Қайднома

Қидирув

Ислом Қобилов: «Қатар ва Япония ОТЖнинг даражаси бизникидан юқори»

Ислом Қобилов: «Қатар ва Япония ОТЖнинг даражаси бизникидан юқори»

  05.10.2019 05:00
  0
  647
Ислом Қобилов: «Қатар ва Япония ОТЖнинг даражаси бизникидан юқори»

Жорий мавсум кутилмаган натижалар ва мухлисларбоп футбол намойиш этаётган Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси маълум вақт тушкун ҳолатда қолганди. Аниқроғи, жамоа ўйинида бироз пасайиш юз берганди. «Сўғдиёна» билан Ўзбекистон кубогидаги мураккаб баҳсда омад туфайли ғалаба қозонди, тажрибали ва маҳорат жиҳатидан бир бош устун бўлган «Локомотив» билан муроса кўчаси танланди. Қўқонда эса қандай ҳодиса рўй берганини барча кўрди (0:3). Аммо «қалдирғочлар» олға юришда давом этишди ва Coca Cola Суперлиганинг навбатдаги турида ўз майдонларида «Қизилқум» устидан ғалаба қозониб, қимматли уч очкога эга бўлишди. Тошкентдаги баҳс якунида жамоадаги ички муҳит ва айни вақтдаги ҳолат бўйича  «Бунёдкор» ҳимоячиси Ислом Қобиловдан интервью олдик.

 

- Ислом, «Бунёдкор» мавсум давомида ёрқин ўйин намойиш этиб келаётганди, аммо айни пайтга келиб жамоада бироз пасайиш кузатилгандек кўринди.

- Муваффақиятсиз учрашувларда етакчиларимизсиз ҳаракатлангандик. Албатта, уларнинг ўрни билинди. Масалан, майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарувчи Лутфулла Тўраев, Мурод Зуҳуровлар бизга ёрдам бера олишмади. Бошқа томонлама олиб қаралса, иккинчи даврада кўпгина жамоалар таркиби сезиларли равишда кучайтирилди.

- Қўқондаги мағлубиятни сенсацияга қиёслаш ўринлими?

- «Қўқон-1912» ҳақли равишда ғалаба қозонди, дейиш мумкин. Чунки шу куни ҳар томонлама ўйинимиз қовушмади. Баҳсдан аввал икки жамоанинг ҳам имкониятлари тенг баҳоланганига қарамай, мезбонлар биринчи бўлимда дарвозамизни икки бор ишғол қилишди.

- «Бунёдкор»нинг деярли олти нафар футболчиси олимпия терма жамоаси аъзоси саналади. Шундай экан, чарчоқ аломатлари сезилиши табиий...

- Тўғри, термадан клуб ихтиёрига қайтганимиздан сўнг биринчи эътиборни тикланишга қаратамиз ва тезда яна жамоага мослашиб олишга интиламиз. Асосийси, бўлажак ўйинларгача клуб ритмига мослашиб олишимиз керак.

- Иккинчи даврада таркибга қўшилган легионерлар Евгений Чумак ва Дмитрий Островский маҳаллий футболчилар билан чиқишиб кета олдиларми?

- Албатта, бу борада Чумак ўзини яхши ҳис қиляпти. Дастлабки учрашувда асосий таркибда майдонга тушди, «Қизилқум» билан кубок баҳсида муҳим голни урди. Менимча, мухлисларда ёмон таассурот қолдирмади. Островский энди мослашаётган вақтда оғир жароҳатга йўлиқди. Ёшлар жамоасида тўп суриш орқали аввалги формасига қайтмоқда.

- Кўплаб танқидларга сабаб бўлган «Бунёдкор»нинг уй стадиони майсаси ҳақида қандай фикр билдирасиз?

- Айни пайт аввалгидан яхши, «Локомотив» билан ўйинда бу сезилди. Майдон қай даражада футболчилар учун қулай бўлса, ўйин сифати ҳам шунча ошади. Масалан, ТТЙМИдаги майса ажойиб. У ерда ўзимизнинг энг яхши ўйинларимизни кўрсата олдик.

- Мезбон мақомида узоқ муддатдан буён ғалабали серия қайд этиб келяпсизлар, аммо сафардаги беллашувларда аксинча ҳолат кузатиляпти...

- Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради, дейишади. Боз устига, футболчилар мезбон сифатида ўзларини эркин, босимсиз ҳис қилишади. Ҳар бир жамоа ўз майдонида юз фоизлик натижа қайд этгиси келади.

- Жорий йилдан эътиборан олимпия термасини сардорлик боғичи остида майдонга бошлаб тушяпсиз. Бу сизга қўшимча куч ва масъулият беряптими?

- Албатта, ўзига яраша қийинчилиги ҳам бор. Биласиз, олимпия жамоаси миллий термадан кейинги ўринда туради. Масъулияти катта, уни ҳис қиляпман.

- Сиз ва дўстларингиз Осиё чемпионати ғолиблари сифатида янги жалб этилган футболчиларга қандай йўл-йўриқ кўрсатяпсизлар?

- Ҳозирги таркибдагилардан Нурилло Тўхтасинов, Бобур Абдухолиқов, Ҳожиакбар Алижонов, Азиз Ғаниев, Ойбек Рустамов, Достон Ибрагимов, Умид Эргашев кабилар бир-бирларини тўрт йилдан буён жуда яхши танишади. Ўша Жасур Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидан бошлаб ҳозирга қадар биргалар. Янги жалб этилганлар - Асад Собиржонов, Абдувоҳид Неъматов, Жасур Жалолиддиновлар билан миллий чемпионатимизда кўп бор тўқнаш келганмиз. Уларга керакли пайтда маслаҳатлар бериб турамиз.

- Жамоаларимиз Япония, Жанубий Корея, Австралия каби термалар савиясига чиқдими? Ёки бунга ҳали вақт зарурми?

- Албатта, U-19, U-23 тоифасидаги термаларда йигитларда қўрқув ёки ҳаяжон бўлмайди, чунки ўз тенгқурлари билан тўп суришади. Қатар, Япония ОТЖ аъзолари билан гарчи тенгдош бўлсакда, уларнинг ҳозир даражаси бизникидан юқори. Чунки кучли термалар билан ўртоқлик ўйинларида иштирок этишяпти. Феликс Санчес Copa America мусобақасига деярли ёш футболчиларни олиб борди. Парагвай билан дуранг ўйнашди, демак, биз каби рақиблар билан хотиржам тўп суришади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz