ФИФА томонидан йилнинг энг яхши мураббийи унвонига лойиқ топилган Юрген Клопп soccer.ru сайти орқали ҳаёт ва футболга оид ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди.
Барчамиз тез-тез хатоларга йўл қўйишимиз ҳақида
Кишилар мураббий ва футболчиларни даҳолардек кўкларга кўтаришларини Клопп ёқтирмайди. Шу сабабли у ўз ҳикоясини «шармандали воқеа» билан бошлади: 2011 йилда «Боруссия» Дортмунднинг сафарда «Бавария» устидан эришган охирги ғалабасига 20 йил тўлди. Роппа-роса 20 йил!
Юрген Клопп - Рокки Бальбоа фильмларининг ашаддий ишқибози. Бир куни мураббий ўз шогирдларини илҳомлантириш мақсадида оташин нутқ яратишга қарор қилди ва унга фильм сюжетини асос қилиб олди. Барча футболчиларни меҳмонхонага жамлагач, «Бавария»ни Драгога, «Боруссия»ни эса Роккига қиёслади. Кейин нималарнидир қоғозга туширди. Бироқ кутилган натижага эриша олмади:
«Жон куйдирган ҳолда узоқ вақт маъруза ўқидим. Кейин нутқим шогирдларимга қандай таъсир кўрсатганини билиш ниятида тўхтадим. Улардан маърузам таъсирида ғайрат-шижоатларини жиловлай олмай, ўриндиқлардан туриб кетишларини, керак бўлса, Сибирь тоғларини забт этишга тайёр эканликларини айтишларини кутгандим. Аммо шогирдларим маъюс кўзларини менга тикканча жимгина ўтиришарди. Уларнинг лоқайд нигоҳларидан ажабланишни уқдим: «Нималар бўляпти, ўзи? Боядан бери бу «томи силжиган» одам нима деб вайсаяпти?» Фақат шундан кейингина «Рокки-4» 80-йилларда яратилганини эслаб қолдим. Қизиқ, шогирдларим қачон туғилишган? Дарҳол аниқлик киритдим: «Бир дақиқа, йигитлар. Рокки Бальбоани биладиганлар қўлларини кўтаришсин». Фақат икки футболчи - Кель ва Овомойела қўлларини кўтаришди. Қолганлари: «Йўқ, босс, кечирасиз», дейишди». Хуллас, оғиз чарчатиб шунча жавраганларим қуруқ сафсата бўлиб қолди! Мавсумнинг энг муҳим беллашуви, эҳтимол, айрим шогирдларим ҳаётидаги ҳал қилувчи баҳсдир. Мураббий эса қандайдир янги технологиялар ва Сибирь тоғлари билан уларнинг бошларини қотириб ўтирибди. Бунга ишониш мумкинми? Нутқни қайтадан кўриб чиқишга мажбур бўлдим. Бу бўлган воқеа. Биз ҳаммамиз оддий одамлармиз, баъзан ўзимизни ўзимиз шарманда қиламиз. Шунақа ҳодисалар ҳам учраб туради. Ўзимизча футбол тарихидаги энг буюк нотиқлик санъатини намойиш этишга уринамиз, бироқ амалда беҳуда сафсата билан ҳамманинг вақтини ўғирлаймиз. Эртасига ҳеч нарса бўлмагандек ишимизни давом эттирамиз.
Нима футболдан муҳимроҚ эканлиги ҳаҚида
Ўзининг оддий кишилар орасида ўтган даврини Юрген самимийлик билан хотирлайди. Агар шахсан Майкл Жей Фокс вақт машинасида Клоппнинг ёнида пайдо бўлиб, унинг тақдирини башорат қилганида, ҳамроҳи барибир ишонмаган бўларди. Ахир у ўша пайтда ёш оиласини боқиш учун тер тўкиб юрган оддий ишчи эди-да:
«20га чиққан пайтимда ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборадиган ҳолатни бошдан кечирдим. Ўзим ёш йигит бўлсамда, ота бўлгандим. Очиғи, ҳавас қилишга арзимайдиган давр: ҳаваскорлар лигасида тўп суришни давом эттирган ҳолда университетда ўқирдим. Таҳсил ҳақини тўлаш учун эса фильмлар сақланадиган омборда юк ташувчи бўлиб ишлардим.
Ёш футбол мухлислари учун эслатма: гап замонавий DVD ҳақида кетмаяпти. 80-йиллардаги кинотасмалар анча оғир бўлган. Юк машиналари эрталаб 6да омборга келишар, биз плёнкалар жойланган металл канистраларни машинага юклаб, қайтиб келганларини туширардик. Улар жуда оғир эди. Шу сабабли биз кинотеатрлардан кўп серияли фильмларга буюртма келмаслигини Яратгандан сўрардик.
