Қайднома

Қидирув

Евротур: Рекорд ва антирекорд ҳафтаси

Евротур: Рекорд ва антирекорд ҳафтаси

  26.09.2019 01:21
  0
  409
Евротур: Рекорд ва антирекорд ҳафтаси

Ортда қолган ҳисобот ҳафтаси топ-чемпионатлар учун ижобий ва салбий рекордларга бой бўлди, Неймар парижлик мухлислар олдидаги айбини ювишда давом этди, Бензема мадридликлар халоскори эканлигини эслаб қолди, Месси эса чемпионни мағлубиятдан қутқара олмади.

Англия. 18 дақиқада 5та гол.

Аввалги турда дебютант «Норвич»дан енгилган (2:3) дарғазаб «Манчестер Сити» гол уриш қанақа бўлишини «Уотфорд»га қарши баҳсда кўрсатиб қўйди - дастлабки 18 дақиқа ичида Гвардиола шогирдлари сўнгги ўриндан кўтарила олмаётган рақибларини 5 марта ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишга мажбур этишди. АПЛ доирасидаги мутлақ рекорд натижа! Танаффусдан кейин ҳам «шаҳарликлар» голлар ёмғирини давом эттиришди ва ҳисобни хоккейга хос кўринишга келтиришди - 8:0. Бу «Сити»нинг АПЛдаги энг йирик ғалабасидир. Қизиғи шундаки, бу сафар ярим ҳимоячи Бернарду Силва «хет-трик»ка эришди, Агуэро эса пенальтидан урилган гол билан кифояланди.

Турни якунлаб берган «Челси» - «Ливерпуль» баҳси томонлар учун муҳим аҳамиятга эга эди - «Стэмфорд Бриж»даги муваффақият «қизиллар»га зафарли серияни давом эттириш имконини берса, «кўклар» ғалаба қозонишса кучли тўртликка кўтарилиб олишарди. Шу боис, қизғин ва муросасиз тарзда кечган баҳс мезбонлар фаоллигида ўтди. Аммо қимматли 3 очко меҳмонларга насиб этди. Яъни, майдон эгалари тинимсиз ҳужумлар эвазига кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтиришди, аммо улардан фойдалана олишмади. Клопп шогирдлари эса ишончли ҳимояланган ҳолда стандарт вазиятлардан самара чиқаришди ва ярим соат ичида 2:0 ҳисобида олдинга ўтиб олишди. Аввалига Александер-Арнольд, кейин Роберто Фирмино қўполлик нуқтасидан узатилган тўпни дарвозага аниқ йўллашди. Иккинчи бўлимда ташаббус тўлалигича мезбонлар томонига ўтди, барча кўрсаткичлар бўйича улар устунлик қилишди, фақат тўп дарвозага киришни истамади. Аспиликуэтанинг голи Виллианнинг «офсайд»и туфайли бекор қилинди. Ниҳоят, қатор узатмалардан унумли фойдалана олмаган Канте бир нечта рақибларини ортда қолдириб, олис масофадан дарвозани нишонга олди. Ана шу аниқ ва кутилмаган зарба ўйинга интригани қайтарди, маҳаллий мухлисларда хайрли натижага умид уйғотди. «Челси»нинг босими янада кучайди. Бироқ Юрген Клопп тегишли ўзгаришларни амалга ошириб, ҳимояни мустаҳкамлади ва ғалабани сақлаб қолди.

Пойтахт вакиллари орасида «Вест Хэм»нинг «МЮ»дан устун келгани диққатга сазовор. «Болғачилар» жароҳатлар туфайли таркиби заифлашиб қолган грандни ҳақли равишда маҳв этишди. Аввалига Фелипе Андерсоннинг узатмаси украиналик ярим ҳимоячи Андрей Ярмоленконинг маҳорати эвазига голга айланди. Танаффусдан кейин ҳимоячи Аарон Кресвелл жарима зарбасини қойиллатиб, тўпни тўққизликка йўллади. Де Хеанинг қўллари тўпга етиб борган бўлсада, қайтаришнинг иложи бўлмади.

«Арсенал» ўтган турдаги натижанинг аксини қайд этди. Ёдингизда бўлса, Уотфордда «тўпчилар» танаффусга икки тўп устунлиги билан йўл олишган, якунда нақд ғалабани дурангга алишишганди. Бу гал Эмери жамоаси дастлабки бўлимни бой бериб (0:1), танаффусдан кейин ишончли ўйнади. Тўғри, мезбонлар икки марта мувозанатни тиклашди ва ўйин тугашига яқин (84) Обамеянг 3 очко келтирувчи 3-голни амалга оширди. Натижада лондонликлар етакча квартет вакилига айланишди.

Лестерда «Тоттенхэм» устидан иродали ғалабага (2:1) эришган «тулкилар» ҳам очколари сонини 11тага етказиб, тўплар нисбатидаги фарқ эвазига 3-поғонадан жой олишди. «Кристал Пэлас» эса ўз майдонида «Вулверхэмптон»ни енга олмади - 1:1.

Испания. Месси ҳам ожиз...

Ла Лиганинг энг кутилмаган натижаси Гранадада қайд этилди - маҳаллий жамоага қарши майдонга тушган «Барселона» ўз тарихидаги энг нурсиз ўйинини намойиш этди. Ҳаммаси меҳмонларнинг дастлабки дақиқадаги сусткашликлари туфайли бошланди. Марказда тўпни эгаллаб олган майдон эгалари олдинга интилишди. Ҳужумни тўхтатишга уринган Пепенинг оёғига теккан тўп ғаройиб траектория билан тер Штегеннинг устидан учиб ўтиб, ёлғиз турган Азизнинг оёғига тушди. Шу тариқа 2-дақиқада ҳисоб очилди. Кейинги вазиятларнинг бирида Артуро Видаль ўз жарима майдончаси ичида тўпга қўли билан тегиниб, мезбонларга пенальти совға қилди. Альваро Вадильо ажойиб имкониятдан унумли фойдаланди. Шу тариқа чемпион мавсумдаги 2-мағлубиятини тан олиб, сўнгги 25 йил ичидаги энг ёмон стартни қайд этди.

Париждаги аламли мағлубиятдан тегишли хулоса чиқарган «Реал» Севильядан кичик, лекин ўта муҳим ғалаба билан қайтди. Тенг курашлар остида кечган баҳсда томонлар, аввало, ўз дарвозалари дахлсизлиги хусусида бош қотиришди, муҳим 3 очкони қўлга киритиш учун тезкор қарши ҳужум асосий қурол бўлди. Шундай вазиятда Роналдудан кейин жамоа халоскори ролини баҳоли қудрат адо этаётган Карим Бензема катта саҳнага чиқди. Дани Карвахаль томонидан узатилган тўп франциялик тўпурарнинг аниқ зарбасидан сўнг дарвозадан жой олди. Сафардаги зафар Зидан жамоасини 2-поғонага олиб чиқди. Мураббийнинг юртдоши эса 5та гол билан етакчи тўпурарлар сафида бормоқда.

Пешқадамликка даъвогарлик қилаётган «Атлетико» омадсизликка дуч келди - Диего Симеоне шогирдлари Мадридда камтарин «Сельта» қаршилигини енга олишмади - 0:0. «Севилья» ҳамда «Атлетико»нинг омадсизликлари Бильбаонинг «Атлетик»ига етакчи бўлиб олиш имконини яратди. Ўзига хос жамоа бу турда «Алавес» дарвозасига 2та жавобсиз тўп йўллаб, «Реал» билан тенг­лашди ва тўплар нисбатига кўра 1-ўринни эгаллади.

Германия. Робертнинг олийжаноблиги

Бундеслига гранди мавсумдаги 3-йирик ғалабасини расмийлаштирди. Бу гал Нико Ковач шогирдлари элитага қайтган «Кёльн»ни аяб ўтиришмади - ўйиндаги ҳисоб 3-дақиқада Роберт Левандовски томонидан очилди. Польшалик голеадорнинг зарбасидан сўнг тўп рақиб ҳимоячисининг оёғига тегиб, йўналишини ўзгартирди ва дарвозадан жой олди. 2-бўлимнинг 3-дақиқасида Роберт яна меҳмонлар посбонини ранжитди - бурчакдан узатилган тўп унинг зарбасидан кейин тўққизликдан жой олди. «Дубл»дан сўнг тўпурарнинг голлари 9тага етди. Кейинги дақиқаларда Филиппе Коутиньо пенальтидан тўп киритиб, «Бавария»даги голлари ҳисобини очди. Совғадан руҳланган Филиппе тез орада Перишични самарали узатма билан таъминлади - 4:0.

Жадвални бошқариб бораётган «РБ Лейпциг» ҳам навбатдаги 3 очкони қўлга киритди ва мавқеини сақлаб қолди. Юлиан Нагельсман жамоаси сафарда анчайин жиддий рақиб - «Вердер» дарвозасига 3та жавобсиз гол урди.

«Боруссия Д» бу турда ғалабани қўлдан чиқарди. Франкфуртдаги беллашувнинг 88-дақиқасига қадар меҳмонлар бир тўп фарқи билан олдинда боришаётганди. Бироқ кутилмаганда Дилэйни автогол муаллифига айланди. Натижада Бундеслигада қўшҳокимлик ниҳоясига етди.

Менхенгладбахнинг «Боруссия»си эса 74-дақиқагача «Фортуна»га имкониятни бой бергани ҳолда, қолган дақиқаларда ғалабани ўз томонига оғдирди.

Италия. Милан дербисида етакчи ғолиб

Мавсумни 100 фоизли натижа билан давом эттираётган «Интер» Милан дербисида азалий рақиб - «Милан» устидан ишончли (2:0) ғалабага эришди ва етакчиликни сақлаб қолди. Учрашув номинал меҳмонлар устунлигида ўтди, улар биринчи бўлимда дарвозани забт этишга улгуришди. Бироқ ҳакам такрорий лавҳани кўрганидан кейин голни бекор қилди. Танаффусдан кейин «Интер» барибир мақсадига эришди - бурчакдан узатилган тўпни Марсело Брозович дарвозага аниқ йўллади. Ўйин тугашига яқин бўйдор Лукаку бу устунлигидан унумли фойдаланиб, боши билан йўллаган тўпи эвазига ғалабани мустаҳкамлади. Мезбонлар эса Ханданович дарвозасига йўл топа олмадилар.

«А» сериянинг амалдаги чемпиони ўз майдонида камтарин «Верона» устидан осон бўлмаган ғалабага эришди. Ҳисобни меҳмонлар очишди. Велозу 21-дақиқада тўп киритди. Тўғри, вазиятни тенглашни чемпион пайсалга солмади - 10 дақиқадан кейин Аарон Рэмзи «Ювентус»даги дастлабки голини амалга оширди. Иккинчи бўлимда Криштиану Роналду пенальтидан унумли фойдаланди - 2:1.

ЕЧЛ гуруҳ босқичини қийин, лекин ишончли ғалаба билан бошлаган «Наполи» сафарда дебютант - «Лечче» устидан йирик (4:1) ғалабага эришди ва 3-ўринни сақлаб қолди. Шунингдек, Римнинг икки вакили ҳам турни муваффақиятли ўтказишди: «Лацио» ўз майдонида («Парма», 2:0), «Рома» эса сафарда («Болонья», 2:1) навбатдаги 3 очкони ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди.

Франция. Яна сўнгги даҚиҚалар, яна Неймар бош ролда

Парижни тарк этиш мақсадида елиб-югурган ва буни уддалай олмагани сабабли маҳаллий мухлисларни қаттиқ ранжитган Неймар айбини ғалаба келтирувчи голлар билан ювмоқда. Ўтган турда бразилиялик ҳужумчи аутсайдерлар сафини тарк этиш учун бор имкониятини сарф­лаган ва жиддий қаршилик кўрсатган «Страсбур» дарвозасини қўшимча вақтнинг 2-дақиқасида забт этган ва ўз жамоасига «Ренн»ни қувиб ўтиш имкониятини берувчи 3 очкони келтирганди. Энди у азалий рақиб бўлган «Лион» майдонида яна бир бор тенгсиз маҳоратини намойиш этиб, барча касбдошлари ҳавас қилса арзийдиган 38дан 35 кўрсаткичини 39дан 36га кўтарди. «Лион»­дек жиддий рақибни сафарда тиз чўктириш осон бўлмади, албатта. Аввалига чемпион ташаббусга эга бўлиб, кўплаб хавфли вазиятларни яратди. Лекин мезбонлар посбони фантастик сэйвлар эвазига ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олди. Танаффусдан кейин эса кўпсонли тўқнашувлар сабабли ўйин суръати пасайиб, лавҳаларга бўлиниб қолди. Томонлар нурсиз дурангга имзо чекадигандек туюлган паллада яна Неймар ўзини кўрсатди - дарвозага тескари турган ҳолатда Анхель ди Мариядан тўпни қабул қилган ҳужумчи ҳимоячилар прессинги остида ўгирилди ва дарвозани аниқ нишонга олди. Таъкидлаш жоизки, Неймарга бутун ўйин давомида нафақат пойтахтлик, балки маҳаллий мухлислар ҳам турли буюмларни улоқтириш билан халақит беришди, руҳий мувозанатдан чиқаришга уринишди. Аммо ҳужумчи ўз мақсадини амалга оширишга муваффақ бўлди.

Турни муваффақиятли ўтказган «Анже» ва «Ницца» мос равишда «Сент-Этьен» (4:1) ва «Дижон» (2:1)дан тортиб олинган очколар эвазига совриндор ўринларни банд этишди. Қизиғи шундаки, Париж клуби танаффусга 0:1 ҳисоби билан йўл олиб, 2-бўлимда 4та гол урди. «Ницца» эса танаффусга қадар мувозанатни тиклаб, кейин иродали ғалабани расмийлаштирди. «Марсель» «Монпелье» билан, «Ренн» эса «Лилль» билан 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекишди. Страсбур сафаридан 1:2 ҳисобидаги мағлубият билан қайтган «Нант» 3-ўриндан 7-поғонага тушиб кетди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz