Қайднома

Қидирув

Шаҳзод Убайдуллаев тур қаҳрамони ёки Энди кураш аутсайдерлар ўртасида кечади-ми?

Шаҳзод Убайдуллаев тур қаҳрамони ёки Энди кураш аутсайдерлар ўртасида кечади-ми?

  24.09.2019 01:31
  0
  438
Шаҳзод Убайдуллаев тур қаҳрамони ёки Энди кураш аутсайдерлар ўртасида кечади-ми?

Суперлига финишига 6 тур қолган паллада чемпионлик масаласига расман нуқта қўйилди. Чунончи, «Пахтакор»нинг энг яқин таъқибчиси - «Локомотив» Қўқонда навбатдаги йўқотишга учради. «Шерлар» эса Бекободда хотиржам ҳолда ўйнаб, якунда чемпионлик байроғини ҳилпиратишди. Айтиш жоиз, шу билан «Пахтакор» ҳисобидаги олтин медаллар сони 12тага етди. «Шерлар»нинг 3 йиллик танаффусдан кейин яна тахтга кўтарилишгани ҳам эътиборга молик фактдир.

 ТУР ҚАҲРАМОНИ - ШАҲЗОД УБАЙДУЛЛАЕВ

«Андижон» Суперлида қолиш учун курашда олтинга тенг очколарни қўлга киритди. Александр Хомяков шогирдлари ёш ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаев урган ягона гол эвазига Самарқанддан хушкайфият ҳолда қайтишди. Лигада қолиш учун курашаётган икки жамоа ўртасидаги ўйин аҳамияти жуда баланд эканлиги ўз-ўзидан тушунарли. Шуни назарда тутиб, барчасини ҳал қилган гол муаллифини қаҳрамон сифатида эътироф этишни лозим кўрдик.

 

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Бизда Про-лигага равона бўлиш ҳақида ўй йўқ. Тўғри, турнир жадвалида вазият турдан-турга мураккаблашмоқда. Муҳими, жамоа ичида «Суперлигадан тушиб кетмасмикинмиз» қабилида хавотирли фикр йўқ.Александр Хомяков («Андижон» бош мураббийи).

- Лигада қолиш ёки қолмаслик биров эмас, ўз қўлимизда. Шундай экан, охиригача курашамиз. Рафаэль Баласанян («Динамо» катта мураббийи).

- Очиғи, «Локомотив» ўйинида ғалати ҳолатлар кузатилмоқда. Негадир ҳар сафар биринчи бўлиб гол қўйиб юборяпмиз. Футбол шундай шафқатсиз ўйин эканлигини биламан... Самвел Бабаян («Локомотив» бош мураббийи).

- Ўз майдонимизда босим остида тўп суришга тўғри келмоқда. Чунки қўқонлик мухлислар анча талабчанлар. Азиз Тўхтабоев («Қўқон-1912» бош мураббийи).

Ҳисобни бемалол тенглаштиришимиз мумкин эди, аммо вазиятлардан фойдаланолмадик. Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи).

- Ўйлайманки, бугун олинган 1 очко омадсизлик ортда қолганлигининг бошланиши. Андрей Канчельс­кис («Навбаҳор» бош мураббийи).

- Икки йил давомида катта ҳажмда иш бажарилди. Бу жамоамиз учун бошланғич нуқтага айланиши лозим. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- «Металлург» футболчиси бурнини синдиришди, аммо ҳеч ким реакция билдирмади. Станислав Андреевни оёғидан чалишди, аммо бизнинг футболчи жазоланди. Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).

- Мана, 4-ойга қараб кетяпти, футболчилар маош олишгани йўқ. Қачонгача раҳмат учун ўйнашади? Ахир уларнинг ҳам оилалари бор, ишлашяптими, маош олишлари керак. Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи).

- Тўғриси, бугунгидек ёмон ўйнамагандик. Биринчи бўлимда рақиб дарвозасини 2 марта ишғол қилдик, танаффусдан кейин эса ўйинимиз бузилди. Бу нима билан боғлиқлигини билмадим. Вадим Абрамов («Бун­ёдкор» бош мураббийи).

- Майдон чими ажойиб ҳолатда экан. Бундай майдонда ёмон ўйнаш мумкин эмас. Асосийси, йигитлар режамизни аъло даражада бажаришди. Муҳсин Муҳаммадиев («Бухоро» бош мураббийи).

 

 

1-2-КУНЛАР: «ОЛТИН» МАСАЛАСИ ҲАЛ

«Динамо» - «Андижон» баҳсида меҳмон жамоа ягона гол эвазига 3 очко олиб, Суперлигада қолиш имкониятини анча яхшилади. Александр Хомяков жамоасига ғалаба тақдим этган гол биринчи бўлим якунида ёш ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаев томонидан урилди. Даврон Файзиев қўл остидаги клубнинг турнир жадвалидаги ҳолати эса янада оғирлашди. Бинобарин, «Динамо» Суперлига доирасида нақ 8та ўйиндан буён лоақал 1 очко ололмаяпти.

Сўнгги ўйинларни юқори даражада ўтказаётган «Қўқон-1912» бу сафар ўз майдонида «Локомотив»дан очко тортиб олди. Азиз Тўхтабоев шогирдлари 35-дақиқада ҳисобни очишди: ажойиб комбинация якунида Суҳроб Бердиев кучли зарбаси билан Жавоҳир Илёсовни ожиз қолдирди. Кутилганидек, Самвел Бабаян жамоаси кейинчалик фаолликни оширди. «Темирйўлчилар» 54-дақиқада ҳисобни тенглаштиришга яқин келишди. Фақат бу вазиятда Остон Ўруновнинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Меҳмонлар бўлим ўрталарида мақсадга эришишди, барибир. Гол муаллифи - Темирхўжа Абдухолиқов. Қолган дақиқаларда ҳар икки жамоа ғалабани ўз томонига оғдиришга уринди, аммо ҳисоб бошқа ўзгармади- 1:1. Шу тариқа «Қўқон-1912»нинг 4та ўйиндан иборат ғалабали серияси узилди, лекин мағлубиятсиз юриши 5та турга чўзилди. Амалдаги чемпион мақомини топширган «Локо» эса 6та ўйиндан буён ютқазмаяпти, фақат фарқи шуки, пойтахтликлар бу орада 4 марта 1:1 ҳисоби билан чекланишди, жумладан кетма-кет 3та турда шундай натижа қайд этишди.

«Сурхон» - АГМК учрашуви тақдирини ҳам ягона гол ҳал қилди. У учрашувнинг 70-дақиқасида мезбонлар вакили Аброр Исмоилов ҳисобига ёзилди. Қаторасига 6та учрашувдан буён мағлубият нималигини билмаётган «Сурхон» турнир жадвали нуқтаи назаридан мутлақо хотиржам, АГМКга эса кучлилар сафидан тушиб кетиш хавф солмоқда. Зеро, Миржалол Қосимов жамоасига барқарорлик етишмаяпти.

«Бронза»га реал даъвогар «Сўғдиёна» ўз майдонида «Навбаҳор»ни енголмади, аммо мағлубиятсиз сериясини 7та ўйинга чўзди. Жиззахликлар биринчи бўлим якунида ҳисобни очиш учун яхши имконият ҳосил қилишди, аммо жамоанинг штатли пенальтичиси Никола Милинкович бу сафар «дуэл»да «Навбаҳор» кипери Ўткир Юсуповни алдай олмади. Умуман, наманганликлар дарвозабони ўйин қаҳрамонига айланди. Ҳар ҳолда, у биринчи бўлимнинг ўзида пенальтини бартараф этишдан ташқари, Жасур Ҳасанов, Иван Нагаев ҳамда Никола Милинкович зарбаларидан кейин тўпни қайтариб қолди. Танаффусдан кейин ҳам ўйин суръати пасаймади, аммо ҳисоб очилмади, барибир. Хуллас, ўйинни 10 киши бўлиб якунлаган «Навбаҳор» 2та мағлубиятдан сўнг яна очко олди, аммо жамоанинг голсиз серияси 3та ўйинга етди.

«Пахтакор» Бекободдаги ғалабадан сўнг Ўзбекистоннинг 12 карра чемпионига айланди. Ўйиннинг биринчи бўлимида кичик устунликка эга бўлган «шерлар» 26-дақиқада ҳисобни очишди. Бу вазиятда Достон Ҳамдамовнинг зарбасидан кейин тўп Аббос Отахоновга теккан ҳолда дарвозадан ўрин олди. Иккинчи бўлимда фаолроқ кўринган «Металлург» 77-дақиқада мувозанатни тиклади: жарима зарбасидан кейин Зоҳид Абдуллаев ўзини кўрсатди - 1:1. Орадан яна бир дақиқа ўтмай, Егор Кримец ажойиб узатма орқали Ҳамдамовни Александр Лобанов билан бирга-бир вазиятга чиқарди ва у чемпионлик голини урди. Шота Арвеладзе жамоаси «олтин»ни расмийлаштириш йўлида 20та ўйинда мағлубият нималигини билмади, шундан 18тасида рақибидан устун келди. Қолаверса, жамоа қаторасига 12та учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди. Йирик ҳисобли ғалабалари сони - 8та, тўплар нисбати - 61-12. Ҳа, «Пахтакор» жорий мавсум эрта чемпион бўлишга муносиб ўйнади, чиндан ҳам.

 

3-КУН: «БУХОРО»ГА ҚАРАНГ...

Якшанба кунига белгиланган ўйинлардан бирида «Бун­ёдкор» ўз майдонида «Қизилқум»ни 2:1 ҳисобида енгиб, 4-ўриндаги «Сўғдиёна»дан нисбатан узоқлашди ва тепадаги «Локомотив»га бироз яқинлашди. Вадим Абрамов жамоаси биринчи бўлимнинг ўзида рақиб дарвозасига икки бора йўл топишди. Аввалига Миржаҳон Мираҳмадовнинг ажойиб ҳаракатлари самара келтирди. У ўнг қанотдан катта тезликда жарима майдони ичига кириб бориб, бир ҳаракатда ҳимоячини чалғитди ва дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олди. Иккинчи голда Мираҳмадов энди чап қанотда фаоллик кўрсатиб, тўпни жарима майдони ичига етказиб берди. Бу ерда ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Абдулла Абдуллаев аниқ зарба билан жамоаси устунлигини мустаҳкамлади. Иккинчи бўлимда эса «Қизилқум» фаолроқ ҳаракатланиб, сўнгги дақиқаларда захирадан майдонга тушган Суннатилла Абдуллажонов голи эвазига ҳисобни қисқартирди. Лекин Ҳамиджон Актамов жамоаси бундан ортиғига улгурмади.

«Насаф» 3-ўриндан умид уздими? Бундай дейишимизнинг сабаби Рўзиқул Бердиев жамоаси ўз майдонида «Бухоро»га ютқазди. Муҳсин Муҳаммадиевни ғоят қувонтирган ғалабага биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқада урилган гол тамал тоши бўлди. Бу вазиятда ўзини кўрсатган Асадбек Собиржонов 61-дақиқада жамоаси устунлигини мустаҳкамлаши мумкин эди. Бироқ у пенальтидан фойдаланолмади. Шундан сўнг Шароф Муҳиддинов «Насаф»нинг жавоб голига муаллифлик қилди. Бироқ «аждарлар» кўп ўтмай, Саламат Қутибоевнинг гол уришига тўсқинлик қилолмадилар. Якуний натижа - 1:2. Ҳа, турнир жадвалининг қуйи қисмида «ҳарорат» тобора ошмоқда...    
«ДИНАМО» - «АНДИЖОН» - 0:1 (0:1)
«ҚЎҚОН-1912» - «ЛОКОМОТИВ» -  1:1 (1:0)

СУРХОН - АГМК 1:0 (0:0) 

«МЕТАЛЛУРГ» - «ПАХТАКОР» - 1:2 (0:1)

 «БУНЁДКОР» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 2:1 (2:0)

 «НАСАФ» - «БУХОРО» - 1:2 (0:1)

 

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 13  (ўртача: 1,85...)

Мезбонлар ғалабаси: 2

Меҳмонлар ғалабаси: 3

Дуранг: 2

Йирик ҳисобли ғалаба:

Энг сермаҳсул ўйинлар: «Металлург» - «Пахтакор», «Бунёдкор» - «Қизилқум», «Насаф» - «Бухоро» (3тадан гол)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Насаф» - «Бухоро» (5123)

Огоҳлантириш: 21 (ўртача: 3)

Четлатиш: 1 (0,14...)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Сўғдиёна» - «Навбаҳор» (5та «сариқ» + 1та «қизил»)

Пенальти: 2 (самарасиз)

«Дубль»: -  

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

Автогол: 1 (Аббос Отахонов, «Металлург»)

 

 

1      ПАХТАКОР      20        18        2          0          61-12    56

2      ЛОКОМОТИВ   20        10        7          3          31-15    37

3      БУНЁДКОР      20        10        4          6          28-24    34

4      СЎҒДИЁНА      20        9          5          6          22-22    32

5      СУРХОН          20        9          4          7          22-24    31

6      НАСАФ            20        8          4          8          26-19    28

7      НАВБАҲОР     20        6          8          6          22-18    26

8      МЕТАЛЛУРГ    20        6          6          8          22-22    24

9      ҚЎҚОН-1912     20        5          6          9          24-35    21

10     АНДИЖОН       20        4          8          8          18-27    20

11     АГМК   20        5          4          11        23-31    19

12     ДИНАМО         20        4          6          10        20-32    18

13     БУХОРО          20        4          6          10        14-31    18

14     ҚИЗИЛҚУМ      20        4          6          10        18-39    18

 

Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 22та (5та - пен.)

Зафар Полвонов (АГМК) - 11та

Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 11та

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 11та (1та - пен.)

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 10та (6та - пен.)

Игорь Сергеев («Пахтакор») - 9та

Александр Касьян («Навбаҳор») - 9та (2та - пен.)...

 

 

21-тур

30 сентябрь (душанба)

БУНЁДКОР - БУХОРО

АГМК - НАСАФ

ҚЎҚОН-1912 - МЕТАЛЛУРГ

1 октябрь (сешанба)

НАВБАҲОР - ДИНАМО

ҚИЗИЛҚУМ - ЛОКОМОТИВ

ПАХТАКОР - СЎҒДИЁНА

2 октябрь (чоршанба)

АНДИЖОН – СУРХОН

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 24 сентябрдаги сешанба сонида ўқишингиз мумкин. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz