Қайднома

Қидирув

Япон ҳимоячиларини кузатинг!

Япон ҳимоячиларини кузатинг!

  21.09.2019 05:24
  0
  553
Япон ҳимоячиларини кузатинг!

Муайян давлатдан чиққан муайян амплуа футболчиларининг урф бўлиши - жаҳон футболидаги нормал тажриба. Бир вақтлари кўпчилик италиялик дарвозабонларни орзу қиларди, бошқалар - скандинавиялик марказий ҳимоячиларни; Германияда ҳозир англиялик вингерларга эҳтиёж катта, бразилиялик ҳужумчиларга бўлган талаб эса, афтидан, ҳеч қачон йўқолмайдигандек. Голландия чемпионатида «ўнлик» позициясида ўйнайдиганлар - тўпсиз яхши ҳаракатланадиган ва биринчи чизиқда ажойиб прессинг уюштирадиган ўйинчиларга қизиқиш юқори.

Агар бироз келажакка назар ташлайдиган бўлсак, кейинги катта урф япониялик марказий ҳимоячилар туфайли вужудга келади, дейишга асос бордек. Мана нима учун:

- марказий ҳимоячилар тобора жисмоний позициядан тактик позицияга ўтиб боришмоқда. Малака ва тактик тартиб ушбу амплуа вакиллари учун муҳим элементга айланмоқда - айниқса, бу юқорироқдан ҳимоя-ланишни бошлайдиган жамоаларга тааллуқли;

- бўй масаласи ҳам марказий ҳимоячилар учун аста-секин ҳал қилувчи фактор бўлмай қоляпти. Топ-футболда ижобий таҳлил ва майдонлар сифатининг мунтазам яхшиланиши сабабли юқоридан йўлланадиган узатмалар камаймоқда, пастдаги курашларда ғолиб чиқиш муҳим бўлиб бормоқда;

- юқоридаги икки факторни умумлаштирсак, марказий ҳимоячилар танловида тезкор қарор чиқариш ўта аҳамиятли бўлаётгани ойдинлашади - ҳам тўп билан, ҳам тўпсиз ҳолатда.

Японлар марказий ҳимоячиларга бўлган янги талабларга тўла мос тушишади. Улар тартибга амал қилишда илғор, мураббийнинг ҳар қандай кўрсатмаларини тўкис бажаришади, уқтирилган гапларни тезда англаб олишади. Улар орасида бўйи баланд футболчилар кўп эмас, аммо бу жиҳат муҳимлигини йўқотмоқда, тезкор қарор чиқаришда эса японларга тенг келадигани йўқ - эҳтимол, баъзи пайт­ларда бу минусга ҳам айланади: майдонда бирданига шунча қарор чиқариш мумкин эмас. Японларда концентрация ва жисмоний қувват бобида ҳаммаси жойида, улардаги муваффақиятнинг яна бир муҳим шарти сифатида, маҳаллий одатларга мослашишдан ташқари, тизимни тўғрилаб олишни ҳам қайд этиш мумкин. Ҳозирги замонда бу борада ҳам муаммо йўқ: ўз концепциясига эга мураббийлар бисёр, футбол тарихида бундай ҳол энди кузатиляпти.

Айни пайт яққол мисол сифатида «Болонья» футболчиси Такехиро Томиясуни кўрсатиш мумкин. Италия клубидаги дастлабки ўйинларда у ўнг қанот ҳимоясида тўп сурди, ваҳоланки, Жей-лигада ҳам, мамлакат термасида ҳам, «Болонья»дан аввалги клуби «Сент-Трёйденс»да ҳам у мудофаа марказида ўйнарди. Марказий ҳимоя­чи учун зарур бўлган барча кўникмалар 20 ёшли Томиясуни 10 миллионлик футболчига айлантирди. Оёқда мустаҳкам туради, японларга хос вазминликка эга, тўпни жуда яхши қабул қилади - бунда унга ҳар икки оёғида бир хилда барқарор ўйнаши асқотади. Авваллари Томиясу бундай хислатга эга эмасди: ўтмишдаги видеоларни кўздан кечирсангиз, чап оёғини мукаммаллаштириш устида ишлаганини кўриш мумкин - ҳам ҳужум, ҳам ҳимояда.

Такехиро терма жамоадаги шериги Мая Йошидани ўзи учун асосий мўлжал сифатида кўради. Йошида қаторасига беш мавсумдан буён Анг­лиянинг «Саутгемптон» клубида 20дан кўпроқ ўйин ўтказмоқда, АПЛ­га эса Голландиянинг «Венло»сидаги уч йиллик фаолиятдан кейин ўтганди. Эредивизияда терманинг ҳозирги сардори захира ўйинчисидан асосий таркиб футболчиси мақомигача бўлган йўлни босиб ўтган, ўзининг тактикага мослашувчанлигини кўрсатган. Йошида, Томиясу ҳамда Япония термасининг яна бир марказий ҳимоячиси Наомити Уэданинг Европага айнан голланд футболи орқали мослашишгани тасодиф эмас. Япония футбол маданияти қисман Голландияникига ўхшаш, биргина фарқ шуки, «лолалар юрти»да марказий ҳимоячиларни нисбатан олдинроққа қўйишади ва шу тариқа чизиқлар орасидаги мувозанатни сақлашади - бу бугунги куннинг муҳим тактик асоратларидан биридир. Бундан ташқари, Голландия футбол маданиятининг одатий марказий ҳимоя­чилари оғир вазнлилар, шу боис уларга юқори тезликка эга футболчилар орқали осонгина қаршилик кўрсатиш мумкин. Японлар эса тезлик ва чидамлилик бобида анча яхши тайёргарликка эга бўлишади - Бельгия ва Голландияда тактик тартибга амал қилиш орқали улар майдондаги позицияларини тўғри танлашни ўрганишади.

Эҳтимол, «Манчестер Сити» айнан шу сабабдан Ко Итакарани «Гронинген»га ижарага берган бўлиши мумкин. Японияда ушбу трансферни кўпчилик тушунмади - Итакура ўзининг дастлабки ажойиб паси билан ажралиб турарди, аммо позиция танлашда қийналиб, оқибатда мувозанатни йўқотарди. Уни марказий ҳимояда синаб кўриш таваккалга тенг эди, шу боис Кодан таянч ярим ҳимоячиси сифатида фойдаланиб кўришди. «Гронинген»­-даги дастлабки ярим йил ичида Итакура ўйинларни захира ўриндиғидан кузатди, машғулотларда тўғри позиция танлаш ва ушбу хусусиятдан фойдаланишни ўрганди. Жорий мавсум бошидан Итакура «Гронинген»нинг айнан марказий ҳимоясида асосий футболчилардан бири сифатида кўриниш бера бошлади.

У тактик кўникмаларга жиддий ёндашди, унда дастлабки пасни яхши беришдан ташқари, курашларга чан-қоқлик сифати ҳам борлиги ойдинлашди - бунга қадар Итакура рақибига қаршилик кўрсатишга улгурмасди, тўпни эгаллаб олишда хатога йўл қўярди.

Жей-лигадаги бир нечта ўйинларни кўриб шундай хулоса чиқариш мумкинки, яқин йиллар ичида япониялик марказий ҳимоячиларга бўлган талаб тобора ортади. Европада ўзини кўрсатишга қодир «самурайлар» қаторига «Серезо Осака» вакили 19 ёшли Аюма Секо, «Хиросима»дан 23 ёшли Хаято Араки ҳамда «Саппоро»нинг 23 ёшли футболчиси Риосуке Синдони киритиш мумкин.

Шуниси аниқки, «кунчиқар юрт»да янги сифатли марказий ҳимоячилар сони кўпаяверади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz