Қайднома

Қидирув

«Динамо» Намангандаги нохуш анъанани ўзгартира оладими?

«Динамо» Намангандаги нохуш анъанани ўзгартира оладими?

  01.10.2019 06:05
  0
  304
«Динамо» Намангандаги нохуш анъанани ўзгартира оладими?

Суперлига 21-тури доирасидаги эътиборли ўйинлардан бири Наманганда “Навбаҳор” ва “Динамо” ўртасида кечади. Уч ойдан буён Наманганда ғолиб бўла олмаётган “Навбаҳор” янги мураббий қўл остига ўтган “Динамо”ни қабул қилади.

Суперлига. 21-тур

1 октябрь (сешанба)

“НАВБАҲОР” – “ДИНАМО”

Бош ҳакам: Шерзод Қосимов (Тошкент)

Стадион: Наманган, «Марказий» стадион.

Ўйин бошланиш вақти: 19:15

ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ (жонли)

Биринчи даврада муроса

Самарқанд ва Наманган жамоалари ўртасидаги сўнгги ўйин 1-даврада кўҳна шаҳарда ўтказилиб, баҳс жанговар 2:2 натижаси билан якунланганди. Суперлига-2019 нинг “энг яхши ўйини” дея эътироф этилган ўша баҳсда Славко Лукич ажойиб зарба билан ҳисобни очган бўлса, кўп ўтмай Қадамбой Нурметов ҳисобни тенглаштирган. Тайм якунида эса Сардорбек Эминов узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан “Динамо”ни ҳисобда олдинга олиб чиққан. Аммо 2-бўлимда “Навбаҳор” голеадори Александр Касьяннинг голи меҳмонларга дурангни келтирган. Бу баҳс фойдаланилмаган қатор ажойиб вазиятлар билан ҳам кўпчиликнинг ёдида қолганди.

Жамоалар қандай ҳолатда?

«Динамо» Суперлига доирасида ҳали сафарда ғалаба қозонмаган. Қолаверса, иккинчи даврада ҳали очко олганича йўқ. Шу боис, клуб мураббийлар штабида ўзгариш юз берди. Даврон Файзиев ўрнига Тачмурод Агамуродов иш бошлади. Янги мураббий “Динамо”даги ўзининг дебют ўйинини Наманганда “Навбаҳор”га қарши ўтказади.

Яна Андрей Канчельскис қўл остига ўтган “Навбаҳор”да ҳам ишлар аъло даражада деб бўлмайди. Наманган жамоаси уч ойдан буён Суперлига доирасида ўз уйида ғалаба қозона олмаяпти. Клуб Наманганда сўнгги марта июнь ойида “Бухоро”ни мағлуб эта олганди. Шундан кейин очколар асосан сафарда қўлга киритилган.

“Динамо”нинг сўнгги 5 ўйини:

16-тур. “Динамо” – “Қўқон-1912” – 0:1

17-тур. “Қизилқум” – “Динамо” – 2:1

18-тур. “Динамо” – “Бухоро” – 0:3

19-тур. АГМК – “Динамо” – 3:1

20-тур. “Динамо” – “Андижон” – 0:1.

“Навбаҳор”нинг сўнгги 5 ўйини:

16-тур. “Навбаҳор” – АГМК – 0:1

17-тур. “Андижон” – “Навбаҳор” – 0:1

18-тур. “Металлург” – “Навбаҳор” – 1:0

19-тур. “Навбаҳор” – “Пахтакор” – 0:1

20-тур. “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” – 0:0

ЎЗАРО ЎЙИНЛАР

Самарқанд ва Наманган жамоалари 1992 йилдан буён Олий Лига тарихида 47 маротаба рўбарў келишган. Статистика водий жамоасининг фойдасига «гапирмоқда»: 25 та ўйинда «Навбаҳор» ғалабани тантана қилган, 9 баҳс муроса йўли билан интиҳо топган, 13 марта эса «Динамо» ғолиб сифатида майдонни тарк этган.

Тўплар нисбати бўйича ҳам «тош» “Навбаҳор” томонини босмоқда: 84:43. Ўтказилган 47 ўйин якунида «Навбаҳор» 84 очкога эга чиққан бўлса, «Динамо» 48 очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйган.

Ўзаро ўйинларда наманганликларнинг энг йирик ғалабаси 7:1, «Динамо»да эса бу кўрсаткич – 2:0 га тенг.

Ушбу жамоаларнинг Намангандаги ўзаро сўнгги учрашувлари:

26.08.2017. «Навбаҳор» - «Динамо» - 1:0

25.04.2015. «Навбаҳор» - «Динамо» - 2:1

07.11.2014. «Навбаҳор» - «Динамо» - 2:2

25.08.2013. «Навбаҳор» - «Динамо» - 1:1

12.05.2012. «Навбаҳор» - «Динамо» - 1:1

18.10.2011. «Навбаҳор» - «Динамо» - 1:1.

Таркибда қандай йўқотишлар бор?

“Навбаҳор” – “Динамо” ўйинида Наманган жамоаси сафида икки футболчи майдонга туша олмайди. Булар Иван Соловьев ва Жаҳонгир Меҳмоновлардир. Соловьев сўнгги турда “Сўғдиёна”га қарши баҳсда қизил карточка олган бўлса, Жаҳонгир Меҳмонов 4-маротиба огоҳлантирилиб, бир ўйинга дисквалификация қилинган.

“Динамо” сафида дисквалификацияга учраган футболчилар бўлмаса-да, жароҳат туфайли майдонга туша олмайдиганлар кузатилиши мумкин.

Эски танишлар...

Жорий йилда «Навбаҳор» сафида «Динамо»нинг бир қатор собиқ футболчилари тўп суришмоқда. Шу жумладан «Динамо»да ҳам.

Айни дамда “Навбаҳор” сафида тўп сураётганлардан Азиз Ибрагимов 2015 йилда айнан Тачмурод Агамуродов қўл остида “Динамо”да тўп сурган бўлса, яна бир яримҳимоячи Абдужамол Исроилов 2017 йилда айнан “Динамо” сафида Олий Лигада дебютини ўтказган.

Ҳозирда “Динамо” сафида тўп сураётган Баҳодир Насимов 1-даврада айнан “Навбаҳор” сафида тўп сурганди. Шунингдек, дарвозабон Ботирали Эргашев 2018 йилда, ҳимоячи Акмал Холмуродов эса 2010-11 йилларда “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилган.

«Динамо» Намангандаги нохуш тарихни ўзгартира оладими?

Тачмурод Агамуродов “Динамо” билан нафақат сўнгги ўйинлардаги муваффақиятсизликни, балки узоқ йиллик нохуш анъанага ҳам барҳам бериш имкониятига эга. Гап шундаки, Олий Лига тарихида “Динамо” Наманганда “Навбаҳор”ни мағлуб эта олмаган. Кўрамиз, янги мураббий бошқарувида Самарқанд жамоаси узоқ йиллик нохуш анъанани буза олармикан...?

«Динамо» клуби матбуот хизмати.


Манба: fcdinamo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz