Қайднома

Қидирув

Анвар ҲАФИЗОВ: «Мақсадимиз – иқтидорли футболчиларни етказиб бериш»

Анвар ҲАФИЗОВ: «Мақсадимиз – иқтидорли футболчиларни етказиб бериш»

  24.09.2019 03:41
  0
  537
Анвар ҲАФИЗОВ: «Мақсадимиз – иқтидорли футболчиларни етказиб бериш»

Наманган азалдан иқтидорли футболчилар маскани бўлиб келган ва вилоятимиздан ўз вақтида кўплаб машҳур ўйинчилар етишиб чиқишган. Аммо сўнгги йилларда иқтидорли ёш футболчиларнинг бошқа вилоят футбол академиялари ҳамда мактабларида таҳсил олишлари оқибатида «Навбаҳор»нинг авлодлар алмашинувида бироз бўшлиқ юзага келганди. Наманган вилояти ҳокимининг ташаббуси билан жорий йилдан бошлаб яна болалар ва ёшлар футболига эътибор кучайтирилди. Шунингдек, ёзги трансфер ойнаси даврида бошқа клубларда ўйнаётган маҳаллий маҳоратли футболчилар «Навбаҳор»га қайтарилди. Биз вилоятимиздаги болалар ҳамда ўсмирлар футболига бўлаётган эътибор, шунингдек, «Навбаҳор»нинг 21 ёшлилар жамоаси қайд этаётган натижалар бўйича мухлисларга тўлиқроқ маълумот бериш ниятида олдинги йилларда «Пахтакор» академиясида ишлаган, айни пайт «Навбаҳор» U-21 мураббийи ҳамда ёшлар футболини ривожлантириш раҳбари сифатида фаолият юритаётган Анвар Ҳафизовга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

 

- Айни пайт вилоятимизда нечта футбол мактаби бор ва уларда қанча болалар ҳамда ўсмирлар футбол билан шуғулланишади?

- Вилоятимизда 14та футбол мактаблари бўлиб, унда 88 нафар мураббий иш олиб боряпти. Мазкур футбол мактабларида 152та ёш футболчилар гуруҳи бўлиб, унда 3447 нафар болалар ва ўсмирлар машғулот олиб боришмоқда.

- Намангандан Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар, олимпия ва миллий терма жамоаларига неча нафар футболчи номзод ҳисобланади?

- Вилоятимиздан Ўзбекистон U-15 ўсмирлар терма жамоасига 6 нафар, Ўзбекистон U-19 ёшлар термасига эса 7 нафар вакилимиз номзод ҳисобланади. Ўзбекистон олимпия терма жамоасига эса 1 нафар футболчи - Илҳомжон Алижонов номзод ҳисобланади ва ушбу ҳимоячи шу билан бирга «Навбаҳор»нинг асосий таркиб футболчиси ҳам ҳисобланади. Наманганлик 3 нафар ўйинчи - дарвозабон Ботирали Эргашев, ярим ҳимоячи Одил Аҳмедов ва Одил Ҳамробеков эса миллий терма жамоамизга номзод саналишади.

- «Навбаҳор» жамоаси учун селекция ишлари қандай олиб борилмоқда?

- Селекция ишларини йил бўйи олиб борамиз. Ёзги трансфер ойнаси пайтида бошқа вилоятда тўп сураётган футболчилар билан музокара олиб бориб, улардан айримларини Наманганга қайтаришга муваффақ бўлдик. Вилоятимиздаги футбол мактаблари селекцияси бўйича U-12, U-13 ва U-14 вилоят терма жамоаси ўзагини ташкил этишни бошладик ҳамда саралаш босқичларини ҳам ўтказдик. Ушбу саралаш босқичи йил бўйи давом этади ҳамда энг иқтидорли футболчилардан «Навбаҳор»нинг ёшлар жамоалари учун яхшигина резерв ташкил этамиз.

- Ёш футболчилар селекцияси бў-йича мусобақалар ўтказиш ҳам режалаштириляптими?

- Селекция ишлари, таъкидлаганимдек, йил бўйи давом этади. Мусобақалар ҳар бир ёшлар гуруҳи бўйича давом бўлиб ўтмоқда. Яқинда Наманган шаҳрида халқаро мусобақа ўтказилиб, унда мамлакатимиздан ташқари, қўшни давлатлар, жумладан, Тожикистон ҳамда Қирғизистон жамоалари ҳам қатнашди. Биз ушбу турнирни кузатиб, унда ўз маҳоратини намойиш этган бир қатор иқтидорли футболчиларни кўз остимизга олиб қўйдик. Шунингдек, айни пайтда куз-баҳор тизимида вилоят мусобақаси ҳам бўлиб ўтмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, ёшларни футболга қизиқтириш ва иқтидорли футболчиларнинг бошқа клубларга кетиб қолишларининг олдини олиб, «Навбаҳор»нинг ёшлар ҳамда асосий жамоаларига етказиб беришдан иборат.

- Сиз шунингдек, «Навбаҳор» U-21 ёшлар терма жамоасининг ҳам мураббийи ҳисобланасиз. Мазкур жамоанинг жорий мавсумдаги натижалари борасида нима дея оласиз?

- «Навбаҳор» U-21 ёшлар жамоа­сининг бош режаси - асосий жамоа­мизга йил давомида камида 2-3 нафар футболчи етказиб бериш, чемпионат мобайнида футболчиларнинг техник-тактик ҳаракатларидаги камчиликларни тўғри йўлга қўйиб, тўғри футбол ўйнашни ўргатиш ва иложи борича юқори ўринни эгаллаш.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz