Қайднома

Қидирув

Қўшалоқ турдаги қўшалоқ «қовунлар»

Қўшалоқ турдаги қўшалоқ «қовунлар»

  03.10.2019 01:38
  0
  427
Қўшалоқ турдаги қўшалоқ «қовунлар»

Тиғиз тақвим ортда қолган ҳафтада топ-чемпионатлар мухлисларининг аксарияти қўшалоқ беллашувлардан завқ олиш имкониятига эга бўлишди. Франция, Италия ва Испания жамоалари ички биринчиликда 2тадан ўйин ўтказдилар, АПЛ вакиллари эса «уик-энд» арафасида қуйи дивизион вакиллари билан Лига кубоги доирасида куч синашдилар. Фақат ҳисоб-китобни хуш кўрадиган немислар Бундеслиганинг ҳисобот тури билан кифояланишди.

Англия. Аввал Хендерсон, кейин Льорис

Ҳисобот турини бошлаб бериш мақсадида Шеффилдга сафар қилган пешқадам табиийки, ғалабалар серия­сини давом эттириш ниятини яшириб ўтирмади ва баҳс­ни фаол бошлади. Натижада «Шеффилд» дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага келди. Бироқ меҳмонлар улардан унумли фойдалана олмадилар, Садио Мане иккита 100 фоизли вазиятни йўққа чиқарди. Танаффусдан кейин эса мезбонлар ўйинни тенглаштириб, фаворитни анча шошириб қўйдилар. Охир-оқибат, Жоржиньо Вейналдумнинг зарбасидан сўнг тўпни ушлаб олмоқчи бўлган Дин Хендерсоннинг кулгили хатоси туфайли дарвоза тўридан жой олган тўп ўйин тақдирини ҳал қилди. Қолган 20 дақиқа ичида ҳисобни ўзгартиришнинг иложи бўлмади.

Дарвозабоннинг голга олиб келувчи қўпол хатоси «Тоттенхэм» - «Саутгемптон» қарама-қаршилигида ҳам кузатилди. Уго Льорис «Шеффилд»даги касбдошидан тажрибалироқ бўлсада, нима учундир ўз дарвозаси олдида Дэнни Ингзни алдаб ўтишга уринди ва тўпни олдириб қўйди. Совғадан самарали фойдаланган ҳужумчи бўш қолган дарвозани забт этиб, мувозанатни тиклади. Қизиғи, Дэнни жорий мавсум иккинчи марта дарвозабон хатосини голга айлантирди. Аввалроқ у Адрианнинг «қовуни» эвазига «Ливерпуль» дарвозасига гол урганди. «Шпорлар» бахтига, танаффусга чиқиш арафасида Гари Кейн меҳмонларни яна бир марта ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишга мажбур этиб, Льорисни хижолатдан халос этди. 2:1 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармади ва «Тоттенхэм» очколарини 11тага етказиб олди.

Ливерпулда бўлиб ўтган «Эвертон» - «Манчестер Сити» беллашуви (1:3) анча қизиқарли ўтди. Аввалига томонлар асосий эътиборни ўз дарвозалари дахлсизлигини таъминлашга қаратишди. Габриэль Жезус ҳисобни очганидан кейин майдон эгалари жонланиб қолишди ва суръатни оширишди. Бунинг натижасида мувозанат тикланди. Шу боис, ташаббус яна чемпион томонига ўтди. Гарчи танаффусга қадар ҳисоб ўзгармаган бўлсада, 2-бўлим меҳмонларнинг устунлигида ўтди ва Риёд Маҳрез ҳамда Раҳим Стерлингнинг аниқ зарбалари «Сити»нинг ғалабасини таъминлади.

Мавсумни муваффақиятли ўтказаётган «Лестер» ўз майдонида «Ньюкасл» дарвозасига 5та жавобсиз гол уриб, 3-поғонани ўзиники қилиб олди. Чунки «Вест Хэм» «Борнмут» майдонида жанговар дуранг (2:2)га имзо чекди.

Турнинг якуний баҳсида «Олд Траффорд»даги мухлислар «МЮ»нинг «Арсенал»га қарши муросасиз баҳсига гувоҳ бўлишди. Аввалига нисбатан фаолроқ тўп сурган мезбонлар ҳисобни очишди. Лекин ғалабани мустаҳкамлашга улгуришмади. Унаи Эмери шогирдлари эса мағлубиятдан қутулиб қолиш умидида ҳужумга зўр беришди ва мақсадга эришишди. Қизиғи, дуранг эвазига олинган ягона очко меҳмонларга кучли квартетга кўтарилиб олиш имконини берди. Сульшер шогирдлари эса «Бёрнли» билан ўрин алмашишди.

Испания. «Қассобда гўшт қайғуси, эчкида жон...»

Ла Лиганинг 6-турида азалий фаворитлар ўз ғалабаларини расмийлаштиргач, кейинги тур янада муросасиз ва қизиқарли кечиши тахмин қилинганди. Айниқса, «Ванда Метрополитано»даги Мадрид дербисига бўлган қизиқиш ўта юқори эди. Боз устига, июль ойида Диего Симеоне шогирдлари ХЧК доирасида азалий рақиб устидан 7:3 ҳисобида ғалаба қозонишгани қизиқишни янада оширгани аниқ. Бироқ мухлислар бахтига қарши, жамоалар ўзгача режалар билан майдонга тушишгани тез орада маълум бўлди. Яъни, улар сўнгги йиллардаги энг зерикарли, нурсиз ўйин гувоҳига айланишди. Томонларнинг таваккал қилиш ниятида эмасликлари яққол сезилиб турди. Гўё улар дурангга розидек, биринчи нав­батда, ўз дарвозалари хавфсизлиги ҳақида бош қотиришди. Натижада хавфли вазиятларни юзага келтириш на у, на бу томонга насиб этди. Дастлабки 45 дақиқада Жоау Фелиш Куртуа дарвозасини нишонга олишга уриниб кўрди, аммо унинг зарбаси ноаниқ бўлди. Танаффусдан кейин ўзини кўрсатишга интилаётган Гарет Бэйл ҳамда Карим Бенземаларнинг ҳаракатлари ҳам натижа бермади. Хуллас, 90 дақиқа ичида рақиблар атиги 4 марта аниқ зарба йўллай олишди. Изоҳга ҳожат йўқ: «Реал»да 3та, «Атлетико»да битта. Ҳисоб эса, табиийки, 0:0.

Хетафега йўл олган «Барселона» асосий рақобатчиларининг очко йўқотишганидан унумли фойдаланди. Бу гал жароҳат олган Мессисиз майдонга тушган чемпион Луис Суарес ва Хуниор Фирпонинг аниқ зарбалари эвазига зафар қучди ва етакчи тўртликка чиқиб олди. Учрашувнинг эътиборли жиҳати сифатида Марк-Андре тер Штегеннинг самарали узатмасини кўрсатиш мумкин. Германиялик дарвозабон жарима майдончасини тарк этиб, тўпни эгаллаб олди ва ҳимоячидек олдинга ҳаракатланди, кейин тўпни Суаресга етказиб берди. Луис эса ҳисобни очди.

Етакчилар сафида бораётган «Атлетик» ўз майдонида «Валенсия»га имкониятни бой бериб (0:1), 7-ўринга тушиб кетди. «Севилья» «Реал Сосьедад» устидан иродали (3:2) ғалабага эришиб, етакчиларга яқинлашиб олди. «Сосьедад» эса аксинча, пешқадам бўлиб олиш имкониятини йўққа чиқарди.

Италия. Буффоннинг рекорди

28 сентябрь оқшомида Италия футболидаги тарихий воқеа юз берди. СПАЛга қарши баҳсда Жанлуижи Буффон «Ювентус»нинг бошланғич таркибида майдонга тушиб, барча турнирлардаги ўйинлар бўйича Паоло Мальдини рекордини бекор қилди. Энди 41 ёшли дарвозабон ҳисобидаги учрашувлар сони 903тага етди. Бироқ «А» сериянинг етакчи гвардиячиси унвони ҳамон миланлик афсонада қолмоқда: Мальдини ички чемпионатда 647 марта майдонга тушган. Буффонда эса бу кўрсаткич 640га тенг. «Ювентус» бундай тарихий оқшомда очко йўқотишга ҳақли эмасди ва жамоа бу вазифани ортиқча қийинчиликсиз уддалади - Пьянич ва Роналдунинг голлари ғалабани таъминлади. Буффон эса фаолиятидаги 407-учрашувни голсиз якунлади.

Мусобақа жадвалини бошқариб бораётган «Интер» шу куни Генуяда «Сампдория» устидан ишончли (3:1) ғалабани расмийлаштириб, бундан 53 йил аввал қайд этган муваффақиятли стартни такрорлади. Голлардан бирини «МЮ»дан ижарага олинган Алексис Санчес амалга оширди. Шу тариқа чилилик ҳужумчи бошланғич таркибдаги илк учрашувини гол билан нишонлади. Лекин шу билан биргаликда симуляция учун иккинчи сариқ карточка билан жазоланиб, майдонни барвақт тарк этди. Унинг бахтига, озчилик бўлиб қолган «Интер» ғалабани бой бермади.

Қўшалоқ турни етакчилар каби йўқотишларсиз ўтказган «Аталанта» ҳам икки ўйиндаги 6 очко эвазига етакчилар сафига кўтарилди. Жамоа аввалги турда «Рома»ни ишончли тарзда (2:0) маҳв этганди, кейинги турда «Сассуоло»ни йирик (4:1) ҳисобда енгди. Эътиборлиси, қимматли очколар сафар учрашувларида қўлга киритилди.

Рим жамоалари бу турларда икки хил таассурот қолдиришди: «Рома» ўз майдонида имкониятни бой бериб, «Лечче» майдонидан камтарона (1:0) ғалаба билан қайтди. «Лацио» эса Миланда «Интер»га имкониятни бой берди (0:1), кейин Римда «Женоа» дарвозасига 4та жавобсиз гол урди.

Шунингдек, «Наполи» ҳам 50 фоизли натижа билан кифояланди - аввал «Кальяри»дан енгилиб (0:1), кейин «Брешия» устидан зафар қучди - 2:1.

Таниқли жамоалардан бири бўлган «Милан» мавсумни ўта суст ўтказмоқда. «Россонери» Туринда 72-дақиқагача «Торино»дан устунлик қилди. Бироқ кейин Белоттининг 4 дақиқа ичида амалга оширган «дубл»и ғалабани мағлубиятга айлантирди. «Сан-Сиро»да эса жамоа «Фиорентина» қаршисида ожиз қолди - 1:3.

Германия. Етакчи ўзгарди

Бундеслигада дастлабки 5 учрашувда атиги 2 очко йўқотган «РБ Лейпциг» бу турда «Шальке»ни қабул қилиб, кутилмаганда мағлубиятга учради. Қизиғи, жамоа 83-дақиқадаги голи эвазига «шармандалик» атамасидан қутулиб қолди - 1:3 ва меҳмонларга очколар бўйича тенг­лашиб олиш имконини берди.

Бундан унумли фойдаланган «Бавария» сўнгги ўринда бораётган «Падерборн» майдонидан қийин, лекин муҳим ғалаба билан қайтди ва якка пешқадамга айланди.

Дортмунднинг «Боруссия»си қаторасига иккинчи марта жанговар дуранг билан кифояланишга мажбур бўлди ва жадвалдаги мавқеини пасайтириб юборди. Қизиғи, иккала учрашувда бир хил - 2:2 ҳисоблари қайд этилди. Франкфуртда «Айнтрахт» билан битим имзолаган жамоа бу гал Дортмундда «Вердер»ни енга олмади.

Франция. «Монако» уйғонди, чоғи

Лига 1даги қўшалоқ турда фақат икки жамоа 100 фоизли натижага эришди. Уларнинг бири «Нант», иккинчиси «Монако». Бу икки ғалаба «Нант»ни 3-ўринга олиб чиққан бўлса, князлик клуби ниҳоят, аутсайдерлар гуруҳини тарк этиб, 12-поғонага кўтарилиб олди. Тўғри, жамоалар жуда зич жойлашишган, очколар ўртасидаги фарқ катта эмас. Лекин 6 очконинг таъсири «Монако» учун кучлироқ бўлди.

Амалдаги чемпион ва пешқадам аввалги турни ўз майдонида ўтказиб, кутилмаганда «Реймс»га имкониятни бой берганди - 0:2. Ҳатто «сеҳрли таёқча» бўлмиш Неймар ҳам вазиятни ўнглай олмаганди. Кейинги турда Бордога йўл олган пойтахтликлар сафида Килиан Мбаппе ҳам илк марта кўриниш берди. Лекин 3 очкони нақд қилган голни бразилиялик тўпурар амалга оширди.

«Нант» билан бир хил очкога эга бўлиб турган, фақат тўплар нисбатига кўра 2-ўринни банд этган «Анже» Тулузадаги ғалабадан кейин (2:0), ўз майдонида «Амьен»ни енга олмади ва етакчига етиб олиш имконидан фойдалана билмади. Бироқ маҳаллий мухлислар дурангни ҳам мамнуният билан қабул қилган бўлсалар, ажабмас. Зеро, мезбонлар 83-дақиқада жавоб тўпини киритиб, мағлубиятдан қутулиб қолишди - 1:1.

Охирги икки учрашувда 4 очкога («Страсбург» - 2:0, «Ницца» - 1:1) эга бўлган «Лилль» 14 очко билан етакчи тўртликни якунлаб турибди.

Азалий фаворитлардан бири ҳисобланган «Лион» эса сўнгги икки беллашувда атиги 1 очкога эга бўлди ва ўзи учун одатий бўлмаган ўртамиёналар қаторидан жой олди.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz