Қайднома

Қидирув

Даврлар тўқнашуви ёхуд «гол машиналари» ўрнини ким тўлдиради?

Даврлар тўқнашуви ёхуд «гол машиналари» ўрнини ким тўлдиради?

  17.09.2019 04:56
  0
  303
Даврлар тўқнашуви ёхуд «гол машиналари» ўрнини ким тўлдиради?

Самюэль Это,Онинг фаолиятини якунлаш хусусидаги қарори Soccer.ru вакилларини голеадорлар гуруҳидаги ҳолатни таҳлил қилишга ундади. Чунки уларнинг аксарияти яшил майдон билан хайрлашиш остонасида туришибди.

Ҳозирга қадар футбол олами ўз фаолиятини давом эттираётган ва профессионал мақомида 400та гол маррасини забт этган 11 нафар мерганга эга эди. Рўйхат етакчиларини тахмин қилиш қийин эмас - Роналду, Месси ва Ибрагимовичлар клуб ва терма жамоаларидаги голлари бўйича 500лик маррадан ўзиб кетишган. Қолган тўпурарларнинг кўрсаткичлари бироз камтарин. Криштиану Роналду қаҳрамонларимиз орасида 700 довонини ҳам ортда қолдирган, ҳозиргача 708та гол урди. Месси бу юксак чўққи остонасида турибди, унга чиқиш учун 2 аниқ зарба етарли. Ибрагимович сезиларли даражада ортда қолган, ёши ҳам каттароқ, лекин 535та голни амалга ошириш ҳам юксак натижа. Қолаверса, Златан спорт формасини сақлашга уста, 37 ёшда ҳам АҚШ чемпионатининг энг хавфли мерганлари сафида.

Етакчи бешликда Луис Суарес ва Давид Вильялар боришмоқда. Лекин Испания вакилини тез орада «400}» клубининг энг ёш вакили Роберт Левандовски қувиб ўтиши мумкин. Польшалик мерганнинг голлари сони 436тага етди. Яъни, Вильяга тенглашиб олди. Давид, шунингдек, Самюэль ҳам ўз голларининг маълум қисмини «Барселона» таркибида амалга оширишган. Энди бу анъанани кўпчиликка яхши таниш бўлмаган Абреу давом эттириши мумкин. Таъкидлаш жоизки, «400+» клубининг 10 нафар аъзосидан 3 нафари уругвайлик ўғлонлар. Себастьян ҳозирча Эдинсон Каванидан олдинда бормоқда.

Қатарда ўз фаолиятига нуқта қўйиш орқали ҳикоямиз сабабчиси бўлган Это~О 38га чиққунга қадар 13та жамоада тўп сурган бўлса, Абреу ҳозиргача 30та жамоада 1995 йилдан шу пайтгача 427та гол урди. Тўғри, у Хунтелар ёки Агуэролар даражасидаги ҳужумчи эмас. Лекин профессионал футболда шунча голни амалга ошириш - осон иш эмас.

10 нафар энг сара ҳужумчиларнинг фаолияти якунига яқинлашаётгани ачинарли ҳол, албатта. Эътибор берсангиз, Бензема ҳам навқирон эмас, «Ювентус»нинг олдинги чизиғида ҳам сермаҳсул ва барқарор тўпурар йўқ, 300лик маррадан ўтган Игуаинга саломатлиги панд бермаса, клубга аъзо бўлиши мумкин. Бироқ Гонсало яқинда 32га чиқади, худди Месси каби. Фақат Давид Вилья каби сабрли профессионаллар мураккаб жароҳатларни енгиб, Япония ёки Яқин Шарқда бўлса ҳам тўп сурмоқдалар. Шунга қарамасдан, сермаҳсул тўпурарлар давраси торайиб бормоқда.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, нуфузли рўйхатдан жой олган мерганлар топ-бешликда тўп суришган ва кўплаб совринларга сазовор бўлишган.

Албатта, ёрқин юлдузларнинг яшил майдонларни тарк этишлари - футболдаги сезиларли йўқотиш. Яна 2-3 йиллик фаол иштирокдан кейин амалдаги етакчилар футбол билан хайрлашадилар, фақат Роналду 40 ёшга қадар майдонни тарк этмасликка ваъда берган. Шундан кейин янги авлод вакиллари ўртасида натижасини тахмин қилиш қийин бўлган пойга бошланади. Ҳозирги воқелик ва қайд этилаётган натижалардан хулоса чиқарадиган бўлсак, Криштиану ва Леони қувиб ўтишга қодир бўлган тўпурар йўқ, ҳисоби.

Балки расмий учрашувлардаги голлари бўйича якунда фақат афсонавий Йозеф Бицанга имкониятни бой берган Ромариодек янги мерган пайдо бўлар. Нима бўлганда ҳам, Месси ва Роналдуда тарихий рейтинг­нинг дастлабки икки поғонасини банд этиш учун ажойиб имконият бор. Кин, Дрогба, Руни, Тотти ва Лэмпардлар ҳисобида 300тадан кўпроқ голлар бўлганлигини инобатга олсак, узлуксиз голеадорлар даври ўтиб бораётганига амин бўламиз.

Бугуннинг энг ёрқин мерганлари бўлмиш Месси, Роналду, Суарес, Левандовски, Кавани ва Агуэролар фаолиятларини давом эттирадилар. Ибрагимович, Вилья, Абреу ва Хунтелар эса тез орада Это~Одек бутсаларини михга иладилар. Шунда 400лик маррадан ўтган тўпурар қолмайди.

Ўз фаолиятида 500дан кўпроқ гол урган 28 футболчининг фақат 4 нафари янги асрда тўп суришган. Яъни, дарвозани забт этиш осонлашиб қолди, дейишга асос йўқ. Боз устига, Месси ва Роналдунинг кўрсаткичлари Пеле, Пушкаш, Мюллер ва Бицанларникидан паст. Ҳозир гол уриш учун аввалгидан кўпроқ тер тўкиш ва кучли рақиблар қаршилигини синдириш талаб этилади.

Хуллас, ҳозирда марранинг ярмини босиб ўтган Кейн голлари сонини 400дан ошира олса, улкан муваффақиятга эришган бўлади. Шунингдек, Лукакудан ҳам умид қилиш мумкин. Бельгиялик ҳужумчи 26 ёшда, саломатлиги аъло даражада. Тўғри, Ромелу Евро-2020дан кейин терма жамоадаги фаолиятини якунлаш ниятида. Бироқ «Интер» вакилини 35гача тўп суриш ортиқча қизиқтирмайди.

Килиан Мбаппедан эса узоқ ва сермаҳсул фаолиятни кутса бўлади. 20 ёшли йигитча ҳисобида 100та гол бор, суръати юқори. Месси ва Роналдулар бу ёшда шунча гол ура олишмаганди. Муҳими - жароҳатлардан йироқ бўлиш ва ўз фаолиятини тўғри ташкил этиш. Талабчан мухлислар Ла Лига ва АПЛ грандларида тўп суришни талаб қилаётган паллада Лига 1 ҳимоячиларини қийнайвериш инсофдан эмас, ахир.

Самюэль Это~Ога тўхталадиган бўлсак, футболдан кетмаган тақдирда у бошқа мақомда иш олиб бориши мумкин. Мураббийлик соҳасида омадини синаб кўриши мумкин, аммо муваффақиятга эришишига ишонч йўқ. Тажрибадан маълумки, буюк тўпурарлар орасидан малакали мураббийлар чиқмаган. Фақат «Панатинаикос»ни ЕЧК финалига олиб чиққан Ференц Пушкаш бундан мустасно, албатта. Ҳал қилувчи баҳсда енгилган бўлсада, нуфузли мусобақада ўз иқтидорини намойиш этганди.

Ҳа, афсонавий Ди Стефано ҳам мураббий сифатида совринларга сазовор бўлган. Лекин ҳеч қайси собиқ тўпурар футбол оламида ўз услубини ўрната олмаган.

Узлуксиз голеадорларнинг футболда тутган ўрни ўзгача. Бир қарашда улар кўпчиликдек кўринишсада, футбол оламида аҳён-аҳёнда пайдо бўлишади. Шу сабабли машҳур тўпурарнинг истеъфоси доимо мухлислар учун оғриқли бўлади.

Шубҳа йўқки, Рауль, Роналдо, Батистута, Тотти, Дель Пьеро, Шевченко ёки Инзаги каби афсоналарнинг ўз мухлислари бўлган. Ширер ва Ромариоларнинг ҳам. Энди Вилья ва Это~Олар ихлосмандларига суюклиларининг энг ёрқин онларини соғинч билан эслаш навбати келди. Тез орада Златаннинг, ундан кейин Месси ва Роналду авлодлари мухлислари айрилиқ жафосини тотиб кўрадилар. Бартомеу 2021 йилда ҳар қандай воқеа юз бериши мумкинлиги, ҳатто Мессининг «Барселона»дан кетишига писанда қилди.

Криштиану имкон қадар узоқроқ тўп суриш мақсадида жамоасини алмаштирганини айтди, Лео эса аввал ўз юртидаги жонажон клубига қайтиш ниятини билдирганди. Лекин кейинчалик фаолиятини «Барса»да якунлаш режасини маълум қилди. Қисқаси, ҳозирча аниқ бир қарорга келган эмас. Роналду ва Месси Бицан рекордини янгиласалар, ажабланмаймиз. Бунинг учун португалиялик мерган яна 97та, аргентиналик касбдоши эса 107та аниқ зарбани амалга оширишлари лозим. Мавсумда 50тадан кам гол урмайдиган мерган учун арзимас юмуш.

Умуман олганда, улкан тажрибага эга бўлган голеадорлар даври якунланмоқда, атиги 10 нафари ҳамон сафда. Улар кетгач, Кейн авлодларидан 1-2 нафари 400лик маррани забт этишга эришар. Ҳа, бу кўрсаткичга эришиш осонмас. Ҳатто Роналдуга тенгдош бўлмиш Рунига ҳам. Шундай экан, буюкларни ёдга олиш келажакка бўлган қизиқишни ошириши аниқ. Номдор жамоаларнинг иккинчи таркиблари ва ўртамиёна клублар сафида вояга етаётган иқтидор соҳиблари тарихни янгилашга уриниб кўришади.

Уругвайликлар учлиги, испаниялик, голландиялик, польшалик, швециялик, аргентиналик, португалиялик ва камерунлик ҳужумчилар ўз вазифаларини аъло даражада уддалашди. Это~О Гривз, Нордаль, Зико, Ди Стефано, Пушкаш, Вальтер, Ромарио ва Пелелар қаторидан жой олгач, «400}» клуби аъзолари сони биттага қисқарди.

Халқаро футбол 1,5 асрлик тарихга эга бўлсада, Это~О каби сермаҳсул ҳужумчилар сони 100 нафарга етган эмас. Ўз голлари эвазига Это~О «Барселона» ва «Интер» билан ЕЧЛда зафар қучди, Камерун терма жамоаси ва бошқа клублар сафида 20га яқин совринларни қўлга киритди.

Россияга у ҳаммани лол қолдириш учун келмаганлиги ўз-ўзидан тушунарли эди - ёши ўтиб қолганди. «Анжи»да уни бошқа фазилатлари учун ҳурматлашди. Футбол тарихидаги африкалик юлдузларнинг бири ўз фаолиятини якунлади. Келгуси ҳаётида унга омад тилаймиз.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz