Қайднома

Қидирув

Миллий терма жамоада кайфият яхши, муҳит зўр...

Миллий терма жамоада кайфият яхши, муҳит зўр...

  08.10.2019 03:41
  0
  662
Миллий терма жамоада кайфият яхши, муҳит зўр...

Фаластин термасига қарши кечган омадсиз учрашувдан сўнг Суперлига баҳслари давом эттирилган ва олтин медаль эгасини аниқлаб берган учрашувлар ўтказилган бўлсада, миллий жамоа мавзуси муҳокама марказида қолаверди. Хусусан, аргентиналик Эктор Купер ўрнига Вадим Абрамовнинг тайинланиши борган сари сўниб бораётган ишончга озгина қувват бағишлади, гўё. Ҳар ҳолда, миллий жамоамиз ўзининг энг ёрқин дамларини айнан шу мураббий бошқарувида бошдан кечирганди. Асосийси, мухлислар Абрамов давридаги ўша ўйинлар улашган завқни ҳали унутишмаган. Хуллас, Вадим Карленович ва унинг штаби Яман ҳамда Сингапур термаларига қарши учрашувлар олдидан комбинацион ҳужумкор услубни шакллантириш, максимал натижага эришиш учун чиройли футболни йўлга қўйиш илинжида 2 октябрдан «Жар» стадионида футболчилар билан ўқув-машғулотлар йиғинини бошлади.

 

Тотув мураббийлар штаби

Биринчи кунги машғулотларни стадионда ОАВнинг кўплаб вакиллари бевотита кузатиб боришди. Аввал хабар берилганидек, Вадим Абрамовга миллий жамоамизнинг собиқ ярим ҳимоячиси Темур Кападзе ва бир қатор клубларда жисмоний тайёргарлик мураббийи сифатида фаолият олиб борган Мирко Йеличич яқиндан ёрдам беришяпти. Дарвозабонларни эса одатдагидек Денис Иванков шуғуллантирмоқда. Хуллас, штаб вакиллари Абрамовга яхши таниш - Кападзе унинг қўл остида ўйнаган, Йелечич ва Иванков эса бирга ишлашган. Хусусан, киперлар мураббийи Абрамовга олимпия терма жамоасида ёрдам берганди. Шунингдек, ЎФА  Терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаров ҳам футболчиларни ҳар томонлама шайлантиришга кўмаклашмоқда. Машғулотларга қайтсак, илк куни майдонда 24 нафар футболчи ишлади. Отабек Шукуров таркибга БАА чемпионати доирасидаги «Ал-Шаржа» - «Ал-Айн» учрашувидан кейин қўшилди ва дарҳол тикланиш машқларига киришди. Элдор Шомуродов эса якшанба оқшомида бўлиб ўтган ЦСКА - «Ростов» ўйинида бош роллардан бирини бажариб, юртимизга келишдан олдин кайфиятини созлаб олди.

Футболда бир мураббий фалсафасидан кечиб, иккинчиси услубига тезда мослашиш осон эмас, албатта. Шуни ҳисобга олган мутасаддилар жамоавий ўйинни ривожлантириш, таркибга жалб этилган футболчиларни яна бир бор кўздан кечириш мақсадида миллий жамоа ва Любинко Друлович бошқарувидаги олимпия термаси ўртасида назорат ўйини ўтказишга қарор қилишди. Қувонтирган жиҳати, унда футболчилар кўтаринки кайфиятда тўп суришди. Умуман, бу ҳолат машғулотларда ҳам яққол сезилмоқда. Тўғри, биринчи кунги машғулотлар бундан мустасно. Абрамов қўл остидаги «Бунёдкор» ҳозир қандай услуб ва фалсафа остида ўйнамоқда? Ўша биз билган қисқа ва узун узатмалар уйғунлашган, тўп назоратига асосланган услубда. Эътиборли томони, бу жиҳат миллий жамоа машғулотларида ҳам кўрина бошлади. Вадим Карленович 23 нафар футболчидан иборат якуний таркибни шу «ўртоқлик» воситасида аниқлашини айтди. Умуман, йиғинга чақирилган футболчилар орасида креатив ёндашувга эга йигитлар кўплигини инобатга олсак, Яман термасига қарши баҳсда очиқ,  ҳужумкор футбол кўришга ишонч ортади.

 

Легионерлар

Мазкур йиғинга Эктор Купер рўйхатига бирор марта кирмаган Рустам Ашурматов ҳам таклиф этилди, Одил Аҳмедов эса доимгидек, етакчи ролида ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиш баробарида майдонда асосан «қора ишлар»ни бажарувчи сифатида ҳаракатланса, ажабланмаймиз. Узоқ муддатли танаффусдан кейин сафга қайтган Отабек Шукуров яна чорлов қабул қилди. Икром Алибоев ва Элдор Шомуродов эса том маънода аргентиналик мутахассис  ишончига киришганди. Абрамов жамоасида ҳам Шомуродов асосий ҳужумчи сифатида гавдаланиши табиий, бироқ Алибоевнинг роли ҳақида аниқ гапириш қийин. Чунки айни пайт марказий ҳудудда рақобат ўта кучли. Лекин Икромнинг катта футболга айнан Абрамов қўл остида қадам қўйганини унутмаслик керак. У 2015 йил «Локомотив» сафида ОЧЛ гуруҳ бос-қичида «Ал-Садд»га қарши кечган ўйинда катта футболдаги дебютини нишонлаганди. 

Ички муҳит

Бир неча кунлик кузатишлар натижасида амин бўлдикки, жамоада кайфият максимал даражада яхши.  Ҳар ҳолда, йигитлар кўзларида ишончсизлик ёки тушкунлик белгиси сезилмади. Барчада рақибларни енгишга ишонч ва асосийси, мотивация бор. Албатта, машғулотларда амалга оширилган элементлар расмий баҳсларда муваффақиятли чиқмаслиги ҳам мумкин. Асосийси, мураббийлар ва футболчилар ўртасидаги ўзаро муносабат зўр эканлиги яққол кўзга ташланди. Йигитларнинг ҳар бир кўрсатмани қувноқ ҳолда амалга оширишга интилаётганларини юқори баҳолаш керак.

 

Рақиблар

Тушунарли, биздаги ўзгаришлардан рақибларимиз ҳам хабардорлар. Демак, уларнинг жамоамизга қарши қўшимча куч билан саф  тортишлари, кутилмаган «сюрприз» улашишга уриниб кўришларини тахмин қилиш мумкин. Дейлик, Яман термаси ҳимоявий услубни қўллаши эҳтимоли катта. Битта ўхшашликни қаранг: ЖЧ-2018 саралаши сўнгги  босқичи стартидаги воқеалар такрорланмоқда. Эсингизда бўлса, бундан 4 йил олдин ҳам илк тур ўйинида ютқазганмиз (КХДР термасига 2:4 ҳисобида) ва янги бош мураббий Самвел Бабаян дебютини айнан яманликларга қарши баҳсда нишонлаганди. Ўшанда вакилларимиз рақибнинг қаттиқ қаршилигига дуч келишган ва фақат 51-дақиқада Александр Гейнрих жарима зарбасидан урган гол эвазига ғалаба қозонгандик. Қисқаси, бўлажак баҳсда айниқса, олдинги чизиқ вакилларидан уюшқоқлик талаб этилади. Биринчи навбатда, рақибга тўғри муносабатда бўлиш даркор.

Услуб ва тактика

Илк куни терма аъзолари асосан жисмоний тикланиш машқларини бажаришди. Кейинги кунларда тўп билан ишлаш, дарвозага зарба бериш, узатмалар устида иш олиб борилди. Жисмоний машқлар ниҳоясига етгач, футболчилар икки таркибга бўлиниб ўйнаш асносида узатмалар орқали ҳужум бошлаш, тўпдан тезроқ қутулиш, комбинацион ҳаракатларни амалда синаб кўришди. Машғулотлар жараёни ва Абрамов фалсафасидан келиб чиқсак, терма жамоамиз 4-3-3 тактик чизмасидан фойдаланса керак. Бунда икки қанот ҳимоячиси Абрамов фалсафасига мос равишда ҳужумга кўмаклашади, шунинг баробарида қанот ярим ҳимоячилари орқа ва олдинги чизиққа бирдек қарашадилар. Марказда эса фақат таянч ярим ҳимоячиси қолади, бошқалар рақиб жарима майдони яқинида занжир ҳосил қиладилар. Тўғри, тактик чизма ҳали аниқ эмас, ахир гап клуб эмас, терма жамоа ҳақида кетяпти. Вақт чегараланган, ана шу қисқа муддатда жамоавий ўйинни шакллантириш муҳим.

Машғулотлардан сўнг айрим футболчилар билан суҳбатлашганимизда, улар ғалабага ишонч катта эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Ислом Тўхтахўжаев (ҳимоячи): - Кайфият яхши, чунки Вадим Карленович барча йигитлар билан қадрдон бўлиб кетган. Шахсан мен «Локомотив» клуби, миллий ва олимпия термаларида унинг қўл остида шуғулланганман. Ўйлайманки, Вадим Карленович билан яхши натижа кўрсата оламиз.

- Ҳозирги уюшқоқлик ва аҳилликни Яман ва Сингапур термаларига қарши ўйинларда ҳам кўрамизми?

- Худо ҳоҳласа, мухлисларни хурсанд қилиш учун бор кучимизни ишга соламиз. Позитив кайфиятда майдонга тушиб, фақат ғалабани кўзлашимиз тайин, ҳеч нима баҳона бўлолмайди.

- Умуман, терма жамоага сўнгги пайтларда нима бўлди, ҳамма гап мураббий ва ички муҳитдамиди?

- Фаластиндаги ўйингача ҳаммаси жойида эди - ички муҳит ҳам, кайфият ҳам. Кейин мағлубият таъсирида ироқликлар билан тушкун руҳиятда ўйнадик, қолгани ўзингизга маълум.

- Эктор Купер қўллаган услуб ва қолипдан чиқиб, Абрамовнинг ҳужумкор футболига мослашиш қийин кечмасмикан?

- Вадим Карленовичнинг услуби кўпчиликка таниш. Демак, бу томондан катта муаммо сезилмаса керак.

Рустам Ашурматов (ҳимоячи): - Таассуротлар зўр. Сўнгги марта миллий жамоа либосини ўтган йили Монтевидеода Уругвай термасига қарши кечган ўйинда кийгандим. Қисқаси, ҳозирги ҳиссиётларимни сўз билан ифодалаб беролмайман.

- Сизнингча, қисқа вақт оралиғида Ўзбекистон миллий жамоаси кучсизландими ёки рақиблар даража бўйича бизга етиб олишди?

- Осиёда футбол ривожланмаган мамлакат қолмади, ҳисоб. Эҳтимол, орада терма жамоамиз шашти ҳам бироз пасайган ёки мураббий бизга мос келмайдиган услубни қўллагани таъсир қилгандир... Муҳими, энди барчасини дарҳол тўғриласак, бас.

- Вадим Абрамов билан алоҳида суҳбатлашдингизми? У сиздан нималарни талаб қилмоқда?

- Ҳозирча жамоавий тарзда ишлаяпман. Бафуржа гаплашишга имкон бўлгани йўқ. Мураббийнинг талаби - тўп билан кўпроқ муомала қилиш, узатмалар орқали олдинга ҳаракатланиш.

- «Гвангжу» Ж.Корея юқори лигасига қайтиш арафасида турибди. Клубдаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўляптими?

- «Гвангжу» ҳозир 1-ўринда бормоқда. Демак, нолишга асосим йўқ, ҳарқалай, етарли амалиётга эга бўляпман.

А.ИСКАНДАРОВ ёзиб олди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz