Қайднома

Қидирув

АУТ – ЯНГИ ҚУРОЛ

АУТ – ЯНГИ ҚУРОЛ

  30.09.2019 03:28
  0
  478
АУТ – ЯНГИ ҚУРОЛ

Бугунги «Ливерпул»нинг муваффақияти сирларидан бири - ён чизиқдан тўпни ўйинга киритиш. Юрген Клопп кўплаб рақамларни ҳисоб-китоб қилди ва футбол оламини ёқа ушлашга мажбур этган қарорга келди: Томас Гроннемарк ён чизиқдан тўпни ўйинга киритишнинг самарали усулларини кашф этувчи мутахассис сифатида мураббийлар штабидан жой олди.

Футболга қадар Гроннемарк енгил атлетика ва бобслей билан шуғулланган, кейин фаолиятини «Герта» футбол академияси ва Дания клубларида давом эттирган. Асосий натижаси - Дания чемпионлигига сазовор бўлган «Мидтьюлланд» клуби. Зафарли мавсумдаги 80та голнинг 10тасини айнан «аут» узатмаларидан кейин амалга оширган.

Бундан ташқари, 2010 йилда Томас ён чизиқдан тўпни улоқтириш борасида энг юқори кўрсаткични қайд этиб, Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган.

«Ливерпул»да «аут»лар бўйича мураббий пайдо бўлганини Англияда киноя билан қарши олишди, мухлисларда жамоа энди ён чизиқ тўп узатишларини стандарт вазиятлар каби амалга оширади, деган тушунча пайдо бўлди. Бироқ амалда ҳаммаси улар ўйлаганидан анча мураккаб бўлиб чиқди. Гроннемарк услуби тўпга эгалик қилиш ва суръатни сақлаб қолишга асосланган. У «Энфилд»га келиб улгурмаган аввалги мавсумда «Ливерпуль» ён чизиқ тўпларини эгаллаб олиш борасида (45,4 фоиз) энг паст кўрсаткич қайд этганлар орасида 3-ўринда эди. Ўтган мавсумда кўрсаткич 68,4 фоизга етди. Бу борада ҳамон Гроннемарк билан ҳамкорликни давом эттираётган «Мидтьюлланд» «Ливерпул»дан устун - 70,2 фоиз.

АПЛ вакилларининг ўртача натижалари 48,6га, Ла Лига жамоалариники 52,4га, Лига 1ники 50,2га, «А» серия вакиллариники 49,2, Бундеслига клублариники 48,8га тенг.

Гроннемарк сабоқларининг энг муҳим хусусияти - тезкор ва ақлли узатмалар. Таниқли эксперт Бен Жекобс бу услубга қуйидагича изоҳ беради: «Ақлли улоқтиришлар ўйинчиларнинг кутилмаган ҳаракатлари ва тўпнинг шундай траекторияли парвозини ўз ичига олади. Тўп ён чизиқдан қанчалик тез ўйинга киритилса, шунча яхши. Ҳар қандай вазиятда ҳам тўпни зудлик билан ўйинга киритиш лозим. Фақат шу йўл билан ҳимояланаётган жамоани доғда қолдириш мумкин. Чунки у керакли позицияни эгаллашга улгурмай қолади. Тўпни ўйинга киритиш учун энг мақбул вақт - у майдонни тарк этганидан кейинги 5 сония. 15 сониядан камроқ вақт ичида амалга оширилган ён чизиқ узатмасининг самараси 66,9 фоизга тенг. Узатма ундан 10 сония кейинроқ амалга оширилса, кўрсаткич 49,6га тушиб қолади».

Клопп ҳисоблаб чиқди, Гроннемарк амалга оширди. «Қизиллар» бош мураббийи билан самарали ҳамкорлик қилаётган мутахассис бунга қуйидагича изоҳ берди: «Юргеннинг ҳисоб-китобига кўра, тўп ҳар бир учрашувда ўртача 50 марта ён чизиқни кесиб ўтади. Мураббийнинг услуби эса юқори суръат ва бўшлиқни назорат қилишга асосланган. Демак, ўйин суръатини сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Юрген - новатор. Ҳамма нарсани билмаслигини тан оладиган ва бирорта фойдали маслаҳатни эшитишга шай турадиган етакчи. Унинг буюклиги ҳам шунда. Агар қайсидир раҳбар назорат бўйича тўлиқ ҳукмронликни истаган ҳолда, ҳаммасини ўзим уддалай оламан, деб ўйласа, атрофидаги хизматчиларга салбий таъсир этади. Ҳатто сиз энг кучли клублардан бирини бошқараётган бўлсангиз ҳам, кечаги усулни бугун такрорламаслигингиз шарт. Юрген билан учрашган киши ўзини эски қадрдони билан суҳбатлашаётгандек ҳис этади. У кам сўзлаб, кўп тинглайдиган киши. Англияда ҳеч ким танимайдиган қандайдир нотаниш йигитни жамоага қабул қилиб, сизнинг барча билим ва тажрибангизни машғулот жараёнига жалб этамиз, дейишга ҳар ким ҳам журъат этавермайди. Мана шу жиҳат Клоппнинг янгиликка бўлган ишончи ва юксак етакчилик қобилиятидан далолатдир. Аввалига мен ўтган мавсумнинг биринчи ярмигача шартнома имзоладим, кейин уни мавсум охирига қадар узайтиришди. Энди янги мавсумда тўлиқ ишлайдиган бўлдим».

Бир йил муқаддам «Ливерпул»дан ташқари топ-чемпионатлар вакиллари орасида ҳеч қайси жамоада «аут»­лар бўйича мураббий мавжуд эмасди. Ҳозир бу борада аниқ маълумотга эга эмасмиз. Лекин Клопп жамоаси илк қалдирғоч сифатида нафақат Англия, балки бутун футбол оламида инқилобни амалга оширди. Албатта, уни Томас Гроннемарк амалга оширди, аммо «Ливерпуль» аъло даражада рўёбга чиқарди.

Футболдаги ён чизиқ узатмалари ҳанузгача етарли эътиборни қозона олмаган бўлсада, шунчаки ўйиннинг бир бўлаги эмаслиги ойдинлашди. У ўйиннинг яхлит босқичи. «Аутлар» самарадорлигини 23 фоизга оширган «Ливерпуль» АПЛ тарихидаги энг яхши мавсумни ўтказгани ва ЕЧЛ ғолибига айлангани - шунчаки тасодиф эмас!

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz