Қайднома

Қидирув

Мураббий (футболчи) кетади, жамоа эса қолади...

Мураббий (футболчи) кетади, жамоа эса қолади...

  04.10.2019 04:10
  0
  574
Мураббий (футболчи) кетади, жамоа эса қолади...

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев «Телеграм»даги канали орқали бир-биридан қизиқарли мавзулар юзасидан фикр алмашиб, турли сўровлар ўтказишда давом этмоқда. Қу-йида унинг навбатдаги мулоҳазалари билан танишамиз.

***

- Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати, яъни Олимпиадага йўлланма берувчи мусобақада вакилларимиз яна Жанубий Корея термасига қарши баҳс юритишади. Пекин Олимпиадаси йўлида Ўзбекистон термаси корейслар билан 4 марта тўқнаш келиб, бирор марта ғалаба қозонмаганди. 2016 йили Қатардаги қитъа биринчилигида ҳам айнан Жанубий Корея термасига ютқазгандик. Эронликлар билан эса олимпиячиларимиз Афина-2004 саралаш босқичида икки марта тўқнаш келиб, умумий - 1:9 ҳисобида имкониятни бой беришганди.

***

- Александр Кокорин ва Павел Мамаевнинг озодликка чиқишгани сўнгги ҳафталарда Россия футболида рўй берган энг диққатга молик воқеадир. Жиноят иши ҳамда Кокориннинг «Зенит»да рўйхатга олиниши бўйича саволларни батафсил муҳокама қилмаймизда, Питер клуби устози Сергей Семакнинг фикрларига назар соламиз: «Кокориннинг ҳолатини билиш учун уни синовдан ўтказамиз. Футболчи аввалига индивидуал тарзда шуғулланади, умумий гуруҳга қўшилишга тайёрлигини исботласа, умумий машғулотга қўшилади». Яъни Кокорин (қамоққа олиниб, жиноий жавобгарликка тортилгунга қадар:

- асосий таркиб футболчиси;

- Россия термасига номзод;

- жазони ўташ муассасасида ҳам шуғулланиб, ўртоқлик ўйинларида тўп сурган шахс) умумий гуруҳга қўшилиш учун дастлаб индивидуал тарзда машғулот ўташи лозим. Айни вақт менга (нафақат менга) ижтимоий тармоқлар орқали қуйидаги мазмунда хабарлар келиб туради:

- Қишлоғимизда иқтидорли бир йигит бор. У бир ўзи 20 нафар рақибини алдаб ўтиши мумкин. Шу болани дарҳол миллий термага олиш керак. Барча професионалларимиз тў-йиб қолишган, уларни аллақачон оддий қишлоқ йигитларига алмаштириш лозим. Бу болалар озгина пул ва Ватанга нисбатан  соф муҳаббат эвазига ҳар қандай рақибни енгишади.

Бизда бу тариқа фикр юритиш янгилик эмас. Умуман, қайси соҳа бўлмасин, профессионаллик энг муҳим сифат эмас, деб ҳисоблаш одат тусини олган. «Бир киши эпладими, бошқаси ҳам уддалайди» қабилидаги фикрни такрорлашни хуш кўришади дилетантларимиз. «Асосийси, Ватанни севсин», дея ўз мулоҳазаларига изоҳ келтиришади. Агар уларга қарши фикр билдириб кўринг-чи, шу заҳоти халқ душманига айланасиз.

Яна бир киши шундай ёзди:

- Равшан Эрматов билан гаплашасиз-ку, айтинг, мен термани бошқаришга тайёрман.

- Мураббийлик лицензиянгиз борми?

- Бу муаммо эмас-ку. Агар мураббийликка тайинлаш масаласида кафолат беришса, дарҳол лицензия оламан. Қарзга пул олиб бўлса ҳам...

Қишлоқ ёки маҳалла жамоасидан бирданига термага кириш мумкин экан, йиллаб машғулот ўтказишнинг нима кераги бор? Бир зумда миллий терма бош мураббийига айланиш имкони бор экан, институт ва мураббийлик курсларида ўқишдан нима наф?

***

- «Футболиум» каналида «Сўнгги 12 йил ичида Ўзбекистон термасини бошқарган қайси мураббий ишини энг муваффақиятли, деб ҳисоблайсиз?» мавзусида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари қуйидагича кўриниш олди:

Вадим Абрамов (2010-2012 йиллар) - 66 фоиз

Миржалол Қосимов (2008-2010 ва 2012-2015 йиллар) - 14 фоиз

Рауф Инилеев (2007-2008 йиллар) - 13 фоиз

Самвел Бабаян (2015-2017 йиллар) - 5 фоиз

Эктор Купер (2018-2019 йиллар) - 2 фоиз

Демак, тажрибани давом эттирамиз. Тушунишимча, барча хоҳловчилар овоз бериб улгуришди ва сўров натижалари якуний, деб ҳисобласак бўлаверади. Энди ушбу мураббийларнинг Ўзбекистон термаси бошқарувидаги кўрсаткичларига назар солсак.

Рауф Инилеев

Осиё кубоги-2007 - чорак финал

ЖЧ-2010 саралаш босқичи - иккинчи раунд йўлланмаси (биринчи раундда 6та ўйиндан 5та ғалаба)

Инилеев саралашнинг иккинчи босқичидаги дастлабки 2та ўйинда мағлубиятга учралгач, истеъфога чиққан (умумий ҳисобда миллий терма Инилеев бошчилигидаги сўнгги 5та ўйинда ғалаба қозонмади, бирорта гол урмади).

Вадим Абрамов

Осиё кубоги-2011 - 4-ўрин

ЖЧ-2014 саралаши - иккинчи раунд йўлланмаси (биринчи раундда 6та ўйиндан 5та ғалаба ва 1та дуранг)

Иккинчи раунднинг дастлабки ўйинидаги мағлубият учун бўшатилди (5 нафар  футболчи атайин сариқ карточка олгани туфайли дисквалификация қилингани сабабли ушбу ўйинни ўтказиб юборган).

Миржалол Қосимов

Осиё кубоги-2015 - чорак финал

ЖЧ-2010 саралаши - иккинчи босқичда 4-ўрин

ЖЧ-2014 саралаши - иккинчи босқичда 3-ўрин (тўплар нисбатига кўра), «плей-офф»да Иордания термасига пенальтилар сериясида имконият бой берилган

ЖЧ-2018 саралашининг биринчи раунди дастлабки ўйинидаги мағлубиятдан кейин истеъфога чиққан.

Самвел Бабаян

ЖЧ-2018 саралаш турнири - иккинчи раунд йўлланмаси (7та ўйиндан 7та ғалаба), иккинчи раундда 4-ўрин

Иккинчи раунд якунлангач, вазифа бажарилмагани учун истеъфога чиққан (2017 йили ўтказилган 5та ўйинда 1та ғалаба қайд этилиб, 1та гол урилган).

Эктор Купер

Осиё кубоги-2019 - 1|8 финал

ЖЧ-2022 саралашининг биринчи раунди дастлабки учрашувидаги мағлубият сабаб истеъфога чиқарилди.

Гўёки, сўров натижалари мураббийларнинг кўрсаткичларига ҳамоҳангдек, айниқса, жамоанинг Осиё кубогидаги натижалари инобатга олинса. Яна бир муҳим жиҳат ҳам борки, бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз.

***

- Келинг, Ўзбекистон термасининг турли мураббийлар давридаги кўрсаткичларини таққослаб кўрамиз. Тажриба шаффофлигини таъминлаш учун рўйхатга Равшан Ҳайдаровни ҳам киритдим.

Ғалабалар фоизи

Вадим Абрамов - 39 фоиз (28та ўйинда 11та ғалаба)

Эктор Купер - 41 фоиз (17та ўйинда 7та ғалаба)

Миржалол Қосимов - 41 фоиз (54та ўйинда 22та ғалаба)

Рауф Инилеев - 45 фоиз (29та ўйинда 13та ғалаба)

Равшан Ҳайдаров - 52 фоиз (25та ўйинда 13та ғалаба)

Самвел Бабаян - 67 фоиз (24та ўйинда 16та ғалаба)

Мағлубиятлар фоизи

Вадим Абрамов -  43 фоиз (28та ўйинда 12та мағлубият)

Рауф Инилеев - 38 фоиз (29та ўйинда 11та мағлубият)

Эктор Купер - 35 фоиз (17та ўйинда 6та мағлубият)

Миржалол Қосимов  - 31 фоиз (54та ўйинда 17та мағлубият)

Самвел Бабаян - 25 фоиз (24та ўйинда 6та мағлубият)

Равшан Ҳайдаров - 24 фоиз (25та ўйинда 6та мағлубият)

Урилган голлар (ўртача)

Эктор Купер - 1,12та (17та ўйинда 19та гол)

Миржалол Қосимов - 1,22та (54та ўйинда 66та гол)

Вадим Абрамов - 1,36та (28та ўйинда 38та гол)

Самвел Бабаян - 1,46та (24та ўйинда 35та гол)

Равшан Ҳайдаров - 1,80та (25та ўйинда 45та гол)

Рауф Инилеев - 2,03та (29та ўйинда 59та гол)

Қўйиб юборилган голлар (ўртача)

Самвел Бабаян - 0,63та (24та ўйинда 15та гол)

Эктор Купер - 0,94та (17та ўйинда 16та гол)

Миржалол Қосимов - 0,96та (54та ўйинда 52та гол)

Рауф Инилеев - 1,10та (29та ўйинда 32та гол)

Равшан Ҳайдаров - 1,20та (25та ўйинда 30та гол)

Вадим Абрамов - 1,46та (28та ўйинда 41та гол)

Бу рақамлар нима ҳақида сўзлаяпти? Ҳеч нарса ҳақида. Ёки аксинча, кўп нарса ҳақида. Ёлғоннинг уч босқичи (ёлғон, ғирт ёлғон ва статистика) хусусидаги гапни ёдга олиш мумкин. Одамларнинг кўп ҳолларда ақл, бундан ҳам кўпроқ вазиятда қалб билан овоз беришлари хаёлга келади. Бошқача айтганда, сўнгги инстанцияда ҳақиқат йўқдек, ҳар ким ўз фикрига эга. Ҳар ким ўзи тўғри санаган нарсани танлайди. Кимдир чиройли ўйин тарафдори, кимгадир натижа муҳим. Ҳар кимнинг ҳужум ва ҳимоя борасида ўз қарашлари мавжуд. Айрим одамларга майдон ташқариси ва унинг ичидаги ҳаракатлар билан бир хил аҳамиятга эга. Ғалаба учун пасткашликни ҳам кечирадиганлар бор. Барчамиз турлимиз, ҳар биримизнинг ҳуқуқимиз бор. Фақат бошқалар фикрини ҳурмат қилишни ҳам билиш лозим. Термага чақирилган ҳар бир футболчи ҳақида гап-сўзларни кўпайтириш шарт эмас. Ҳар бир мураббийнинг (ҳар бир ишқибоз сингари) ўзи ёқтирган ва ёқтирмаган жиҳатлари бор. Турли маслаҳатчилар сизга нима де-йишларидан қатъий назар, Купер ҳам футболчилар танлашда ўзига яраша субъектив қарорлар чиқарган. Ундан аввал ишлаган ва кейин ишлайдиган мураббийларда ҳам худди шундай. Зеро, охирида натижа учун айнан мураббий жавоб беради. Биздан эса фақат севимли жамоаларимизга мухлислик қилиш талаб этилади, уни ким бошқариши, таркибда кимлар ўйнашидан қатъий назар. Мураббий ва футболчилар алмашишади, жамоа эса қолади.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz