Қайднома

Қидирув

Сальваторе Сиригу: «Дарвозабонга ёш масаласи халал бермайди»

Сальваторе Сиригу: «Дарвозабонга ёш масаласи халал бермайди»

  09.10.2019 07:44
  0
  338
Сальваторе Сиригу: «Дарвозабонга ёш масаласи халал бермайди»

Маҳоратли дарвозабон Сальваторе Сиригу яқинда France Football нашрига ин-тервью бериш чоғида «Торино»нинг «қайта туғилиш даври»ни ўтказаётганини таъкидлаб, худди шундай ҳолат Италия термасида ҳам кузатилаётганини қўшимча қилди. Ўз нав-батида миллий жамоага қайтиш нияти борлигини ҳам яширмади.

- Фаолиятингизда ўзига хос пасайиш кузатилганди, энди эса...

- Сизларга бу яхшироқ маълум... Аммо фожиа ясаш керакмас, футболчининг фаолияти ҳар бир спортчиникига ўхшаш - пасайиш ва юксалишдан иборат. Асосийси, қийинчиликларни енга билиш керак. Тўғри йўлдан кетаётган бўлсанг, муаммо йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, таслим бўлмай, ўзингизга ишонишингиз лозим. Турли босимларга тўла бўлган бизнинг соҳада айнан шу тариқа «жон» сақлаш мумкин. Қийин вазиятга тушиб қолдингми, нажотни мунтазам ишлашдан топиш даркор.

- Албатта, бу тўғри. Италияга қайтганингизга 2 йил бўлди ва сиз яна мамлакатнинг энг яхши дарвозабонларидан бири, деган мақомни қайтардингиз. Ҳозирги даражангизга қандай баҳо берасиз?

- Ёшим 32да бўлишига қарамай, ўзимни ҳамон навқирон сезяпман, ҳайрон қолдиришга қодирман. Ахир дарвозабонга ёш масаласи халал бермайди. Ўтган ўйинларни сарҳисоб қилиш вақти келди, деб ўйламаяпман. Ваҳоланки, кўп нарсаларни кўрдим. Ўз қадримни биламан, шу боис чемпионатдаги ўйинлар қанчалик оғир ўтса ҳам, ўзимга ишончим етарли.

- Нима деб ўйлайсиз, 2011 йили Италиядан кетгач, профессионаллик борасида ўсишга эришдингизми?

- Ҳа. Базавий техника ҳамон ўша-ўша, аммо ўзим учун машғулотларнинг янги методикасини очдим, баъзи нарсаларга янгича қарай бошладим ва бунинг эвазига айрим сифатларга эга бўлдим.

- «А» серияда пенальти тепувчилар учун ноқулай дарвозабонсиз: «нуқта»дан йўлланган 8та зарбанинг 5тасини бартараф этдингиз. Бу борада алоҳида шуғулланасизми?

- Қайсидир рақибнинг пенальтини қандай ижро этишини истаганча ўрганиш мумкин, аммо мазкур ҳолатда энг муҳими - ички ҳиссиёт. Эътиборингиз фақат зарбага қаратилган бўлади, бундай паллада рўпарангиздаги футболчининг одатда қайси томонга тепиши хаёлингизга ҳам келмайди. Вақт ўтгани сари шуни тушундимки, интуициядан ташқари керакли ритмга мослашиш ҳам аҳамиятли экан. Яъни, керакли пайтда сакраш лозим - эрта ҳам эмас, кеч ҳам эмас. Ҳаммаси шунга боғлиқ.

- Баъзан тўфонга ўхшайсиз - йўлингиздан чиққан нарсани йўқ қилишга тайёрсиз...

- Ҳар доим шундай эдим. Шунчаки, авваллари бу унчалик сезилмаган. Ғалабага бўлган иштиёқ, энг яхшилар сафига қўшилиш истаги шунингдек, ҳаётда ўрганганларимиз билан ҳам изоҳланади - эртанги кун билан яшаб бўлмайди. Энг юқори чўққида бўлиш, юксак даражани эгаллаб туриш учун мақсаддан воз кечмаслик, тинмай меҳнат қилиш, тўхтамаслик, бор кучни сарфлаш даркор. Ортга қарамаслик, ҳеч нарсадан афсусланмаслик, ҳеч нимадан нолимаслик керак.

- Фаолиятингизга «реванш» сўзининг ҳам алоқаси борми?

- Ҳеч қачон фаолиятимда қайсидир ишни қандай қилганим бўйича ҳеч кимга тушунтириш беришга уринмаганман. Ҳар доим муҳими сўз эмас, ишни бажариш, яъни ўйинлар бўлган. Ҳолатимни текшириш учун ҳамиша олдимга максимал вазифа қўйганман.

- Париждаги сўнгги мавсумингиз (2015|2016) сиз учун осон ўтмади - Кевин Трапп келгач, асосий дарвозабонга айланди. Сизни «Севилья»га ижарага беришди, у ерда ҳам ишингиз қовушмади. Ўша кезлари ҳаммасидан воз кечиш истаги туғилмаганми?

- Ҳеч қачон! Қийин дамларни бошдан кечирдим, аммо мутлақо бошқача хоҳиш бор эди ўшанда - «reset» тугмасини босиш орқали барчасини қайтадан бошлашни истаганман. Кўпчилик «ПСЖ»даги бундай интиҳо катта зарба бўлишини таъкидлаганди. Аммо мен тушкунликка тушмадим. Тўғри, руҳий томондан қийин эди, лекин дарвозага турганда фақат гол ўтказмаслик ҳақида ўйлайсиз. Ўйиндан кейин эса, ҳа, осон бўлмаган. Албатта, клубнинг биринчи рақамли дарвозабони бўлиб турганингизда, воқеалар бундай ривож олиши ёқимсиз. Бироқ ҳар ҳолда, «ПСЖ»даги сўнгги мавсумимда 14та расмий ўйинда қатнашдим, Франция кубоги ва Лига кубогини қўлга киритдим. Чемпионатнинг 3та ўйинида дарвозам дахлсизлигини сақлаб қолдим. Ҳеч бир баҳсда менга эътироз билдирилмади, ўзимни юқори формада сездим. Ҳа, «ПСЖ»даги фаолиятим чиройли якун топмади, аммо бу эмас, бахтли онлар ёдда қолади. Париж клубидаги сўнгги ўйинимни олайлик: Франция кубоги финалида «Марсел»га қарши тўп сургандик (4:2)! Хайрлашув учрашуви ажойиб тарзда ўтди.

- «ПСЖ»нинг иштирокини кузатиб борасизми?

- Мақолалар чиқса, айниқса, фотосуралари билан бўлса, бажонидил ўқиб чиқаман. Ҳар ҳолда, Парижда 5 йил ўйнадим, 12та турли турнирларда муваффақият қозондим.

- Нима сабабдан «ПСЖ»га керак бўлмай қолдингиз? Ҳозир шу саволга жавоб бера оласизми?

- Ёқимсиз ҳолат захира ўриндиғида қолиб кетганимда эмас, унга қандай жойлаштирилганимда эди, аслида. Аммо мен бу борада биринчи ҳам, охирги ҳам эмасман. Келинг, шу мавзуга тўхталмайлик, яхши нарсалар ҳақида гаплашайлик, муҳими - жамоа олдинга интилмоқда, ишқибозлар қўллаб-қувватлашяпти. Мени ҳам, фикримча, яхши хотиралар билан ёдга олишаётган, чунки «ПСЖ»га ўтишим ҳамоно французча гапиришга уринганман. Ҳеч қачон тилёғламалик қилмаганман, турли можароларга ўралашмаганман. Жамоа ажойиб эди - уни асло унутмайман. «ПСЖ»нинг турли гуруҳларга бўлиниб қолгани тўғрисида ёзишди, аслида бундай эмасди, ишонинг менга!

- Фақат яхши дамлар ҳақида гапириш осонмас, ахир бутун бошли икки мавсум инқирозли кечганди...

- Фикрингизга қўшиламан. Шунга қарамай, «ПСЖ»да ўзимни уйдагидагек ҳис қилардим. Ҳеч қачон кетишни хоҳламаганман. Менга чиқиш эшикларини кўрсатишганида эса карахт аҳволга тушдим. Бу шаҳарга кўникиб қолгандим, у ерда ўзимни ҳам шахсий ҳаёт, ҳам касб нуқтаи назаридан қулай ҳис этардим. Кутилмаганда мамлакатни алмаштириш, янги шароитга кўникиш, мослашишга тўғри келди. Севильяда ишим юришмади. Хайриятки, ярим йилдан сўнг мени «Осасуна»га ижарага беришди. Памплона ажойиб шаҳар экан. Ва энг муҳими, аввалги ўйиним қайтди.

- Кўпчилик фаолиятингизнинг бу қисмини, яъни «Осасуна»даги даврингизни эътиборга олмаяпти. Ахир у сиз учун муҳим-ку...

- Худди шундай. Памплонага келганимда, жисмоний жиҳатдан унчалик тайёр эмасдим. Лекин ишга астойдил киришдим. Ўзимни ўнглаб, чемпионат ритмига мослашишим талаб этиларди, ахир «Севилья»да деярли ярим йил ўйнамагандим (чемпионатда иккита, Испания кубогида битта ўйин ўтказган). Кундан-кунга ўзимни янада яхшироқ сеза бошладим, у ерда ҳаммаси ёқарди менга. Тренажёр залига бориб, телефонимни ўчирардим, мусиқани ёқиб, ишлайверардим. Машғулотлардан кейин эса индивидуал тарзда ишлаш учун яна қолардим. «Осасуна»да ўтган бу олти ой фаолиятимдаги энг яхши онлардан бири бўлди.

- Шунга қарамай, Италияга қайтдингиз. Шубҳаланиш бўлмадими?

- Турли таклифлар олдим, фаолиятимни чегара ортида давом эттиришим ҳам мумкин эди. Умуман, Италиядан ташқарида яшашга ўрганиб қолгандим. Аммо «Торино»дан қатъий таклиф тушганида, клуб президенти Кайро билан гаплашгач, ўйланиб қолдим. Буни навбатдаги чақирув сифатида қабул қилдим. «А» серия элитасига қайтишни режалаштирган мазкур клубда ўзимни бегона ҳис қилмадим.

- Ушбу жамоага ўтганингиздан афсусланмадингизми?

- Тўғри йўлдан кетяпмиз. Дастлабки йил еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлар учун курашиш даражасида эмасдик («Торино» чемпионатни 9-ўринда якунлади). Ўтган мавсумда эса Европа Лигасига чиқиш учун бор кучимиз билан курашдик ва буни уддалаганимиздан хурсандмиз («Торино» 7-ўринни эгаллади). Ҳар доим йигитларга бир гапни айтаман: «Балки, ҳеч нарса ўхшамас, асосийси - охиригача курашиш».

- Амплуадошингиз Буффон фаолиятини давом эттиришга қарор қилди, ваҳоланки, у 41 ёшда. Шундай узоқ вақт майдонда қолишнинг сири нимада?

- Шунчаки, унда футбол ўйнаш истаги, ўз олдига янги вазифалар қўйиш учун куч бор. Термада узоқ вақт тўп суриш асносида шуни тушундим: бу инсон футболсиз яшай олмайди, унга адреналин, юкламалар керак. Ва албатта, истиқболли лойиҳалар ҳам. Қайсидир клубда одатдагидек тўп суриш унга тўғри келмайди.

- Ўзингиз у сингари 40 ёшгача ўйнай оласизми?

- Ҳозир «йўқ» деб жавоб бераман. Аммо бир неча йиллардан кейин нималар рўй беришини ҳеч ким билмайди, эҳтимол, фикрим ўзгарар. Жанлуижи сингари узоқ вақт ўйнаш учун унингдек кучли характер, мустаҳкам руҳиятга эга бўлиш даркор. Мухлислар футболчиларни фақат майдонда кўришади. Аммо энг асосий воқеалар машғулотлар пайти кузатилади. Ўйинлар - муаммо эмас, айниқса, Буффон сингари жангчи учун. Муҳими - такрорлайман, ҳар кунлик меҳнат, жамоадаги қулайлик, бўш вақтни яхши ўтказиш. Футболчи муайян ҳаёт тарзига амал қилиши, тўғри овқатланиши зарур. Мен, дарвоқе, тўғри овқатланишнинг аҳамиятини бирданига тушуна олмагандим.

- Евро-2016дан кейин термада ўйнамай қўйдингиз ва жамоа сиз йўқ пайтда ЖЧ-2018га чиқолмади. Айни пайт «скуадра адзурра»ни қайта шакллантириш даври кечмоқда. Вазият ўнгланишига ишонасизми?

- Сўнгги Еврода Конте қўл остида ўйнадим, Италия термаси кўп жиҳатдан ёмон кўринмади. Мураббий мустаҳкам жамоани тўплаганди, унда ҳар бир футболчи ўзини керакли ҳис қиларди, яъни терма бу борада клубни эслатарди. Қитъа чемпионатидан кейин Вентура (Жан Пьеро, 2016 йилнинг июлидан 2017 йилнинг ноябригача Италия миллий жамоасини бошқарган) мени бирор марта чақирмади, шу боис ўша терма ҳақида гапиришим тўғри бўлмайди. Ҳозир Роберто Манчини ишлаяпти: ажойиб футболчи эди, мураббийликда ҳам ўзини кўрсатмоқда. У ҳаммасини тўғри йўлга қўйган, таркибга иқтидорли ёшларни жалб этди.

- Яъни, «Торино»да кузатилаётган «қайта туғилиш даври» Италия термасига ҳам тааллуқли экан-да?

- Худди шундай. Чунончи, кўплаб мутахассислар пессимистик фикрлар билдиришмоқда, Пирло, Тотти ёки Дель Пьеро сингари ўйинчиларнинг йўқлигини таъкидлашмоқда. Лекин такрорлайман, бу термада ажойиб ёш авлод бор, улар ўсишда давом этишади. Вазифа - ўз услуби, ўз сиймосини яратиш. Италия жамоалари ҳар доим тўғри ҳимояланиши ва муваффақиятли қарши ҳужум уюштириши билан танилган. Ҳозирги тактика бироз ўзгача - биринчи рақам остида, тўпни назорат қилган ҳолда ўйнашни ҳам билиш лозим.

- Ушбу лойиҳада қатнашишни хоҳлайсизми?

- Термада ҳар бир футболчи ўз мамлакати шаъни учун курашади, муваффақиятларга ўз ҳиссасини қўшишни хоҳлайди. Бундай паллада сени майдонга мунтазам туширишадими, захира ўриндиғида қолиб кетяпсанми, аҳамиятсиз. Менга келсак, формада бўлганимда, ҳар доим Италия учун ўйнашга тайёрман.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: the-uff.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz