Қайднома

Қидирув

Хавьер Пасторе: «Мессини ҳақорат қилишяпти-ку... Энди мени қўяверинг»

Хавьер Пасторе: «Мессини ҳақорат қилишяпти-ку... Энди мени қўяверинг»

  25.09.2019 06:14
  0
  580
Хавьер Пасторе: «Мессини ҳақорат қилишяпти-ку... Энди мени қўяверинг»

Аргентиналик бу ярим ҳимоячи Европага кўчиб ўтганидан сўнг мушакларини чиниқтирди, аммо ўз услубига содиқ қолди - ҳамон футбол романтикларидан бири, уни ё яхши кўришади ёки ёқтиришмайди. France Football нашрига интервью берган Хавьер Пасторе шу ва бошқа мавзулар ҳақида гапирди.

- Францияда романтик футбол тимсолига айландингиз. Буни сездингизми?

- Бу мамлакатда ўзимни бегона ҳис қилмаяпман, мени тушунишади. Чунки Францияда чиройли футболни севишади. «ПСЖ»да ўтказган давримни ҳеч қачон унутмайман. Менга ҳар доим «Хавьер, сен индивидуалликнинг ўзисан»,  дейишарди. Агар шундай бўлса, хурсандман.

- Марадона бир сафар сиз ҳақингизда шундай деганди: «El Flaco (Қотма - тахаллус) ғаройиб йигит. Рақибни шу қадар енгил алдаб ўтадики, гўё учта жаҳон чемпионатида ўйнагандек тасаввур уйғотади. Уни илк бор майдонга тушираётганимда, «Қани, уларга кўрсатиб қўй! Роҳатлан!», дегандим». Шу паллани эслайсизми?

- Ҳа, ёдимда... Бу воқеа 2010 йилги жаҳон чемпионатида содир бўлганди, унда анча ёш эдим. Мундиал пайти 21га тўлгандим. Ҳа, Марадона сингари мураббий билан ишлаш... таърифга тил ожиз. Биз, аргентиналиклар учун унинг ёнида туриш - бу бахт, ундан шундай эътирофни эшитиш эса... Мазкур сўзлар менга таъсир кўрсатмай қолмади. Ўзимни анча енгил ҳис қилдим - хоҳлаганимни қилишим мумкин! Орадан ўн йилга яқин вақт ўтган бўлсада, ўша гаплар ҳамон қулоғимда янграйди.

- Марадонанинг сўзлари - бу болаларга хос романтик футболдан бир парчадек. Балки сиз ўйнайдиган футбол айнан шундайдир?

- Ҳа, қувониб ўйнайман - худди болалик чоғларидагидек... Ваҳоланки, катталар футболида майдонда муайян вазифаларга эга бўласиз, «планка»ни бир хилда ушлашга тўғри келади. Профессионал футболда «Бўлақол! Роҳатлан!» деган нарса йўқ. Аммо футбол ўйнаётганимда ҳақиқатан ҳам қувончни ҳис қиламан, чунки бу орзуимдаги ишимдир. Қанчалик яхши ўйнасам, шунчалик хурсандчилик ортаверади. Онам ҳар доим менга шундай дерди: «Сенинг қанчалик яхши ўйнаётганингни тушуниш учун менга қайсидир мутахассисларнинг фикрлари керак эмас. Бу чеҳрангга ёзиб қўйилган. Табассуминг ҳаммасидан дарак бериб турибди».

- Лекин Европада романтикларга қийин бўлади, услубингиз ўзгардими?

- Албатта. Нисбатан ёшроқ бўлганимда, янада қатъиятлироқ ўйнардим. Кўп ҳолларда рақибни алдашга интилардим, турли финтларни ўйлаб топардим. Ўйин масъулиятлими, йўқми, бу ҳақда ўйламасдим. Аргентина термаси ва ҳатто «Палермо»да (2009-2011) ҳам натижа билан ишим бўлмаган - ғалаба қозонамизми, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритамизми, фарқи йўқ эди. Ўшанда фақат футбол ўйнашни билардим, холос. Аммо топ-клубда қанчалик кўп тўп сурсанг, бошоғриқ ҳам шунча кўп бўлади - масъулият ва шунга ўхшаш нарсалар хусусида бош қотиришга тўғри келади.

- Футболга бундай муносабат билан Италияда қандай ўйнаб кетгансиз?

- Даставвал жуда қийин бўлган. Италия футболининг турган-битгани тактикадан иборат. Муайян ҳудудда ўйнаб, ҳар доим кимнидир ушлаш керак. Нафас ростлашга ҳам вақт йўқ. Аввалига қандайдир зерикарли бўлган. Бироқ мураббий борасида омадим келди - Делио Росси ҳолатни дарҳол тушунди. Европада бирга ишлаган мураббийлар орасида у мен учун энг яхшиси. Ҳам тактика, ҳам руҳият бўйича маслаҳатлар берди, шу тариқа ўз ўйинимни йўқотмаслигим, эркин тўп суришимни таъминлади.

- Сизга қайси схема кўпроқ ёқади?

- 4-2-3-1. Классик схема. Айнан керак нарса! Чунки бу ерда менинг «қўлим ечиб юборилган», ортимда икки шеригим ёрдамга шай туради, мен ҳужумни ўнг, чап томон бўйлаб ёки олдиндаги ҳужумчи билан давом эттиришим мумкин. Яъни, классик «ўнлик» вакилидек ўйнайман.

- Замонавий футболга ҳушингиз йўқми?

- Йўғ-э, ҳаммаси жойида. Нисбатан кўпроқ жисмоний куч талаб қиладиган футболга ўтса бўлади, бусиз мумкин эмас! Бошқача ҳаёт бошлашди. Машғулотлар ўзгача, юкламалар катта, юқори прессинг... Ҳаммасига кўникасиз.

- Баъзан сиз ва атрофингиздагилар ўртасида тушунмовчилик кузатилади. Шуни ҳис қиласизми?

- Албатта, лекин бу нормал ҳолат. Ишқибозлар, мураббийлар, шерикларим, умуман, атрофдагилар тушунишмайди... Ҳар кимнинг футболга ўз қараши бор. Кимгадир узоқдан зарба йўллайдиган ўйинчилар ёқади, айримларга гол урадиганлар, баъзиларга эса узатмаларни чиройли амалга оширадиганлар ёқади. Футболчилар ичида кўпроқ дарвозабонларни ёқтирадиганлар ҳам бор. (Кулади). Нима, шуларнинг ҳаммасига эътибор беришим керакми? Менга нисбатан баъзида ҳуштакбозлик қилишлари тушунарли, аммо бу футбол. Табиий ҳол, лекин ёқимсиз. Биз учун футбол - ҳаёт. Астойдил ҳаракат қиламиз, бироқ ишимиз қовушмаганда, оилада ҳам ўзимизни ёмон сезамиз. Баъзан уйга ғазабланган ҳолда келаман, рафиқам гап нимадалигини ҳам тушунмайди. Ҳаёт шунақа экан.

- Аслини олганда, ҳаммага бирдек ёқиб бўлмайди...

- Ҳа, бу имконсиз! Аргентинада баъзилар Мессини ҳам ҳақорат қилишади. Тасаввур қилинг! Бутун дунё учун у энг яхши футболчи. Лео ҳақида шундай дейишаётган экан, мен ва бошқаларни қўяверинг!

- Аргентинада мухлисларнинг бир қисми сизни Pecho Frio (таржимаси - майдонда жон куйдирмайдиганлар) деб аташади. Худди Лионель Месси сингари. Шундан хабарингиз борми?

- Менга бу ҳақда доим гапиришади, ҳатто фаолиятимнинг бошида «Уракан»да ҳам шундай бўлган. Бир сафар гол урганимда, трибунага яқинлашиб, кўкрагимни ишқалагандим. Шу тариқа юрагимни қиздираётгандек кўрсатганман. Дўстим Матиас Дефедерико билан мени «Уракан»да «муз юраклар» деб аташарди, иккимиз ҳам голни шу тариқа нишонлардик. Ҳимояга кўп ҳам ёрдамлашмаганимиз сабабли бизга нисбатан ҳуштакбозлик уюштиришарди. Аргентина халқи футболни шундай тушунади. Рикельме ҳам «музюрак» бўлган. Ваҳоланки, у мен учун футбол тарихидаги энг яхши плеймейкерлардан бири ҳисобланади. Лучо Гонсалес деган футболчини эслайсизми?

- Албатта.

- У билан ҳам худди шунга ўхшаш воқеа юз берган. Аргентинада ҳуштакбозликка учраган. «Марсел»да эса дастлаб жуда секин ҳаракатланадигандек кўринган. Лекин тўп билан ишлайвериб ўзгарди. Тўпнинг тезроқ «югуриши»ни халқ тушунмайди, шу боис Гонсалес тезкорликка эришган. Шу гапимга қўшиласизми? Умуман, футболда тезлик фақат тўғрига югуриш билан белгиланмайди. Сен дунёдаги энг тез югурадиган спортчи бўлишинг мумкин, аммо тўпни нима қилишни билмасанг, 20 сония ичида қарор чиқаролмасанг, кераксизга айланасан, ўйинни секинлаштириб қўясан.

- Барибир, жисмоний ҳолатингизни янада яхшилаш учун кўп тер тўкишингизга тўғри келган, шундайми?

- Италиядаги дастлабки йилимда ҳақиқатан ҳам чемпионат талабларига жавоб бериш учун бу борада ишлашим кераклигини ҳис қилганман. Палермога борганимда, бўйим 188 сантиметр, вазним 68 килограмм эди. Жуда қийин бўлган. Мушакларимни чиниқтириш учун ҳар куни индивидуал тарзда шуғулланардим, чунки майдондагилар шафқат нималигини билишмасди... Жанговар вазнга эга бўлиш учун астойдил меҳнат қилишга тўғри келган.

- Фаолиятингиздан кўнглингиз тўқми? Ёки ниманидир ўзгартирган бўлармидингиз?

- Йўқ. Карьерам кўнгилдагидек ўтди. Кўпчилик айтиши мумкин: «Хавьер, бундан ҳам яхшироқ ўйнашинг мумкин эди!..» Буни айтаётганда, асосан «ПСЖ»даги давримни инобатга олишаётган бўлса керак. Лекин ўйлашимча, менга омад кулиб боқди, Парижда ўзимни жуда керакдек ҳис қилдим. Жамоада Менез, Нене кабилар бор эди. Ҳамма ўзини тенгдек сезарди, бу жуда муҳим. Аммо кейинчалик Ибрагимович, Кавани, Ди Мария, Бекхэм келишди. Юлдузлар. Ва мени ўз жо-йимга қўйишди. Ўзимни қанақасига Ибрагимович билан тенглаштира олишим мумкин?! У етакчи эди - чунки майдонда командир ҳисобланарди ва албатта, натижа келтирарди. Қолганлар жим туриб, унга мослашишларига тўғри келарди. Чемпионатда ғолиб чиқдик, чиройли футбол кўрсатдик, баъзан ўйинимиз Европадаги энг шиддатлиси бўларди, аммо Чемпионлар Лигасида ишимиз юришмади. Такрорлайман, жамоадаги ўз ўрнимни билардим ва жамоавий ўйинга мослашишим керак, деб ҳисоблардим. Ибрагимович билан ким яхши эканлигини аниқлаш бўйича мусобақалашиш тўғри эмас-ку... Менинг характерим шунақа.

- Балки сизга феъл-атвордаги қатъийлик етишмасдир, унчалик уддабурон эмассиз-ку?!

- Мени энг яхши бўлишга интилмасликда айблашади. Аҳамиятсиз. Ҳар доим ўз футболимни ўйнаганман ва шерикларимга энг яхши бўлишларида ёрдамлашганимдан бахтиёрман. Мисол келтираман. Гол уришим мумкин, чунки рўпарамда фақат дарвозабон туради. Аммо ёнимда голни ҳаёт мазмуни деб биладиган шеригим очилади. Нега энди унга узатма йўлламаслигим керак?! Ахир шу гол унга ўн карра кўпроқ қувонч бағишлайди-ку. «ПСЖ»да шундай ҳолат кўп кузатиларди - Ибрагимович ва Каванига самарали узатма йўллардим. Голли вазиятга чиқиб бораман ва зарба бермайман, чунки уларнинг очилишларини аниқ биламан. Йигитларга хурсандчилик улашишга нима етсин! Ҳам жамоа, ҳам ҳужумчи мамнун. Менинг голларим сони эса биттага камайди нима-ю, биттага кўпайди нима, фарқи йўқ.

- Қандайдир жуда камтарсиз...

- Йўқ. «Палермо»да жамоа айнан менга қараб ўйнарди ва мавсумда 13та гол урганман. Парижда ҳам дастлабки йил шундай ҳолат кузатилди, якунда 16та тўп киритдим. Кейинчалик жамоа Ибрагимовичга мослашиб ўйнай бошлади. Шу жумладан мен ҳам. Чунки «ПСЖ»га шу нарса кераклигини билардим. Кўпчилик мени бунинг учун танқид қилади: «Сен етакчи бўлиш учун астойдил интилишинг керак эди!». Майдонда боримни бераман, аммо мени энг яхши деб топишадими, йўқми, аҳамиятсиз. Жамоага яхши бўлса кифоя.

- Ҳар доим шундай деб ҳисоблайсизми?

- Ҳар доим. Болалигимда 10-рақамли футболкага эга бўлишни орзу қилардим, аммо бу ҳақда мураббийга айтолмасдим. Шунда буни менинг ўрнимга онам бажарган. (Кулади.) Ҳа энди, уялгандим-да.

- «Мумкин эди» қабилидаги гап-сўзлар жонингизга теккандир?

- Йўқ. Жуда хотиржаммман. Севимли ишимни қиляпман. Машғулотлардан роҳатланаман. Бахтиёрман ва ҳеч нарсани ўзгартирмоқчи эмасман. Бошқалар нима деб ўйлашса, ўйлашаверсин. Фаолиятимдан мамнунман. Жаҳон чемпионати, Италия кубоги финалида ўйнадим, «Палермо» ҳамма учун сюрприз бўлганда, мазкур жамоада етакчи эдим. «ПСЖ» сафида 19та чемпионат ва кубок совринларини қўлга киритдим. Ушбу юлдузли жамоага фойдам тегди. Месси, Неймар, Мбаппе, Ибрагимович, Бекхэм, Тьяго Силва, Кавани сингари футболчилар билан ёнма-ён тўп суриш бахтига муяссар бўлдим. Улар ҳақиқий юлдузлар. Фақатгина ҳозирча Криштиану Роналду билан бир жамоада ўйнаш насиб қилмади. Шундай карьерани ёмон дейиш мумкинми?

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz