Қайднома

Қидирув

Уйғон, тезроқ уйғон...

Уйғон, тезроқ уйғон...

  25.09.2019 02:11
  0
  739
Уйғон, тезроқ уйғон...

Футболимиз юрагида ухлаётган йўлбарслар қачон уйғонади? Азамат Абдураимовга хаёлан қуйидаги саволларни берганимда, телефон жиринглади...

1. Жуда яхши тайёргарлик кўрган бўлсанглар, нима учун меҳмон - ҳинд ўсмирлари билан аранг дуранг ўйнадинглар?

2.  Тайёргарликдан кўнглингиз тўлган бўлса, жамоа нима сабабдан ўзингиз таъкидлаган стандарт вазиятдан фойдаланолмади?

3. «Дарвозабон хато қилмаганида, гол қўйиб юбормасдик»  қабилида хулоса айтишдан уялмадингизми?

4. Жамоангизда нима учун ёрқин ижрочилар йўқ? Сиз изладингизу, бундай ўйинчи топилмадими?

5. Мамлакат юзи саналган терма жамоани фақат характерга суяниб, шакллантириш мумкинми? Характергагина таянган футболнинг чегараси қаергача ўзи?

6. Қитъа чемпионатига боришни аввалдан режалаштирган мураббий кўп миллионли мухлислар асаби билан шундай ҳазиллашадими?

7. Саралашдаги ҳаёт-мамот ўйинини ўтказган экансизлар, финал босқичида қандай тўп сурасизлар? Бунақада қачон тонг отади?

 

Балки саволлар янада давом этарди, лекин хаёлимни телефон қўнғироғи бўлди. Маҳмаюсуф Бердиев экан. Ичимдаги гувранаётган тўлқинни яшириб ўтирмадим. Суяги футболда қотган мутахассис-мухлис қисқа ва қатъий фикр билдирди: «Терма жамоаларимиз ўйин савиясини хорижлик ёки маҳаллий мураббийлар ўзгартиришларига кўзим етмайди. Қандайдир ютуқлар вақтинчалик, холос. Чунки биздаги футбол ҳаёти, аниқроғи, унинг мазмуни бирор андозага тушмайди!» Шунда суҳбатдошимга 2010 йилнинг декабрида, яъни Осиё кубоги-2011дан аввал ёзилган, футболимиз моҳиятан янги концепцияга муҳтожлиги асосланган мақолани эслатдим. Бугун футболдан сал нари юришни лозим топган мутахассис-мухлис мулоҳазаларимни маъқуллади.

Кўз олдимда яна ўзига йўл тополмаётган ёш истеъдодларнинг ёрдамдан умидвор нигоҳлари гавдаланди. Эътироф этиш керакки, шу вақтгача мутасаддилар шахсан ўзим тавсия қилган ёш истеъдодларни қайтаришмади. Ёш футболчилар ёзилган ва ёзилмаган талабларга бардош беришолмаяпти. Айниқса, молиявий жиҳатдан!

Ички тизим шундай ва уни ўзгартириб бўлмаяпти. «Ёш футболчида иқтидор кучли бўлиши баробарида унинг ота-онаси молиявий жиҳатдан талабларга жавоб бериши даркор» қабилидаги қараш халқимиз онгу шуурига ўрнашиб улгурди. Аламлиси, ота-оналарнинг фарзандларини футболдан совутишларига гувоҳман. Бундай вазиятларда имкониятлар чегаралангани алам устига алам туғдиради. Демоқчимизки, Азамат Абдураимов жамоасидан бундан ортиғини кутиш ярамайди. Чунки бу жамоа, аввало, унинг фалсафаси асосида тузилган. Аслида бутунлай янги таркибда, уникидан кучли 2-3та жамоа шакллантириш имкони мавжуд футболимизда. Шундай имконият бўла туриб, ундан фойдаланмаётганимизнинг бош айбдори - ички тизим. Бу тизимни ўзгартиришга кимнинг кучи етади - билмадик...

Тўғри тушунинг, билмаслик умидсизликни англатмайди, Зеро, бундан икки-уч йил олдин репетиторларнинг аксарияти ноқонуний йўллардан фойдаланишни маъқул кўришарди. Негаки, вазият шундай эди. Ҳозир тест синови масаласида вазият тубдан ўзгарди, адолат қарор топди, мажбуран ноқонуний ишлар қилиб юрган репетиторлар минг шукрона айтиб, асл дарсга қайтишди. Виждон, инсоф туйғуси ўлмаганди ҳали уларда. Нима учун футболимиз ички тизимида ҳам шундай ислоҳот ўтказиш ва ҳалоллик қаддини тиклаш мумкин эмас?! Мумкин, албатта! Тест синовидаги адолатни тиклаш жараёнида қанча-қанча фуқаролар жазога тортилишди. Футболимизда ҳам адолатли тизимни шакллантириш осон кечмайди, албатта. Жараёнда кимларнингдир мушукларига «пишт» дейилади ва бу уларга ёқмаслиги аниқ. Ҳаловати бузилганларнинг жим турмасликлари ҳам барчага аён. Айни шу сабабга кўра, ҳозирча қанча-қанча мушукларга «пишт» дейилмади. Семириб, юнглари ялтираб кетган мушукларнинг таҳдидли миёвлаши унча-бунча жасоратли кишини-да чўчитиб юборади. Шу маънода айтсак, футболимиз мутасаддиларига осон тутмаслик керак. Айни чоғда шафқатсиз ҳақиқатни ёдга солиш ҳам мақсадга мувофиқ: «Имконсизмисиз, у ҳолда имконлиларга йўл бўшатинг!»

Ёруғ дунёда ҳамма жасоратли ва журъатли, куюнчак ва фидоий бўлиб туғилмайди. Барчада шундай туйғулар жамланиши ҳам шарт эмас. Шунчаки, мутахассис - мутасадди ўз ўрнини топса, бас! Фақат бу жараёнда адолатсизлик ҳамда йўл қўйилган хато-камчиликларни бир-бирига аралаштириб юбормаслик лозим. Ана, «Барселона» ва «Реал» мутасаддилари мураббий масаласида адашишгани тобора аён бўлиб бормоқда. Изга қайтиш наинки, Жозе Моуриньо, балки Зайниддин Зидан фаолиятида ҳам ўзини оқламади. Миржалол Қосимов тимсолида ҳам терма жамоа қайтишни ёқтирмаганди.

Хўш, Андрей Канчельскис ва Вадим Абрамовда бу жараён ўзини оқлайдими? Жавоби мушкул савол бу. Фақат бир тасалли бор: ҳар икки мураббиийнинг тўсатдан истеъфога чиқарилиши ўз вақтида жамоатчилик томонидан адолатсиз қарор сифатида баҳоланган. Шунинг учун келиши хато бўлган Эктор Купернинг ўрнини Вадим Абрамов эгалласа, бундан адолатнинг юзи ёришади, бироқ тўла-тўкис қувонмайди. Чунки Вадим Абрамов ҳам терма жамоамизни ва олимпиячиларни бошқарганида, киши билмас адолатсизликларга йўл қўйганди ва шунча йил бунинг жабрини тортди.

Эҳ, ҳаммаси бошқача бўлишига яна ва яна ишонгиси келади одамнинг... Хўш, «Футболимизда йўл­барс­лар қачон уйғонади-а?»

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz