Қайднома

Қидирув

Тан олинмаган қаҳрамонлар

Тан олинмаган қаҳрамонлар

  29.09.2019 05:23
  0
  561
Тан олинмаган қаҳрамонлар

2020 йилда бўлиб ўтадиган Европа биринчилигининг саралаш босқичи ниҳоясига яқинлашмоқда. Бир қатор фаворитлар қитъанинг бош турнири йўлланмасини нақд қилиб улгуришди. Бироқ айрим гуруҳларда омадли жуфтлик номи мавҳумлигича қолмоқда. Жумладан, «А» гуруҳида Косово терма жамоаси чинакам сенсацияни қайд этмоқда. Яқингача митти давлатлар қаторида юрган жамоа Чехиядек номдор рақибидан ўзиб кетиш учун ажойиб имкониятга эга бўлиб турибди.

Саутгемптондаги томоша

Англия терма жамоасини қўллаб-қувватлаш учун «Сэнт-Меррис» стадионига ташриф буюрган мухлислар Косово термасидан бу қадар жиддий қаршилик кутишмаганига шубҳа йўқ. Бироқ савия жиҳатидан номдор рақибига тенг кела олмайдиган меҳмонлар ҳимоячи Майкл Киннинг қўпол хатосидан унумли фойдаланиб, 1-дақиқадаёқ ҳисобни очдилар. Тўғри, шармандаликдан иззат-нафси топталган инглизлар танаффусга қадар 5та гол уриб, ўйин тақдирини ўз фойдаларига ҳал қилишди. Лекин шундай «тарсаки»дан кейин ҳам Косово руҳан тушкунликка тушмади, яна икки марта Пикфорд дарвозаси ишғол этилди. Митти жамоанинг фидойилиги ҳатто маҳаллий мухлисларни ҳам қойил қолдирди, меҳмонларга ажратилган мўъжаз сектор эса вақти-вақти билан мезбонлардан кўра кучлироқ мухлислик қилди. Ҳа, мазкур мағлубиятдан кейин Косово 3-поғонага тушиб қолди, асосий рақобатчиси Черногориядан йирик (3:0) ғалаба билан қайтди. Лекин улар ўртасидаги фарқ атиги бир очко...

ЖЧ-2018 саралаши ва ЕМЛ

Сербия билан чегарадош бўлган митти мамлакат термаси ўзининг даст­лабки расмий ўйинларини Россия мундиали саралашида ўтказди. Финляндия билан қайд этилган жанговар дуранг (1:1) маҳаллий мухлисларда ижобий натижага умид уйғотганди. Бироқ жамоа қолган 9 учрашувнинг барчасини умумий 3:24 ҳисоби билан бой берди. Натижада бош мураббий Муҳаррам Соҳити истеъфога чиқарилди.

Кейинги расмий беллашувларда Косово швейцариялик Бернар Шалланд раҳбарлигида майдонга тушди ва ЕМЛнинг гуруҳ босқичида барча рақиблари устидан ортиқча қийинчиликсиз ғалабага эришди.

Таъкидлаш жоизки, Озарбайжон, Мальта ва Фарер ороллари яқинда ташкил этилган жамоага нисбатан анча тажрибали эдилар. Шунга қарамасдан, Болқон вакиллари умумий 15:2 ҳисобидаги зафар эвазига маррага ғолиб сифатида етиб келишди.

Асосий юлдузи

Жамоа таркибида «Лацио» (Валон Бериша) ва ҳатто «Манчестер Сити» (Берсант Целина) каби клублардан футболчилар бўлсада, ҳақиқий етакчи сифатида бош мураббийни кўрсатиш адолатдан бўларди. Ундаги кучли эҳтирос, айрим ҳоллардаги жиззакилик майдондаги шогирдларида керакли иштиёқни уйғота оларди. Шалланд керакли паллада чинакам театр томошасини кўрсатарди. Масалан, 68 ёшли мутахассиснинг матбуот анжуманида кузатган киши ўзини «Ковент-Гарден» ложасида ўтиргандек ҳис этади. Ўзининг ўта сийқаси чиққан иборасини ҳам мураббий интиҳоси сирли бўлган томошага айлантиришга қодир. Бир куни ўйиндан кейинги интервью пайтида Шалланд журналистларга «даҳшатли» прессинг қанақа бўлишини ўзига хос тарзда баён этди. Бу ерда унинг иборалари эмас (ҳаммаси бўлиб 10тага етмаган), балки хатти-ҳаракатлари эътиборга лойиқ. Бернарнинг юзида қаҳр-ғазабнинг барча ранглари жамулжам бўлганди. Асабий тарздаги мушт отишлари қўлларини парчалаб ташлаётгандек таассурот қолдирарди. Рақибга қўллаётган босимни эса мураббий соддагина ифодалаб қўя қолди: олға, олға, олға, ортга.

«Скандинавча» йўналиш

Югославиядаги хунрезликлардан сўнг Болқон доимий тартибсизликлар чангалида қолди. Мамлакат кўплаб мустақил ҳудудларга бўлиниб кетди. Айрим жойларда чегарага оид тортишувлар ҳозир ҳам тўхтаган эмас.

Жумладан, Сербияга туташ бўлган Косово 2008 йилда ўз мустақиллигини эълон қилиб, ФИФАдан ўз сафига қабул қилишини сўради. Бир неча самарасиз уринишлардан сўнг, ниҳоят, 2016 йилда у халқаро ташкилот аъзосига айланди.

Терма жамоа таркибига эътибор берилса, унда маҳаллий фуқароларнинг озчилик экани маълум бўлади. Бунинг сабаби шуки, Болқондаги можаролар кўпчилик оилаларни хорижга чиқиб кетишга мажбур этганди. Шу боис, футболчиларнинг аксарияти Норвегия ва Швецияда истиқомат қилаётган эмигрантлар оиласи аъзоларидир.

Бунга мисол тариқасида жамоа етакчиларидан бири бўлган Валон Беришани кўрсатиш мумкин. Болакай Швециянинг Мальмё шаҳрида дунёга келди, кейинчалик оиласи билан қўшни Норвегияга кўчиб ўтди. У ерда ўсмирлар терма жамоасида майдонга тушишга ҳам улгурди, шундан кейин Косово термасидан жой олди.

«Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Берсант Целинанинг тарихи ҳам шунга ўхшаш. 23 ёшли футболчи болалигидан Норвегияда улғайди, Косово мустақилликка эришгач, Бол­қонга қайтди. Жароҳат туфайли Анг­лияга қарши майдонга туша олмаган Арбер Зенели ҳам Скандинавия вакили - Швецияда улғайган.

Мақомдаги мавҳумлик

Косово терма жамоасини бир қатор давлатлар ҳанузгача тан олишган эмас. Айнан шу келишмовчиликлар туфайли жамоа ЖЧ-2018нинг саралаш бос­қичида иштирок этиш ҳуқуқига катта қийинчиликлар билан эришди. Украинага қарши беллашувда эса ғаройиб вазият юзага келганди. Бу икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилмагани боис, жамоа Киевга кела олмади. Оқибатда учрашув қўшни мамлакат - Польшада ўтказилди.

Черногория терма жамоаси бош мураббийи - сербиялик Любиша Тумбакович эса ўз футболчиларини тан олинмаган мамлакат термасига қарши майдонга олиб тушишдан бош тортди Шу сабабли 67 ёшли мураббий истеъфога чиқарилди. Лекин Мирко Иванич ва Филип Стойкович Тумбакович қарорини ўринли деб ҳисоблашди.

Мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, Бернар Шалланд йигитлари асосий эътиборни яшил майдонга қаратган ҳолда чидам билан тер тўкишмоқда. Шу тариқа ўртамиёналар сафига кўтарилган жамоа ҳозир Евро-2020нинг шов-шувли натижасини қайд этишга яқин турибди. Бунинг учун Косоводан Чехияни қувиб ўтиш талаб этилади. Аслида ҳозирнинг ўзида жамоа кўпчиликни ҳайратга солиб улгурди - 3 йиллик қисқа вақт ичида қитъа чемпионатида қатнашишга даъвогарлик қилишнинг ўзиёқ чинакам фантастика.

«Мен, шунчаки, интилишларимиз даҳшатли тушга айланмаслигига умид қиламан. Шогирдларимни суперюлдузлар дея олмайман. Аммо улар жамоа равнақи учун бор куч-маҳоратларини сафарбар этишларига шубҳа қилмайман». Швейцариялик мутахассиснинг Англияга қарши баҳс арафасида айтган гаплари Косово учун жанговар шиорга айланган бўлса, ажабмас!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz