Қайднома

Қидирув

Райан Гиггз: «Жамоамиздаги ёшларга тўлиқ ишонаман»

Райан Гиггз: «Жамоамиздаги ёшларга тўлиқ ишонаман»

  19.09.2019 05:25
  0
  349
Райан Гиггз: «Жамоамиздаги ёшларга тўлиқ ишонаман»

Ўз вақтида «МЮ»даги ўйинлари билан мухлислар эътиборини қозонган Райан Гиггз бугунги кунда Уэльс термасини бошқармоқда. У ва жамоасини олдинда Евро-2020 саралашидаги қийин учрашувлар кутиб турибди. Мазкур баҳсларда Гиггз ёш шогирдларига кўпроқ имконият бериши мумкин. Бу ҳақда у хорижлик ҳамкасбимиз билан бўлган суҳбат пайтида ҳам гапирди.

- Уэльс термасини қабул қилиб олганингиздан сўнг 18 ой ўтди. Жамоада ишлар қандай кечяпти?

- Ёшларимизнинг ўсаётганидан қониқяпман. Энди бироз изчилликни хоҳлайман. Ихтиёрингизда 25 ёки 26 нафар футболчи бўлади, ҳар бири турли позицияларни эгаллашлари мумкин, улар нима қилишаётганини билишади. Халқаро футболдаги бир ноқулайлик шундаки, ўйин бошланишидан аввал ихтиёрингизга футболчилар қандай ҳолатда келишини билмайсиз. Умуман, таркибимиздаги тажрибалилар ва ёшлар ўртасидаги баланс мени ҳаяжонга солмоқда. Кейинги ўйинларни сабрсизлик билан кутяпман.

- Аарон Рэмсининг таркибдан чиққани ёқимсиз. Гарет Бэйл эса мавсумни анча яхши бошлади...

- Гарет билан бутун ёз давомида гаплашиб турдим, деталлардан хабарим йўқ эди. Аввалроқ Бэйлнинг қандай ҳолатда бўлишини билмадик, аммо мавсумолди ўйинлар ва дастлабки учта учрашувни ажойиб тарзда ўтказгани нафақат унинг ўзи, балки мен учун ҳам ёқимли. Унда ўйин амалиёти борлиги ўзига хос бонусдир.

- Аарон ва Жо Аллен каби футболчилар ихтиёрингиздаги ёшларнинг бор кучи билан ўйнашини таъминлашда жуда катта роль ўйнашади.

- Жамоага жуда кўплаб ёшлар келишади ва уларнинг ҳаммаси жаҳон даражасидаги ўйинчиларнинг аввалги ўйинларини кузатишади. Аарон, Крис Гюнтер, Гарет ва Жо сингари футболчиларнинг нафақат майдондаги, балки унинг ташқарисидаги ҳаракатларини ҳам кўришади. Бу ёшлар уларга қараб, шундай фаолият юритишни хоҳлашади. Бундан ташқари, навқирон футболчиларнинг келиши ёши каттароқ бўлган ўйинчиларга мотивация бағишлайди.

- Албатта, сизнинг жамоангизда ҳам катта футболда муносиб тўп сураётган ёшлар бор. Даниэль Жеймс ва Гарри Уилсон кабилар мавсумни ажойиб тарзда бошлашди.

- Улар гол урган ҳар икки ўйинни кузатдим, бу футболчиларнинг иши қовушаётганидан хурсандман. Шогирдларимнинг кўтаринки кайфиятда келишлари муҳим. Биз ҳар доим ўйинчиларнинг яхши формада бўлишларини хоҳлаймиз.

- «Манчестер Юнайтед» футболчиси Уэльснинг чап қанотида ажойиб қуролга айланишига шубҳа йўқ.

- Танишларимнинг аксарияти «МЮ»га ишқибозлик қилишади ва биз Жеймс билан шартнома тузганимизда, ҳужжатнинг нима ҳақида эканлигини сўрашди. Даниэль ажойиб футболчи, ҳамон ўйин сир-асрорларини ўрганмоқда. Барча ёш вингерлар сингари кўплаб голлар урмоқда, рақибларини яхши алдаб ўтади, ортдан ўз вақтида югуриб чиқиши мумкин, у ажойиб персонаж. Жеймс жуда оғир-босиқ, феъл-атвори яхши, энг кучлилар сафига кирмоқчи. «МЮ» мухлисларини тушунаман, уни мазкур клубда кўришдан хурсандман.

- Оле Гуннар Сульшер билан «Манчестер Юнайтед»да бирга ўйнагансиз. Алекс Фергюсонга хос бир жиҳат иккингизда ҳам бор - ёшларга ишонч билдирасизлар.

- Дарҳақиқат, ёшлар билан шуғулланиш ёқимли, ҳар бир машғулотдан кейин уларнинг ўсаётганини кўрасиз. Фаолиятлари энди бошланаётган бўлади, курашларга чанқоқлар, ҳамма нарсага ўз вақтида улгуришга интилишади. Улар сизга футбол ўйини аслида нимадан иборат эканини эслатиб туришади. Тўғри, баъзан хатоларга йўл қўйишади, тажриба камлик қилади. Лекин уларга имконият бермас экансиз, ўша тажрибани қаердан олишади?

- Евро-2020 сизлар учун муваффақиятли бошланганди, аммо кейинчалик мағлубиятлар кузатилди ва жамоанинг аҳволи бироз мураккаблашди...

- Бу ҳолат мени ҳам ранжитди, чунки ҳар икки ўйинда уч очко олишимиз мумкин бўлгани ҳолда, уларни бой бердик. Июнь ойи ўрталарида жуда мураккаб учрашувларни ўтказдик, Хорватиядаги шароит чиндан ҳам оғир эди, чунки жуда иссиқ бўлди. Бир неча ҳафта муқаддам мавсумни якунлаган футболчилар учун бу қийинчилик туғдирди. Аммо бу майда деталлар, мақсадимиздан узоқлашганимиз йўқ. Агар бироз омад кулиб боқиб, имкониятлардан унумли фойдалана олганимизда, гуруҳимизда биринчи ўринга кўтарилиб олардик. Ихтиёримиздаги иқтидорларга ишонаман, аста-секин вазият изга тушиб боряпти. Муҳими, ўз уйимизда ўтадиган баҳсларда ғалаба қозонишимиз даркор. Асосий рақибларимиз - Словакия ва Хорватияга қарши кечадиган учрашувлар кўп нарсани ҳал қилади.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz