Қайднома

Қидирув

Бўш келма, «Интер»!

Бўш келма, «Интер»!

  06.10.2019 09:15
  0
  373
Бўш келма, «Интер»!

«А» сериянинг янги мавсуми бошланганидан кейин 6та тур ўтказилди. Турнир жадвалида эса ноодатий ҳолат ҳукм сурмоқда: «Юве» 16 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Пеш-қадам - «Интер», «нерадзурри» 18 очко жамғарган, тўплар нисбати - 13:2 (туринликлардан кўп гол уриб, кам ўтказиб юборган).

«Интер»нинг жорий мавсумдаги иштироки бўйича билишимиз керак бўлган энг муҳим жиҳатлар:

* Раҳбарият янги футболчилар учун деярли 140 миллион евро сарф­лади. Уларнинг ҳаммаси «А» сериянинг жорий мавсумида 7та гол ва 8та самарали узатма муаллифлари бўлишди. Мазкур ҳолатда Беппе Маротта янгиларни танлашда Антонио Контенинг хоҳишига кўра иш тутди. «Конте - буюк мураббий. Унинг танловига ишонамиз. Албатта, Антонио истаган ҳамма футболчиларни ҳам сотиб ололмадик, аммо у харидлардан мамнун», - деди Маротта ёзги трансферларга муносабат билдираркан.

* Умумий натижалар ажойиб. 6 ўйинда 6 ғалаба. Антонио Конте эса тайинловдан кейин Италия чемпионатида қаторасига 6та ғалабага эришган биринчи мураббий сифатида «Интер» клуби тарихига кирди. Ҳа, «нерадзурри» сўнгги 53 йилда илк марта «А» серия стартидаги 6та баҳс­да зафар қучди.

* Энг яхши харид ким? Лукакуми? Санчесми? Йўқ - Сенси. Ушбу футболчи «А» сериянинг дастлабки 6та ўйинида «гол}пас» тизимида 3}4 кўрсаткичини қайд этди (Transfermarkt маълумоти). Эътиборлиси, Сенсининг трансфери «Интер» учун анча арзонга тушди: бир йиллик ижара ва 22 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи.

* Маротта томонидан амалга оширилган яна бир ажойиб келишув - Алексис Санчеснинг ижараси. «Интер» чилилик ҳужумчини бир мавсумга ижарага олди. Алексиснинг ҳужжатдаги маоши миқдори 12 миллион бўлсада, миланликлар фақат 5 миллионини тўлашади. Санчес «Интер» сафида 3та ўйин ўтказди. Жамоанинг сўнгги учрашуви («Сампдория»­га қарши) Алексис учун бошланғич таркибдаги дебют ўйин бўлди. 46 дақиқа ичида у битта гол уриб, симул­яция ишлатгани сабабли майдондан четлатилди.

* Шунингдек, Конте таркиб бўйича муаммони осон ҳал қилди. Икардини ҳайдади - Мартинеснинг ўйини қовушиб кетди (6та ўйинда гол ва самарали узатма). Мазкур ҳолатда ушбу футболчининг бирор маротаба ўйинни тўлиқ ўтказмаганини инобатга олиш даркор. Брозович билан ярашди, энди «А» сериянинг жорий мавсумида бу футболчи ҳисобида иккита гол бор.

Катта эҳтимол, Контенинг энг катта ютуғи - ҳимоя чизиғи бўйича ишлаш бўлди. Энди «Интер»нинг мудофаа марказида Годин, де Врей ва Шкриньяр бор. «Нерадзурри» «А» сериянинг бир ўйинида ўртача 0,3та гол ўтказиб юборди - Моуриньо давридаги кўрсаткичдан ҳам яхши (португалияликнинг сўнгги мавсумида натижа 1,1 бўлганди).

* Энг қизиғи, Пиоли ҳам, Спаллетти ҳам «Интер»ни Контенинг келишига идеал тарзда тайёрлашганди. Ҳар икки мутахассис уч ҳимоячи ва икки латераль схемасини қўллашган - бу эса Контега ҳам ёқади. Фарқ шундаки, Opta маълумотларига кўра, Спаллетти ишлаган давр билан солиштирганда, Д~Амброзио ҳамда Асамоа ҳозир 10 фоиз кўпроқ вақтларини ҳужум чизиғида ўтказишмоқда.

«Мен танлаган футбол ҳамиша тартибга асосланади, бизда ғоя бор ва астойдил ишлаяпмиз. Биздан барқарорликни сақлаб қолиш талаб этилади. Жорий мавсумдаги иштирокимиз уюшқоқлик ва сифат даражамизни кўрсатиб берди, лекин менталитет ҳам аҳамиятга эга ва мураккаб вазиятлардан чиқишни ҳам ўрганишимиз лозим. Мен жамоага футбол ҳақида тўлиқ тасаввур берадиган мураббийман. Афтидан, услубим урфга айланмоқда, чунки Англияга борганимда, ҳеч қайси жамоа уч ҳимоячи услубини қўлламасди, энди эса инглизлар термаси ҳам шундай ўйнаяпти. Италияга қайтганимда ҳам кўплаб жамоа­ларнинг уч ҳимоячи тактикасини қўллашаётганини кўрдим», - дея ўз футболи ҳақида фикр билдирди Конте.

«Интер»да ҳамма аҳил-иноқ. Футболчиларнинг фикрлари ҳам буни исботлаши мумкин.

Ромелу Лукаку: «Конте билан муносабатимиз яхши, 26 ёшимда менга ҳар куни мотивация берадиган мураббийни хоҳлагандим. Мазкур жамоада у билан бирга ишлаётганимдан хурсандман».

Диего Годин: «Ўз ғояларига шу қадар ишонадиган мураббийнинг борлиги футболчилар учун мавсумнинг ҳар бир қисмида ўта муҳимдир».

Стефано Сенси: «Янада яхшироқ ўйнаб, кўпроқ гол уришимиз керак, лекин натижалар бизни қониқтирмоқда. Эртадан бошлаб кейинги ўйин­га эътибор қаратсак бўлаверади. «Интер»нинг олдида кўплаб мақсадлар бор, уларни амалга ошириш учун барчамиз бирдек меҳнат қиляпмиз».

«Интер» футболчилари максимал даражада мотивацияга эгалар. Афтидан, сўнгги йилларда илк марта скудетто йўлида «Юве»га муносиб рақобатчи топилганга ўхшайди.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz