Дунёда шундай ўлмас ва ўзгармас қадриятлар борки, уларсиз инсоният ҳаётини ҳам, тараққиёт жараёнини ҳам тасаввур қилиш мушкул. Футбол ҳам аллақачон мана шундай қадриятлар қаторидан мустаҳкам ўрин олиб улгурди. Инсон футбол туфайли гоҳо йиғлайди, гоҳо кулади. Футбол ортидан бир-бирига ошно тутинган ёки аксинча, ўзаро юз кўрмас душманларга айланганлар озми бу дунёда? Такрор айтамиз, бу жараён ўлмас ҳамда ўзгармасдир. Бироқ мураббий, футболчи ва жамоалар ҳолати ҳамиша ўзгарувчан бўлади. Ўзгарувчанлик гоҳо шу қадар мантиқсиз тус оладики, мухлислар шунчаки, лол бўлиб қолишади...
Ёрқин мисол, «Норвич» наинки натижа, балки ўйин бобида ҳам «Манчестер Сити»ни мағлуб этганида, кўпчилик ҳайратдан ёқа ушлаганди: «Нималар бўляпти, ўзи?!». Ўшанда бу ҳолни ўткинчи кайфият маҳсули сифатида баҳолагандик. Кайфияти баланд «Норвич» номли «трактор» Хосеп Гвардиоланинг юришни хоҳламаган «машина»сидан вазият тақозосига кўра, ўзиб кетганди. Бўлди! Шу билан ҳаммаси тугади! Дейлик, «Норвич» АПЛнинг охирги туридан ўрин олган сафар учрашувида «Астон Вилла» олдида шунчаки, ожиз қолди. Ҳа, ўша «Сити» додини берган жамоа камтарин рақибга қарши ҳеч нарса қилолмади, ҳисоб! Бу натижа «Сити»нинг «Астон Вилла»дан кучсиз эканлигини англатмайди, албатта. Лекин Гвардиола ҳамон шов-шувли трансферлар орзуси билан яшамоқда, шекилли. У «шаҳарликлар» бошқарувига келиб, шакллантирган таркиб ЕЧЛда арзирли натижага эришолмади. Энди Пеп таркибни янгилашга мажбур. Онда-сонда кўзга ташланаётган «тўхташ»лар - жамоа таркиб ҳамда тактика масаласида эскираётганидан огоҳлантирувчи хабардир. Гвардиола буни жуда яхши тушуниб турибди.
«Барселона»ни енгиб, «Реал»га ютқазган «Гранада» ҳам мухлислардаги қарашларни алғов-далғов қилиб юборди. Футболни теран тушунадиганларга аёнки, «Гранада» билан қайд этилган натижалар икки донгдор клубнинг кучли ёки кучсизлигини билдирмайди. Ҳаттоки, «Эль-классико» натижалари ҳам бу масалага тўлиқ ойдинлик киритолмайди. Ахир «Барселона» - Гвардиола - Месси ва «Реал» - Зидан - Роналду «трио»лари ЕЧЛда эришган шонли ғалабалар футбол оламини завқ-шавққа тўлдирган. Лекин футбол кечаги ютуқлар ҳамда эртанги умидлар билан яшолмайди. Бугунги натижа муҳим. Футбол бугунги ғалабаларни олқишлайди. Шунинг учун мудом ўзгариш, янгиланишга интилаверади.
Ана, Маурисио Почеттино «Тоттенхэм»нинг айни таркиби билан АПЛ ҳамда ЕЧЛ ғолиблиги учун курашди. Мақсади рўёби сари анча-мунча яқинлашди ҳам. Аммо бундан ортиғига кучи етмайди, чоғи. Чунки «шпорлар»да ҳам турғунлик кайфияти бошланди. Очиғи, бунинг давоси трансфер сиёсати ёки истеъфо. Учинчи йўлнинг топилиши даргумон. Бундай хулосанинг сабаби шуки, агар жамоада келажакка ишонч, яшовчан умид бўлганида, «Бавария»нинг 2:7 ҳисобидаги қақшатқич зарбасидан кейин у «Брайтон»ни аяб ўтирмасди. Ор-номус йўлида-ку, рақиб мухлислари олдида сал бўлса-да, ўзини оқларди. Оқламадими, демак, вазият жиддий ва Почеттино аҳволни ўнглаш иложини тополмаяпти. «Бавария»нинг «Хоффенхайм»га ютқазгани эса - бутунлай бошқа масала. Ҳар қандай кучли клубда ҳам учраб туради бу каби ҳолат.
Муҳтарам мухлис! Еврофутбол мисолида айтган мулоҳазаларимиз Суперлига жамоаларига ҳам тааллуқли. Масалан, «Локомотив»даги ҳолатни «Тоттенхэм»нинг ҳозирги аҳволига қиёслаш мумкин. Назаримизда, жамоа таркиби янгиланишга эҳтиёж сезмоқда. Тўғри, «Тоттенхэм»даги каби «темирйўлчилар» сафида ҳам кучли футболчилар тўп суришади ва улар яқин келажакда фаолиятларини якунламайдилар. Лекин кўринишидан, уларга янги ҳаво зарур. Акс ҳолда, жамоа бир жойда депсинаверади. Кетма-кет 3 марта чемпионликни нишонлаган жамоани бу ҳолат учун айблаш ноўрин. Муҳитни янгилаш керак - тамом-вассалом!
«Насаф» ҳамда «Бунёдкор» масаласида эса бироз хавотирли мулоҳазалар янграмоқда. Мазкур жамоалар ҳам «Металлург»дан андоза олиб, Суперлигада қолиш имконини берувчи очколар йиғиш билан чекланиб, турнир жадвали юқори қисмига бефарқ қарамаяптими? Озми-кўп сезилаётган бу бефарқликнинг сабаби нима? Молиявий муаммолар, албатта! «Йўқ, биз жамоа шарафи учун курашамиз, мағлубият ва дуранглар ўйин жараёни билан боғлиқ», - деб вазиятни хаспўшлашнинг кераги йўқ. Мазкур муаммолар ўз вақтида ҳал этилмаса, Суперлига тараққиёти хавф остида қолиши, шубҳасиз.
Биз асло муболаға қилмаяпмиз. Негаки, «Насаф» ҳамда «Бунёдкор» Суперлигада яшаш билан чекланиб, совринли ўринлар учун очиқдан-очиқ курашмаса, ўртамиёналик иллати чемпионатимиз савиясига салбий таъсир кўрсатади.
Айни чоғда «Пахтакор»нинг муддатидан анча аввал чемпионликка эришиши асосий таркиб футболчиларини руҳий жиҳатдан бўшаштирмайди, деб ўйлайсизми? Бўшаштиради, барибир! «Шерлар»нинг асосий таркиб футболчилари терма жамоамиз ўзагини ташкил этишларини ҳисобга олсак, муаммо нақадар жиддийлиги яққолроқ сезилади. Тасаввур қилинг, дарвозани Элдор Суюнов қўриқлаб, чап ва ўнг қанот ҳимоясида Фаррух Сайфиев, Ҳожиакбар Алижонов, марказий ҳимояда Егор Кримец, таянч ҳудудида Одил Ҳамробеков, чап ҳамда ўнг қанот ярим ҳимоясида Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов, ҳужумда Игорь Сергеев тўп суришлари мумкинми? Мумкин, албатта. У ҳолда, биз таъкидлаётган руҳан бўшашиш жараёни терма жамоамиз ўйинига халақит бермайдими? Кўрдингизми, рақобатнинг йўқлиги нималарга олиб келади? Ўйлаймизки, Вадим Абрамов миллий ва олимпия терма жамоалари ўртасидаги назорат учрашувида умид учқунларини сачратган ёниқликни асосий ўйинда ҳам таъминлайди. Назорат учрашуви куни Икром Алибоев ва Элдор Шомуродов ўз клублари сафида майдонга тушишди. Бу ҳол ўз-ўзидан Азиз Ға-ниев ва Игорь Сергеевга қўшимча имконият яратди. Ҳар икки футболчи бундан ташналик билан фойдаланди. Энди Вадим Карленович асосий таркибни танлашда қандай йўл тутади? Мухлислар Игорь Сергеев ҳамда Элдор Шомуродов тандемини кўришадими ёки улар захирадан бир-бирларини тўлдиришади?
Кўрамиз, бу хавотирли эмас, балки қизиқарли кутиш! Хуллас, ташналик терма жамоамизни олға ундайди. Шу туйғу туфайли Адама Траоре «Сити»ни қаттиқ жазолади. Биз ҳам ғалабага ташнамиз. Оҳ, қандай ташнамиз-а?!
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20