Қайднома

Қидирув

«Норвич» қандай жамоа?

«Норвич» қандай жамоа?

  28.09.2019 03:59
  0
  209
«Норвич» қандай жамоа?

Англия Премьер-лигаси дебютанти - «Норвич» 14 сентябрь куни амалдаги чемпион - «Манчестер Сити»ни енгиб, янги мавсумнинг бош сенсацияларидан бирини қайд этди. Хосеп Гвардиоланинг енгисмасдек кўринаётган жамоасига берилган аччиқ сабоқда финляндиялик «нотаниш» тўпурар - Теему Пукки ҳам иштирок этди, албатта. Дэниэль Фарке тузган жамоага қойил қолиш керак, шунчаки...

«Норвич» - бу ҳозирда АПЛнинг энг кўп муҳокама қилинаётган клуби. Ўзи Нориж шаҳри жамоаси дастлабки турлардаёқ эътибор марказига тушган, бироқ ҳеч ким ундан «Манчестер Сити»ни енгишни кутмаганди, барибир. Амалда АПЛ дебютанти жорий мавсум ҳисобидан амалдаги чемпион «курагини ерга теккизган» биринчи жамоа бўлди. Норижликлар биринчи бўлимнинг ўзида «Манчестер Сити» дарвозасини 2 марта ишғол қилиб, Хосеп Гвардиолани қаттиқ ўйга толдиришди. Каталониялик мутахассис ҳарчанд ўйламасин, чора изламасин, ўйинни қутқариб қолиш иложини тополмади. Умуман, «Норвич» илк 5та турдаёқ барчани ҳайрат кўчасига етаклади, бетараф мухлислар меҳрини қозонди. Ҳозирда бутун футбол олами дебютантга дахлдор 3та факт ҳақида гапирмоқда:

1. «Норвич» охирги ярим йил ичида «Манчестер Сити»ни мағлубиятга учратган биринчи жамоа бўлди. Аниқроқ айтсак, «Манчестер Сити» бунга қадар АПЛ доирасида сўнгги марта шу йилнинг январь ойи охирида ютқазганди. Ўшанда Гвардиола шогирдлари сафарда «Ньюкасл» футболчиларига бас келолмагандилар - яна бир сенсация.

2. «Норвич» 5-тур ўйинини нақ 10 нафар (!) асосий футболчиларисиз бошлади. Оддий айтганда, жамоа ўйинида муҳим роль ўйнайдиган кўплаб ижрочилар жароҳат туфайли «Сити»га қарши баҳсда майдонга тушишмади. Шунингдек, айнан «шаҳарликлар»дан ижара келишуви асосида олинган яна бир футболчи жамоага ёрдам беролмади. «Норвич» АПЛ мавсумини «Ливерпул»га қарши ўйин билан бошлаган ва 1:4 ҳисобида енгилганди. «Аслида охирги 2,5 йил бадалига «қизиллар»ни «Энфилд»да енгган биринчи жамоа бўлишни кўзлагандик, бироқ...», - дея афсус чекди бош мураббий Дэниэль Фарке 1-тур баҳсидан кейин. Мана, у «Сити»ни енгиш асносида кайфиятини анча яхшилаб олди.

3. «Норвич» кашфиёт ҳужумчига эга. Ҳа, ҳозир ҳамма Теему Пукки ҳақида гапирмоқда. Спорт матбуоти эса финляндиялик ҳужумчини мақташ билан овора. Ахир 29 ёшли футболчи АПЛдаги энг ёрқин дебютлардан бирини қайд этди. Ваҳоланки, футбол жамоатчилиги Пуккини тузукроқ танимай туриб, уни аллақачон унутганди. АПЛнинг август ойидаги энг яхши футболчиси сифатида айнан Пуккини тан олишгани кўп нарсани англатади. Айтиш ўринли, у мутлақо ҳақли равишда ой лауреати бўлганини «Сити»га қарши кечган баҳсда ҳам чиройли тарзда исботлади. Финляндия термасида ҳам самарадорликни оширган футболчи аввалига ассистентлик ролини бажарди, кейин «Норвич»нинг ўта муҳим голига муаллифлик қилди. Умуман, Пукки илк 5та турда 6та гол уриб, яна 2тасига ҳаммуаллифлик қилди - қойилмақом старт.

Экспертлар хулосалари - «Норвич» очиқ ва томошабоп футбол тарафдори. Бу албатта, мухлисларни асло бефарқ қолдирмайди. Дебютант ҳақида кўп гапиришаётганининг асл сабаби ҳам шу бўлса, ажабмас. Нисбатан заиф клублар ўйинларда ҳимояга кўпроқ эътибор қаратиши, ҳаттоки, бунда «автобус»га айланиши бор гап. Айниқса, чемпионат етакчилари билан баҳсларда шундай манзара кузатилади. «Норвич» эса янги мавсумда 3та топ-рақиб билан ўйнаб, уларнинг ҳар бири дарвозасига йўл топди - 1:4 («Ливерпуль» билан), 2:3 («Челси» билан) ва 3:2 («Манчестер Сити» билан). Қисқаси, 3тасига 5та гол! Қойил!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz