Қайднома

Қидирув

«Месси ғалабаси – соф цирк»

«Месси ғалабаси – соф цирк»

  02.10.2019 02:34
  0
  291
«Месси ғалабаси – соф цирк»

ФИФАнинг бу йилги сўрови натижасидан ҳамма ҳам хурсанд эмас. Лионель Мессининг яна бир бора жаҳоннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинганини айниқса, Англияда катта ҳайрат билан қарши олишди. Инглизларнинг иддаоларига қараганда, The Best совринига аргентиналик даҳочадан кўра, «Ливерпуль» сафида ёрқин ўйнаган ва Европа ЧЛ ғолибига айланган Виржиль ван Дейк ҳақлироқ эди, бироқ ФИФА голландиялик тимсолида ҳимоячиларни ноҳақ ранжитди. Энди мавзу юзасидан янграган энг «ўткир» фикрлар билан бирров танишиб чиқамиз...

ЛАУРЕАТ ВА ДАЪВОГАРЛАР МУНОСАБАТИ

Лионель Месси (The Best 2019 соҳиби): - Шундай қувончли лаҳзалар завқини бу ерда фарзандларим билан баҳам кўриш - беқиёс хурсандчилик. Лекин ҳамиша айтганимдек, индивидуал совринлар мен учун иккинчи даражали масаладир. Асосийси эса - жамоавий муваффақият. Шундай бўлсада, тан оламан, бугунги кун ҳаётимда алоҳида аҳамиятга эга. Ахир турмуш ўртоғим ва фарзандларим тақдирлаш маросимига илк марта ташриф буюришди.

Виржиль ван Дейк (The Best 2019 сўрови финалчиси): - Тушуниб турибман, ғалабага жуда яқин келдим. Шунинг баробарида айтишим керак, мен ва Лионелни футболчи сифатида ўзаро таққослаш унча тўғри эмас. Месси - ҳужум чизиғи вакили, мен эса ҳимоячиман. Месси шубҳасиз, буюк футболчи, эҳтимолки, барча замонларнинг энг яхши ўйинчисидир. Шундай экан, бу аламли мағлубият эмас. Лео учун хурсандман, албатта. Олдин ҳам айтгандим, жамоавий совринларни кўпроқ қадрлайман. Индивидуал мукофотга эса шунчаки, бонус сифатида қарайман.

Криштиану Роналду (The Best 2019 сўрови финалчиси): - Сабр ва қатъият - айни шу икки хислат профессионални ҳаваскордан ажратиб туради. Ҳар бир буюк иш кичиккина ҳаракат билан бошланади. Сен ҳаётда барчасига эришолмайсан, лекин ўз мақсадларинг рўёби йўлида бор кучингни ишга солишингга ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди. Асосий фактни унутмаслик керак: қоронғу тундан кейин ёруғ кун келади, албатта.

 

ФУТБОЛ ЖАМОАТЧИЛИГИ МУНОСАБАТИ

Самуэль Это~О (камерунлик собиқ футболчи): - Мен учун йилнинг энг яхши футболчиси - бу Муҳаммад Салоҳ ёки Садио Мане. Бироқ афсуски, улар тақдирлаш маросимида йўқ...

Роналдо (бразилиялик собиқ футболчи): - Мукофотга ким муносиброқ? Эҳтимол, ван Дейкдир. Виржиль - ақл бовар қилмас даражадаги футболчи. У айниқса, бутун ўтган мавсум давомида аъло даражада ўйнади. Шуни инобатга олиб айтсам, совринга Мессидан кўра, Виржиль муносиброқ эди, менимча.

Висенте Дель Боске (испаниялик мураббий): - Мен учун барчадан кучлиси - бу Месси, лекин бу гапим Роналдуга дахлдор эмас. Аввалги йили айримлар Криштиану бироз сустлашганини айтгандилар, лекин амалда аксини кўрдик. Қисқаси, футболда Месси ва Роналду учун чегара йўқ.

Станислав Черчесов (россиялик мураббий): - ван Дейк чиндан ҳам, бутун мавсум зўр ўйнади, ЧЛ ғолибига айланди, турнирда яққол ажралиб турди, жумладан, финал баҳсида қойилмақом кўринди. Месси ҳам яна бир аъло мавсумни ўтказди - одатдагидек, кўп гол урди. Роналду эса салмоқли шахсий кўрсаткичлар қайд этиш баробарида жамоавий совринлар ҳам ютди. Мисол учун, Португалия миллий жамоасининг Европа Миллатлар лигасида зафар қучишига катта ҳисса қўшди, «Ювентус» билан «А» серия тахтига кўтарилди. Айни шу нарса менинг танловимда катта роль ўйнади.

Меган Рапино (The Best 2019 соҳибаси): - Бу сов-ринни Виржиль олиши керак эди. У зўр ўйинчи, яна жуда ёқимтой.

Пол Мерсон (англиялик собиқ футболчи): - Агар мендан «Месси ушбу совринга ҳақлими?» деб сўрашса, жавобим тайин - йўқ, йўқ, йўқ ва яна бир марта йўқ. Дангал гапираётганим учун кечирасизлару, аммо барчаси қандайдир аҳмоқлик. Нима, у «Барселона»ни ЧЛда ғалаба сари етакладими? Йўқ. «Алавес» дарвозасига кўп гол урдими? Эҳтимол. бундай совринни алоҳида аҳамият касб этган ишлар учун олишади. Ван Дейк шундай ишни уддалади: «Ливерпул»нинг ЧЛда ғалаба қозонишига катта ҳисса қўшди. Дарвоқе, бу йўлда кубокка орзуманд «Барселона» ва Мессига халақит ҳам берди. Ушбу соврин кулгу остида қолди. Чунки сўров якуни - соф цирк. Нега шундай бўлганини билишни истайсизми? ФИФА 2016 йилдан совринни бежиз мустақил равишда беришни хоҳламади. Мана, аввалига Роналдуга 2 бора топширди, ўтган йили Модрични эътироф этди. Энди эса Мессига. Тўғриси, ван Дейкка ачиндим. У яна нима қилиши керак эди? Тан олайлик, Виржиль ўтган мавсум жамоасини мутлақо янги даражага олиб чиқди, Месси эса бундай қилолмади. Ўзи АПЛ ФИФАни асло қизиқтирмайди, чоғи. Ана, йилнинг рамзий терма жамоасига қаранг: унда асосан Испания Примероси вакилларини кўрасиз.

 

«ТВИТТЕР» ЖАМОАТЧИЛИГИ МУНОСАБАТИ

edip besen: - Ҳа-ҳа, ФИФА, Садио Мане гольф ўйнади, Бернарду Сильва эса теннис...

Seсor Majd: - ФИФА вакиллари маросимдан аввал нима ичишганини билмайман, аммо Мессининг баҳорда «Энфилд»да йўқолиб қолгани бўйича ҳалигача топилмаганидан хабарим бор. Қаранг, энди жаҳоннинг энг яхши футболчисига аталган совринни қўлга олди. Бу ҳазилми?

second~driver: - Месси фаолиятига якун ясаганидан кейин ҳам ФИФА яна бир неча йил индивидуал совринларни айнан унга топширса керак. Шартнома, биласизми...?

AoDTGNB: - Эҳ... Қаранг, Рамос ва Марсело рамзий терма жамоада. Бу машҳурлар танлови.

Real Ignacio: - Виржиль ван Дейкни ўмаришди. ФИФА, бу шунчаки, товламачилик. Бундай бемаъниликни илк марта кўраётганимиз ҳам йўқ.

Dale Anders: - Месси муносиб, негаки, у сайёрамиздаги энг кучли футболчи.

Fares Abd~Allah: - Айтганча, Мессининг ўзи Манега овоз берибди. У мукофотга ким кўпроқ ҳақли эканлигини яхши билади.

theclipse~next: - Мукофотни Месси шарафига аташ уни ҳар йили айнан Лионелга топшириш керак. Ахир Месси уни бажарган ва бажаришда давом этаётган ишларни ҳеч ким такрорлай олмайди.

 

Овозлар Қалбакилаштирилмаган

ФИФА ўзининг расмий сайтида The Best мукофотига овоз бериш жараёнида сохтакорликка йўл қўйилганини қатъиян инкор этди. «Лауреатларни аниқлашда шаффоф иш тутилгани ОАВ томонидан шубҳа остига олингани ФИФАни қаттиқ ранжитди. Бу каби хабарлар адолатсиз ва одамларни чалғитади. Ҳар бир номинация бўйича овоз бериш жараёни мустақил кузатувчи томонидан назоратга олинади, ахир. ФИФА тегишли тартиб бўйича ҳар бир аъзо ассоциациядан ўз овозини ҳам электрон, ҳам ёзма тарзда жўнатишни сўради. Ёзма ҳужжатлар ассоциация масъуллари ва овоз берувчиларнинг имзолари билан қабул қилинади. Яъни ҳужжатда овоз ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган тегишли имзолар ва ассоциация муҳри бўлиши шарт. ФИФА ҳам, мустақил кузатувчи ҳам барча овозлар қоидага биноан, белгиланган муддатда берилгани, натижаларда сохталик йўқлигини кўрсатиши мумкин. Мабодо, қандайдир қоидабузарлик аниқланса, гарчи у овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатмаган бўлсада, ФИФА суриштирув ўтказиб, керакли санкцияларни қўллайди», - дейилади ФИФА баёнотида. Гап шундаки, олдинроқ матбуотда Никарагуа терма жамоаси сардори Хуан Барреранинг ФИФА сўрови ҳисоб-китобига нисбатан эътирози эълон қилинганди. Нигараугалик футболчининг айтишича, у Мессига овоз бермаган. Якунда тартиб бўйича Месси, Мане ва Роналдуга овоз берганини кўриб роса ҳайратланган: «ФИФА вакиллари электрон почтамга сўров анкетасини юборишганини таъкидлашмоқда, бироқ уни олганим йўқ. Ҳаттоки, ҳеч кимга овоз ҳам бермадим». Шунингдек, Судан термаси бош мураббийи Здравко Логарушич ўз учлиги ўзгартириб қў-йилганини маълум қилди. У аслида Салоҳ, Мане ва ван Дейкка овоз берган, аммо рўйхатда Месси, ван Дейк ва Манени ёқлагани кўрсатилган. Яна Миср терма жамоаси сардори Аҳмад ал Муҳаммади ва бош мураббийи Хавьер Агирренинг Салоҳга овоз беришгани, аммо бу кўрсатилмани ҳақида хабарлар чиқди. ФИФАнинг изоҳ беришича, Нигарагуа ва Судан вакили анкетаси қайта текшириб кўрилган ва эътирозда жон йўқ. Яъни ҳаммаси бюллетеннинг асл нусхасига тўғри келмоқда. Миср томони овози эса анкеталарда талаб этилган муҳр йўқлиги боис, ҳисобга олинмаган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz