Ички чемпионатнинг 6-турида «Тоттенхэм» устидан иродали ғалабага эришиш орқали «Лестер» навбатдаги шов-шувли натижа муаллифига айланди ва айнан «шпорлар» эгаллаши лозим бўлган 3-поғонага кўтарилиб олди. Қимматли 3 очкони келтирган 2-голни «тулкилар»нинг энг ёрқин юлдузларидан бирига айланган Жеймс Мэддисон амалга оширди. Эндигина 22 чиққанига қарамасдан, Жеймс Англия терма жамоаси либосида майдонга тушишга улгурди, АПЛнинг энг сермаҳсул ассистенти унвонига эга - ўтган мавсумдан шу пайтгача у ўз жамоадошларига 111 марта имконият яратди.
Бироқ ҳикоямиз Мэддисоннинг иқтидори ҳақида эмас, балки унинг меҳнатсеварлиги хусусида. Қуйи дивизионлар машаққатларидан элитагача бўлган йўлни Жеймс тиришқоқлиги ва ҳалол меҳнати эвазига босиб ўтди, машғулотлар билан чекланиб қолмасдан, қўшимча шуғулланиш эвазига мухлисларга танилди. Табиийки, Мэддисоннинг маҳорати АПЛ грандлари эътиборидан четда қолмади.
Онанинг орзуси амалга ошди
Жеймснинг онаси ҳам футболни ёқтирар ва экран орқали миллионлар ўйинини томоша қилар экан, ўғлининг футболчи бўлишини орзу қиларди. Шу сабабли болакай 5 ёшдаёқ яшил майдон билан танишди.
Аёлнинг яқин таниши ҳаваскор жамоада тўп сурар ва унинг ниятидан хабардор эди. Иттифоқо, футболчи бетоблиги туфайли якшанбага белгиланган учрашувни ўтказиб юборишига тўғри келди. Ўзаро мулоқот чоғида аёлни бундан хабардор қилиб, ҳазил тариқасида ўғли унинг ўрнига майдонга тушиши мумкинлигини билдирди. Аёл эса таклифни жиддий қабул қилиб, 7 ёшли Жеймс билан стадионга йўл олди.
Кутилмаган «дебютант»ни мураббий ва футболчилар самимий кулги билан кутиб олишди, кейин бир неча дақиқа тўп суриш имкониятини беришди. Жеймс эса ана шу қисқа вақт ичида бор маҳоратини намойиш этишга уринди.
Буни қарангки, болакай ўша куни маҳаллий «Ковентри Сити» скаутини қизиқтириб қўйди ва бир неча кундан кейин кўрикдан ўтди. Тез орада Жеймсни клуб академиясига қабул қилишди.
2001 йилга қадар «Ковентри» 34 йил давомида олий дивизионда тўп сурганди. Лекин Мэддисон академияга келган пайтда жамоа Чемпионшип аутсайдерлари сафига тушиб қолганди. Шунга қарамасдан, Жеймс клубни ёқтириб қолган ва унинг тарбияланувчиси бўлганлигини ҳозир ҳам фахр билан тилга олади:
«У ерга келишимдан аввал «Ковентри» мухлисига айланган эдим. У менинг жонажон клубим. У ерда ўтган йилларимдан фақат ёқимли хотиралар қолган. Болаликда ўйинга ўта чанқоқ эдик ва кўпроқ майдонга тушишни истардик. «Ковентри» либосида 1-лигада тўп сурган дамлар мен учун бетакрор лаззат эди».
Мэддисонга академияда таҳсил берган мураббийлар ундаги профессионаллик хислати болалигидан намоён бўлганлигини кўп таъкидлашган. Футболчининг ўзи эса севимли машғулоти билан шуғулланиш унга баркамоллика тенгдошларига нисбатан тезроқ эришиш имкониятини берганлигини эътироф этганди. Лекин бунга эришиш учун болаликнинг кўпгина шўхликларидан воз кечишга тўғри келганлигини таъкидлашни ҳам унутмайди. Дарслардан кейин Жеймс машғулотга, ўртоқлари эса кўнгилочар ўйинлар сари йўл олишарди.
Ўша пайтларда Мэддисоннинг энг суюкли машғулоти дриблинг эди: «Ҳа, болалигимда тўп билан кўпроқ муомала қилишни ёқтирардим. Ҳатто, уни тўхтатмасдан узатиш мумкин бўлган вазиятларда ҳам тўхтатиб, ке-йин жамоадошимга узатишни истардим».
«У доимо машғулотлардан кейин қўшимча машқ қиладиган ўйинчилардан бири эди. Жеймс, айниқса, техник маҳоратини ошириш ва жарима зарбалари устида кўп тер тўкарди», дея хотирлайди Мэддисонга «Ковентри»да устозлик қилган Стивен Прессли.
«Ковентри»дан кейин Жеймс «Норвич» сафида тўп сурди. Ваҳоланки, унга «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» ҳам қизиқиш билдирган ва агар истаса, топ-клублар аъзосига айланиши мумкин эди. Бироқ футболчи номдор жамоаларда асосий таркибдан жой олиш осон эмаслигини яхши биларди: «Мен эркаклар футболини топ-клубларнинг ёшлар жамоаларидаги ўйинларга алишмоқчи эмасман. Захирада ўтириш - мен учун эмас».
Мэддисон трансферининг асосий ташаббускори - «Норвич»нинг селекция бўлими. Бош мураббий Алекс Нил унинг жамоа услубига мос тушмаслигини маълум қилгач, Жеймс Шотландиянинг «Абердин»ига йўл олди. У ердаги 4 ойлик фаолиятида 7та самарали узатма ва 2та голни, жумладан, «Рейнжерс» устидан ғалабани таъминлаган фантастик голни амалга оширди.
Январда «Норвич»га қайтганидан кейин эса Нил унга бир дақиқа ҳам имкон бермади. Бироқ ёзда жамоа тасарруфи Даниэль Фаркега ўтгач, ҳаммаси тубдан ўзгарди. Жеймснинг ҳикоясига кўра, мураббий алмашган палладаёқ унда ишлари юришиб кетишига умид пайдо бўлган экан: «Ички ҳиссиётларим мени алдамади, Фаркенинг жамоадан талаб қилган услуби айнан мен учун яратилгандек эди. Тўпни назорат қилиш эвазига майдонда ҳукмронликни ўрнатиш, тезкор узатмалар ва ҳужумкор усул - худди мен орзу қилган схема».
Мавсумолди тайёргарлиги жараёнида Мэддисон ўзининг фаоллиги билан мураббий эътиборини қозонгач, Фарке унга кўпроқ эътибор қаратишга одатланди. Шу тариқа Даниэль «Норвич» услубида Жеймсга асосий ижрочи вазифасини топширди. Ёш футболчи ҳам устозини уялтириб қўймади, дастлабки ўйинлардан бошлаб етакчига айланди. Орадан бир неча ой ўтгач, Мэддисон 21 ёшгача бўлган терма жамоадан таклиф олди. Футболчи бутун мавсум давомида бу ижобий ўзгаришлар Фаркенинг шарофати билан юзага келганлигини таъкидлашдан чарчамади: «Савиямнинг юксалишига мураббий жуда катта ҳисса қўшди. Яхши спорт формасида эканлигим ҳам унинг хизматлари меваси».
Ҳужумчи ортида тўп сурган Жеймс майдондаги вазифасини аъло даражада ўзлаштириб олди. Интервьюларининг бирида у шундай деганди: «Албатта, қайси рақибга қарши майдонга тушганимиз шунга қараб тўп суришимизни талаб этади. Ҳимоявий услубда ўйнайдиган жамоаларга қарши баҳсда тўпни жарима майдончаси яқинида қабул қилиш ва курашга киришиш маъқулроқ. Тўпни кўп назорат қиладиган жамоага қарши ўйинда эса мен кўпроқ тўпсиз ҳаракатланишим ва ҳудудларни ёпишим лозим».
Таъкидлаш жоизки, «Норвич» мавсумни суст ўтказган бўлсада (14-ўрин), Мэддисон Чемпионшип юлдузи мақомига кўтарила олди. У лигадаги барча касбдошларидан кўпроқ (124) вазиятларни вужудга келтирди. Январь ойида эса бу кўрсаткич бў-йича Европа топ-чемпионатларидаги футболчилардан ўзиб кетди. Мавсумдаги 49 ўйинда 15та гол, 11та самарали узатмани ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Ўртамиёна жамоанинг 20 ёшли вакили учун фантастик натижа!
Якунда Чемпионшипдаги йил ўйинчиси унвони ҳам Мэддисонга насиб этди, у Англиянинг энг яхши ёш футболчиси унвонига даъвогарлар сафидан ҳам жой олди. Шу туфайли мамлакатда тўп сураётган «ас»лар жам бўлган тадбирда иштирок этди: «Муҳаммад Салоҳдек маҳорат соҳиби билан бир даврада бўлиш - мен учун улкан бахт. «Ливерпул»нинг ашаддий мухлиси бўлмиш онам билан боргандим. У ҳам афсонавий ҳужумчи билан кўришганидан чексиз хурсанд эди. Очиғи, ўзим ҳам. Ахир Салоҳ, Маркос Алонсо ва Давид де Хеаларга ҳар куни дуч келавермаймизда. Отам эса кўнглимни кўтарди: «Сен бу ерда тасодифий меҳмон эмассан, сен шу даврага лойиқсан».
Маҳрезнинг ўрнини тўлдирди, жамоа савиясини оширди
Ёзда Маҳрезни сотиб юборган «Лестер» Мэддисонга харидор бўлди. Жеймс бу сафар ҳам ўз анъанасига амал қилиб, грандлар таклифларини рад этди ва камтарин «тулкилар»га розилик билдирди. Унинг доимий шиори мунтазам равишда тўп суриш бўлгани ва уни қай тариқа рўёбга чиқаргани хусусида Жеймс шундай деганди: «Энди 21га чиққан бўлсамда, ўзимни анчадан бери тўп сураётгандек сезаман. Фаолиятни қуйи лигаларда бошлаш афзалроқ. 18 ёки 23 ёшгача бўлган жамоаларда ривожланиш секин кечади. Мен эса кичиклигимдан катталар футболида улғайдим».
Мэддисон айнан Маҳрез «Лестер»ни тарк этган пайтда жамоага келди. Мантиқан, у Риёднинг ўрнини тўлдириши лозим эди. Жеймс бу юмушни ортиғи билан уддалади. Яъни, «тулкилар» таркибидаги мувозанат Мэддисон туфайли мукаммаллашди. Чунки у - жамоавий ўйинчи, жамоадошларига халал бермайди, аксинча, чизиқлараро узвийликни таъминлайди. Маҳрез эса, гарчи етарли манфаат келтирсада, жамоани унга ўйнашга мажбур этарди.
АПЛдаги дебюти арафасида футболчи шахсан Жозе Моуриньонинг мини-эътирофига сазовор бўлганди. Мавсумни очиб берган «Лестер» - «МЮ» учрашуви олдидан «Беназир» Жеймснинг елкасига самимий шапатилаб, худди эски қадрдонлардек бир-икки оғиз гап айтганди.
«Лестер»даги илк ўйиндан бошлаб Мэддисон етакчи сифатида тўп сурмоқда. Пюэль уни асосий ижрочи ролига қўйган бўлса, баҳорда жамоани қабул қилган Брендан Рожерс ишни Жеймсни мақташ билан бошлади: «Биз учун Мэддисон қанчалик муҳим эканлигини ҳамма кўриб турибди. У керакли пайтда бўшлиқни топа олади, тўп билан бир-икки ҳаракатларни амалга ошириш орқали жамоадошларига имконият яратади».
Мэддисон дебют мавсумини 7}7 кўринишида якунлаб, вазиятларни вужудга келтириш борасида АПЛнинг етакчи учлигидан жой олди. Янги мавсумда Жеймс кўпроқ қанот ҳужумчиси позициясида ҳаракат қилмоқда. Рожерс эса уни мақташни давом эттирмоқда: «Аввал сиз уни таркибга қўшасиз, кейин ўйинига қараб туриб, унга позиция танлайсиз. Айрим футболчилар фақат битта ролни талаб даражасида уддалайдилар, у эса исталган чизиқда самарали тўп сура олади. Унинг тўп билан муомаласи ва рақиблар орасидан йўллайдиган узатмалари ҳайратланарли. Тактик маҳоратини тобора ошириб бормоқда. У жамоага манфаат келтирадиган футболни хуш кўрадиган фидойи ўйинчи. У фақат ўйинни ўйлайди, ўйин ҳақида гапиради. Бундан ташқари, ўз устида кўп ишлайди».
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20