«Челси» ёзда Гонсало Игуаин трансфер ҳуқуқини харид қилишдан воз кечгач, аргентиналик ҳужумчининг «Ювентус»га кетиши тахмин қилинди. Бироқ у якунда Марио Манжукич ўрнини тўлдириш миссияси билан Маурисио Сарри жамоасида қолди. Хўш, Гонсало бундан хурсандми?
- Келинг, суҳбатимизни «Наполи»га қарши кечган ўта ҳаяжонли беллашув тафсилотлари билан бошласак. Таъбирингизга кўра, америкача тепаликка қиёсланган қарама-қаршилик маҳаллий мухлисларни қаттиқ ҳаяжонлантирган бўлсада, интиҳо жамоангиз учун хайрли бўлди. Бу ғалаба шахсан сиз учун қандай аҳамиятга эга?
- Ҳа, ўта кучли эҳтирослар таъсирида ўйнадик. Қаранг, учрашувни рисоладагидек бошлаб, 60 дақиқа ичида 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олдик. Кейин қўйиб юборилган дастлабки гол бизни бироз ҳаяжонга солди, шекилли. Ўша паллада рақиб ўйин боришини ҳам тенглаштирди. Муҳими, якунда ҳақли равишда ғалабани ўз томонимизга оғдириб, муҳим 3 очкони қўлга киритдик. Шубҳа йўқ, «игна устида» ўтирган мухлисларимиз ҳам стадиондан мамнун ҳолда кетишди.
- Умуман, оғир ёз мавсумидан кейин ўзингизни қандай ҳис этяпсиз? Кўринишидан, аввалги Пипитага нисбатан олганда, анча баркамол ўйинчига айландингиз, бош мураббийни ҳам бошқалардан кўра яхшироқ биласиз...
- Очиғи, қайтиб келгач, ҳеч кимдан ҳеч қандай гап эшитмадим. Бу ерга нечоғли керакли футболчи эканлигимни исботлаш мақсадида келдим. Бошидан Туринда қолишни истагандим ва мақсадга эришганимдан мамнунлигимни яширмайман. «Ювентус» - жуда катта мухлислар армияси ва ажойиб раҳбариятга эга шонли жамоа. Клуб ҳам, шаҳар ҳам шахсан мен учун жуда қадрдон. Қисқаси, ажойиб кишилар қуршовига қайтганимдан бахтиёрлик ҳиссини туймоқдаман.
- Қизиқ, ўзингиз учун ноодатий 21- рақамни танладингиз. Бу вариант ташаббускори ким?
- Рақамни ўзим танладим, албатта. «Юве»даги фаолиятимнинг илк босқичида 9-рақамни олгандим, энди «21»ни маъқул кўрдим. Гап шундаки, қизалоғим айнан 21-санада туғилган. Хуллас, рақам воситасида қизалоғим майдонда ҳам мен билан бирга бўлишини таъминлагандекман. Асосийси, қалб амрига қулоқ солганим омад келтирмоқда. «21»га тааллуқли бор гап шу.
- 2018 йил сиз учун анча мураккаб кечди...
- Ҳаётий ақидамга кўра, ҳар йили ғолиб чиқишим шарт. Чунончи, янги мавсум старт олиши билан аввалги натижалар ўтмишга айланади. Футболчи ҳамиша олдинга, бугунги ва келажак воқеликларига интилиши лозим. Ҳар қайси йилнинг аҳамияти катта. Асосийси, ҳамон юксак савияли жамоа сафидаман, барча мусобақаларда фақат ғолибликка интилишимиз талаб этилади. Тўғри, ўтган йили «Челси» сафида ЕЛ кубогини қўлга киритдим, аммо йил шахсан мен учун анча мураккаб кечди. Бироқ энди фақат янги мавсум хусусида бош қотириш керак. Зафарга эришиш йўлида жамоамга кўпроқ ёрдам бериш учун бор куч-маҳоратимни аямаслигим аниқ.
- Дебют учрашувдаёқ «Фиорентина»га гол тортиқ этганингиз эсингиздами? Ўша гол ва яқиндаги ўйин ҳақида нима дея оласиз?
- Ўша учрашув қизғин тус олгани ёдимда, захирадан майдонга тушиб, ғалаба голини қандай урганим ҳам, албатта. Табиийки, бундай хотиралар жуда ёқимли. Ахир дебютдаги муваффақиятнинг гашти ўзгача. Охирги беллашув ҳам биз учун осон кечмади. Умуман, «Артемио Франки»ни ғолиб сифатида тарк этиш жуда қийин.
- Яна Роналду билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эгасиз, ҳозирча Криштиану янада кучлироқ иштиёқ билан тўп сурмоқда...
- Ҳа, Криш билан ёнма-ён ўйнаганимга анча бўлганди. Ҳамкорлигимиз узилган паллада у анча ёш футболчи эди. Энди барча совринларни қўлга киритишга улгурган ва янги рекордлар ўрнатишга интилаётган етук профессионални кўриб турибман ва бундан мамнунман.
- Мавсум стартдаги беллашувларга муносабатингиз қандай?
- Қайси жамоага қарши майдонга тушишдан қатъий назар, ҳар бир футболчи бор маҳоратини ишга солиши керак. «Ювентус»нинг шу пайтгача босиб ўтган йўлида давом этиши ва доимо ғалабага интилиши ҳам муҳим. Жамоамиз ўзига ишонган ҳолда, кундан-кунга самаралироқ ўйнаса, ажабмас.
- Мана, ЕЧЛнинг янги мавсуми ҳам старт олди. Қисқаси, яна нуфузли турнир иштирокчисисиз. Мадридаги илк ўйинда ўзингизни қандай ҳис этдингиз?
- ЕЧЛ - энг ажойиб турнир. Мадридга аввалги сафар таассуротлари ёқимли эмас. Ваҳоланки, ўшанда яхшироқ ўйин кўрсатиб, кучли рақибни мураккаб вазиятга солиб қўйгандик. Бу сафар мавсумни ёмон бошламадик, бироқ нақд ғалабани қўлдан чиқардик. «Атлетико»нинг анойи рақиб эмаслигини унутмаслик керак. Муҳими, яна ажойиб жамоа билан шундай кучли турнирдан завқ олиш имкониятига эгаман.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20