Мен суткада атиги 4 соат уйқу билан кифояланишга мажбур эдим, тонгда омборга, кейин ўқишга йўл олардим. Кечқурун жамоа билан машғулотларда бўлардим. Уйга қайтганда эса, озгина бўлсада ўғлимнинг ёнида бўлишга интилардим. Ҳа, оғир дамларни кўрдим, лекин шу қийинчиликлар менга чинакам ҳаётий сабоқ бўлди. Жуда барвақт жиддий бўлиб қолдим. Оқшомда улфатлар қаҳвахоналарга чақиришар, аммо мен бормасдим. Гарчи аъзои баданим дам олиб, хурсандчилик қилишга мойил бўлсада, мен рад этардим. Чунки энди фақат ўзим эмас, оилам учун ҳам яшардим. Болалар эса нечоғли чарчаганинг, тушгача мириқиб ухлашни фақат орзу қила олишинг мумкинлигини тушунмайдилар. Уларнинг ўз дунёлари, шунга яраша эҳтиёжлари бор. Сен дунёга келишига сабабчи бўлган болакайга ғамхўрлик қилиш эса сенинг вазифанг. Мана буни чинакам машаққат деса арзийди. Яшил майдонда юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай қийинчилик унга тенглаша олмайди!
Баъзан кишилар нима учун доимо кулиб юришимни сўрашади. Ҳатто мағлубиятга учраганимиздан ке-йин ҳам табассум билан интервью бераман. Бунинг сабаби шуки, фарзандим дунёга келганидан кейин футбол ҳаёт-мамот жанги эмаслигини англадим. Биз ҳаётни сақлаб қолишга қодир эмасмиз, аммо унга файз, жило, мазмун бахш эта оламиз. Футбол инсонга азоб-уқубат ва нафратни эмас, қувонч ва илҳом бериши керак. Айниқса, болаларга!
Шу жажжигина думалоқ тўп қанчадан-қанча футболчилар ҳаётини тубдан ўзгартириб юборганига ўзим гувоҳман. Муҳаммад Салоҳ, Садио Мане, Роберто Фирмино ва бошқа шогирдларим муваффақиятга эришиш учун ўта машаққатли, ҳайратланарли даражадаги ўзига хос йўлни босиб ўтишди. Германияда мен дуч келган қийинчиликлар улар бартараф этган тўсиқлар олдида ҳеч нарса эмас. Тўғри, бу футболчилар ҳам жуда кўп марта ҳаммасига қўл силташлари, таслим бўлишлари мумкин эди. Бироқ бундай қилмасликка, «бебурд» номини олмасликка ўзларида куч топа олишди. Йўқ, улар даҳо эмаслар, шунчаки, ўз орзуларидан воз кечмаган футболчилар, холос».
Футболдаги муваффаҚиятнинг
98 фоизи хусусида
Клопп ҳикоясидаги энг муҳим жиҳат - нафақат футбол, балки бошқа соҳаларда ҳам кишилар мағлубиятни ўзига хос сабоқ сифатида қадрлай олмасликлари ва мураббий учун ғалабага худди ўзи каби шубҳа қилмайдиган шогирдлар қуршовида бўлиши муҳимлиги:
«Ўйлашимча, футболдаги муваффақиятнинг 98 фоизини мағлубиятга бўлган ўринли муносабат, уни табассум билан қабул қилиш ва ке-йинги ўйиндан лаззатланиш таъминлайди. Ўз хатоларимдан сабоқ олишни фаолиятимнинг илк кунларидан бошлаганман. Ўша сабоқни ҳеч қачон унутмайман. Яшил майдондаги 10 йиллик фаолиятдан кейин «Майнц»ни мураббий сифатида қабул қилгандим. Муаммо шунда эдики, барча футболчилар яқин дўстларим эдилар. Бир «думалаб» устозга айланиб қолдим, улар эса аввалгидек «Клоппо» деб чақиришарди.
Дастлабки учрашувга таркибни эълон қилгач, ҳар қайси футболчи билан яккама-якка суҳбатлашиш керак, деган қарорга келдим. Режа ўта мураккаб эди, чунки улар икки кишилик хоналарга жойлашишганди. Энди тасаввур қилинг: биринчи эшикни очдим, икки ўйинчи икки қўшни каравотда ўтирибди. Биринчи футболчига юзландим: «Сен эртага майдонга тушасан». Кейин иккинчисига дедим: «Афсуски, сен таркибдан четдасан».
Иккинчи футболчи таажжуб билан савол берганидан кейин режам қанчалар бемаъни эканлигини англадим: «Аммо Клоппо... Нима учун?»
Бундай саволга жавоб йўқ. Қаноатлантирувчи ягона ибора: «Мен фақат 11 нафар ўйинчини майдонга тушира оламан». Афсуски, бу кўнгилсиз манзарани яна 8 марта кузатишимга тўғри келди - 18 нафар шогирдларим 9та икки кишилик хонага жойлашишганди. Ҳар сафар жавоби бўлмаган нохуш саволни эшитишга мажбур бўлдим: «Аммо Клоппо... Нима учун?»
Мана буни чинакам азоб дейиш мумкин! Мураббий сифатида йўл қўйган хатоларимнинг энг буюги. Бундай вазиятда қўлимдан нима келади? Балчиққа беланган пойафзални яхшилаб тозалаш ва хатони такрорламасликка аҳд қилган ҳолда йўлга отланиш.
Агар мағлубиятларнинг муҳимлигига шубҳа қилаётган бўлсангиз, эслатиб қўяман: фаолиятимдаги энг буюк зафар улкан омадсизликдан кейин дунёга келди.
Ўтган мавсум «Барселона»дан қабул қилинган 0:3 ҳисобидаги мағлубият энг ёмон натижа эди. Жавоб учрашувига тайёргарлик жараёнида ҳаммасини очиқ-ойдин баён этдим. Ҳеч қанақа Роккиларни тилга олмадим. Асосан тактика борасида тўхталдим. Шунингдек, бор ҳақиқатни гапирдим: «Биз дунёнинг энг яхши икки ҳужумчисисиз майдонга тушамиз. Барча мухлисларнинг фикрича, ғалаба қозонишимизнинг иложи йўқ. Тан оламан, улар ҳақлар. Аммо гап сиз ҳақингизда эканини инобатга олсак, бизда имконият бор».
Бу гапларга ўзим ҳам ишонардим. Гап шогирдларимнинг техник имкониятларида эмас, уларнинг қанақа йигитлар эканликлари ва ҳаётда қандай тўсиқларни енга олганликларида эди. Шундан келиб чиққан ҳолда қўшимча қилдим: «Мабодо, мағлубиятга учрасак, чиройли ўйин билан қабул қилайлик».
Албатта, буларни гапириш жуда осон, лекин амалга ошириш-чи? Мен ён чизиқда турган ҳолда бақиришдан бошқасига ярамайман. Барча қи-йинчиликлар майдондаги шогирдларимга юкланган.
Ана шу бебаҳо азаматлар ва «Энфилд»даги 54000 мухлис кўмагида биз уддалаб бўлмайдиган вазифани адо этдик. Футболнинг энг ажойиб хусусияти шуки, ҳеч ким ёлғиз ўзи ҳеч нарсага эриша олмайди. Ҳеч нар-са-га! Менга ишонаверинг».
Фаолиятидаги
асосий лавҳа ҳаҚида
Трент Александер-Арнольд томонидан амалга оширилган тарихий бурчак зарбаси Юрген Клопп фаолиятида ушалмас армон бўлиб қолди.
«Афсуски, ўша лавҳа ЕЧЛ тарихидаги энг ҳайратланарли лаҳза эди... Мен уни кўра олмадим. Балки бу футбол мураббийи ҳаётидаги энг зўр метафорадир, билмайман. Нима бўлганда ҳам, Трентнинг мукаммал ижросидан лаззатланиш менга насиб этмади. Тўпнинг майдон ташқарисига чиқиб кетганини кўрдим, Трентнинг бурчакка йўл олгани ва Шакири унинг ортидан эргашганини ҳам кўрдим. Бироқ кейин майдонга тушишга тайёрланаётган ўйинчи томон ўгирилдим. Ёрдамчим билан гаплашаётган паллада... Биласизми, ўша лаҳзани эсласам, баданим жимирлашиб кетади... Бирданига кучли шовқинни эшитдим. Майдонга ўгирилгач, тўпнинг дарвозага кириб кетаётганига кўзим тушди. Яна захира ўриндиғи томон юзландим ва Бен Вудберннинг саволини эшитдим: «Ҳозир қандай воқеа юз берди?» Мен жавоб қайтардим: «Ҳеч нарсадан хабарим йўқ!»
«Энфилд» ҳайқириқлардан тўлиб-тошган, ақлдан озганди. Ёрдамчимнинг саволини аранг эшитдим: «Ўйинчи алмаштирамизми?» Эҳ-ҳе, унинг бақириғини ҳеч қачон унутмайман, у бир умр мен билан яшайди. Тасаввур қилинг, 18 йиллик фаолият давомида миллионлаб соатни такрорий ўйинларга сарфлаган ҳолда, яшил майдонда юз берган энг ноёб томошани ўтказиб юбордим. Ўша оқшомдан кейин Дивокнинг голини 500000 мартадан кўпроқ томоша қилгандирман. Лекин ўз кўзларим билан фақат тўпнинг дарвозага кириб кетишини кўрдим, холос.
Ўйиндан сўнг кабинетимга қайтгач, бир қултум пивони ҳам юта олмадим, эҳтиёж сезмадим. Бир шиша сувни ушлаганча, сукунатга шўнғидим. Ўша лаҳзадаги кечинмаларимни таърифлашга ожизман. Уйга қайтганимда оила аъзоларим ва яқинларим улкан базм илинжида ўтиришган экан. Бироқ мен шунчалик толиққан эдимки, тўппа-тўғри ухлашга йўл олдим. Аъзои баданим жонсиздек эди.
Шу пайтгача бунчалик мириқиб ухламагандим. Энг ёқимли ҳолатга эрталаб дуч келдим: «Ҳаммаси туш эмас, ҳақиқат экан. Бу чиндан ҳам юз берган мўъжиза!» Мен учун футбол - чинакам илҳом бахш этадиган оташин нутқ! Биз чиндан ҳам Драгони маҳв этдик! Июнда нуфузли совринни Ливерпуль кўчаларидан олиб ўтганимиздан бери шу фикр мени тарк этмаяпти.
Ўша кунги шодиёнани таърифлай олмайман. Автобусда сайр қилар эканмиз, энди парад тугаса керак, деб ўйлардик. Ахир шаҳарда шунча одам тўпланишини тасаввур қила олмасдик. Бироқ намойиш давом этарди. Ўша куннинг эҳтирослари, ҳайрат ва муҳаббатини бир ерга жамлаб, дунёга тар-қатганимизда, у янада чароғон бўлиб кетарди».
Футбол вакилларининг омадлилиги хусусида
Кўтаринки кайфият ва ижобий эҳтиросларни шиша идишларга жойлаш ва кишиларга совға қилишнинг иложи йўқлигини тушунган мураббий ночорларга кўмак беришнинг бошқа йўлларини ахтариш керак, деган қарорга келди.
«Ҳаётимда ҳозиргача эришган барча неъматларни футбол туфайли қўлга киритдим. Энди мен қарзимни узмоқчиман. Гапириш осон, аммо қандай қилиб чинакам ўзгаришни амалга ошириш мумкин? Сўнгги йилда Хуан Мата, Матс Хуммельс, Меган Рапино сингари кўплаб футболчилар «Common Goal» ҳаракатига қўшилишгани мени тўлқинлантириб юборди.
120дан ортиқ футболчилар ўз даромадларининг 1 фоизини нодавлат футбол муассасалари ҳисобига ўтказиб беришмоқда. Шу тариқа ЖАР, Зимбабве, Камбоджа, Ҳиндистон, Колумбия, Буюк Британия, Германия ва бошқа мамлакатлардаги ёшларга мўлжалланган лойиҳаларга молиявий кўмак берилди. Буни бадавлат футболчилар амалга оширишаётгани йўқ. Масалан, Канада аёллар терма жамоаси тўлиқ таркиби билан ҳаракатга қўшилди. Кейин Япония, Австралия, Шотландия, Кения, Португалия, Гана... Наҳотки, шундай ажойиб саховатпешаликни лоқайдлик билан кузатиш мумкин бўлса? Футболнинг биринчи галдаги вазифаси - ҳаёт фаровонлигини ошириш. Мен унинг бир бўлаги бўлишни истайман. Айнан шу мақсадда йиллик маошимнинг 1 фоизини хайрия мақсадида ажратишга аҳд қилдим. Менга эргашадиганлар етарли эканлигига ишончим комил. Очиқ тан оладиган бўлсак, омадимиз келиб, моддий неъматларга эришдик. Энди уларни бутун дунёдаги болалар билан баҳам кўриш - бизнинг бурчимиз. Шуни унутмайликки, футболдаги «кўпик» ҳаётимиз чинакам ҳаёт эмас. Кечирасиз-у, яшил майдондаги муаммолар ҳам ҳақиқий эмас. Ўйин доимо ўйинлигича қолади. Балки мен соддадирман, балки хаёлпарастдирман. Бироқ бу ўйин кимлар учун яратилган? Биринчи навбатда, хаёлпарастлар учун!
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20