Қайднома

Қидирув

Эден Азар: «Мадрид» ЧЛ ифорига тўйган»

Эден Азар: «Мадрид» ЧЛ ифорига тўйган»

  26.09.2019 05:44
  0
  425
Эден Азар: «Мадрид» ЧЛ ифорига тўйган»

Ёзда «Челси» билан хайрлашиб, «Реал» таркибига қўшилган бельгиялик ярим ҳимоячи Эден Азарнинг «Қироллик клуби» аъзоси сифатида ЧЛдаги дебюти омадсиз чиқди. У УЕФА расмий сайтига берган интервьюсида шу хусусда тўхталиш баробарида Испания пойтахтидаги дастлабки кунлар таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Айнан «Реал»ни танлашингизнинг бош сабаби нима?

- Ўзи фаолиятимга боғлиқ аниқ режам бор эди. Яъни «Челси» сафида тўп сура бошланимдаёқ қачондир «Реал» шарафини ҳимоя қилишимни билардим. Тўғриси, Лондонда 7 йил ўйнашимни хаёлимга ҳам келтирган эмасдим. Муҳими, ҳаммаси рисоладагидек кечди - ҳар мавсум совринларга сазовор бўлдик. Шунинг таъсиридами, вақт қандай ўтганини сезмай қолгандекман. Мана, орзумга эришдим - энди «Реал» шарафини ҳимоя қилиш имкониятидан самарали фойдалансам, бас.

- Демак, бу жамоанинг барча футболчилар ва айнан сиз учун алоҳида эътиборли хусусияти бор, шундайми?

- Ўйлашимча, фаолиятимнинг илк босқичи, яъни Францияда ҳам «Реал»нинг нуфузи ва клуб либосида Зидан тўп сурганлиги мен учун муҳим аҳамият касб этган. Жамоа ҳам, унинг футболкаси ҳам ўта қадрли, «Сантьяго Бернабеу» эса - энг яхши стадион. Бундан ташқари, болалигимдан айнан «Реал» мухлисиман.

- «Мадрид» ва ЧЛ ўртасидаги кучли муштаракликни ҳис этдингизми?

- Ҳа, жамоага келган ҳар бир киши буни дарров сезади, айниқса, «Реал»нинг бу турнирда энг кўп зафар қучган клуб эканлигидан хабари бор футболчилар. Мана, жамоа сафига қўшилганим ҳамоно мухлислар биздан аввало, ЧЛда ғалаба қозонишимизни кутишларига амин бўлдим. Қисқаси, «Мадрид» учун  мусобақа баҳоси жуда юқори. «Реал»нинг турнирда ғолиб чиқиш бобида мутлақ рекордчи эканлигида ҳам шу ёндашув таъсири бор, албатта.

- Зидан билан ишлаш қандай экан?

- Ҳамкорликни бошлаганимизга 1 ойдан ошди, ҳозир ғоят бахтиёрман. Нафақат Зидан, балки жамоадошларим олдида ҳам ўзимни ёш боладек ҳис қиляпман: ҳар куни ниманидир ўрганаман. Бу жуда ажойиб - мулоқот чоғи мураббийнинг гап-сўзларидан ўзи ҳам бир пайтлар буюк футболчи бўлгани яққол сезилиб туради.

- Зайниддин Зидан бундан 17 йил аввал ЧЛ финалида «Байер» дарвозасига такрорланмас гол урганида, қаерда бўлганингизни эслай оласизми?

- Афсуски, ўша учрашувни телевизор орқали тўғридан-тўғри томоша қилиш насиб этмаган. Аслида жуда кўп ўйин кўрардик, лекин ЧЛ баҳсларини кузатишга ҳар доим ҳам имкон топилмасди. Зеро, ўйинлар тун ярмига тўғри келиши боис, ухлашга мажбур эдик. Хуллас, Зидан ажойиб гол урган учрашувни эртасига томоша қилганман, кейин қайта-қайта кўрганман. Эсимда, укам Торган билан ҳовлида ўша голни такрорлашга роса уринганмиз, аммо уддалолмаганмиз. Умуман, болалигимдан Зиданга алоҳида мухлислик қилганман ва ўша гол мен учун бебаҳо хотирадир.

- Ўсмирлик йилларидан яна қандай ёрқин хотиралар бор?

- Дейлик, Зидандан ташқари, Рауль, Фигу ва Роналдо каби ижрочилар ўйинини ҳам яхши эслайман.

- Мадридга келгач, олдингизга муайян бирор мақсад қўйгандирсиз...

- Йўқ, зеро, ҳамиша бор эътиборимни зиммамдаги вазифаларни бажаришга қаратаман. Албатта, «Реал»дек гранд либосида майдонга тушгач, ғалаба қозониш ва голлар уриш шарт. Бироқ табиатан ҳамма жойда бир хилман. Қисқаси, бу ерда ҳам одатимдан воз кечмай, аввало, ўйиндан завқ олишга интиламан. Агар шундай ёндашувни сақлаб қолсам, натижа ўз-ўзидан келади. Мухлислар шу буюк жамоада зафар қучганим, голлар урганимни кўришса, бас. Оддий айтганда, «Челси»да бошланган самарали фаолиятни давом эттирмоқчиман.

- Айтингчи, таништирув маросимида нималарни ҳис этдингиз?

- Мен учун унутилмас кун: илк бор майдонга тушганимда, ўзимни мутлақо эркин тутдим. Умуман, таништирув маросими - тамоман ўзга олам. Минглаб мухлислар нигоҳи, президентнинг оташин нутқи, сенга қаратилган камералар... Манзарани тўла-тўкис тасвирлашга тил ожиз. Лекин шунча мухлислар келганини кўргач, бироз ҳаяжон ҳам босди, озгина асабийлашдим. Муҳими, оёқларим майдонга тегиши билан ҳаяжон йўқолди.

- Хўш, испан футболининг қайси жиҳати кучлироқ таассурот қолдирди?

- Ўйлашимча, бу ердаги мухлислик ўзгача. Ҳа, Англияда ҳам ашаддий фанатлар етарли. Инглизларга футбол ёқади - ёшларга ҳам, кексаларга ҳам. Лекин улар ўз жамоаларига бу ердаги каби садоқатли эмаслар. Мисол учун, «Челси» мағлубиятга учраган пайт мухлислардек азият чекардик. Фақат салбий натижани ҳеч қачон фалокат сифатида қабул қилган эмасмиз. Испанияда ўзгача вазият: бу ерда ҳаммаси натижага боғлиқ - футболчи бор куч-маҳоратини сарфлаши шарт!

- Сизнингча, Испания футболи таъсирида савиянгиз янада ошиши мумкинми?

- Албатта, Ла-лигада тўп суриш кўплаб янгиликларни ўрганиш имкониятидир. Бу ерда ўйин услуби ҳам, тайёргарлик жараёни ҳам ўзгача. Ҳар куни ўрганишинг мумкин бўлган жиҳатлар етарли. Техника ёки тактика масаласида фикр билдириш қийин, аммо доимо янгиликка интилиш лозим.

- Футболдан бўш вақтда қандай юмушлар билан шуғулланасиз?

- Баскетболни ёқтираман, лекин 3 ҳафталаб бирор ўйин кўрмай юришим ҳам мумкин. Ҳар куни тўп тепганим боис, вақти-вақти билан бошқа юмушлар билан банд бўлишни хоҳлайман. Масалан, турмуш ўртоғим билан оила даврасида вақт ўтказишни хуш кўраман. Яна бошқа спорт тури билан шуғулланишни ҳам.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz