Қайднома

Қидирув

Даврон Ҳошимов: «Эктор Купер мени ўзгартирди»

Даврон Ҳошимов: «Эктор Купер мени ўзгартирди»

  07.10.2019 02:48
  0
  1541
Даврон Ҳошимов: «Эктор Купер мени ўзгартирди»

Мухлислар айрим севимли футболчиларини жаҳон юлдузларига қиёслашга ўрганишган, албатта, яхши маънода. Уларнинг ўйин услубида гўёки, Неймар ёки Мессини кўришади. Бугунги суҳбатдошимизни ҳам ҳанузгача бразилиялик Майконга ўхшатишлари бор гап. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг галдаги ўқув-машғулот йиғинига жалб этилмаган Даврон Ҳошимов билан уюштирилган интервью давомида ЖЧ-2022 саралаши, Купернинг истеъфосига сабаб бўлган мағлубиятли ўйин ва бошқа мавзулар бўйича суҳбатлашдик.

- Одатда, жамоаларда мураббий алмашгач, ижобий натижалар кузатилади. «Локомотив»да эса... Жамоага нима бўляпти?

- Ҳаммаси жойига тушиб олиши учун вақт керак. Ҳар бир мураббийнинг ўз фалсафаси ва услуби бўлади. Ҳозир Самвел Вячеславович жамоада ўз услубини шакллантиришга уринмоқда. Албатта, маълум вақтдан кейин бу ўз натижасини бермай қолмайди.

- Даврон Ҳошимовни мухлислар, майдонда оғир характерли, агрессив футболчи сифатида танишади. У ҳаётда қандай?

- Майдондан ташқарида ўта камгап ва оғир-босиқман. Лекин футбол ичида бунинг тескариси - майдонга тушганим заҳоти фақат ўйин ҳақида ўйлайман. Жудаям киришиб кетганимдан бўлса керак, кўпинча ўзимни босолмай қоламан. Баҳс давом этаётган пайтда фикру хаёлим ғалаба билан банд бўлади.

- Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ устози Эктор Купер даврида сиз мунтазам равишда асосий таркибда майдонга тушдингиз. Аргентиналик ҳақида қандай фикрдасиз?

- Жуда кучли тактик, ҳар жиҳатдан етук мутахассис. Ҳар бир футболчига алоҳида ёндашади, ранг-баранг машғулотлари кишига завқ бағишлайди. Катта ҳаёт тажрибасига эга. Ҳимоявий футболни хуш кўриши ҳақиқат, яширмайман. Фақат ўйинни орқадан бошлаш услуби бизнинг футболга мос келмади, деб ўйлайман.

- Вадим Карленович сизни нав­батдаги йиғинга жалб этмади. Ранжигандирсиз?

- Асло, хафа бўлганим йўқ, чунончи, Купернинг услуби бошқа, Абрамовники бошқа. Миллий термага бўлажак баҳсларда омад тилайман.

- Жорий йил «темирйўлчилар»да пасайиш юз берди. ОЧЛдаги иштирок ҳам кўнгилдагидек бўлмади...

- Мавсум бошида «Локо»ни Икром Алибоев, Марат Бикмаев, Садриддин Абдуллаев каби етакчилар тарк этишди. Биринчи давра ярмида мураббий алмашди. Ўйинга ёндашув ўзгарди. Рақибларимиз ҳам кучайгани эътиборга молик. Лекин қандай вазият юзага келган тақдирда ҳам Осиё Чемпионлар Лигасига чиқишимиз шарт.

- Шоҳруҳ Гадоев билан юз берган ўша машҳур тўқнашувдан сўнг иккингизнинг муносабатингиз қандай кечди? Ахир сиз етказган жароҳат туфайли у деярли бир йил футбол ўйнамади.

- Бундай ҳолат футболда учраб туради. Кўришганда илиқ салом-алик қилиб турамиз.

- Аввалари қизиққонлигингиз сабабли термада ҳам, клубда ҳам жамоадошларингизни оғир аҳволга солиб қўйган ҳолатлар кўп бўларди. Лекин бу йил бироз босилгандексиз. Балки ўзгаришингизда Купернинг ҳам ўрни бордир?

- Гапингизда жон бор. Осиё кубогидан олдин, адашмасам, Австралия йиғини доирасида ўтказилган Ливанга қарши ўртоқлик учрашувида қизил карточка олиб, жамоани қийин вазиятда қолдирдим. Эктор Купер хонасига чақирди ва мен билан бафуржа суҳбат қурди. «Менга кераксан. Руҳан тушкунликка тушиб қолма, сенинг имкониятларинг анча юқори», деди. Унинг мана шу сўзлари менга умид ва далда берди. Осиё кубогида менимча, ёмон тўп сурмадим, мухлислардан эътирофлар эшитдим. Қайсидир маънода, Купер мени ўзгартирди.

- Хўш, асосий таркибда майдонга тушган футболчи сифатида айтинг-чи, Фаластин термаси билан учрашувда нима бўлди?

- Шу куни билмадим, нима учундир ўйинимиз чиқмади. Атайлаб уюштирилган қабилидаги гап-сўзлар бу ерда ортиқча. Биз мураббийга ишонардик, уни қўллаб-қувватлашга тайёр эдик. Мухлисларни тушуниб турибмиз, ҳеч қачон гол ўтказмаган ва ҳатто дуранг қайд этмаган жамоага мағлуб бўлиш улар учун ҳам оғир зарба. Лекин ишонтириб айтаманки, футболчиларнинг жаноб Куперга қарши бундай муносабатда бўлишлари адолатсизлик бўларди. Айримларнинг билиб-билмай ноўрин миш-мишларни тарқатишлари нотўғри, албатта.

- Сизнингча, Вадим Абрамов жамоага мотивация ва ҳужумкор ўйинни қайтара оладими?

- Абрамов кучли мутахассис. МТЖда ҳам юқори натижаларга эришган, унинг бошқарувида жамоа тартибли ва ҳужумкор ўйин кўрсатади. Бу эса мухлисларга манзур бўлади. Асосийси, халқимиз ва ишқибозлар унга ишонишлари лозим. Вадим Карленович ўз ишининг устаси, ҳақиқий профессионал.

- «Локомотив» билан шартномангизни узайтирдингизми ёки янги таклиф борми?

- «Темирйўлчилар» билан янги келишув масаласини декабрь ойида гаплашиб оламиз. Турли жамоалардан таклифлар бор, лекин уларнинг номи сир бўла қолсин.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: the-uff.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz