Қайднома

Қидирув

УЕФА прагматиклар эрасидан чўчимоқдами?

УЕФА прагматиклар эрасидан чўчимоқдами?

  09.10.2019 09:17
  0
  482
УЕФА прагматиклар эрасидан чўчимоқдами?

Европа футбол ассоциациялари иттифоқи, яъни УЕФАнинг анъанавий техник ҳисоботига назар солсак, махсус таҳлил гуруҳи ЧЛ-2018|2019 тақвимидан жой олган жами 125та ўйинни атрофлича ўрганиб чиққани шундоқ сезилади. Тўғри, экспертлар барчасини умумий хулоса кўринишида келтиришган. Мана, қуйида техник баёнотнинг энг қизиқарли фактлари билан танишишингиз мумкин.

Охирги 15 дақиқа - «Тоттенхэм» вақти

«Тоттенхэм»нинг ЧЛ финалига чиққани экспертларда ҳам алоҳида қизиқиш уйғотган кўринади. Ваҳоланки, Маурисио Почеттино жамоаси турнир гуруҳ босқичи биринчи даврасида атиги 1 очко олганди. Лекин «шпорлар» айнан куздаёқ ўйинларнинг охирги 15 дақиқасида ҳал қилувчи голларни ура бошлашди. Жумладан, «Барселона» ва «Интер»га қарши ўйинларда худди шундай қилишди. «Плей-офф» босқичлари бошланган паллада ҳам «Тоттенхэм»нинг ушбу тенденцияси сақланиб қолди - аввалига Сон Хюн Мин чорак финал баҳсида «Манчестер Сити» дарвозасини 78-дақиқада ишғол қилди, Лукас Моура эса «Аякс»га қарши кечган ярим финалнинг жавоб ўйинида ўзини кўрсатди. У Мадрид финали йўлланмасини Лондон жамоаси томон оғдирганида ўйиннинг 96-дақиқаси ўтиб бораётганди. Умумий ҳисобда айтсак, «шпорлар» жами 20та голдан 8тасини 75-дақиқадан кейин нишонлашди. ЧЛда анчадан буён бундай кўрсаткич қайд этилмаганди.

 

«Камбэклар» - мавсум тренди

Мухлислар бу фактни махсус таҳлилларсиз ҳам билиб бўлишганди, албатта. Ахир ЧЛнинг якунланган мавсуми бир-биридан чиройли «камбэк»ларни тақдим этишдан асло тўхтагани йўқ. Бунда жамоаларнинг алоҳида бир ўйин эмас, балки 2та қарама-қаршиликдан иборат раундларда умумий сценарийни бирдан ўзгартириб юборгани назарда тутилмоқда. Шунинг баробарида «МЮ» ва «Аякс» клублари тегишлича «ПСЖ» ва «Реал» билан тўқнашувда ўз майдонида ютқазиб, меҳмонда мағлубият учун реванш олди. Ярим финал босқичида эса 2та ноёб воқеа кузатилди. Чунончи, турнир тарихида ҳар икки бўлажак финалчи биринчи ўйинда мағлубиятга учради. Боз устига, улар қарама-қаршилик давомида  3та гол камомадини йўққа чиқаришди.

Эҳтиёткор Клопп

Финалда аксинча, кўп нарса 2-дақиқадаёқ ойдинлашди - Мусса Сиссоко қўл билан ўйнагани учун белгиланган пенальтини аниқ амалга оширган Муҳаммад Салоҳ «Ливерпул»ни ғалаба сари анча яқинлаштирди. Ҳар ҳолда, ҳисобда кичик устунлик юзага келгач, «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп одатий стратегиясидан воз кечиб, ишончли ҳимояга умид боғлади. Зеро, немис мутахассиси бунга қадар ЧЛнинг 2та финалида мағлубиятни тан олганди. Муҳими, «қизиллар» эҳтиёткор футболни ўз ўрнига қўя олишди - тўп назорати бўйича 39 фоизли кўрсаткич ва рақибнинг 428та узатмасига қарши 189та «пас». Ҳа, воқеаларнинг бундай кўриниши жамоа фанатларини тўлиқ қаноатлантирди, аммо бетараф томошабинлар бироз ранжишди. Бинобарин, асосий еврокубок турнирининг ҳал қилувчи ўйинида қаторасига 2-марта на «интрига» ва на юқори фаоллик кузатилди. Тўғриси, ҳужумкор футбол тарафдори ҳисобланган Клоппнинг бундай эҳтиёткорлиги ва Хосеп Гвардиоланинг «Тоттенхэм»га қарши кечган чорак финал баҳсида қўллаган услуби УЕФА экспертларини жиддий ташвишга солди. Улар охирги йилларда ҳукм сурган романтик футбол ўрнига прагматик ўйин эраси бошланишидан хавфсирашмоқда. Зеро, бундай футбол ЧЛ рейтингига салбий таъсир этиши, оқибатда реклама тушуми пасайиши ҳеч гап эмас.

 

Шахматчи мураббийлар

Тушунарлики, ҳар бир мураббий энг эффектли ўйин услуби масаласида шахсий қарашига эга. Бироқ мавсум давомидаги ўйинлар чоғи жамоаларнинг муайян тактикага асосланган услуби яққол сезилмади, ҳисоб. Кўплаб мураббийлар рақибнинг заиф жиҳатларига ўз жамоаларининг энг кучли қуролларини қарши қўйиш ўрнига «қўл режими» схемасини фаол тарзда қўллашни маъқул кўришди. Хусусан, Маурисио Почеттинонинг ўйинларга ҳамиша «А» режасидан ташқари, «B» ва «C» вариантлари билан киришгани кўзга ташланди. Мисол учун, аргентиналик мутахассис «Аякс» билан учрашувни 3 нафар ҳимоячи билан бошлади, лекин биринчи бўлимдаёқ назоратни таъминлаш мақсадида 4-1-2-1-2 чизмасига ўтди. Почеттинонинг ўзи кейинчалик бошланғич кўрсатмаси хато бўлганини очиқ тан олди. Яна бир мисол - Хосеп Гвардиоланинг «Шальке»га қарши баҳс (3:2)даги ҳаракати. «Манчестер Сити» устози ўша учрашувда аввалига 4-1-2-3 схемасини 4-2-1-3га айлантирди, кейин яна аввалги чизмага қайтди. Николас Отаменди майдондан четлаштирилганидан сўнг эса, «шаҳарликлар» 4-2-2-1 услуби бўйича тўп суришди. Каталониялик мутахассис «Тоттенхэм» билан уй учрашувида эса аввалига 4-2-1-3 чизмасини қўллади, кейин Кевин де Брюйне ролини ўзгартириб, 4-3-3 схемасини вужудга келтирди, якунда орқада 3 нафар ҳимоячи қолдириб, ҳужумчилар сонини 4 нафарга етказди. Умуман, бундай мисоллар жуда кўп. Дейлик, Юрген Клопп финалда жамоаси ўйинини бутунлай ўзгартириб юборди, Эрнесто Вальверде эса «Ливерпуль» билан қарама-қаршиликда «Барселона» ҳимоясини кучайтирди. Маурисио Почеттино аксинча, «Аякс» билан жавоб учрашувида бор кучни олдинга йўналтирди.

Узун комбинацияларга эътибор

Яна бир диққатни тортадиган жиҳат - бу гол уришга қаратилган динамика вақти. Охирги йилларда бу ҳаракат анча узайди. Рақамларда айтсак, мавсум-2012|2013да битта комбинация 10,3 сонияга чўзилган бўлса, охирги турнирда бу кўрсаткич 12,5 сонияни ташкил этди. Голдан олдинги узатмалар сони эса 3,9тага етди (бу охирги 7 йилда қайд этилган 4-юқори кўрсаткичдир). Демакки, жамоалар эндиликда тўпни назорат қилган ҳолда, ҳужум уюштиришни маъқул кўрмоқда. Тўғри, ушбу трендга истисно ҳолатлар ҳам бор. Дейлик, «Ливерпуль» томонидан амалга татбиқ этилган вертикаль услуб турнирнинг бўлажак ғолиби статистикаси ажойиб кўриниш олишини таъминлади - 1та гол учун 7,81 сония ёки 2,51та узатма! «Барса» эса ўз анъаналарига содиқ қолди (1та гол йўлида 16,13 сония ва 5,9та узатма). Эҳтимол, Каталония клуби шунинг учун ҳам, яна ҳеч нимасиз қолгандир...

 

Месси яна энг яхши

Каталония клуби етакчиси Лионель Месси 12та гол билан ҳисоб бўйича 6-марта ЧЛ бош тўпурари бўлди (мавсум-2011|2012дан буён илк марта якка ўзи). Қолаверса, аргентиналик юлдуз турнир давомида рақиблар дарвозаси томон 54 марта зарба йўллади (иккинчи яхши кўрсаткич). Лео хусусан, ўйин ҳолатидан зарба бериш бобида энг яхши натижага эришди - 21та. Эътиборли факт: Месси 12та голдан ярмини Англия клубларига «тортиқ» этди. 9та голи эса чап оёқда берилган зарба маҳсулидир. Дарвоза томон зарба йўллаш бобидаги энг юқори кўрсаткич Душан Тадичга тегишли - 56та. Бош билан гол уриш масаласида энг кўп вазиятни Муҳаммад Салоҳ (7,08 xG) содир этди, Дивок Ориги эса феноменаль фойдаланиш коэффициентини кўрсатди. Унинг ҳар 3та зарбасидан бири гол билан тугади.

 

«Стандарт»дан ҳимоя

Жами 366та голдан атиги 66таси (18 фоиз) стантарт вазиятлар (жарима ва бурчак зарбалари, аут)дан кейин урилди. Бу аксарият жамоалар стандарт вазиятларда эффектли ҳимояланиш усулларини ўзлаштирганидан далолат. Мисол учун, ён тарафларда белгиланган жарима зарбаларидан тўп узатилган пайтда ҳимояланувчи жамоа вакиллари дарвозадан нисбатан узоқроқда жойлашишдики, бу рақибни «офсайд» ҳолатида қолдириш имкониятини оширади. Шунингдек, голкипер барчасини яхшироқ кўради ва тўпга чиқишда эркинроқ ҳаракатланади.  Ушбу концепцияни айниқса, «Аякс» фаол қўллади. Бурчак тўплари амалга оширилган вазиятда эса ҳимояланувчи томон рақибнинг энг хавфли ўйинчиларини қўриқлашга алоҳида ёндашди. Хусусан, «Ливерпуль» вакили Виржиль ван Дейк кучли таъқиб остига олинди. «Аякс» футболчилари дейлик, Криштиану Роналдуни шу йўл орқали зарарсизлантиришди.

 

ЧЛ-2018|2019нинг энг яхши футболчилари (УЕФА талҚини)

 

Дарвозабонлар

Алиссон («Ливерпуль») - финал ўйинида 8та «сейв»

Марк-Андре тер Штеген («Барселона») - 6та қуруқ ўйин

Ҳимоячилар

Трент Александер-Арнольд («Ливерпуль») - 73та уринишдан 22та аниқ ўткир узатма

Виржиль ван Дейк («Ливерпуль») - 34,5 км.|соатга тенг тезлик

Ян Вертонген («Тоттенхэм») - 71 марта тўп олиб қўйиш

Маттейс де Лигт («Аякс») - ҳаводаги яккакурашларда 67,6 фоиз устунлик

Эндрю Робертсон («Ливерпуль») - 520та аниқ узатма

Мусса Сиссоко («Тоттенхэм») - чорак финалнинг илк ўйинида 94 фоиз аниқ узатма

Ярим ҳимоячилар

Жоржиньо Вейналдум («Ливерпуль») - 6та ўйинда 10,7 километдан кўп югуриш

Кевин де Брюйне («Манчестер Сити») - 247 дақиқа ичида 4та самарали узатма

Френки де Йонг («Аякс») - ярим финалда 92 фоиз аниқ узатма

Ҳаким Зиеш («Аякс») - 9та голга тортадиган вазият

Танги Ндомбеле («Лион») - 88 фоиз аниқ узатма

Давид Нерес («Аякс») - ҳар 1,69 дақиқада юқори тезлик олиш

Ҳужумчилар

Садио Мане («Ливерпуль») - ҳар 1,63 дақиқада юқори тезлик олиш

Лионель Месси («Барселона») - «Гол ] пас» тизимида 15 очко

Лукас Моура («Тоттенхэм») - 32,8 км.|соатга тенг тезлик

Криштиану Роналду («Ювентус») - жамоасининг 14та голидан 8тасида иштирок

Раҳим Стерлинг («Манчестер Сити») - 82 марта алдамчи ҳаракат

Душан Тадич («Аякс») - 33та хавфли узатма

 

ЧЛ-2018|2019нинг энг яхши тўпурарлари

 

Футболчи                 Гол   xG        Зарба            Дақиқа

                                                       (аниқ)          (1та голга)

 Лионель Месси         12      6,47      54 (26)           69,8

Роберт Левандовски 8       6,9        26 (17)           89,1

Криштиану Роналду  6       4,91      48 (13)           124,8

Серхио Агуэро          6       5,59      30 (16)           84,8

Мусса Марега           6       5,69      26 (15)           140,0

Душан Тадич            6          4,79      56 (16)  180,0


А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz