Қайднома

Қидирув

Эркаланавер, Эран!

Эркаланавер, Эран!

  27.09.2019 01:39
  0
  741
Эркаланавер, Эран!

Бу футболчи вақтида бутун Исроил терма жамоасига қарши чиққан ва ҳаттоки, мухлислар билан муштлашишгача борганди. Энди эса Хитой Суперлигасида мўъжиза кўрсатмоқда. Гап яқинда «Гуанжоу Фули» сафида Хитой чемпионатига ўзгача кўрк бағишлаган гол муаллифига айланган исроиллик Эран Захави ҳақида кетмоқда. Европадаги фаолияти давомида муросасизликлиги билан танилган ҳужумкор ярим ҳимоячи «Тянжин Куанжин» дарвозасини ўта нафис зарба билан ишғол қилди, яна учрашувнинг сўнгги дақиқасида. Қиёси йўқ гол. Биринчидан, футболчининг ҳаракати жуда чиройли чиқди. Иккинчидан, «Куанжин» биринчи бўлим ярмида ҳисобда олдинга чиқиб олган ва танаффусга чиқиш арафасида айнан Захави мувозанатни тиклаганди. Хуллас, исроиллик футболчи ўйиннинг асосий вақти тугашига атиги 1 дақиқа қолган паллада шедевр гол уриб, ғалабани «Гуанжоу Фули» томон оғдирди.

Захави ҳамон Европа клубларидан етарлича таклифлар олаётган бўлсада, Хитойдан кетмоқчи эмас. Зеро, у Чин ўлкасида ўзини мутлақо эркин ҳис қилмоқда. Яъни маҳаллий чемпионатга ҳам, турмуш тарзига ҳам кўникиб улгурди. Бинобарин, Эран Хитойга 2016 йили йўл олганди. Исроиллик футболчи Суперлиганинг ортда қолган мавсумларида шунчаки, ҳавас уйғотадиган статистика қайд этди:

2016 йил - 15та ўйин, 11та гол

2017 йил - 30та ўйин, 27та гол

2018 йил - 26та ўйин, 20та гол

2019 йил - 21та ўйин, 23та гол

Эътибор беринг, бу футболчининг фақат маҳаллий лигада қайд этган кўрсаткичлари, холос. Эран Хитой кубогида ҳам ҳар йили камида 2та гол урмоқда. Хуллас, Захавининг Хитойга яхши ўрнашиб олганида майдондаги муваффақиятлари салмоқли ўрин тутади. Иккинчи сабаб шуки, у мамлакатдаги ҳаёт тарзи ва одамлар менталитетидан ҳам ўзгача завқланмоқда. «Хитой? Биламан, кўпчилик бу ерга фаолияти охирида пул жамғариб олиш учун келади. Лекин шахсан мен бундай футболчилар тоифасига кирмайман. Дейлик, ҳозирга қадар Европанинг бир қатор клубларидан етарлича таклифлар олдим, улар орасида ўта жиддийлари ҳам бор. Лекин Хитойни шу қадар ёқтириб қўйдимки, бу ерда яшашда давом этишни хоҳлайман. Асосийси, оилам - турмуш ўртоғим ва ўғлим мавжуд турмуш тарзи, шароитлардан хурсандлар. Мени айнан яқинларимнинг ҳаётга шундай муносабатлари бошқача тўлқинлантиради», - дейди Захави.

Умуман олганда, исроиллик футболчи ҳозирча Хитойдан қайтиш ҳақида умуман ўйлаётгани ҳам йўқ. Унинг «Гуанжоу Фули» билан амалдаги шартномаси эса 2020 йилнинг декабригача мўлжалланган. Захави келишув охирига қадар клубда қолмоқчи: «Бошқа жойга кўчиб ўтиш? Тўғриси, ҳозирча бу ҳақда ўйлаб кўрганим йўқ. Ҳа, вариантлар кўп. Мени асосан Европа клубларига чақиришяпти. Бироқ бу борада сира ҳовлиқмайман. Муҳими, «Гуанжоу Фули» билан соврин учун курашаётганимиз ёқяпти. Агар бошқа чемпионатга йўл олсам, яна шундай зўр муҳит ичига тушаманми-йўқ - буниси номаълум».

Хитой чемпионатининг Захавига ёқиб қолган яна бир томони бор - у бир-биридан чиройли голларни кўп урмоқда. Тўғри, футболчининг ўзи бу ҳақда индамасликни маъқул кўради. Қолаверса, Эран Осиёда турли можаролардан йироқ юрибди. Чунончи, у Европада жанжалкашлиги билан ҳам ном қозонганди. Мисол учун, бутун Исроил миллий жамоасига қарши чиққан, яна ашаддий рақиб жамоа сафига қўшилиб, мухлислар нафратига ҳам учраган. Бир бошдан айтсак, Тель-Авивнинг «Хапоэль» клуби 2006 йили 19 ёшли Эранни асосий таркибга киритади. У шу тариқа 5 йил давомида шу жамоа ихтиёрида бўлади. Тўғри, орада 1 йиллик ижара келишуви асосида «Хапоэль» (Рамат-ха-Шарон) клубида малака оширади. Қизиққон футболчи шундан кейин «Палермо» билан шартнома тузиб, Италияда 2 йил фаолият юритади ва бу муддат турли саргузаштларни ўз ичига олади. Бироқ Эран охир-оқибат, жамоа сафидан мустаҳкам жой ололмайди, барибир. Уни таклиф этиш ғояси шахсан «Палермо» президенти Маурицио Зампаринидан чиққанди. Шунга қарамай, клубни бошқарган Жузеппе Саннино ҳам, Жан Пьеро Гасперини ҳам исроиллик йигитни таркибга қўшишмайди. «Ихтиёримизда Бертоло бор. Айни пайт унга эътироз йўқ. Захави? Бу йигит жароҳат туфайли 2 ҳафтача четда қолди. Қизиққаним учунгина «Сампдория»га қарши ўйинда унга 2 дақиқача имконият бериб кўрдим. Шу қисқа вақтнинг ўзи Эран соф захира футболчиси эканлигига яна бир бора ишонч ҳосил қилишимга кифоя қилди», - деганди Гасперини 2012 йили. Захавининг ўзи эса кейинроқ унга Италияда озгина сабр етишмаганини тан олади. Алоҳида таъкидлаш керак, маълум муддат исроилликни ҳаттоки, Хавьер Пасторе билан тенглаштиргандилар. Захавини айни шу таққослаш тўл-қинлантириб юборгани ҳам айни ҳақиқат. Бироқ футболчи «Палермо»даги унча кучли саналмаган итальянлар билан рақобатда ҳам ютқазади. Ҳа, маҳаллий футболчиларда устунлик бор эди - мухлислар муҳаббати. Захави аксинча, маҳаллий тилни билмасди, боз устига, ўз мамлакатидан илк марта четга чиққанди. Хуллас,  ишлари юришавермагач, сабри тугаган Эран Италиядан кетишга қарор қилади. Ўша вақт Бельгия, Дания ва Украина клублари уни ўз сафига чорлаганди. Бироқ ярим ҳимоячи Исроилга қайтишни хоҳлайди. Аммо жонажон клуби - «Хапоэль» моддий томондан «Палермо» талабини бажарадиган аҳволда эмасди. «Маккаби» (Тель-Авив) бу ҳолатдан фойдаланиб, 1,6 миллион евро тўлаш асносида Захавини ўз томонига оғдиради. Шу-шу «Хапоэль» мухлислари Эраннинг соф душманларига айланишади. Иш охир-оқибат, муштлашувгача боради. 2014 йили «Хапоэль» фанатларидан бири ўйин вақти майдонга югуриб тушиб, Эранни ҳақоратлайди. Футболчига айниқса, оиласи ҳақида айтилган гаплар оғир ботади ва ўртада муштлашув бошланиб кетади. Хусусан, назоратчилар вазиятга аралашишларига қадар Захави мухлисни 2 бора тепишга улгуради. Табиийки, ҳакам футболчига қизил карточка кўрсатади, қонунбузар мухлис эса эрталабгача полиция маҳкамасида ўтиради. Ўша йили «Хапоэль» мухлислари ва Захави ўртасида яна бир кўнгилсиз ҳолат кузатилади: футболчи автомобилда ўз яқинлари билан савдо маркази махсус жойидан чиққанида, оломон йўлни тўсади. Фанатлар Эранни тинимсиз ҳақоратлаш баробарида унинг олдига талаб ҳам қўйишади: «Яхшиси, мамлакатдан чиқиб кет. Тель-Авивни ортиқ шарманда қилма...». Захави шунда ҳам бўш келмай, муштлар ёрдамида мухлислар билан орани очиқ қилишга уринганди.  

Исроил терма жамоасига боғлиқ муаммоси ҳам айнан мухлислар муносабатига алоқадор. Аниқроқ айтсак, ЖЧ-2018 саралаш босқичидан ўрин олган ўйинлардан бирида фанатлар Захавига нисбатан кучли ҳуштакбозлик қилаверишгач, у сардорлик боғичини шундоқ ерга улоқтириб, майдондан чиқиб кетди. Оқибатда Исроил футбол федерацияси футболчини терма жамоанинг бир неча ўйинидан четлаштирди. Эран эса жаҳл устида халқаро фаолиятига нуқта қўйди. Тўғри, орадан 1 йил ўтгач, мураббийлар штаби қистови билан яна миллий жамоа либосини эгнига олди. Чунончи, Исроил термасига савияли ижрочилар етишмаётганди. Муҳими, Эран миллий жамоага ҳали кўп ёрдам бера олишини амалда исботлаб, Евро-2020 доирасидаги 6та ўйинда 9та (!) гол урди. Айни пайт саралаш турнири тўпурарлари рўйхатини айнан исроиллик футболчи бошқариб турибди. Табиийки, унинг бош орзуси - Европа чемпионати финал раундида иштирок этиш. Умуман, Захави миллий жамоадаги ўтмишини эсга олишни ҳам истамайди: «Ўта даҳшатли даврга юз тутганим тайин. Ўша кўнгилсизликларни мутлақо унутишни истайман. Муҳими, энди миллий жамоанинг ҳар бир ўйинида нималарга қодирлигимни кўрсатиш йўлида бор кучимни ишга соламан».

***Хитой Суперлигасида Исроилдан атиги 2 нафар футболчи бор. Эътиборлиси, 33 ёшли Эран Захавининг мамлакат чемпионатидаги ягона ватандоши ҳам айнан «Гуанжоу Фули»да ўйнамоқда. Дарвоқе, клуб 2016 йили Захави трансферига 7 млн. евродан кўпроқ сарфлаганди. Айтиш жоиз, исроиллик футболчи бу харажатни аллақачон оқлаб бўлди - статистикаси барчасига далил. Қолаверса, Эран клубда сардорлик миссиясини ҳам бажармоқда. Қисқаси, у Хитой клуби мухлислари олдида эркаланишга мутлақо ҳақли.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz