Қайднома

Қидирув

Нечта гол уришни хоҳлайсан, девона!?

Нечта гол уришни хоҳлайсан, девона!?

  26.09.2019 03:25
  0
  640
Нечта гол уришни хоҳлайсан, девона!?

Ҳозирги кунда ўзбек футболининг энг катта муаммоларидан бири - голеадор ҳужумчилар танқислиги. Хўш, бунинг асосий сабаби нима? Маҳаллий билимга нисбатан ишонч, эътиқод ва муҳаббат йўқлиги! Айни шу камчилик футболимизда катта муаммоларни юзага келтирмоқда. «Хўрозқанд бўлса ҳам, чет элники яхши» қабилидаги қарашдан қачон қутуламиз? Аслида ўзбек халқи азалдан барча соҳаларда ўз истеъдоди билан яққол ажралиб турган. Шу жумладан, футболда ҳам. Айнан шу иқтидор нуқтаи назаридан ёндашганда, биз ҳар қандай соҳада хоҳлаган миллат ёки элат билан бемалол беллаша оламиз. Бунда соҳанинг ривожланган ёки ривожланмагани мутлақо аҳамият касб этмайди. 

Энди асосий мавзуга ўтамиз - голлар «хит-паради»га! Аслида-ку гол уриш велосипед ҳайдашдек осон. Сиз велосипед ҳайдашни бир ўрганиб олсангиз, буни ҳеч қачон эсдан чиқармайсиз. Гол уришда ҳам худди шундай бўлиши керак эмасми? Ахир иккиси аслида деярли хил юмуш, фақат воситалар турлича. Умуман, ўзбек футболида ҳамиша кучли ҳужумчилар яққол ажралиб туришган: Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов, Владимир Фёдоров, Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Шуҳрат Мақсудов, Жаъфар Ирисметов, Дилмурод Назаров, Олег Шацких, Максим Шацких, Бахтиёр Давлатов, Рустам Дўрмонов, Равшан Бозоров, Умид Исоқов, Зафар Холмуродов, Анвар Бердиев, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Шуҳрат Мирхолдиршоев... Фақат ҳозир миямга келганларни санаб ўтдим, холос. Бу футболчиларимиз ҳужумчилик нуқтаи назаридан олиб қараганда, жуда бахтли ҳисобланишади. Негаки, улар ўз ўйинлари, голларидан завқланиш баробарида барчага лаззат ва роҳат улашишган. Оддий бир мисол, ҳужумчи Камолиддин Мурзоев Самарқанд «Динамо»сида 9та гол урганини футболчилик фаолиятидаги энг яхши дамлар сифатида кўради. Муҳими, у бу борада мутлақо ҳақ. Чунки Мурзоев ҳужумчи ролида голларнинг энг ширин таъмини татиб кўрган ва беқиёс ҳиссиётларни бошидан кечирган. Энг яхши ҳиссиётлар эса хотирада абадий қолади.

2х2қ4. Бу мантиқ. Бу қонун. Бу реаллик. Бу ҳақиқат.

2х2=5. Бу абсурд. Бу ёлғон. Бу мантиққа зид кўринишдаги математик ифода. Агар сиз 2х2қ5 эканлигини мантиқий қонунлар орқали исботламоқчи бўлсангиз, математик формулалар тутаб, «қора тер»га ботиб кетади. Лекин 2х2қ5 математик ифодаси сир-синоати билан кишиларни маҳлиё қилаверади, барибир. Бу ерда қандайдир сир бор! Чунки бошқа ўлчам, бошқа катталик ва бош­қа қонунлар амалда. Бу амалга физика ва математика формулалари воситасида ечим топишга уринишнинг ўзи абсурд! Аммо қонунларни ўзлигингизни англаган ҳолда, онгли тарзда ишга туширсангиз, физика ва математика формулалари сўзсиз бўйсинади-қолади. Футбол тили билан айтганда, тўпга қандай усулда зарба берманг, у мўлжалга бехато боради. Энг қизиғи, сиз керакли пайт керакли жойда ҳозир бўлиб қоласиз. Келинг, бугун шу «сир» ҳақида гаплашамиз. Яъни ҳужумчиларимиз самарадорлиги ва футболимиз ҳосилдорлиги мавзусини муҳокама қиламиз. Шоядки, ҳужумчиларимизда гол уриш қобилияти автоматик тарзда ишга тушиб, голлардан катта хирмон кўтарилса...

Агар ниманидир тушунмаётган бўлсангиз, «Бу бўлиши мумкин эмас!» эканлигини англатмайди. Мабодо шахсий интеллектингиз етарли даражада ривожланган бўлса (айтайлик, академиклик даражасида), гап нима ҳақда кетаётганини енгилгина фаҳмлайсиз. Шунчаки, теран фикр юритиб кўриш керак. Буниси анчайин «машаққат»ли иш ҳисобланади. Ҳарқалай, ўроқ уриб, кетмон чопмайсиз. Сизни материалис­тик дунёқарашингизни қадрлаган ҳолда айтсак, табиат инсонни интеллект аталмиш қобилият билан сийлаган. Интеллект борми, ҳар доим таққослаб кўриш имконияти юзага келади.

Мисол учун, «Насаф» ҳужумчиси Ҳумоюн Муртазоев ва «Сўғдиёна» вакили Иван Нагаев ўртасида қандай фарқ бор? Иван жисмоний кўрсаткичлар бўйича ҳам, техник қобилият борасида ҳам Ҳумоюнга нисбатан катта устунликка эга. Аммо самарадорлик Ҳумоюнда яхши. Хўш, сабаб нима? Нагаевнинг гол уролмаётгани унинг истеъдодсиз эканлигини англатмайди. Иван аслида жуда истеъдодли, лекин мантиқан тушунтирганда, унда нимадир яхши ишламаяпти. Шу «нимадир» устида жуда кўп бош қотирдим ва ечим топгандек бўлдим. Ҳозир бутун дунёда футбол жамоатчилиги Лионель Месси ва Криштиану Роналду иқтидорини таққослашни хуш кўради. Қизиқ, қай бири кучли? Жисмоний кўрсаткичлар бобида Криштиану олдинда, техник қобилият эса Лионель Мессида кучлироқ намоён бўлади. Биринчи қарашда шундай туюлади. Аммо гол уриш қобилияти футболчиларнинг жисмоний кўрсаткичлари ёки техник салоҳиятга боғлиқ эмас. Албатта, футболчи учун техник қобилият ҳам, жисмоний баркамоллик ҳам жуда зарур. Лекин унинг гол уриш самарадорлигини оширишда энг муҳими булар эмас. Аргентиналик ва португалиялик футболчининг сермаҳсуллигини боғлаб турувчи энг муҳим жиҳатлардан бири - бу  «маълумотлар»ни қабул қилиш жараёнининг деарли бир хил эканлиги.

Савол туғилади: голеадорлик малакасида энг муҳими нима? Энг муҳими - «ИЛМ». «ИЛМ» - «маълумотлар» оқими. Шу оқимни қабул қилиш ҳар бир футболчида олтинчи сезги кўринишида намоён бўлади. Аммо қандай бўлмасин, қуйидаги ҳукм умум­қоидаларга зид (парадокс) тарзда жаранглайди - «сир»да аслида ҳеч қандай тилсимнинг ўзи йўқ. Уни табиатнинг ўзи кўрсатиб қўйибди. Кўплаб голеадор футболчилар бу «ИЛМ»дан ўзлари англамаган ҳолда фойдаланишади, аммо улар шу «ИЛМ» нималигини тушунтириб беролмайдилар.

Футболчиларимиз, ҳужумчиларимиз ўз қудратларини англаб етган ҳолда, «ИЛМ»дан онгли тарзда фойдаланишлари мумкинми? Албатта, мумкин! Ҳужумчиларимизда гол уриш қобилиятини ривожлантириш ва самарадорликни ошириш учун барча назарий асослар етарли. Фақат барчасини амалда қўллаш қолди, холос. Мен учун бугунги кунда энг зарури - амалиёт, амалиёт, амалиёт ва тажриба майдони. Хўш, нечта гол уришни хоҳлайсан, девона!?

Маҳмаюсуф БЕРДИЕВ, мураббий-психиолог


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz