилсангиз ҳам, асло зерикмайсиз. Франция матбуоти Камавингани ҳозирдан Кантенинг терма жамоадаги ўринбосари сифатида мақтамоқда. Франциялик журналистлар бунда Эдуардо ва «Ренн» ўртасидаги шартнома 2022 йилгача мўлжалланганини ҳам инобатга олишган, албатта. Умуман, уларнинг якдил хулосаларида жон бор. Ҳар ҳолда яна 3 йилдан кейин Канте 31 ёшда бўлади, Камавинга эса 19да. Тўғри, ёш иқтидор соҳибининг «уч ранглилар»нинг асосий таянч ярим ҳимоячисига айланиши масаласи ҳозирча очиқ. Лекин французларнинг майдон маркази хусусида хотиржам бўлишларига асослар етарли.

Миш-мишлар оламида нима гап? «Барселона», «Реал», «Бавария», «Ювентус», «Манчестер Сити», «Атлетико» -  бу Эдуардонинг фаолиятига жиддий қизиқиб қолган жамоаларнинг тўлиқсиз рўйхати. Энг сўнгги маълумотларга кўра, «Арсенал» ва «Тоттенхэм» клублари вакиллари ҳозирнинг ўзида Камавингани қишда сотиб олиш масаласида музокара бошлашга тайёр эканликларини билдиришган. Воқеаларнинг қандай ривожланиши номаълум. Лекин бемалол айтиш мумкинки, энди ёш иқтидор доимий тарзда кўпчилик эътиборида бўлади. Унинг «Ренн»да узоқ вақт қолишига ҳам қандайдир кафолат йўқ. Лекин кетиш пайти жонажон жамоасига катта даромад келтириши эҳтимоли баланд. Франция клублари молиявий муаммоларни асосан ўз етакчиларини пуллаш эвазига ҳал этишини назарда тутсак, «қора-қизиллар»нинг манфаатли таклифни рад этишлари жуда қийин.

Тушунарлики, айни пайт Францияда ярим ҳимоячининг келажаги кўпчиликни бирдек қизиқтирмоқда. Хўш, Камавинга дарҳол бошқа кучлироқ жамоа сафига қўшилиши керакми ёки «Ренн»да қолиб, ўйинини янада мукаммаллаштириши мақсадга мувофиқ? Эскпертлар гуруҳининг хулосаси оддий: «Эдуардо яна 1-2 йил ўз жамоасида ўйнаб, куч-қувватга тўлиши керак. Унга тажриба ошириш заррача зарар келтирмайди. Даъвогар топ-клублар бу вақт ичида қаергадир ғойиб бўлмайди, кучли жамоага ўта барвақт ўтиш эса ёш футболчининг ўсишига салбий таъсир этиши мумкин».

Эдуардо Камавинга - нафақат Франция, балки бутун Европа футболининг бўлажак ёрқин юлдузи. У тез орада майдон марказида тўлиқ ҳукмронликни ўз қўлига олиш учун барча имкониятларга эга ноёб иқтидор соҳибидир. У ҳозирнинг ўзида рекордчи. Ҳамма билади, бугунги «ПСЖ» Франциянинг енгилмас клуби саналади. Қайсидир жамоа Париж дружинасини маҳв этса ёки ундан очко тортиб олса, ҳафта қаҳрамонига айланади, ҳамма у ҳақда гапира бошлайди. Шундай экан, «Ренн»нинг 2-турдаги натижаси ҳали кўп тилга олинади. Савол: эҳтиросга бой баҳс-мунозараларнинг асл сабабчиси ким? Чемпионни «тиз чўкиш»га мажбур этган гол яратувчиси - Эдуардо Камавинга. Ўша самарали узатма унга ички чемпионатнинг энг ёш ассистенти мақомини тақдим этди. Яъни Франция чемпионати тарихида ҳеч ким бу қадар ёшлигида гол ҳаммуаллифига айланган эмасди. Қолаверса, бу ярим ҳимоячи учун ягона рекорд кўрсаткич эмас. Зеро, Эдуардо 2002 йили туғилган йигитлар орасида кучли 5та чемпионатда дебют қилган биринчи футболчидир.

Асли анголалик иқтидор майдондаги ҳаракатлари билан беихтиёр Килиан Мбаппени эслатиб юборади. Ҳозир Франция чемпионатида бир қатор иқтидорли ёшлар тўп суришмоқда. «Монако»да порлаган ва «ПСЖ»да тобора юксалаётган Килиан улар орасида яққол етакчи, албатта. Мбаппе ҳозирнинг ўзида Франциянинг 5 карра чемпиони, ЖЧ-2018 ғолиби ва йилнинг энг яхши футболчисидир. Шундай мегаиқтидорга қиёсланиш ҳар қандай ўсмир учун юксак баҳо саналади. Лекин мақтов қанчалик ўринли эканлигини Эдуардонинг кейинги ўйинлари белгилаб беради. Ўзи «Ренн» академияси Францияда катта нуфузга эга. Ҳа, «Ренн» гранд эмас, оддий ўртамиёна жамоа. Лекин унинг академияси машҳурлик бобида «ПСЖ», «Лион» ёки «Марсел»никидан кам эмас. Футбол оламининг бир қатор номдор намояндалари айнан шу масканда таҳсил олишган. Эдуардо Камавинга эса «Ренн» тизими иқтидорли ёшларининг янги вакили. Ўсмир йигитда келажакда Сильвен Вильтор, Йоан Гуркюфф, Абдулай Дукуре ва Усмон Дембеле каби «ака»лари сафидан жой олибгина қолмай,  улардан ўзиб кетиш учун барчаси мужассам. Дарвоқе, Эдуардо болалигида дзюдо билан шуғулланган экан. «Ренн» тизимига ўтишдан олдин эса «Драпо-Фужер» клубида футбол сирларини ўрганган. Факт шуки, у спортга дзюдо орқали қадам ташлаган. Фақат маълум муддатдан кейин футболга нисбатан меҳри кучлилик қилиб, яккакураш спорт турини жамоавий ўйин билан алмаштиради. Унинг биринчи марраси - Усмон Дембеле ўрнини эгаллаш. Бинобарин, бу футболчи «Боруссия» орқали «Барселона»га йўл олишидан олдин айнан «Ренн» шарафини ҳимоя қилиб, кўзга ташланган эди. Қисқаси, Усмон ва Эдуардо битта футбол мактабида таҳсил олишган, иккиси ҳам ярим ҳимоячи ва юксак техник маҳоратдан бенасиб қолмаган. Қизиғи, Эдуардо катта футболдаги дебютини шу йил апрелда «Анже»га қарши учрашувда нишонлаган бўлса, Усмон бундан роппа-роса 3 йил аввал айнан шу жамоа билан баҳсда илк марта майдонга тушганди. Нима, бу навбатдаги тасодифми? Ким билади...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz