Унинг футбол ўйинларини ўзгача руҳда шарҳлаши мухлислар томонидан юксак қадрланади. У жуда камтар ва камсуқум, очиқкўнгил, дилидагиларни яшириб ўтирмайдиган самимий суҳбатдош. «Шифо-инфо» газетаси вакили билан суҳбатда ҳам Мирзаҳаким Тўхтамирзаев шу хислатларини намойиш этди. Қуйида ушбу интервьюнинг қисқартирилган вариантини эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Шарҳловчи бўлишга аҳд қилган кунингиз ёдингиздами? Сиз шарҳловчилик қилган биринчи ўйин-чи?
- Болалик чоғларимда, 6 ёшимдан бошлаб телевизорда футбол учрашувларини ўтказиб юбормасдим. 1966 йилда Англияда ўтган жаҳон чемпионатини қизиқиб ва тушуниб томоша қилганман. Унгача қайси футболчи қандайлигини у қадар англаб етмаганман. Ана шу лаҳзаларда шарҳловчи бўламан деб Москвада Николай Озеров, Тбилисида Махарадзе кабиларга ҳавас қилганман. Жуда чиройли шарҳлашгани учун ҳанузгача қулоғимда уларнинг овози бор. Она юртимизда замон зайли билан учрашувнинг ярми ўзбекча, ярми русча шарҳ билан намойиш этиларди. Ахбор Имомхўжаев ва Роман Турпишевнинг овози футбол ишқибозлари учун қадрдон бўлиб қолганди, лекин иккалалари берган маълумотлар бир-бирини такрорларди. Мантиқан олиб қараганда, бу - тўғри: бирлари ўзбекзабон, иккинчилари русийзабонлар учун ишларди. Бироқ зангори экран қаршисида ўтирган ҳар икки тилни яхши билган инсонлар учун бу эриш туюларди. Масалан, айтайлик, шахсан ўзимга. Болаликда ҳавас билан «Мабодо футбол шарҳлашимга тўғри келса, битта маълумотни икки тилда такрорламайман, бошқача-бошқача қилиб бераман», деб ўйлаганман. 2002 йили шу нарса амалга ошди. Бир ўзим телевидениеда жаҳон чемпионати ўйинларини икки тилда шарҳлашга муваффақ бўлдим. Биласизми, болалигимда телевидениеда футбол шарҳлайман, деган орзу ҳам бўлмаган. Шарҳловчиликка тасодифан кириб қолганман. Педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилиб, институтда дарс берардим. «Тил ва адабиёт таълими» илмий-методик журналлари таҳририятида ишлардим. Кундузи тушлик пайтида журналистлар йиғилиб олиб стол тенниси ўйнардик. «Ўзбекистон овози», «Туркистон» (ҳозирги «Ёшлар овози») ва бошқа газеталардан чиқишарди. Таҳририятимиздан мен уларга қўшилардим. Стол тенниси кўп ўтириб ишлайдиган ижодкорлар учун жуда фойдали ўйин. Бундан ташқари, ўйин чоғидаги самимий мулоқотни, ўзаро фикр алмашишни кўз олдингизга келтиринг. Аҳрор ака Аҳмедов ўша кезларда «Туркистон» газетаси бош муҳаррири Жаббор Раззоқовнинг ўринбосари эди. Ўзимиз ўйнамаган чоғда ҳамкасблар баҳсини томоша қилиш баробарида спорт ҳақида, футбол тўғрисида суҳбатлашардик. Футбол ҳақидаги батафсил мулоҳазаларим мени институт ўқитувчиси, доцент сифатида билган Аҳрор акани ҳайрон қолдиргандек бўлди. Бироқ тажрибали раҳбар сифатида вазиятдан самарали фойдаланишни ўйлади чоғи, «Ортда қолган даврни, Ўзбекистон чемпионатини бир таҳлил қилиб берсангиз-чи», деб таклиф қилди. Ҳажмини сўрасам, «Ёзаверинг», деди. «Саҳифангизга сиғдиролмайсиз» десам, кулиб қўя қолди. У пайтларда компьютерлар оммалашмаганди. Машинкада 2 интервалда 17 бетли материал ёзиб келиб топширдим. Аҳрор ака матнни қўлга олганида 2 нусха деб ўйлабди шекилли, ўқиб чиқиб ҳайрон қолди ва: «Буни қачон ёздингиз?» деб сўради. «Кечаси» десам, ишонқирамай қаради. Ўқиб чиққанидан сўнг хулосалар янги эканлигини кўрди. Материални газетада кичкина расм билан бир саҳифа қилиб чоп этишди. Орадан кўп ўтмай Аҳрор ака «Сизни шарҳловчиликка тавсия қилиб келдим», деди. Ўшанда мен ойнаи жаҳонда «Ўзбек тилини ўрганамиз» ўқув кўрсатувлари туркумини олиб борардим. «Нега ўзингиз эмас? Сиз ҳам футболни жуда яхши биласиз, сўз бойлигингиз етарли-ку», десам, «Бизникилар қулай вазиятда гол уролмаса, сўкиб юборишим ҳеч гап эмас», деди. «Анча пайт теннис ўйнадик. Оғзингиздан бир оғиз ножўя сўз чиқмади. Шунга сизни тавсия этдим», дедилар. Дастлаб Аҳрор аканинг сўзи ерда қолмасин деб бордим. Ўша куни «Пахтакор» стадионидаги учрашувнинг фақат иккинчи бўлими телевидениеда намойиш этилган. Азим ака Алимов шарҳлаганлар. Педагог бўлганим учун «Домла» деб мурожаат қилардилар. «Домла, бу ўқув кўрсатуви эмас, тез гапирмасангиз, тўп кетиб қолади, орқасидан қувлаб етиш керак. Футболнинг ўзига хос жозибаси, сеҳри бор» дедилар. Кейин «Ҳозир шарҳингизни ёзиб оламиз. Ижодий кенгаш кўриб чиқади. Маъқул келса, шарҳлашда давом этасиз, акс ҳолда хафа бўлиш йўқ...» дея мени шарҳловчилар хонасида ҳоли қолдириб, журналистлар ложасига чиқиб кетдилар. Бир ўзим 1-бўлимни шарҳладим. Танаффусда қайтиб кириб, «Яхши» дея кўнгиллари тўлганини билдирдилар. Улар 2-бўлимни шарҳлаш учун қолдилар, мен ўйинни томоша қилиш учун журналистлар даврасига бориб қўшилдим. Хуллас, ўйин тугаганидан сўнг уйга етгунимча бир соатча ўтди. 1992 йили уяли телефонлар йўқ эди. Уйимга қўнғироқ қилиб, ўзларининг телефон рақамларини берибдилар. Алоқага чиқсам, «Эртага кечқурун нима қиласиз?» дедилар. «Чилонзорда футбол кўраман» десам, «Жуда яхши, шу ўйинни шарҳлаб берсангиз» деган сўзларини эшитиб ҳайрон қолдим. «Ие, ижодий кенгаш кўрмади-ку?!» десам, «Бўлди, кенгашдан ўтдингиз», дедилар. Шундай қилиб, биринчи куни синов бўлди, эртасига дастлабки шарҳим эфирга узатилди.
- Ширали овозингизнинг борлиги бу ишда қай даражада қўл келган? Шарҳлаётиб тез гапиришингиз боиси нимада?
- Аввало, овозимни ширали дейишим этикага зид. Яратган ҳаммага ҳар хил овоз берган. Овозим томошабинларга ёқаётгани учун фақат шукр қиламан. Шарҳлаётиб тез гапиришимнинг боиси оддий: бу футбол, ўқув кўрсатуви эмас. Унда тўп билан баравар «боришингиз», яъни тез гапиришингиз керак. Секин гапирсам тўпдан, футболчилардан ортда қолиб кетаман. Ўйин майдонидаги воқеа-ҳодисалар ҳақида маълумотлар беришга улгуриш осон эмас. Бунинг учун ҳам тез гапириш шарт. Баъзан ўйиннинг ўзи ниҳоятда тез бўлади, тўп бир ўйинчидан иккинчисига, ундан кейин учинчи спортчига етказиб берилади. Демак, мен тез гапиришга мажбурман. Баъзан ўйин суст кечади. Шундай пайтда ҳам тез гапириш муҳим. Ойнаи жаҳон қаршисида ўтирган томошабин зерикиб, «Эй, шуям ўйинми?» демаслиги даркор.
- Дарвоқе, овозингизни асрашга интиласизми?
- Овозни асрашга келсак, албатта, бунинг учун муздек ичимликлар ичмасликка ва кондиционерли хонада кўп ўтирмасликка интиламан.
- Ҳамкасбларингиздан нималарни ўрганишингизга тўғри келган?
- Николай Озеровдан спортчиларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни олганман. Шарҳловчилар, одатда, жамоа ўйини қовушмаса танқидга берилиб кетишади. Озеров ҳеч қачон кўр-кўрона танқид қилмаган, бирон кишини ҳақоратламаган. Собиқ иттифоқ пайтида бир спортчи хато қилганидан сўнг анча вақт ўтгач ўйинга қайтаришганида Озеров «У ҳали ёш, билмасдан хато қилди. Бу унга бир умрлик сабоқ бўлди. Энди у бундай ишни ҳеч қачон такрорламаслигига ишонаман. Лекин у Ватанимизни сизу биздан кўпроқ севса севадики, кам яхши кўрмайди» дея ярим дақиқа гапириб (спорт мусобақаси эфири учун бу кўп вақт), спортчини ҳимоя қилиб чиқди. Газеталар ўша спортчини роса ёмонлаб ёзишаётганди. Буни қарангки, орадан кўп ўтмай айнан шу йигит терма жамоанинг жаҳон чемпиони бўлишига катта ҳисса қўшди, улкан ютуқларга эришди. Орадан йиллар ўтиб интервью берганида у: «Озеровнинг сўзлари менга далда бўлган, қийинчиликларни енгиб ўтишимда ёрдам берган» деган. Шунинг учун шарҳлаш пайтида қулай вазиятда рақиб дарвозасига гол урилмаган, оқибатда совриндан бенасиб қолинган тақдирда ҳам спортчининг кўнглини синдирмасликка, ярасига туз сепмасликка уринаман. Котэ Махарадзедан ўзининг жамоасини имкон қадар яхши кўрсатишни ўрганганман. У спортчиларни юлдуз ва ўрнак қилиб кўрсатарди.
- Келинг, ўзбек футболи ҳақида гаплашамиз. Ундаги нималар кўнглингизга ёқади-ю, нималар манзур эмас?
- Ўзбек футболининг жуда кўп яхши хусусиятлари бор. Масалан, яхши футболчилар, яхши мураббийлар бор, лекин, афсуски биз ҳозирча жаҳон чемпионатига чиқа олмаяпмиз. Футболчиларимизга энг аввало омад етишмайди. Саралашнинг охирги туридаям имкониятимиз бўлади, бироқ биз ундан фойдалана олмаймиз. Яна футболчиларимизда мақсадга интилиш кўнгилдагидек эмас. Улар ўз устларида тинимсиз шуғулланмайдилар, изланмайдилар. Футболчиларимиз вилоят жамоасидан пойтахтдаги жамоага ўтса, медални қўлга киритса, тагида машина пайдо бўлса, кўпинча тоғнинг чўққисига чиқдим, дея тўхтаб қолишади. Уларда Роналдуга ўхшаб тинимсиз ҳаракат қилиш етишмайди. 70-йиллар бошида Биродар Абдураимов жамоанинг машғулоти тугаганидан сўнг дарвозабондан яна ярим соат туришни сўраркан. Ҳимоячига яна ярим соат қаршилик кўрсат, дарвозага гол уришга ҳаракат қиламан деркан. Шу футболчилар илтимосларини рад этмаслиги учун уларга бир порция лағмон олиб бераркан. Аслида, дарвозабон ва ҳимоячи учун бу маҳоратлари чархланишида қўшимча имконият бўлган. Бугунги кунда кўпчилик ёш спортчиларимиз машғулот тугаши билан смартфонини ёқади ва машинасига ўтириб, дўстлари ҳузурига ошиқади. Абдураимовга ўхшаб қўшимча машқ қилмайди.
- Футбол фанатлари дейишса, қайси воқеа ва кимлар кўз олдингизга келади?
- Шу ўринда «футбол ишқибози» ёки «мухлис» деган сўзни ишлатишни маъқул кўрардим. Чунки «фанат» кўр-кўрона фақат ўз жамоасини ёки ўзи яхши кўрган футболчини қўллайдиган одам. У қайсидир маънода касал. Лекин ҳақиқий мухлис рақиб яхши ўйнаса, олқиш билан кузатиб қўяди. Германия жамоаси Европа Лигаси учрашувида ўз уйида бешта тўп ўтказиб юбориб, мағлубиятга учради. Бироқ 60 мингдан зиёд томошабиннинг бирортаси кетиб қолгани йўқ. Ўйин тамом бўлгач, стадиондаги мухлислар уларни қарсаклар билан кузатишди. «Янаги сафар ҳам сизлар ўйнайсиз, бизларга кераксизлар», дегандай бўлишди. «Ливерпуль» жамоаси ўйинга тушганида, 40 минглик стадион тўла мухлислари клуб мадҳиясини бирга куйлайди.
- Севимли жамоангиз?
- Ўзбекистон терма жамоаси, Москванинг ЦСКАси.
- Бирорта хориж стадиони сизга манзур бўлганми?
- Шу кунгача жуда кўплаб мамлакатларда, у ердаги стадионларда бўлдим. Ҳар бирининг ўзига яраша гашти, устунлиги бор. Лекин ўз уйим ҳаммасидан зўр дейман. Ўзбекона меҳр-оқибат ҳеч қаерда йўқ.
- Соғ-саломат юриш учун нималар қиласиз? Таомланишингизда нималарга эътибор қаратасиз?
- Соғ-саломат юриш учун ўз пайтида футболдан ташқари, волейбол ва стол тенниси билан жиддий шуғулланганман. Ёшлигимда бир мўйсафиднинг «Нимани эмас, балки ким билан истеъмол қилиш муҳим», деганини эшитгандим. Одатда, таом танламайман. Палов, мошкичири, норин ва сомсани, ўзбегимнинг бошқа кўпгина таомларини яхши кўраман. «Семириб кетишим мумкин», деган чеклов ёки парҳез йўқ. Кўнглим тортган нарсани хуш кўриб истеъмол қиламан. Мевалардан гилос ва анжирни, қовунни тарвуздан афзал кўраман. Цитрус мевалардан кўра шафтолини яхши деб биламан.
Маъпура НАБИЕВА суҳбатлашди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20