Қайднома

Қидирув

Азамат Алланиёзов: «Жароҳат туфайли сермаҳсуллигим йўқолди»

Азамат Алланиёзов: «Жароҳат туфайли сермаҳсуллигим йўқолди»

  16.09.2019 01:21
  0
  470
Азамат Алланиёзов: «Жароҳат туфайли сермаҳсуллигим йўқолди»

Суперлига жамоалари ФИФА кунлари муносабати билан юзага келган танаффусдан унумли фойдаланган ҳолда қатор назорат учрашувларида майдонга тушишмоқда. Вадим Абрамовнинг айрим шогирдлари олимпия термаси ихтиёрида бўлишсада, қолган футболчилар билан «Андижон» ва «Металлург»га қарши назорат баҳсини ўтказилди. «Сурхон» эса пойтахтимиздаги «Тўқимачи» стадионида «Қўқон-1912» билан ўзаро кураш синашди. Унда Владимир Андреев ўйин амалиёти камроқ бўлган футболчиларга имкон берди. Фурсатдан фойдаланиб, термизликлар ҳужумчиси Азамат Алланиёзовни суҳбатга тортиб, унга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик.

- Азамат, «Насаф» шунингдек, «Навбаҳор» таркибида голеадорлик хислатингизни намойиш этгансиз. Аммо «Сурхон»да сермаҳсуллигингиз камайиб кетди.

- Тўғри. Мавсум бошида жароҳат орттириб олдим, ўтган йилги жароҳат ҳам қўзғади. Нима ҳам дердим, футболчининг қисматида шундай нохуш ҳолатлар ҳам бўлади. Аввал ўйнаган клубларим ҳақида гапирадиган бўлсам, улар орасида «Насаф» барибир бошқача, тажрибали мураббий ва кучли инфратузилмага эга. «Сурхон» эса орадан 14 йил ўтиб кучлилар сафига қўшилди. Қуйи дивизион ва элита ўртасидаги фарқ жуда катта. Насиб қилса, мухлислар кутган голларни уришни бошлайман. Ҳаммаси олдинда ҳали.

- Жамоа жорий мавсум юқори ўринлар учун кураш олиб бораётган эди, бироқ кейинчалик кетма-кет мураббийлар алмашинуви кузатилди... Нима деб ўйлайсиз, ушбу ҳолат футболчиларга қай даражада таъсир қилди?

- Мураббийлар масаласини раҳбарият ҳал қилади, уларни алмаштириш ёки янги мураббийни олиб келиш менинг ваколатимга кирмайди. Бу ҳолат бизларга ортиқча таъсир ўтказмаслиги, фақат майдонга тушиб, футбол ўйнашимиз керак.

- Андрей Микляевдан сўнг жамоани Бахтиёр Ашурматов қабул қилиб олганди. Лекин қисқа муддатдан сўнг у ҳам истеъфога чиқарилди.

- Мавсум бошида жамоани йиққан ва тайёрлаган мутахассис Илҳом Мўминжонов бўлади. Ҳозир таркибимиздаги 60 фоиз футболчини айнан Илҳом ака таклиф қилган. Аммо кутилмаганда уни дисквалификация қилишди ва бу футболчиларнинг руҳияти ўзгаришига сабаб бўлди. Қайсидир маънода кайфият тушди. Шунга қарамай, бир ёқадан бош чиқариб, Суперлига баҳсларига киришдик. Ўзаро тушунмовчиликнинг ягона омили - вақт. «Сурхон» қайта шакллантирилаётган клублардан бири, худди АГМК сингари. Бахтиёр Ашурматов ҳам тажрибали мураббий сифатида менда ижобий таассурот қолдирган. У билан аввал Бухорода ҳам бирга ишлаганман. «Сурхон» мутасаддилари билан келиша олмадими ёки натижа яхши бўлмаганлиги учунми, уни ишдан олишди. Ашурматов жамоамизга мураккаб паллада келди, «Насаф» билан ўйиндаги мағлубият ва мухлисларнинг норозиликлари унинг қисқа вақт ишлашига сабаб бўлди, деб ўйлайман.

- «Сурхон» ўйин бобида ҳеч кимга мағлуб бўлаётгани йўқ. Ҳамма нарса етарли, аммо натижа кўзга ташланмаяпти. Бунга қандай жавоб бера оласиз?

- Клубда ҳамма нарса профессионал даражада бўлса, натижа ҳам ўз-ўзидан яхшиланиб бораверади. Юқорида айтганимдек, «Сурхон»нинг элитага мослашиб олиши учун вақт зарур. Жорий йилни муносиб тугатиб олсак, кейинги йил албатта медаллар учун курашишга қурбимиз етади.

- Сурхондарё халқи доим стадионга жамоасини қўллаб-қувватлаш учун ташриф буюради. Аммо мухлисларнинг эҳтиросларини жиловлай олмасликларига кўп бор гувоҳ бўляпмиз...

- Футболни улар учун, ишқибозларга завқли онларни бериш учун ўйнаймиз. Кўпинча ишқибозлар жамоадаги ички муҳитдан бехабар бўлишади, футболчиларнинг руҳиятини тушунишмайди. Бу барча мухлисларга хос. Вазиятни тўлиқ ўрганмасдан қарор чиқаришади. Уларни ҳам тушуниш мумкин, жамоаси мағлубиятга учраётган пайтда худди биз сингари эҳтиросларга берилиб кетишади. Мухлислар доим ўз суюклиларидан ғалаба кутишади, лекин доимий тарзда уч очкога эга чиқишнинг иложи йўқ.

- Таркибга янги қўшилган бразилиялик футболчилар - Лукас ва Дугласнинг маҳаллий ўйинчилардан устунлигини сездингизми?

- Лотин Америкаси вакилларининг жамоамизга мослашиб кетишлари қийин бўляпти. Агарда шу вазиятни ўнглай олишса, иқлим шароитига кўникишса, албатта, фойдалари тегишига ишончим комил.

- Бутун ўйин давомида ҳужум уюштириб, мағлубиятга учраш ҳам мумкин ёки аксинча... «Сурхон» аксарият ҳолларда ҳужумкор футбол кўрсатиб, якунда мағлубиятни тан олишга мажбур бўляпти.

- Тўғри, гоҳида омад ҳам муҳим роль ўйнайди. 90 дақиқа баҳс тизгинини назорат қиласизу, аммо битта хато бутун меҳнатларингизни чиппакка чиқаради. Биз рақибдан келиб чиқиб, унинг ўйин услубига мослашиб тўп сурамиз. Футболда югурмасангиз бирон нарсага эриша олмайсиз. У футболчидан доимий ҳаракатни талаб қилади.

 

АБДУЛАЗИЗ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz