«Интер»дан «ПСЖ»га ўтган ҳужумчи Мауро Икардининг турмуш ўртоғи Ванда Нара тўғридан-тўғри эфир вақти роса йиғлади, Антонио Кассано билан жажаллашди ва эри ҳақида жуда кўп гапирди. Кўрсатув бошловчиси энди уни ишдан бўшатишларини сўрамоқда. Гап ҳар якшанба куни Italia 1 канали (мамлакатдаги асосий эфир тармоқларидан бири)да намойиш этиладиган Tiki Taka футбол шоуси воқеалари ҳақида кетмоқда. Италия «А» серияси 2-тури якунларига бағишланган кўрсатувда эса, муҳокама айни авжига чиққан паллада бошловчи-эксперт Ванда Нара бирдан студиядан кетишни хоҳлади. Хонимда муҳимроқ ишлар чиқиб қолди - эрининг бошқа жамоага ўтиш масалаларини ҳал қилиши керак эди...
Умуман олганда, 2019 йили Tiki Taka футбол ҳақидаги шоу-дастурдан Икарди ва «Интер» ўртасидаги муносабатларга бағишланган кўрсатувга айланиб қолди. Эътиборли томони, бу ўзгариш шоу рейтингига ижобий таъсир кўрсатди - кўрсатувнинг 6 йиллик тарихида бирор мавсум бу қадар муваффақиятли чиққан эмасди. Табиийки, Sport Mediaset раҳбарияти Нара хонимни таклиф қилган вақт барчаси нималарга олиб келишини билмагани аниқ. Кевин-Принс Боатенг маҳбубаси - Мелисса Сатта шоуда 5 мавсум бошловчилик қилганидан кейин 2018 йилнинг ёзида ишдан кетди. Канал раҳбарияти эса унинг ўрнига футбол оламида ўз «ўрни»га эга муносиб бошловчи-эксперт қидириб, Вандани танлади. Чунончи, у Аргентина ва Италия телевидениесида ишлаш тажрибасига эга эди. Қолаверса, «Интер» сардори Мауро Икардининг ҳамхонаси ва агенти мамлакатда етарли даражада танилиб улгурганди (Tiki Taka кўрсатувида иш бошлаган вақти «Инстаграм»да 3,6 млн. обуначиси бор эди). Ўша пайт Икарди ва «Интер» ўртасида ҳали қандайдир муаммо юзага келмаганди. Демакки, канал продюсерларини узоқни кўролмасликда айблашга асос йўқ. Зеро, кейинги воқеалар - вазият тақозоси, шунчаки. Аслида Ванда жиддий эксперт бўлишга ваъда берганди. Sport Mediaset (Italia 1 канали ҳам шу холдинг тасарруфида) директори Альберто Бранди Corriere della Sera нашрига берган интервьюсида нега айнан Нарани таклиф қилишганига алоҳида тўхталганди: «Ўзи бу ғоя устида анча олдин бош қотира бошлагандик. Футбол тили билан айтганда, жуда муҳим трансферни амалга оширдик. Ванда кадр учун шунчаки, чиройли аёл эмас, унга тўлақонли эксперт сифатида қараяпмиз. У дадил, уддабуро, тили «ўткир», ўйлаганини айтишдан хижолат тортмайди. Ўйлайманки, бу хислатлар наф беради. Боз устига, Ванда айнан футбол ичида юради ва одамлар уни фақат Икардининг турмуш ўртоғи сифатидагина қабул қилишларини сира истамайди». Нара ҳам ўз навбатида, Аргентина телевидениесида тажриба тўплагани ва иш берувчиларни уялтириб қўймаслигини айтганди: «Алоҳида таъкидлашим жоиз, эфирда Мауро фикрларини ўқиб беришим ҳақида гапираётганлар қаттиқ адашишяпти. Бундай бўлмайди. Ҳаётда ҳамиша объективликни сақлаб қолишга уринаман ва фақат шахсий фикримни дангал баён этаман. Телевидениеда ҳам шу қоидадан четга чиқмайман. Ҳа, эрим билан доимо футбол ўйинларини муҳокама қиламиз. Биласизми, кўпинча қарашларимиз бир-бирига мос келмайди. Чунки мен футболга мутлақо бошқа томондан назар ташлайман. Нара шунчаки, машҳур ўйинчи аёли эмас. Чиндан ҳам, футболга қизиқишим кучли. Қисқаси, янги ролга тайёрман ва ишончли оқлашимга шубҳаланмайман».
Нара 2018 йилнинг сентябрида янги кўрсатувдаги дебют чиқишида барчани енгил ҳайратлантирди. Яъни ўз одатига зид равишда оддийгина кийинган бошловчи Криштиану Роналду ҳақида беписанд гапирди («Криштиану машғулотлардан кейин тренажёр залига боради? Кўпчилик шундай қилади, фақат португалиялик ташвиқот ишларини ҳам яхши йўлга қўйган»), Аурелио де Лаурентис билан муносабатларига тўхталди («У мени ўз фильмига таклиф қилгани рост») ва яна ҳазиллашишга ҳам жазм этди («Tiki Taka - бу Италия футболи эмас, балки «Ювентус» ҳақидаги шоу»). Хуллас, 5 ой давомида ҳеч қандай муаммо сезилмади - Нара хоним Сатта ўрнини бемалол босишини амалда исботлади. Ҳа, у Tiki Taka кўрсатувида Икарди ҳақида ҳам гапирди, лекин чемпионатнинг бош-қа юлдузларига кўпроқ эътибор қаратди. Бироқ «Интер» раҳбарияти февраль ойида Мауродан сардорлик боғичини олиб қўйгач, студия муҳити бирдагина ўзгарди. Оддий айтганда, Нара Tiki Takaни Икардига бағишланган шоуга айлантирди. Мисол учун, Ража Наингголан яқинда ўз интервьюсида Икарди ва клуб ўртасидаги можароларда айнан Вандани айблади: «Ҳа, унинг Tiki Taka эфирида айтган сўзлари вазиятни батамом издан чиқарди». Дейлик, Ванда хоним 11 февраль куни Мауро «Интер» билан шартномасини узайтириши ҳақидаги гап-сўзларга тўхталиб, «нерадзурралар» раҳбариятини кескин танқид остига олди: «Ҳозир медиа оламида сафсата хабарлар жуда кўп. Клуб Маурони охиригача ҳимоя қилишини хоҳлардим. Шартномани узайтириш? «Интер» аввало, эримни яхши узатмалар билан таъминлайдиган савияли ижрочи харид қилиш устида ишлаши керак». Орадан 2 кун ўтиб, Икардидан «Интер» сардори мақомини олиб қўйишди. Ванда эса бунга жавобан Tiki Taka кўрсатувининг кейинги сонида соф исён кўтарди - Мауронинг клубга беминнат хизмат қилганини бот-бот таъкидлаб, ҳаттоки, кўзига ёш олди. Ўша оқшом Беппе Маротта тўғридан-тўғри алоқага чиқди. «Очиғи, Ванданинг қандай йиғлашини кўришни истамайман. Барчаси «Интер», Мауро, Нара ва мухлислар учун яхши тугаши тарафдоримиз. Қисқаси, муаммони ўзаро муҳокама воситасида ҳал этамиз», - дея ваъда берди «Интер» директори. Бироқ Икарди ўйнашдан бош тортишда давом этди, студияда эса Нара асабий ҳолатда кўринди. Дейлик, Tiki Taka таҳлилчиси Антонио Кассано аргентиналик ҳужумчи хатти-ҳаракатларини қоралаганида, Ванда ўзини тутиб туролмади ва кузда ҳар қандай ҳолатда ҳам, бетарафликни сақлаб қолишга сўз берганини унутиб, эрини ҳимоя қилишга тушди. «Икардининг вазифаси - «Интер»га ёрдам бериш, - деди Кассано. - У ўз муаммоларини кийиниш хонасида ҳал қилиши керак. Вақтида мен ҳам кўп муаммолар туғдирганман ва нимани назарда тутаётганимни биламан. Яхшиси, у барчадан узр сўрасин. «Интер» учун ЧЛга йўл олиш муҳим, жамоа Икарди голларига муҳтож. Акс ҳолда, муаммолар юзага келади ва фақат Мауро айбдор бўлиб қолади». Нара эса бунга жавобан бор овози билан бақирди: «Лекин у нима қилди? Ҳеч нарса!» Tiki Taka бошловчиларидан бири Пьерлуижи Пардо ҳар сафар шоу можаролар муҳокамасини хуш кўрувчи уй бекалари кўрсатуви бўлиб қолмаслиги кераклигини таъкидлашига қарамай, якунда айнан шундай ҳолат юзага келди. Бир ҳафтадан кейин Антонио ва Ванда яна баҳслашишга киришишди. «Маурога қўшимча муаммо туғдирдинг, даҳшат... Ҳаддан ортиқ кўп гапириб, ўзингни ижтимоий тармоқлардаги мураббийлардек туяпсан», - дея ошкора айблади Нарани Кассано. Ванда бу сафар қизишгани йўқ ва заҳарханда жавоб йўллади: «Нима, биз ажрашишимиз керакми? Маслаҳатинг шуми?»
Умуман олганда, Ванда хоним бош-қа каналлардаги ҳамкасблари билан ҳам сира келишолмади. Дейлик, Sky Sport эксперти Даниэле Адани аргентиналик ҳужумчи «Наполи» дарвозасига бефойда гол урганини айтгач (чунончи, неаполликлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди), Нара «Инстаграм» орқали дарҳол жавоб ёзди: «Аслида сенинг синглинг бефойда». Хуллас, қисқа вақтда кўплаб собиқ ва амалдаги бошловчилар Ванданинг душманига айланишди. Лекин Нара Tiki Taka шоусидаги иши ортидан «Инстаграм»даги обуначилари сонини нақ 2 миллионга кўпайтирди. Мисол учун, Маротта иштирокидаги эфир вақти шоу тарихида рекорд кўрсаткич қайд этилди - кўрсатувни 638 минг киши томоша қилди. Энг қизиғи, Вандага нисбатан танқидий фикрлар кўпайгани сари унинг машҳурлиги ошиб бораверди.
Ўтган мавсум давомида кўрсатувнинг собиқ бошловчиси Мелисса Сатта ҳам жим тургани йўқ: «Футбол ҳақида гапира бошлаганимда, ҳали Боатенг билан танишмагандим. Умуман, ҳеч қачон эфирга унинг манфаати учун чиқмаганман. Ҳа, Ванда футболчининг агенти сифатида уни ҳимоя қилиши керак. Бироқ бошловчи ролида ўзини бошқача тутиши шарт». Tiki Taka шоусида 6 йил ишлаган ва баҳорда кетган Жампьеро Муньини ҳам Вандани айбламоқда: «Бутун 1 йил сукут сақладим, чунки у ҳамкасабам эди. Энди эса бемалол ўз фикримни айтишим мумкин - Икардини айнан Ванда йўқ қилди». Айтишларича, Ванда ёзда Sport Mediaset раҳбарларига мурожаат қилиб, тўлақонли бошловчи ролини беришларини сўраган. Бироқ янги мавсум август ойида бошлангани туфайли илтимос қондирилмаган ва Нара эски ролда қолган. Яъни у иккинчи бошловчи сифатида экспертлар билан диванда ўтиради. Боз устига, шоуга Кристиан Вьери ҳам қўшилди, ижтимоий тармоқлар ҳақида эса энди Жоржиа Вентурини ҳикоя қилмоқда. Гап-сўзларга қараганда, Ванда вақтида Леонардо ди Каприо қаллиғи бўлган ушбу соҳибжамол билан ҳам асло келишолмаяпти. Улар ҳаттоки, гаплашмайдилар. Шунингдек, Икардининг «ПСЖ»га кетиши ҳам Ванда келажагини сўроқ остида қолдирди. Пьерлуижи Пардо яқинда Radio24 эфирида барчасини рўй-рост айтди: «Ҳа, раҳбариятга мурожаат қилиб, Нарани ишдан бўшатишни сўрадим. Унинг шоумизда қолиши ақлга сиғмайди, айниқса, Икарди ва «Интер» ўртасидаги судлашувни инобатга олсак... Ванда ва Мауро ўз имиджларини бузишди. Нара вазиятни қисман юмшатганди, бироқ Мауро якунда барчасини барбод қилди. У аслида «Наполи» ёки «Рома» сафига қўшилиб, яна қиролдек юриши мумкин эди. Аммо негадир охирига қадар пайсалга солди. Боз устига, айтганидек, гўё ўзи мухлислик қиладиган клуб билан судлашишга борди. Агар шу ғалаба саналса, унда мен лақма йигитман...».
Mediaset раҳбарияти ҳозирча Пардо илтимосини инобатга олгани йўқ - Ванда кўрсатувда қолади. Қўшимча қилиш жоиз, у эри ортидан Парижга кўчиб ўтмайди, аксинча, фарзандлари билан Италияда қолади. Ванда ҳаттоки, Икарди 1 йилдан кейин «Интер»га қайтиши мумкинлиги ҳақида гапирмоқда. Бироқ савол бор: аудитория энди Нарани қандай қабул қилади? Дейлик, Tiki Taka 1-турда рейтинг бўйича асосий рақобатчиси - RAI 2-Domenica Sportiva кўрсатувига ютқазди. Ҳар ҳолда, Ванда асосан Икардига боғлиқ можаро туфайли обрў қозонганди. Буёғига эри Францияда ўйнайди, Ванданинг оддий шарҳи эса унча ёрқин эмас...
А.ҲАМИДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20