Қайднома

Қидирув

Лионель Месси: «Йўқ, «Барса»ни мен бошқармаяпман...»

Лионель Месси: «Йўқ, «Барса»ни мен бошқармаяпман...»

  18.09.2019 05:48
  0
  595
Лионель Месси: «Йўқ, «Барса»ни мен бошқармаяпман...»

«Барселона» етакчиси Лионель Месси ҳамон майдон четида. Sports es сайти мухбири аргентиналик даҳочанинг бўш вақти нисбатан кўплигидан фойдаланиб, уни суҳбатга тортди ва мухлисларни етарлича қизиқтирадиган турли саволларга жавоб олди. Лео жумладан, навбатдаги «Олтин тўп» масаласи юзасидан фикр билдириш баробарида ўз жароҳати, шахсий ҳаёти ва «Барса»нинг бугунги ҳолатига атрофлича тўхталди.

 - Ортда қолган мавсум жамоангиз учун нисбатан муваффақиятли кечди: Ла-лигада ғалаба қозондинглар, Испания кубоги финали ва ЕЧЛ ярим финалида ўйнадинглар. Хўш, шу натижалар «Олтин тўп»ни қўлга киритиш учун етарлими, сизнингча?

- Аслида мавсум-2018|2019 биз учун омадсиз бўлди, айниқса, унинг қандай якунланганини инобатга олсак. 2та ёқимсиз учрашувга қадар ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди. Аввалига «Ливерпуль» ярим финалнинг жавоб учрашувида таъбимизни тирриқ қилди, кейин Испания кубогини бой бердик... Менимча, Ливерпулдаги мағлубият ички мусобақага ҳам салбий таъсир қилди. Фақат Примерода зафар қучдикми, демак, мавсумни ёмон якунладик. Мени биринчи навбатда, жамоавий совринлар қизиқтириши ҳақида кўп гапирганман. Қисқаси, ўтган мавсум ўз олдимизга қўйилган вазифаларни тўлиқ бажаролмадик.

- Бундай ҳолатда ўзингизни «Олтин тўп»га муносиб, деб ҳисоблайсизми?

- Билмайман. Ҳозир совринга ким лойиқ, ким нолойиқ эканлигини аниқлаш осон эмас. Охирги йилларда жамоавий кўрсаткичларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Менимча, бу ўринли ёндашув. Дейлик, ЕЧЛнинг аҳамияти жуда катта. ЖЧ хусусида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Лекин буларга баъзан кўп эътибор қаратилади, баъзан йўқ. Навбатдаги нуфузли совринга қанчалик ҳақли эканлигимни айтолмайман. Чунки ҳеч ким буни белгилайдиган аниқ тушунчага эга эмас. Ҳеч қачон сўров олдидан ўзимни ёки кимнидир фаворит ўрнида кўрмаганман. Олдин ҳам таъкидлаганимдек, индивидуал совринлар мен учун иккинчи даражали масала ҳисобланади.

- Жароҳат ҳамон безовта қиляптими?

- Ўзимни анча яхши ҳис этяпман. Ҳақиқат шуки, ўта ёқимсиз лаҳзаларни бошдан кечирдим. Маълум муддат ўзимни соғломдек сездим, аммо машғулотларнинг бирида эски жароҳат қайта қўзғалганини пайқадим. Шу туфайли тикланиш вақти чўзилиб кетди. Жароҳат ўта мураккаблиги ва муолажа қанча вақт талаб этишини тахмин қилиш иложсиз эканлиги ҳақида огоҳлантиришганди. Шу пайтгача бундай азобга дуч келмагандим. Энди биламан ва ҳозир хотиржамман. Қисқаси, 100 фоиз тайёр бўлмагунимча майдонга тушмайман.

- Ўша лаҳзани сабрсизлик билан кутаётгандирсиз...

- Буни фақат ўзим эмас, кўпчилик кутмоқда. Ахир анчадан буён  футболдан айро юрибман. Ўзи шикастланган пайтдаёқ майдонга тезроқ қайтиш истаги туғилганди.

- Хўш, қайтиш муддати қайси паллага режалаштирилмоқда?

- Айни пайт якка тартибда шуғулланяпман, лекин майдонга қайтиш санаси аниқ эмас. Қайтараман, энди таваккал иш тутмайман, яъни соғайганимга ишонч ҳосил қилмагунча ўйнамай тураман. «Валенсия»га қарши баҳсда сафга қайтмаслигим аниқ. «Боруссия» Д. ва «Гранада» билан бўладиган кейинги ўйинларда иштирок этишим ҳам сўроқ остида. Ҳозир бу ҳақда гапиришга эрта.

- Жамоангизнинг омадсиз старти сизни ташвишлантирмаяптими?

- Йўқ, асло. Чунки шундай бошланиши мумкинлигини аввалдан тахмин қилгандик. Сабаби, ўта муҳим паллада кўпчилик жароҳатга йўлиқди. Аслида «Атлетик»ка қарши  ажойиб ўйин намойиш этдик. Ўзи Бильбаода ҳеч бир жамоага осон бўлмайди. Тўғри, ҳужумларни самарали якунлай олмадик. Лекин ўйин назоратимиз остида кечди. Якунда рақиб битта аниқ зарба эвазига ғалаба қозонди. Ваҳоланки, жамоам мағлубиятга лойиқ эмасди. «Бетис»га қарши беллашувда ҳам, айниқса, иккинчи бўлимда, шунингдек, «Осасуна» билан баҳсда ҳам ташаббусга эришдик. Бироқ жароҳатлар туфайли юзага келган муаммолар керакли натижага эришиш имкониятини йўққа чиқарди. Жамоадошларим бундай стартга ҳаққимиз йўқлигини билишлари ва тўғри тушунишларини истардим. Хусусан, ўйинда ижобий ўзгаришларни амалга оширишимиз, ғалабалар асносида очколарни кўпайтиришимиз керак. Демакки, «Барса» терма жамоалар учрашувлари туфайли юзага келган танаффусдан кейин асл ҳолатига қайтиши шарт.

- Жорий мавсум ЕЧЛда ғолиб чиқиш эвазига ички чемпионатда «олтин»ни бой беришга кўнармидингиз?

- Йўқ-йўқ, бунга умуман рози бўлолмайман. Мавсум стартида ҳамиша ўз олдимизга бир хил мақсад қўямиз: барча турнирларда зафар қучиш. Шундай экан, уни рўёбга чиқариш учун бор куч-маҳоратимизни сафарбар этишимиз маъқулроқ. Зеро, жамоамиз барча мусобақаларда ғолиб чиқишга ҳақли ва қодир. Табиийки, мен ҳам ЕЧЛ шоҳсупасига кўтарилишни истайман, нуфузли совринни роса соғиндим. Ахир «шалпангқулоқ» кубокни охирги марта бошим узра кўтарганимга анча бўлди. Лекин қандайдир «бартер»га ҳеч қачон кўнмайман. Чунки ҳар бир турнирда ғалаба сари интиламиз.

- Сизнингча, ёзги трансферлар мавсумини қайси жамоа фаолроқ ўтказиб, ўз таркибини жиддийроқ кучайтирди: «Реал»ми ёки «Атлетико»?

- Табиийки, барча жамоалар ёзги трансферлар давридан имкон қадар унумли фойдаланди. Хусусан, «Атлетико» ажойиб таркибни шакллантирди, гарчи кўплаб етакчиларидан айрилган бўлсада. «Реал» ҳам савияли футболчиларни жалб этди. Масалан, Азар жуда кучли ижрочи. Умуман, фақат Испания жамоалари эмас, балки «Ювентус», «Манчестер Сити» каби грандлар ҳам салмоқли харидларни амалга оширди. Бу мавсум янада шиддатлироқ кечишини англатади.

- Ливерпулдаги мағлубият аламини унутиш қийин бўлгани тайин. Ўша Ливерпуль ва Римдаги оғриқли учрашувлардан кейин кўнглингиздан нималар кечганини ошкор эта оласизми?

- Гап муайян бир мағлубиятда эмас, балки дастлабки беллашувда рисоладагидек натижага эришган ҳолда, жавоб ўйинидан кейин мусобақадан чиқиб кетилганида. Англия стадионлари ўз жамоаларига қўшимча куч бағишлаши, сўнгги сонияларгача курашишга илҳомлантириши ҳеч кимга сир эмас. ЕЧЛда зафарга эришиш учун аввало, ҳар бир учрашувда гол уриш шарт. Бу исбот талаб қилмайдиган аксиома. Биз айнан шу йўл билан зафар қучганмиз. Агар сиз имкониятлардан фойдаланолмасангиз, бунинг учун албатта, жазоланасиз.

- Ўша омадсизлик жамоа учун унутилмас сабоқ бўлдими?

- Ўйлашимча, ҳа. «Ливерпуль» билан кечган баҳснинг салмоқли томони шуки, у ярим финал эди. Қайтараман, ҳар бир ўйинда гол уришнинг аҳамияти катта. Буни уддаласанг, қолгани осон...

- «Барса» де Йонг, Гризманн, Нето ва Фирпони ўз сафига қўшиб олди. Харидларга қандай баҳо берасиз? Таркиб нисбатан кучайдими?

- Бу саволга дангал жавоб беролмайман. Ўтган мавсум ҳам таркиб чакки эмасди. Ҳа, муҳим ўйинчилар сафимизга келишди. Айни пайт бошланғич таркиб борасида вариантлар етарли - марказда ҳам, олдинги чизиқда ҳам турли услубда тўп сурадиган ижрочилар бор. Лекин қанчалик кучайганимиз мавсум якунида билинади.

- Неймарни ортга қайтариш ҳаракати бесамар кетди. Айтингчи, у билан яна ёнма-ён ўйнашни истармидингиз?

- Ҳа, шахсан мен Неймарнинг келишини кутдим. Лекин бунга қарши чиққанларни ҳам тушунаман. Чунки Неймар «ПСЖ»га ўтаётган вақтдаги қилиқлари учун шундай муносабатга лойиқ эди. Спорт нуқтаи назаридан қарасак, у энг кучли ҳужумчиларнинг бири саналади. У билан жамоанинг барча турнирларда ғалаба қозониш имконияти ошарди, албатта.

- Неймарнинг қайтишига нечоғли ишонгандингиз?

- Бу ҳақда шу қадар кўп ёзишдики, қайси маълумот ҳақиқат ва қай бири журналистлар фантазияси эканлигини фарқлолмай қолдим.

- Нима, Неймарнинг «ПСЖ»да қолганидан афсусдамисиз?

- Йўқ, ундай эмас. Шунчаки, унинг биз билан бўлишини истагандим. Аммо таъкидлаганимдек, жамоамиз ажойиб, Неймарсиз ҳам совринлар юта оламиз.

- Кўпчиликнинг фикрича, жамоа хўжайини экансиз. Яъни нимани истасангиз, раҳбарият уни бажаради. Бунга нима дейсиз?

- Очиғи, шу мазмундаги гап-сўзларга кўникиб улгурдим. Хўжайин эканлигимни биринчи марта эшитаётганим йўқ. Айтишларича, бошланғич таркибни ҳам, қайси жамоага қарши ким тўп суришини ҳам отам ёрдамида мен белгилаб берар эканман. Жуда кулгули. Шундай экан, бундай гаплар эътиборга арзимайди. Қолаверса, ўз вазифамни яхши биламан ва бор эътиборни ўйинга қаратаман.

- Демак, ҳақиқат шуки, жамоани сиз бошқармайсиз ва у ёки бу қарорга таъсир ўтказмайсиз, шундайми?

- Шубҳа йўқ, «Барса» раҳбариятига буйруқ беролмайман ва клубни ҳам бошқармайман. Шунчаки, ўйинчилардан бириман. Ягона истагим - ғалабалар ва совринларга эришиш, ички чемпионат ҳамда ЕЧЛда зафар қучиш. Жамоага имкон қадар кўпроқ манфаат келтирсам, бас.

- Айтишларича, жамоа аввал таклифни рад этиб, кейин қабул қилган Гризманни ёқтирмаётган экан. Ўйин пайти баъзан унинг ноқулай ҳолатга тушиб қолаётгани яққол сезилмоқда. Шахсан сиз Антуан билан гаплашиб кўрдингизми?

- Ҳозирга қадар жуда кам кўришдик. Зеро, Гризманн келган пайт сафдан чиқдим, кейин якка тартибда шуғуллана бошладим. Жамоа машғулотларида деярли қатнашмаяпман. Лекин тез орада бафуржа гаплашиб олиш имконияти туғилади, албатта.

- Кўпчиликни Дембеленинг профессионалларга ярашмайдиган қилиқлари хавотирга солмоқда. Усмон - ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган ўйинчи. Сиз қандай фикрдасиз?

- Унинг ўта ноёб иқтидор эканлиги тайин. Ҳа, Усмон истаган ишини амалга оширмоқда, чунки ҳали жуда ёш. Бироқ энди унинг учун жиддий парвоз вақти келди. «Барса»нинг барча аъзолари шуни истайдилар. У профессионаллик мақомини ошириб, шу ўй билан яшаши лозим. Бошқача ифода этганда, агар «Барса»да муваффақият қозонишни хоҳласа, ўзгариши шарт. Биламан, ўтган йили унинг иши юришмади, кўп жароҳатланди ва керакли паллада жамоага ёрдам беролмади. Жорий мавсум бундай фалокатлар такрорланмаслиги ва Усмоннинг самарали тўп суришидан умидворман.

- Жамоангиз 2014|2015 йиллар мавсумидан шу пайтгача 21 нафар футболчи харид қилди. Бироқ улардан атиги 6 нафари ўз ўрнини топди, холос. Нима, «Барса»га мослашиш шу қадар қийинми?

- «Барселона» либосида тўп суриш осон эмас, қолаверса, унинг атрофидаги муҳит ҳам ўта мураккаб: мухлислар, журналистлар, талаблар... «Камп Ноу»да майдонга тушиб, талабларга жавоб бериш учун қатъият керак. «Барселона» дунёдаги энг йирик клуб! Буни ҳис этиш ҳам муҳим. Кучли ва ўз маҳоратига ишонган футболчигина вазифани аъло даражада уддалайди.

- «Барселона» раҳбарияти охирги йилларда техник котибни 4 марта алмаштирди. Бундай қўнимсизлик дейлик, сизга қандай таъсир қилди?

- Ҳеч қандай. Ҳа, клуб вакиллари ҳам, ўйинчилар ҳам барқарорлик тарафдорилар. Техник котиб - ўта муҳим шахс. У ўзига яраша нуфузга эга бўлиши, клуб равнақи учун жон куйдириши ва ўйинчиларга ҳам бу борада туртки бериши керак.

- Пуйоль шундай масъулиятли лавозимга мосми?

- Унинг ғоялари қандайлигини билмайман, аммо шу йўлга интилмоқда, менимча. Ўйлашимча, Пуйоль агар истаса, бу ишни бемалол эплайди. Карлес билан анчадан буён суҳбатлашмадим ва янги вазифа унга қанчалик ёқиш-ёқмаслигини айтолмайман. Пуйоль буюк ўйинчи эди. У клуб учун қанчалик қадрли эканлигини яхши тушунади, шунингдек, «Барселона»нинг нечоғли муҳим лойиҳа саналишини ҳам.

- Вальверде истеъфога чиқарилиши мумкинлигини ўйлаб, чўчиб кетмадингизми?

- Омадсизлик дамлари ҳамманинг хаёлидан шундай фикрлар ўтади. Чунки жамоа белгиланган режаларни уддалолмади, аввалги омадсизликлар такрорланди. Менимча, 2018|2019 йиллар мавсуми аввалгисидан баттарроқ якунланди. Бу аввало, бизнинг айбимиз эди. Ҳар ҳолда, мураббийлар штабининг муваффақиятсиз финишга алоқаси йўқ. Дейлик, Вальверде ўз вазифасини яхши адо этди - жамоа стартдан охирги ўйингача етакчилик қилди. Хуллас, Вальверде малакасига шубҳа йўқ.

- Бартомеунинг айтишича, шартномага кўра, жорий мавсум якунида эркин агент мақомида жамоани тарк этиш ҳуқуқига эга экансиз. Бу ҳолат каталонияликларни ташвишлантирмаяптими?

- Тайинли фикр билдиришим қийин. Чунки шартномага киритилган сир сақлаш банди бунга изн бермайди. Агар шу мавзуда гаплашсам, қоидани бузган ҳисобланаман. Тўғри, «Жамоада кучим етганича ўйнайман, фаолиятимни шу ерда якунлайман» қабилида бемалол гапиришим мумкин. Чунки клуб - менинг уйим. Узоқ муддатли келишувга тоқатим йўқ. Зеро, «Барселона»да фақат соғлом ҳолатда бўлиш, муҳим ўйинчи сифатида майдонга тушиш ва ғолиб жамоа ло-йиҳасига муносиб улуш қўшишни истайман. Шартнома бандлари ёки маблағ эса мени унча қизиқтирмайди.

- Жароҳат туфайли майдонга тушолмаганингизда, вақтни асосан фарзандларингиз даврасида ўтказасиз. Ўйинларни бирга томоша қилиш мароқлидир...

- Ҳа, болалар ёнидаги ҳар бир дақиқа ўзгача қувонч бағишлайди, ўйинларни улар билан мириқиб кузатаман. Ҳаммаси ажойиб. Аммо машғулотларга кўпроқ вақт ажратиш кераклигини ҳам унутмайман.

- Дейлик, Матео сизга босим ўтказяптими? Умуман, фарзандларингиз жамоангизнинг омадсиз ўйинларини қандай қабул қиладилар?

- Куйинишади, албатта. Айниқса, Тьяго футболда кўп жиҳатларни тушуниб олган. Матео ҳам мен ва «Барселона» мухлиси. Унинг жамоамга қарши эканлиги хусусидаги гап-сўзларга сукут билан жавоб бераман. Матеонинг «Бетис» голини қувонч билан қарши олгани соф ёлғон. «Барса» ҳужумларидан бирида тўп дарвоза тўрига текканини кўрган Матео «Гол», дея ҳайқирди. Лекин ўша ондаёқ  шошганини билди. Болалар аста-секин ҳаммасини тушуниб боришяпти. Мағлубият жамоа ва мен учун нима эканлигини ҳам.

- Лео Месси роли баъзан жонингизга тегиб кетмайдими?

- Чарчаган-чарчамаганимни сўрамоқчисиз, шундайми? Яратганга шукрки, ҳамон ўта ноёб ва лаззатбахш ҳиссиётлар оғушида яшаяпман. Ҳа, баъзида кўпчилик эътиборидан холи бўлишни истайман. Айниқса, болалар билан мактаб ёки кўчада юрганда. Мактабдан чиққач, дастхат олиш, суратга тушиш ниятида кутиб турган кишиларга дуч келаман. Баъзан уйқу босаётган пайт бу малол келсада, шундай бўлиши кераклигини тушунаман ва истакларни бажараман. Хуллас, шикоятга ўрин йўқ!

- Бошқа болакайлар туғилган кун байрамига таклиф этишса, борасизми?

- Ҳа, албатта, бораман. Тьяго 8-9 нафар болакайдан тузилган ажойиб гуруҳда юради. Ҳаммалари доимо бирга. Уларнинг учрашувларида мен ҳам қатнашаман.

- Барселона марказида бошпанангиз борми?

- Очиғи, жуда оз вақтим Барселонада ўтади. Уйим эса шаҳар четидаги Кастельдефельс ҳудудида жойлашган. Мактаб ёнгинамизда - бу жуда қулай. Машғулотлар бошлангач, болаларга ёрдам беришга интиламиз. Шу сабаб Барселонада камроқ бўламиз.

- Хўш, рафиқангиз Антонелла нима дейди?     

- У ёнимда бўлса, ўзимни енгил ҳис этаман, ишларим юришиб кетади. Антонелла мени жуда яхши тушунади, ҳар қандай вазиятда, айниқса, ўзимни ёмон ҳис қилган пайт қўллаб-қувватлайди. Турмуш ўртоғим учун ёмон куннинг ўзи йўқ, доимо аъло кайфиятда. Рафиқам - тенги йўқ умр йўлдоши.

- У билан қачон танишгансиз?

- Дастлабки учрашув пайти 7 ёшда эдим. Жиддий муносабатларимиз кейинроқ бошланган. У энг яқин дўстимнинг қариндоши.

- Криштиану Роналду сизни чиндан ҳам, кечки овқатга чақирса, борасизми?

- Албатта. Унга нисбатан кудуратим йўқлигини кўп бора таъкидлаганман. Ҳа, яқин дўст эмасмиз, чунки турли жамоаларда ўйнаймиз, доимий равишда кўришиш имконияти йўқ. Лекин турли тадбирлар ва тақдимот маросимларида йўлларимиз кесишади. Бирга кечки тамадди қилиш-қилмаслигимиз эса маълум эмас. Зеро, ўз ҳаётимиз, вазифаларимиз билан бандмиз. Агар имконият туғилса, Роналду билан муаммосиз бирга ўтиришим мумкин.

- Луис Энрике қизининг хаста эканлигидан хабарингиз бормиди?

- Ҳеч ким кутмаган ачинарли ҳолат. Муолажанинг қандай кечаётганидан хабардор эдим. Болалар хасталигига оид маълумотлар ҳаммани маъюс қилиб қўяди. Афсуски, ҳаётда бундай кўнгилсизликлар учраб туради. Ахир ҳаммамизда фарзандлар бор.

- Шахсий жамғармангиз яқинда болалар онкология марказига 3 млн. евро ажратди. Салмоқли хайрия сабаби нима?

- Махсус лойиҳамиз мақсадини амалга ошириш учун 30 млн. евро тўплашимиз лозим. Саратонга чалинган болакайлар билан учрашгач, менда шундай ғоя туғилганди. Бошқалар қатори ўз ҳиссамни қўшдим. Умуман, жамғармамиз ўта ночор болакайларга саратонга қарши курашда кўмаклашади. Марказнинг тезроқ фойдаланишга топширилишини интизорлик билан кутяпман. Бемор болажонлар муолажадан сўнг марказдан соғлом ва бахтиёр ҳолда чиқиб кетишларини кўришдан кўра буюкроқ бахт йўқ!

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz