Қайднома

Қидирув

Мавқеини тиклаётган «Cўғдиёна» ҳақида...

Мавқеини тиклаётган «Cўғдиёна» ҳақида...

  29.09.2019 01:07
  0
  379
Мавқеини тиклаётган «Cўғдиёна» ҳақида...

Жорий йилги Coca Cola Суперлигани Сергей Лушан мураббийлигида бошлаган «Сўғдиёна» жамоаси мавсумнинг илк турида «Бунёдкор» билан бўлиб ўтган баҳсда ғалаба қозонди. Ушбу муваффақиятдан сўнг барча жиззахлик мухлислар ҳамда мутахассислар «Сўғдиёна»нинг бу йил гранд жамоаларга кескин қаршилик кўрсата олиши ва чемпионатда юқори ўринлар учун курашишини тахмин қилишди.

Аммо кейинчалик клубнинг ишлари тескари кетишни бошлади. Жумладан, 2-турда сафарда «Насаф»га қарши кечган баҳсда жиззахликлар имкониятни бой беришди. Ишқибозлар бу мағлубиятни «ёмон туш» сифатида таърифлаб, кейинги ўйинларда ўз суюклиларидан ғалаба кутишди. Бироқ жамоа кетма-кет «Сурхон» ва «Динамо»га ютқазгач, Суперлига жорий мавсумидаги илк истеъфо кузатилди - Сергей Лушан ўз хоҳишига кўра жамоа билан хайр­лашди.

Шундан сўнг жиззахлик мухлисларни турли саволлар қийнади: энди «Сўғдиёна»ни ким бошқаради? Ушбу лавозимга муносиб мутахассис борми? У вазиятни ижобий томонга ўзгартира оладими? Бу саволларга Улуғбек Бақоев тимсолида жавоб берилди.

Ушбу мураббий 5-турдан олдин жамоани қабул қилиб, қисқа фурсат ичида футболчилар билан яхши чиқишиб олди. Янги клубидаги дебют ўйинидаёқ «Металлург»­ни енгиб, мухлисларга қувонч улашди.

Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»ни қабул қилиб олганидан кейин биринчи даврада қуйидаги натижалар қайд этилди:

5-тур. 21 апрель

«Сўғдиёна» - «Металлург» - 2:1

6-тур. 27 апрель

«Сўғдиёна» - «Пахтакор» - 1:2

7-тур. 4 май

«Навбаҳор» - «Сўғдиёна» - 3:1

8-тур. 10 май

«Сўғдиёна» - «Андижон» - 2:1

9-тур. 19 май

АГМК - «Сўғдиёна» - 0:2

10-тур. 26 май

«Сўғдиёна» - «Бухоро» - 2:0

11-тур. 15 июнь

«Қизилқум» - «Сўғдиёна» - 1:1

12-тур. 22 июнь

«Сўғдиёна» - «Қўқон-1912» - 2:2

13-тур. 29 июнь

«Локомотив» - «Сўғдиёна» - 2:0

Демак, Бақоев бошчилигида жамоа биринчи даврада 4 ғалаба, 2 дуранг ва 3 мағлубият қайд этган.

Давралар оралиғида трансферлар ойнаси очилди ва «Сўғдиёна» аксарият клублар қатори таркибини кучайтиришга бел боғлади. Хусусан, асли жиззахлик бўлган Жасур Ҳасанов (АГМК) «Сўғдиёна» сафига қўшилди. Шунингдек, Иван Нагаев («Бухоро»), Шерзод Файзиев (АГМК) ва Муҳаммад­анас Ҳасанов («Қўқон-1912») каби футболчилар билан келишувга эришилди. Шу тариқа жамоа аъзолари Суперлиганинг ҳал қилувчи босқичига астойдил тайёргарлик кўра бошлашди.

Иккинчи давра бошидаёқ «Сўғдиёна» «Локомотив»га қарши баҳс юритди. Жиззахдаги марказий стадионда бўлиб ўтган учрашувда маҳаллий мухлислар шиддатли ўйин гувоҳига айланишди. Мезбон жамоа футболчилари анча тетик кўринишди, ҳужумларда ҳам ранг-баранглик кузатилди ва якунда «Сўғдиёна» кучли рақибини 1:0 ҳисобида енгишни уддалади.

Шундан кейин жиззахлик ишқибозларнинг Улуғбек Бақоевга нисбатан ҳурматлари анча ортди. Эътиборлиси, ушбу мутахассис бошчилигида ўз олдига катта мақсадларни қўйган «Сўғдиёна» иккинчи даврада ҳали мағлубиятга учрамади. Жамоа кетма-кет ғалабалардан кейин водийнинг икки жамоаси - «Андижон» ва «Нав­баҳор» билан нурсиз дурангга имзо чекди.

Айни пайт «Сўғдиёна»га омад кулиб боқяптими ёки Улуғбек Бақоевнинг ташрифидан кейин футболчиларга ишонч қайтганми, билмадим. Ҳар ҳолда, жиззахликлар шу руҳда давом этишса, мавсумни анча яхши натижа билан якунлашларига шубҳаланмаса ҳам бўлаверади. Бу борада уларга омад ва муваффақият ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Амир Темур ХИДИРНАЗАРОВ  тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz