Ортда қолган ҳисобот тури натижалари топ-чемпионатлар турнир жадвалидаги сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлди. Жумладан, «А» серия ва Бундеслигада пешқадамлар ўз ўринларини таъқибчиларга бўшатиб беришди, Ла Лиганинг совринли ўринларини азалий фаворитлар эгаллашди, АПЛда етакчи ва таъқибчи ўртасидаги фарқ йириклашди.
Англия. Манчестерда қайғули оқшом
4 кун аввал ўз майдонида «Бавария»дан шармандали мағлубиятни қабул қилган «Тоттенхэм»нинг «Брайтон»га сафари 8-турни очиб берди. Афсуски, бу беллашув ҳам лондонликлар учун ўта омадсиз бошланди. Ўйиннинг 3-дақиқасида Паскаль Гросс тўпни қанотдан меҳмонлар жарима майдончасига йўллади, Уго Льорис уни муштлари билан уриб, майдонга қайтарди. Нил Мопе зарбасини қайтариш эса жаҳон чемпиони учун иложсиз эди - тўпни қайтарганидан кейин француз шунчалик ноқулай йиқилдики, чап қўлини синдириб олди. Кучли оғриқ туфайли ҳушини йўқотган дарвозабонга шифокорлар 5 дақиқа тиббий ёрдам кўрсатишди. Шундан кейин унинг ўрнини Пауло Гассанинга эгаллади. Аргентиналик посбон моҳир касбдоши ўрнида рисоладагидек ўйин кўрсата олмади. 19 ёшли Аарон Конноллининг товони билан берган зарбасини қайтаришда хатоликка йўл қўйди. Оқибатда Аарон такрорий зарба эвазига ҳисобни йириклаштирди. Танаффусдан кейин Коннолли олис масофадан аниқ зарба йўллаб, «дубл»га эришди ва афсонавий юртдоши Робби Киндан кейин 20 ёшдан кичик бўлган дастлабки «дубль» муаллифи бўлди. Мазкур йирик мағлубиятдан кейин «шпорлар» 9-ўринга тушиб кетишди. «Брайтон» эса 6 ўйиндан иборат мағлубиятли сериясига нуқта қўйди.
«Энфилд Роуд»да «Лестер»ни қабул қилган «Ливерпуль» катта қийинчилик билан бўлсада ғалабали серияни давом эттирди. Ҳа, баҳс етакчининг устунлигида ўтди, лекин ҳисобни очган Маненинг аниқ зарбаси 40-дақиқада амалга оширилди. Танаффусдан кейин мезбонлар кўпроқ кичик устунликни сақлаб қолиш пайида бўлишди. Табиийки, «тулкилар» мувозанатни тиклаш учун имконият қидиришди ва 80-дақиқада бунга эришдилар. Фақат шундан кейингина пешқадам фақат ҳужум ҳақида ўйлади ва 15 дақиқалик қамални қимматли гол билан якунлади. Шу тариқа 100 фоизли кўрсаткичлар серияси давом этди.
«Қизиллар»нинг асосий рақобатчиси - «Манчестер Сити» «Этихад Стэдиум»да вулверхэмптонлик «бўрилар»га «ем бўлиб», қимматли 3 очкони бой берди. Таажжубки, мезбонлар устунлигида кечган беллашувда тўп меҳмонлар дарвозасидан жой олишни истамади, кўп ҳолларда Руи Патрисиу ақл бовар қилмас «сэйв»ларни намойиш этди. «Вулвз» эса ўйин давомида атиги икки марта аниқ зарба йўллашни уддалади ва улар гол билан якунланди. Қизиғи шундаки, Траоре гол кўринишида, Хименес эса самарали узатма кўринишида «дубль» муаллифлари бўлишди.
Манчестернинг янада номдорроқ, лекин сэр Алексдан кейин ўзини тиклай олмаётган клуби «МЮ» мавсумдаги учинчи мағлубиятини тан олди. Бу гал Сульшер шогирдлари Ньюкаслдан аламли (0:1) мағлубият билан қайтишди. Ягона голни мезбонларнинг 19 ёшли ярим ҳимоячиси Мэттью Лонгстафф амалга оширди. Шу гол эвазига 59 ёшли Стив Брюс ўзининг АПЛдаги 400-юбилей учрашувида илк марта «МЮ»ни маҳв этди. 23 учрашувдаги дастлабки ғалаба. «Қизил иблислар» эса 8 учрашувда атиги 9 очкога эга бўлган ҳолда охирги 30 йил ичидаги энг паст натижани қайд этишди.
Лондон жамоалари бу турда ўз мухлисларини хушнуд этишди. «Арсенал» «Эмирейтс»да «Борнмут» дарвозасини тезкор гол билан ишғол этган бўлсада (9-дақ.), Давид Луизнинг голи ягоналигича қолди. Муҳими, ана шу гол эвазига Унаи Эмери жамоаси 3-поғонага кўтарилиб олди.
Фрэнк Лэмпарднинг «Челси»си эса Саутгемптондан йирик (4:1) ғалаба билан қайтди ва очколар бўйича «Лестер»га етиб олди.
Шунингдек, Лондоннинг кичик дербисида «Вест Хэм»дан устун келган (2:1) «Кристал Пэлас» ҳам 14 очко жамғарди.
Испания. Азарнинг Испаниядаги дебоча голи
Нуфузли турнирнинг мутлақ рекордчиси учун жорий мавсум омадсиз бошланган бўлсада, ички мусобақада у анчадан бери илк марта етакчи ўринга кўтарилиб олди. Ҳа, Зидан шогирдлари тур арафасида ўзларидан атиги 1 очкога ортда қолаётган мавсум кашфиёти - «Гранада»ни ишонарли тарзда (4:2) маҳв этиб, 1-ўринга кўтарилиб олдилар. Карим Бензема эса ҳисобни очиб, тўпурарлар баҳсида етакчилар сафидан жой олди. Танаффус арафасида «Қироллик клуби» мухлислари интиқлик билан кутаётган воқеа содир бўлди - жамоа дебютанти Эден Азар жарима майдончаси чизиғи устида тўпни дарвозабон устидан оширган ҳолда ҳисобдаги фарқни оширди. Модричнинг аниқ зарбасидан сўнг ўйин тақдири ҳал бўлгандек эди. Бироқ меҳмонлар фаоллашиб, 11 дақиқа ичида 2та гол уришди. Шундан кейин мезбонлар ҳушёр тортиб, суръатни оширишди ва қўшимча вақтда Хамес Родригес 4-голни амалга оширди.
Амалдаги чемпион «Камп-Ноу»да «Севилья»га ҳеч қандай имконият қолдирмади - 4:0. Очиғи, «Интер» билан бўлган мураккаб беллашувдан кейин суюкли жамоалари осонлик билан зафар қучишини ҳатто мухлислар ҳам кутишмаганди. Бироқ Вальверде шогирдлари дастлабки 45 дақиқадаёқ 3та тўп фарқи билан олдинга ўтиб олишди. Танаффусдан кейин эса ташаббусни рақибга бериб қўйишмади. Ниҳоят, Лионель Месси ҳам аввалги мавсумдаги мерганлигини такрорлаб, беллашувга нуқта қўйди.
2-ўринга чиқиб олиш имкониятига эга бўлган «Атлетико» сафарда «Вальядолид»ни енга олмади - 0:0. Аниқроғи, пенальтини голга айлантиролмаган мезбонлар Симеоне жамоасига 1 очкони совға қилишди.
Германия. «Бавария»нинг илк мағлубияти
«Бавария» бу турда мавсумдаги дастлабки мағлубиятини тан олди. Ўз майдонида, боз устига, фаворитлар эмас, ўз ўйинини топа олмаётган «Хоффенхайм» ва унинг арманистонлик ҳужумчиси Саркис Адамян Мюнхен гранди учун чинакам бошоғриғи бўлишди. Қизиғи, асосий фаолиятини қуйи лигаларда ўтказган ва Бундеслигадаги 3-учрашувида майдонга тушган 26 ёшли ҳужумчи «Альянц-Арена»дек ҳайбатли кошонада Нойердек донгдор посбонни 2 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди. Мезбонлар эса Левандовскининг ягона голидан ортиғига куч топа олишмади. Табиийки, Лондондаги тарихий ғалабадан сўнг мухлислар чемпиондан бундай сусткашликни кутишмаганди.
«Бавария»нинг омадсизлигидан фойдаланиб, ундан ўзиб кетиш имкониятига бир йўла 4 жамоа эга эди. Бироқ улар худди келишиб олгандек дурангга имзо чекишди. Айниқса, аутсайдер «Кёльн» билан очколарни бўлишиб олиш «Шальке» учун аламли бўлганига шубҳа йўқ. Ғалаба жамоани 1-ўринга олиб чиқиши футболчиларга аввалдан маълум эди. Қолаверса, ўйиннинг асосий вақти ниҳоясига етган паллада мезбонлар олдинда эдилар. Аммо қўшимча вақтнинг 2-дақиқасида Гектор мувозанатни тиклаб, «Шальке»ни муҳим 2 очкодан маҳрум этди.
Шунингдек, «Байер» «РБ Лейпциг»га қарши, «Фрайбург» «Боруссия» Дортмундга қарши беллашувларда (1:1 ва 2:2) муроса кўчасини танлашди.
Менхенгладбахнинг «Боруссия»си эса «Аугсбург» устидан йирик ғалабага (5:1) эришган ҳолда турнир пешқадамига айланди. Дебютант «Унион» дарвозасига урилган ягона гол эвазига «Вольфсбург» 2-ўринга ўрнашди.
Италия. Етакчи чемпиондан енгилди
Турнинг марказий беллашувида 100 фоизли натижа билан келаётган «Интер» «Жузеппе Меацца»да «Ювентус»ни қабул қилди. Табиийки, ғалаба ҳар икки томон учун муҳим эди. Шу боис, илк дақиқалардан қизғин кураш бошланди ва 4-дақиқада Пауло Дибала меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ тез орада ҳисоб тенглашди: ўз жарима майдончаси ичида Матейс де Лигт тўпни қўл билан ўйнагани учун «Ювентус» пенальти билан жазоланди. Мартинес зарбани аниқ бажарди. Танаффусга қадар тенглик сақланиб қолди.
Иккинчи бўлимда Маурисио Саррининг ўйинчи алмаштириши ўз самарасини берди - 80-дақиқада Гонсало Игуаин ҳал қилувчи голни амалга оширди. Шу тариқа «Интер» дастлабки мағлубиятига имзо чекиб, пешқадамликни чемпионга топширди.
«Аталанта» эса «Лечче»ни ишончли тарзда енгиб (3:1), ўз ўрнини сақлаб қолди. Пойтахт вакиллари бу турда дуранг билан кифояланишди - «Рома» ўз майдонида «Кальяри»ни, «Лацио» эса сафарда «Болонья»ни енга олмади - 2:2.
Қаторасига қайд этилган 3та мағлубиятдан кейин «Милан» ниҳоят ғалабага эришди. Генуя вакили «Женоа» ҳам анчадан бери ғалабани унутганди. Дастлабки 45 дақиқа мезбонлар фойдасига ҳал бўлди - 1:0. Лекин Жампаоло шогирдлари танаффусдан кейин жавоб голини уришди. Бироздан кейин тўпни қўли билан ўйнаган Бираска меҳмонларга пенальтини совға қилиб, ўзи ўйиндан четлатилди. Оқибатда «Милан» олдинга ўтиб олди. Аммо сон устунлигидан самаралироқ фойдалана олмади. Мезбонлар эса қўшимча вақтда мувозанатни тиклаш имкониятини кўкка совуришди - Шёне пенальтини голга айлантира билмади.
Туринда маҳаллий «Торино» «Наполи» билан нурсиз (0:0) дурангга имзо чекди.
Франция. Беқарорлик давом этмоқда
Лига 1да азалий фаворитлар ўз ўйинларини топа олишмаяпти. Ҳатто енгилмас «ПСЖ»да ҳам 2та мағлубият бор. Тўғри, бу турда чемпион 3-поғонада бораётган «Анже»га ҳеч қандай имконият қолдирмади - ҳар бўлимда 2тадан гол уриб, ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади. Лекин яқинда совриндорлар сафида юрган «Ренн» ўз майдонида «Реймс»га имкониятни бой берди - 0:1. ЕЧЛда иштирок этаётган «Лион» Сент-Этьендан шундай ҳисобдаги аламли мағлубият билан қайтди. Вҳоланки сўнгги дақиқагача ҳисоб очилмаганди.
«Марсель» эса «Амьен»дек камтарин жамоага қарши жўяли ўйин кўрсата олмади - 1:3.
Аввалги турлардаги икки ғалаба «Монако» мухлисларига қандайдир умид бахш этган ва улар бу турда ҳам ижобий натижани кутишганди. Бироқ князлик клуби Монпельедан қуруқ қайтди. Фақат 3та тўп фарқи билан олдинга ўтиб олган мезбонларнинг хотиржамликка берилишгани «Монако»га йирик мағлубиятдан қутулиб қолиш имконини берди. Сўнгги турлар натижаларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, «Бордо» ва «Нант» нисбий барқарорликни намойиш этмоқдалар. «Бордо» Сафарда «Тулуза»дан (3:1), «Нант» эса ўз майдонида «Ницца»дан (1:0) устун келди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20