Қайднома

Қидирув

Марат Бикмаев: «ОЧЛ ҳақида ўйлашга ҳали эрта»

Марат Бикмаев: «ОЧЛ ҳақида ўйлашга ҳали эрта»

  10.10.2019 05:42
  0
  454
Марат Бикмаев: «ОЧЛ ҳақида ўйлашга ҳали эрта»

Coca Cola Суперлига-2019 чемпиони номи аллақачон ойдин бўлиб улгурди. Ниҳоят, «Пахтакор» яна ғолиблик нашидасини сурди. Сўнгги пайтларда устунликни «Локомотив»га бой берган «шерлар» бу йил, дарҳақиқат, ҳаммадан кучли эканликларини кўрсатишди. Чемпионликда жамоадаги ҳар бир футболчининг ўрни бор. Жумладан, мавсумни яна қадрдон клубида ўтказаётган Марат Бикмаев ҳам беқиёс. Тажрибали ҳужумчи билан суҳбатлашиш жараёнида чемпионлик шукуҳи унга қўшимча куч бағишлаётганини сезиш қийин эмасди.

- Авваламбор, навбатдаги чемпионлик билан самимий табриклаймиз. «Пахтакор» маълум муддатдан сўнг яна бош совринни қўлга киритди. Хўш, таассуротлар, ҳиссиётлар қандай?

- Табрик учун катта раҳмат! Мавсум бошидан шунга интилдик, хоҳладик. Барибир, чемпионлик ва сов-рин ютишнинг гашти ўзгача. Бутун йил давомида ҳаракат, тинимсиз меҳнат қилиб, соврин ютмасангиз, алам қилади, албатта. Биласиз, аввал «Локо» сафида кетма-кет Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлдим, буниси тўртинчиси. Очиғини айтсам, хурсандчилигим чексиз. Бўшашишга ҳаққимиз йўқ, ҳали иккита кубок мусобақасида муваффақият қозониш ниятидамиз. Демак, олдинга юришда давом этамиз.

- Шахсан ўзингизнинг ўйинингиз ва натижангиздан қониқиш ҳосил қилдингизми? Мухлислар кўпроғини кутишганди сиздан.

- Нима десам экан, ҳар бир ҳужумчи гол уришни истайди, мен ҳам шунинг ҳаракатидаман. Қайсидир жойда ўзим вазиятдан фойдалана олмаяпман ёки омад келмаяпти. Менинг куним ҳам келади, кетма-кет тўп киритишга ҳаракат қиламан. Бошқа гап йўқ!

- Осиё Чемпионлар Лигасига чиқиш учун бу йил жамоа иккита қийин учрашувни ўтказди, балки шунинг учун ҳам гуруҳ босқичи сўнгги турларида толиқиб қолди. Энди эса тўғридан-тўғри гуруҳга йўл олди. Эндиликда «Пахтакор» ОЧЛда ўз олдига юқори мақсадни қўя оладими?

- Мақсад йўлида бир оила бўлишга астойдил бел боғлаймиз. Турнирни гуруҳ босқичидан бошлашимиз бироз енгиллик яратиши мумкин. Қуръа ташлаш маросимидан сўнг вазиятни яна бир бор ўрганиб чиқамиз. Умуман олганда эса, ОЧЛни ўйлашга ҳали эрта.

- Нима деб ўйлайсиз, нега бизда 30дан ошган футболчини қарияга чиқаришади? Ахир сизга ўхшаганлар ҳамон тўпурарлик маҳоратларини намойиш этишяпти-ку!

- Тўғриси, буни ҳеч тушунмайман. Қайтанга, ўттиздан ошган футболчи учун ҳаёт энди бошланади, етарли тажриба ва малакага эга бўлиб боради, бу айни ўйнайдиган ёш ҳисобланади. Европада ёшнинг чегараси йўқ, Хави 38 ёшгача юқори савияда ўйнади. Қўйиб берса, ҳозир ҳам ажойиб формада тўп суради. Нима учун биз ўйнай олмаслигимиз керак? Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Мени қария деяверишсин, ҳар ҳолда, кўнглим ёш.

- «Пахтакор» деярли ҳар бир учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозоняпти. Кўринишидан ўйинлар осон ўтаётганга ўхшайди...

- Йўқ, бундай деб ўйламайман. Масалан, «Насаф» муносиб қаршилик кўрсатди, бу жамоа кубок орқали ОЧЛга чиқиш ниятида эди. Бироқ биздаги тажриба ва маҳорат устунлик қилди.

- Ўзбекистон миллий жамоаси мавзуси сўнгги пайтларда муҳокама марказидан тушмаяпти...

- Менимча, Вадим Абрамовнинг келиши фойдали бўлди, чунки унинг услуби очиқ ва ҳужумкор футболга асосланади. Тан олайлик, аксарият ўзбекистонлик футболчилар комбинацион футболни афзал билишади. Биз прагматик ўйинга кўникмаганмиз, Купер биздан шуни талаб қиларди.

- Фаластин билан учрашувдан сўнг ўзбек футболчиларига танқид кескин кўпайди. Сиз буни қандай қабул қиласиз?

- Танқид бир томондан яхши. Ундан керакли хулосаларни чиқариш мумкин. Меъёрдан ошмаса, танқиднинг ёмон жойи йўқ. Ошиқчаси эса футболчиларга салбий таъсир қилади. Мухлисларимиз ҳужумкор, голларга бой футболни хуш кўришади. Яман ва Сингапур термаларини мағлубиятга учратсак, ҳаммаси изига тушади.

- Шота Арвеладзе «Пахтакор»га икки йил олдин келганди. Шу муддат ичида чемпионлик бой берилди. Бу йилги барқарорликнинг сабаби нимада?

- Ҳамма мураббийлар ҳам келишлари ҳамоно соврин ютишавермайди. Ўзбекистон иқлими, қадриятлари, урф-одатлари ва ўзбек футболини ўрганиб олиш учун вақт керак бўлди. Мана, икки йилдан сўнг «Пахтакор»ни чемпион қилди.

- Жалолиддин Машариповга Европадан қизиқиш борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди...

- Жалол бу йил очилди, ҳар томонлама. Шу йигитдан хурсанд бўлдим, у билан «Локо»да ҳам бирга ўйнадик. Потенциали юқори. Машарипов ҳозирги даражасига босқичма-босқич эришди. Мана, «Ростов»да бир йилдан зиёд захирада ўтирган Шомуродов 9та гол билан тўпурар бўлиб турибди. Мен ёшларга кўпроқ имконият берилиб, уларнинг Европа мамлакатларида тўп суришлари тарафдориман. Машарипов, Шомуродов ёшларга ўрнак бўлишлари керак, мен уларни доим қўллаб-қувватлашга тайёрман. Иложи борича тезроқ «кўҳна қитъа»га йўл олишлари лозим.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz