Қайднома

Қидирув

41 ёшли рекордчи голеадор

41 ёшли рекордчи голеадор

  22.09.2019 09:42
  0
  397
41 ёшли рекордчи голеадор

Эркаклар жамоалари ўртасидаги ЕЧЛ баҳслари шу ҳафта старт олган бўлса, аёллар 1|16 финал беллашувларини ўтказишди. Чунки ҳозирча уларда гуруҳ босқичи йўқ. Тенг курашлар остида кечган шиддатли қарама-қаршиликлар орасида қайсидир жамоанинг яққол устунлиги билан ўтганлари ҳам йўқ эмас. Масалан, «Манчестер Сити» «Лугано»ни, «ПСЖ» эса «Брага»ни 7та гол билан «сийлади», «Лион» «Рязань-ВДВ» дарвозасини 9 марта ишғол этган бўлса,

«Вольфсбург» «Митровица»ни 10:0 ҳисобида енгди.

Европанинг замонавий стадионларидан бирида бўлиб ўтган «Брага» - «ПСЖ» учрашувидаги голлардан бирини бразилиялик Формига амалга оширгани алоҳида эътиборга молик. Буни қарангки, 41 ёшли футболчи 41-дақиқада рақибалари дарвозасини ишғол этиб, аёллар Чемпионлар Лигасидаги энг кекса тўпурар мақомини олди.

Ёзда Формига ЖЧда майдонга тушиш билан рекорд ўрнатганди. Умуман, у 7та мундиал қатнашчиси, 1991 йилда ташкил этилган илк мусобақа унинг иштирокисиз ўтганди. 1995 йилда аёллар футболи Олимпиада дастурига киритилгач, Формига барча мусобақаларда майдонга тушди.

Қизиғи шундаки, ҳужумчининг фаолияти машҳур ватандоши - Роналдо билан деярли бир вақтда - 1993 йилда бошланган. Феномен 2011 йилда бутсаларини михга илди, Формига эса ҳамон сафда. У Роналдони эмас, 1994 йилда Бразилияни сардор сифатида шоҳсупага олиб чиққан Дунгани ўзи учун намуна деб билади.

«Чумоли» (Формиганинг португалча атамаси) тахаллусини эса, ўсмирлик даврида олганди. Бунга унинг ўйин услуби сабабчи - Формига фақат жамоа учун тўп суради, ортиқча дриблингларга берилиб кетмайди.

«Аввалига ўз лақабимга кўника олмадим. Уни ёқтирмаслигимни қанча кўп такрорласам, шунча кўп эшитардим. Охир-оқибат таслим бўлдим. Амалда тахаллус жуда мос эканлиги маълум бўлди - у ўйин услубимни тасдиқлайди. Лекин шу пайтгача асл исмимдан кўпчиликнинг хабари йўқ - уйда Мира деб чақиришади, ташқаридагилар учун Формигаман», - дейди футболчи.

Формига аёллар футболида касбдошлари ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилади, ҳурмат-эътибор, иш ҳақи ва бошқа долзарб масалаларнинг ижобий ечим топиши учун курашади. «Бизни тан олишлари, аёл футболчиларга яхши шароитлар яратилиши учун кураша-кураша чарчадим. Чунки ҳеч қандай ўзгаришларга гувоҳ бўлмадим», - деганди футболчи. Бироқ шунга қарамасдан, «Чумоли» ЖЧ-2019 турнирида майдонга тушди: «Жамоамиз менсиз ўйнашини тасаввур қила олмадим. Мени фақат рекордчи сифатида эслаб қолишларини истамайман. Аёллар футболининг равнақига муносиб улуш қўшишни ўз бурчим деб биламан».

Формига Бразилия терма жамоаси либосида 189 марта майдонга тушди. Бу борада жаҳон рекордини ўрнатишнинг иложи йўқ - америкалик Кристин Лилли 352та учрашувда иштирок этган. Аммо ўз юртида ўйинлар сони бўйича «Чумоли»га ета оладиган футболчи йўқ. Чунончи, эркаклар терма жамоаси етакчиси Кафу ҳисобида 142та учрашув бор.

Хўш, Формига учун армон бўлиб қолиши мумкин бўлган орзулар ҳам борми? Ҳа, бор. Футболчи терма жамоа миқёсида шоҳсупага кўтарила олмади. Олимпиадаларда 2та кумуш, жаҳон чемпионатларида кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди. Балки шоҳсупа Олимпиада-2020да забт этилар?

«Узоқ фаолиятнинг сабаби? Шунчаки, мен жуда кўп дам оламан. Даст­аввал, бундай режалардан йироқ эдим. Лекин футболга бўлган иштиёқим шунчалик кучлики, ўзимни тўхтатишга куч топа олмаяпман. Тўсиқларни енгиб ўтиш истаги мен учун илҳом манбаига айланган», - деди Формига ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида.

Жамоадошларига нисбатан ёш борасидаги тафовут эса уни мутлақо ташвишлантирмайди: «Жамоа - оиладек гап. Кимгадир яқин дўстман, кимгадир меҳрибон она!».

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz