Қайднома

Қидирув

Афсоналар тўқнашуви ёки афсонавий Рууд Гуллит ҳақида

Афсоналар тўқнашуви ёки афсонавий Рууд Гуллит ҳақида

  16.09.2019 05:30
  0
  428
Афсоналар тўқнашуви ёки афсонавий Рууд Гуллит ҳақида

Футболчилик даврида «Қора лола» унвонига сазовор бўлган Рууд Гуллит 57 ёшга тўлди. Голландиялик мутахассис 2017 йилнинг ноябридан бери ишсиз юрибди. Умуман, Гуллитнинг мураббийлик фаолияти ўзи ўйлаганчалик муваффақиятли кечмаяпти - 1997 йилда «Челси» билан қўлга киритилган Англия кубоги мураббий Гуллитнинг ягона соврини бўлиб қолмоқда...

Қуйидаги ҳикоямиз Рууд Гуллитнинг «Ньюкасл»даги қисқа даври ҳақида. У «ҳаккалар»га 1998 йилнинг 1 июлидан 1999 йилнинг 28 августига қадар устозлик қилди. Дастлабки мавсумни жамоа АПЛда 13-ўринда якунлади. Кейин «Қора лола» «Ньюкасл»нинг қиролига айланган Алан Ширер билан чиқиша олмай, жамоани тарк этди.

1999 йилнинг 24 август оқшомида «Ньюкасл» ўз майдонидаги Тайн-Уир дербисида азалий рақиби - «Сандерленд»дан енгилиб (1:2), мураббий билан ҳужумчи ўртасидаги кескин қарама-қаршиликка ҳам нуқта қўйди. Жамоанинг айрим етакчи ўйинчилари ва кўплаб мухлислар мураббийдан юз ўгиришди. Оқибатда Рууд Гуллит истеъфо сўраб, ариза ёзишга мажбур бўлди.

Аввалги мавсумнинг асосий қисми трансфер борасида жамоа рекордини ўрнатган Алан Ширернинг Гуллит билан «даҳанаки» жанглари остида ўтган, лекин зиддият қонун-қоидалар доирасида бўлганди. «Сандерленд»га қарши баҳсда Рууд Аланни майдонга туширмасликка қарор қилди. Сўнгги йиллар воқеаларини таҳлил қилган кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, мураббий мазкур қарори билан ўз жамоасини мағлубиятга маҳкум этганди.

«Ҳаккалар» 1996 йилнинг ёзида Алан Ширерни 15 млн. фунт эвазига ўз сафларига қўшиб олишган, бундан бир йил аввал ҳужумчи «Блэкберн» билан шоҳсупани забт этганди. Унинг Ньюкасл-апон-Тайнга қайтиши мухлислар учун улкан байрамга айланди, «ҳаккалар» таркибидаги ҳар бир голи жамоадошлари ва «Сент-Жеймс Парк»ка ташриф буюрган мухлислар ўртасидаги нуфузини ошириб юборганди.

Футболчилик даврида 20га яқин совринларга, жумладан, Евро-1988 ғолиблигига сазовор бўлган «Ньюкасл» бош мураббийи эса Ширернинг ўйинларидан қониқмади. «Қора лола» ҳужумчидан юксак меҳнатсеварлик ва таркибдан жой олишга ҳақли эканлигини исботлаш иштиёқини кутганди. Бошқачароқ айтганда, Гуллит Ширернинг якка ҳукмрон бўлишини истамасди.

Бундан аввал голландиялик мутахассис фақат ўзигагина маълум бўлган сабабларга кўра «ҳаккалар» сардори Роб Лига қарши ҳужум бошлаган ва уни ўринбосарлар жамоасига жўнатганди. Кейин Ширер унинг нишонига айланди. Шу тариқа Рууд ўзи учун ўзи чоҳ қазиганлигини футбол тарихчилари ҳам таъкидлаб ўтишган. Уларнинг фикрича, Гуллит Робга қарши тўқнашувда ғолиб чиқиши мумкин эди. Лекин Ширерни енгиш учун умуман имкониятга эга эмасди.

29 ёшли ҳужумчининг юксак нуфузга эга эканлиги, шунингдек, ортиқча жон койитмай тўп сураётганлиги боис, Рууд «Сандерленд»га қарши учрашувда уни захирада қолдирди. Бу ўта қалтис қарор эди. Чунки 5-турга «ҳаккалар» «Уимблдон» билан қайд этилган жанговар (3:3) дуранг учун олинган ягона очко билан етиб келишганди.

Ўша оқшом Аландан ташқари яна бир тажрибали ҳужумчи - Данкан Фергюсон ҳам майдонга туширилмади.

«Бошланғич таркиб рўйхатини қўлимга олганимда, шогирдларимда қўшимча иштиёқ уйғотишга зарурат сезмадим. Чунки Гуллит икки нафар энг яхши ҳужумчисини захирада қолдирганди. Унинг бу қарори мени ҳайрон қолдирди. Биз учун бу ажойиб имкониятдан унумли фойдаланиш қолганди, холос», деганди «Сандерленд»нинг ўша пайтдаги устози Питер Рид ўйиндан кейин.

Ҳатто об-ҳаво ҳам «Ньюкасл» бош мураббийига фалокатдан дарак бергандек эди, «Сент-Луис Парк»даги беллашув тинимсиз ёмғир остида ўтди. Бироқ ўйиндаги ҳисобни унинг жамоаси очди - 28-дақиқада Кирон Дайер Пол Робинсоннинг узатмасини голга айлантирди. Лекин танаффусдан кейин мезбонлар суръатни тушириб юборишди, ташаббус меҳмонлар томонига ўтди. Шундан кейин Гуллит 57-дақиқада Фергюсонни майдонга туширди. Мухлислар эса Ширерни талаб қилиб, стадионни бошларига кўтаришди.

Тез орада таблодаги ҳисоб ўзгарди, фақат «Ньюкасл» фойдасига эмас. 64-дақиқада «Сандерленд» вакили Нилл Куинн мувозанатни тиклади. Энди мухлислар мураббийни ҳақоратларга кўмиб ташладилар ва Ширернинг майдонга туширилишини талаб қилдилар. Шундан кейин мураббий 72-дақиқада Аланни Силвио Марич билан алмаштирди.

Тақдирнинг қалтис ҳазилига кўра, Ширер майдонга тушганидан кейин 3 дақиқа ўтгач, меҳмонлар ғалаба келтирувчи 2-голни амалга оширдилар. «Ҳаккалар» ўйинида эса умуман маъно қолмади. Жамоани уйғотиш на Ширер ва на Фергюсонга насиб этди. Хуллас, баҳс мезбонларнинг аламли мағлубияти билан якун топди.

Бироқ Гуллит ўч олишни давом эттирди - икки забардаст ҳужумчини захирада қолдириб, шарманда қилгани етмагандек, ўйиндан кейинги матбуот анжуманида уларни мағлубиятнинг асосий сабабчилари сифатида эътироф этди: «Фергюсон ва Ширер майдонга тушишларидан аввал биз ҳисобда олдинда бораётгандик».

Мураббий бўҳтонидан хабар топган Алан ва Данканнинг дарғазаб ҳолатини тасаввур қилиш қийин эмас. Ширер-ку бир амаллаб асабларини жиловлай олди, аммо Фергюсон эрталаб эшикни дабдала қилган ҳолда мураббий хонасига бостириб кирди. Хайриятки, можаро жиддий муштлашувга айланиб кетмади.

Эҳтимол, мазкур «томоша»дан кейин Гуллит ўзини ғолиб сифатида ҳис этгандир, қабиҳлик билан бўлсада айрим футболчиларга унинг қарори ҳамма нарсадан устун эканини исботлади. Бироқ атиги уч кундан кейин ўзи «Ньюкасл»да ортиқча бўлиб қолди. У муайян тортишувни ўз фойдасига ҳал қилган бўлиши мумкин, аммо ўзи бошлаган кенг қамровли тўқнашувда шармандали мағлубиятга учради.

Истеъфосига изоҳ бериш чоғида Гуллит Ширер, Фергюсон ва Ли билан бўлиб ўтган можаролар хусусида чурқ этмади, мухлисларнинг совуқ муносабатлари ҳақида ҳам оғиз очмади. Топган баҳонаси шахсий ҳаётига халал бераётган бу шаҳарда чарчаб қолаётганини рўкач қилиш бўлди. Таажжубки, шундай мураккаб вазиятда ҳам Рууд ғирромлигидан воз кечмади: «Шуни алоҳида таъкидлаб айтаманки, «Ньюкасл»даги фаолиятимни давом эттиришимни истаётганлар жуда кўп. Бироқ мен ўз хоҳишимга кўра истеъфога чиқадиган вақт келди, деб ҳисоблайман».

Орадан бир неча йил ўтгач, мазкур можарони ёдга олган Алан Ширер уни ошкора таҳқирлагани учун Гуллитдан хафа эмаслигини таъкидлади. Афтидан, ўзаро гина-кудуратлар чиндан ҳам унутилган кўринади. ЖЧ-2014 турнирининг очилишига бағишланган Рио-де-Жанейродаги тантанали маросимда мураббий ва ҳужумчи яна учрашдилар ва бироз суҳбатлашишга ҳам улгурдилар.

«Мен уни рафиқамга таништириб, «Сандерленд»га қарши дерби беллашувида шу йигит мени захирада қолдирганини айтдим. У ўша онда жавоб қайтарди: «Узр, бундан жуда афсусдаман. Чунки у пайтда анча ёш ва такаббур эдим. Иложи бўлса, самимий узримни қабул қил ва хатоларим учун мендан ранжима». Шундан бери Рууд билан дўстона муносабатдаман», - деди Ширер хорижлик касбдошларимизга.

1999 йилда Гуллит ўрнига Бобби Робсоннинг келиши том маънода Алан Ширерга қайтадан илҳом бағишлади. Натижада афсонавий ҳужумчи яна 7 йил қадрдон жамоаси шарафини ҳимоя қилди, «Ҳаккалар» сафидаги голлари сонини 206тага етказиб, жамоанинг энг яхши тўпурарига айланди. Бу рекорд ҳанузгача ўз кучини йўқотган эмас.

Яна бир эътиборли факт: Робсон раҳбарлигидаги дастлабки беллашувда «Ньюкасл» «Шеффилд Уэнсдей»­ни 8:0 ҳисобида таслим этган, Ширер «флэш»га эришганди. Афсонавий футболчи мақомига муносиблик бобида Аланнинг далиллари уни синдиришга уринган Руудникидан кўп бўлса кўпдирки, асло кам эмас. Чунки у ҳозир ҳам АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурар! 260та голдан юксалган мағрур чўққини ким ва қачон забт этиши ҳозирча номаълум...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz