Қайднома

Қидирув

Кшиштоф Пентек: «Бир гол уришни бошласам, тўхтамайман»

Кшиштоф Пентек: «Бир гол уришни бошласам, тўхтамайман»

  03.10.2019 05:52
  0
  361
Кшиштоф Пентек: «Бир гол уришни бошласам, тўхтамайман»

«Милан» ҳужумчиси Кшиштоф Пентек польшалик журналистларга интервью бериб, турли мавзулар юзасидан фикрларини билдирди. Ўз навбатида, жамоада ким яхши кайфият улашиши, Гаттузо ва Пакета ҳақида гапирди.

 - Сўнгги марта «Милан» билан шартнома имзолаганингизда кўришгандик. Шундан кейин ҳаётингиз бироз ўзгарди.

- Ҳа, бироз ўзгарди (кулади). «А» серияда кўпроқ гол урдим.

- Шундай мавсумда-я!

- Италия кубогида ҳам... Аввалгидан машҳурроқ футболчига айландим. «Милан» менга янги мақсадлар сари йўл очди. Хурсандман, футбол ҳаётимда оилам қатори энг муҳим нарсалардан бири. Биласизми, мен одамлар кўп бўлмаган ҳудудда яшайман, итим билан сайрга чиқишим мумкин. Аммо ўша ерда ҳам таниб қолишади. Италияликлар мени шунчалар қадрлашаётгани ёқимли, лекин кўчада хотиржам юриш қийин.

- Италияда маҳаллий мухлислар билан гаплашганимизда, улар: «Пентек? Поляк гол уролмайди, семириб кетди, уни ўртоқлик учрашувларида кўрдик», дейишди. Ҳозир сизга қараб ортиқча килограммлар йўқлигини кўряпмиз.

- Аслида, муаммо вазнда эмас. Биз жуда мураккаб тайёргарлик даврини ўтказдик, кўп вақтимиз тренажёр залида ўтди, мушакларни чиниқтириш билан шуғулландик...

- Балки сизга хос тезланишлар етишмагандир?

- Албатта, мавсумолди тараддуди пайти машғулот ўтказганда, АҚШга учганда, у ерда кунига икки марта шуғулланиб, ҳар уч кунда ўйин ўтказсангиз, куч қоладими? Буларнинг барини тушуниб турардим, ҳаммаси тезроқ ўтади, деб ўйлагандим. Аммо аксинча, чарчоқ йиғилаверди.

- Сездингизми, Италияда ўтган сўнгги мавсумингиздан кейин рақиб ҳимоячилари сизга ўзгача муносабатда бўлишяпти? Афтидан, шу вақт мобайнида сизнинг услубингизни анча ўрганган кўринишади.

- Худди шундай, «С» серия вакили ҳисобланган «Чезена»га қарши баҳсда ҳам айни ҳолат кузатилди, узатмалардан кейин тўпни қабул қилиб, майдоннинг бошқа қисмига ўтганимда ҳам ҳимоячилар ортимдан таъқиб қилиб, қўллари ёрдамида ушлашга интилишди. Гўёки, футбол эмас, кураш билан шуғулланаётгандек. Биласизми, Италиядаги бундай ҳолат мени ҳайрон қолдирди. Чунки ҳакамлар кўпроқ ҳужумчилар эмас, ҳимоячиларга ён босишади. Бу нотўғри. Ахир форвард ҳужум уюштиради, ҳимоячининг вазифаси - уни зарарсизлантириш. Ҳужумчи мазкур вазифани турли усулларда амалга ошириши тушунарли.

- Голсиз давр - бу муҳим текширув. Чунки мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказиш бир томон бўлса, кейинги мавсум ҳар уч кунда катта ўйинларда майдонга тушиб, шуни такрорлаш бошқа нарса.

- Ҳа, албатта, бу ҳақиқий синов, аммо мазкур вазиятга мен бошқача қарайман...

- Шу тариқа ўзингизни юпатасизми?

- Агар 38та ўйинда 30та гол урсангиз, бундай текширув сизга хуш кайфият улашмаслиги аниқ... Дастлабки 5-6та ўйинда 8та гол - бу бахтиёрликка етаклаши мумкин. Терма жамоадагини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 34та тўп киритганда, албатта, бундай қувонч сезилмайди.

- Бизга етиб келган гап-сўзларга кўра, «Милан»да 9-рақам дуоибадига ишонадиганлар бор экан. Клубдагилар сизга ҳам «Эҳ, нега шу «тўққиз»ни олдинг, ҳеч нарсани ўзгартирмаслик керак эди», дейишган экан...

- Бу ҳақда менга ҳеч ким ҳеч нарса демаган. Одамларнинг шундай нарсаларга эътибор қаратиши мураббийимизнинг ҳам кулгусига сабаб бўлганди. Лекин «Брешия»га қарши кечган ўйиндан кейин (Пентекнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза чизиғида тўхтаганди) шерикларим кийиниш хонасида устимдан кулишни бошлашди: «Нима қиласан шу «тўққиз»ни, тезроқ ўзгартир». Аммо буларнинг бари ҳазил эди. Ҳамиша 9-рақамни олишни хоҳлаганман, бу ҳужумчиларга хос. Шундай имконият туғилиши ҳамоно, мазкур рақамни хоҳлаётганимни айтгандим.

- Чунки сиз италияликлар учун гўё Шевченкодексиз, шарқдан келгансиз. Ёки худди Инзагидек - кўплаб турли солиштирувлар бўлди. Бугун ўзингизга қандай баҳо берасиз: «тўққизлик»да қандай ўйнайсиз?

- Табиийки, идеал «тўққизлик» вакили эмасман - менда ҳар бир ҳужумчида бўлгани каби, кўплаб камчиликлар бор. Италияда кўпчилик мени «тўққизлик»нинг типик вакили сифатида жарима майдончаси ичида ўйнайди, дейишади, аммо ўйиндан кейинги статистика ва ҳисоботлар бундай эмаслигини кўрсатади. Кўп пас бераман, тўп билан тез-тез муомала қиламан, лекин менга барибир жарима майдончаси ташқарисида ўйнашни ўрганишим кераклигини айтишади. Ҳозир узатмалар бўйича ишлаяпман, умуман, ҳамма нарсани мукаммаллаштиришга интиляпман: бош билан ўйнаш, чап оёқни ишлатиш. Ўзимга қолса, жарима майдончаси ташқарисидан кўпроқ гол уришни хоҳлайман. Шунингдек, дарвозага орқа қилган ҳолда тўғри ҳаракатланиш устида ишлаяпман. Ўйлашимча, бу борада ёмон эмасман, бироқ бунданда яхшироқ бўлиши мумкин.

- «Женоа» ва «Милан»даги даврингизни солиштирсак, Генуяда деярли имкониятларга эга бўлмасангизда кўпроқ гол урганингизни айтишади. У ерда Куаме сизни яхши қўллаб-қувватларди. Бу оддий футбол эди, лекин Куаме иккинчи қаватдаги тўпларни қабул қилиб, яккакурашларда ғолиб чиқиш орқали сизни қулай вазиятларга чиқарган.

- «Милан» - мутлақо бошқа жамоа. «Женоа» нисбатан оддийроқ ўйнайди. Кучли клубларга қарши ўйнаганимизда, вазифа оддий бўларди: «тўпни олдиндаги Куаме ёки Пентекка узатиш - улар курашни давом эттиришади». Баъзида менга югуриб, курашиш лозим бўлган айнан шундай «ташлаб беришлар» етишмасди. Ҳар ҳолда, «эгасиз» тўпларни қабул қилиб олиш бўйича фоиз кўрсаткичим яхши эди. «Милан»да эса ҳаммаси бошқача. Жамоа тўп билан кўпроқ муомалада бўлади, гарчи баъзида менга нисбатан оддийроқ қарорлар қидираётгандек кўринсакда. Узун паслар ёки тўпга иккита тегиниш билан уни етказиб беришса, қолганига нимадир ўйлаб топаман. Ҳужумчи сифатида менга айни нарсалар етишмаяпти - эҳтимол, муаммо шунда бўлса керак.

- Сизларда кайфиятга ким жавобгар? Ҳазил-мутойибалар кўпроқ кимдан чиқади?

- Шунақаси бор - Франк Кессье. У жуда позитив кайфиятдаги инсон, қайсидир маънода тентакроқ ҳам. Франк қўпол муносабатда бўлиши, кийиниш хонасига кирганда қичқириб, рақсга тушиши, шунга ўхшаш қилиқларни қилиши мумкин. Биласизми, ҳозир смартфонлар ривожланган давр - ҳамма экранга тикилганча ўтиришни яхши кўради, у эса хонага кирибоқ ҳаммани чалғитади, мусиқа овозини баландлатади.

- Кийиниш ҳақида гапирганда, бу борада энг нооадатий кўриниш Бакайокога тегишлими? Ёки унга тенг келадигани ҳам борми?

- Бошқаларда имконият камроқ. Тьемуэ ажойиб, ҳар куни турфа хил қимматбаҳо либосларни кияди, танлашни ҳам ўринлатади. Баъзан бу бироз киборли кўринади, айниқса, Польша стандартларига таянган ҳолда айтадиган бўлсам.

- Айтишларича, Гаттузо шу сабабли унинг устидан кулган экан...

- Даҳшат! Унинг шундай одати бор: агар машғулотлар пайти ёки ҳаракатларимизда бирор хатони кўрса, бир сўзни айтарди - «mamma!». Ўйиндан аввал Миланеллодаги махсус бинода кийиниш жараёнидан ўтамиз. Бакайоко бу ерга Gucci либосларида, бриллант соатларда, қулоғида зирак билан келарди. Мураббий уни кўриши ҳамоно севимли иборасини айтади «mamma!»... Ва дарҳол унинг бўйнидан ушлайди! (кулади) Гаттузо ҳар доим нимадир қиларди, лекин қилиқлари ҳамиша қизиқ чиқарди.

- Польшада Пакета билан алоқа ва яхши муносабатингиз барча учун намуна бўлганди. Чунки у инглизчада гаплашмайди, итальянчани ҳам билмаса керак...

- Итальянчани ҳам билмайди.

- Сиз португалчада яхши гаплашсангиз керак!

- Биласизми, итальянчада баҳоли қудрат суҳбатлашамиз. Оддий сўзларни ишлатамиз. Баъзан шу оддий иборалар биз учун кўп нарсани англатади. Худди шундай келишамиз. Баъзан у португалчада нимадир дейди ва тушунаман.

- Пакета ҳам салоҳиятининг фақат бир қисмини кўрсатганлардан бирими? Машғулотларда яхшироқ ҳаракатланадими?

- Унинг салоҳияти чиндан ҳам юқори. Мазкур ҳолатда гап фақат унинг техникаси, трюклари ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида эмас. Пакетанинг оёқлари бақувват, 22 ёш бўлишига қарамай, жисмоний ҳолати жуда юқори. Буни мушакларига қараб ҳам сезиш мумкин - хуллас, у жуда кучли. Шунингдек, бразилияликларга хос ҳаракатларни бажаради - айрим ҳолларда мухлисларга шоу уюштириш мақсадида, тўпни товони ёрдамида тўхтатади. Жампаоло бунинг учун ундан кўпинча хафа бўлади, аммо менимча, бу футболчига ишониш керак.

- Умуман олганда, сизга бефарқ бўлмаганларга ажойиб формада эканлигингизни етказиб қўйсак бўлаверади, чоғи.

- Ҳа. Балки ҳозир энг яхши ҳолатда эмасдирман, лекин голлар аста-секин келишига ишончим комил. Бир гол уришни бошласам, тўхтамайман.

- Кўриниб турибдики, «қуруқ» серия сизга ортиқча таъсир кўрсатмаяпти. Яъни, ухлашдан олдин «Ўша вазиятда мана бундай ўйнашим мумкин эди, нега бундай бўлди?» қабилидаги фикрлар сизга халал бермайди.

- Йўқ, ундай бўлмайди. Албатта, ўйинимни таҳлил қиламан, ҳар бир ҳаракатни мукаммал тарзда амалга оширишга интиламан, аммо қандайдир ёт фикрларга қанчалик кўп ўралашиб қолсам, уларнинг ҳаммаси мени шунчалик кўп чалғитаверади. Вазиятни тушуниб турибман, ишлашда давом этаман. 9-рақам, бир мавсумлик юлдуз ва шунга ўхшаш салбий фикрларга эътибор қаратмайман. Кичиклигимда Любиннинг «Заглембе» клубида ўйнаганимда, ҳатто «Краковия»да ҳам кўп қайғурардим. Тушкунлик кайфияти эса майдонда кўнгилдагидек тўп суришимга халал берарди. Вазиятларни кўкка совурардим, ке-йин шу ҳақда ҳафталаб ўйлаб чиқардим... Яна майдонга қайтганимда, миям яхши ишламай қоларди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz