Қайднома

Қидирув

Улуғбек Мирзаев: «Мудом мукаммаллик сари ҳаракатдамиз»

Улуғбек Мирзаев: «Мудом мукаммаллик сари ҳаракатдамиз»

  11.10.2019 09:45
  0
  502
Улуғбек Мирзаев: «Мудом мукаммаллик сари ҳаракатдамиз»

Ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг «Ростов»даги сермаҳсул ўйинлари барчамизни бирдек қувонтираётгани тайин. Отабек Шукуров эса БААнинг «Ал-Шаржа» клуби сафида янги мавсумни ҳам кўтаринки руҳда бошлади, Рустам Ашурматов эса «Гвангжу» билан Жанубий Корея элит дивизионига интилмоқда. Айнан шу футболчиларни бежиз тилга олмаяпмиз. Уларни «Бунёдкор» клуби ўзаро боғлаб турибди. Тўғри, Шомуродов ва Шукуров аслида «Машъал» академиясида тарбияланишган, лекин футболчи сифатида айнан пойтахтда шаклланишди. Мана, «Бунёдкор» жорий мавсум яна аввалги равон йўлга қайтди: клуб тизимида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, хориж компаниялари билан турли шартномалар тузилмоқда. Дарвоқе, яқин орада 2 юлдузли академия мақомини оладиган «Бунёдкор» таълим даргоҳида таҳсил олган бир қатор иқтидорли футболчилар айни паллада хорижлик скаутлар эътиборида туришибди. Бу жамоада ишлар тўғри йўлга қўйилганидан далолат, албатта. Яқинда «Бунёдкор» базасида бўлиб, клуб директори Улуғбек Мирзаев билан турли мавзулар юзасидан атрофлича гаплашдик. Фаолияти давомида бир неча клубларда матбуот котиби ва бошқа лавозимларда ишлаган Улуғбек Абдусатторович ўз навбатида, суҳбат давомида жамоа атрофидаги воқеалар ҳамда кейинги режалар хусусида етарлича маълумот берди.

 

- Келинг, суҳбатимизни кўпчиликни бирдек қизиқтирадиган оддий савол билан бошласак: «Бун-ёдкор» раҳбарияти Вадим Абрамовнинг Ўзбекистон миллий жамоасига бош мураббий этиб тайинланганини қандай қабул қилди?

- Аввало, айтишим керак, «Бунёдкор» устозининг миллий жамоамизни бошқаришга муносиб кўрилгани - биз учун фахрдир. Бу ижобий ҳолат. «Қалдирғочлар»ни бошқараётган мураббий савияси баланд эканки, уни мамлакат бош жамоасига таклиф қилишди. Ўз ўрнида, Вадим Карленовичга бутун жамоамиз номидан бошлаган ишида улкан зафар тилайман. Умидворманки, миллий жамоамиз ушбу мутахассис қўл остида ниҳоят, жаҳон чемпионати финал босқичига чиқади, буни интиқлик билан кутамиз. Шу жойда бир жиҳатга алоҳида тўхталишим керак - қишда Вадим Карленовични «Бунёдкор» бош мураббийи лавозимига таклиф қилишни клуб президенти Улуғбек Муродуллаевич Ашуров тавсия қилганди. Биласиз, Абрамов ёшлар билан ишлашда бой тажрибага эга. Клубимиз раҳбари ҳам шуни инобатга олган ҳолда, айнан Вадим Карленович номзодини маъқуллади. Демоқчиманки, клубимиз президенти қарори тўғри бўлиб чиқди. Мана, «Бун-ёдкор»нинг ҳозирги натижалари чакки эмас, асосийси, ёшларимиз майдонда катта иштиёқ билан тўп суриб, янги даражага интилишмоқда. 

- Хўш, Вадим Абрамовнинг клубдаги келажаги масаласи кўриб чиқилдими?

- Бу борада Вадим Карленовичнинг ўзи билан гаплашиб олдик ва у  ЎФА раҳбарияти олдига айни шу масалани қўйди. Зеро, жамоамиз айни паллада Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун қаттиқ кураш олиб боряпти, шунинг учун ҳам ҳозир янги мураббий тайинлаш ўринли эмас. Хуллас, Вадим Карленович барчасини ҳисобга олган ҳолда, жорий мавсум якунига қадар икки лавозимда ишлаб туришга рози бўлди. Энди чемпионат баҳслари якунига етгач, мураббий билан унинг клубдаги келажаги хусусида яна гаплашиб оламиз, албатта.

- Бир қизиқ ҳолат: айнан «Бунёдкор»да яхши ишлаб, совринли ўринлар сари қадам ташлай бошлаган мураббийларни дарров терма жамоага таклиф қилишади. Ҳар ҳолда, аввалига Миржалол Қосимов билан 2 марта шундай воқеа кузатилди, энди эса Абрамов яна миллий жамоа назарига тушди...

- Миллий жамоа мамлакат футболида биринчии ўринда туради, шубҳасиз ва уни энг муносиб мураббий бошқариши керак. Айниқса, ҳозир жуда муҳим паллада турибмиз - бизни олдинда масъулияти ва қадри баланд 2та муҳим учрашув кутмоқда. Миллий ассоциация раҳбарияти Абрамов номзодини танладими, бизнинг бунга қарши чиқишимиз мантиққа зид. Қолаверса, унутмайлик, терма жамоага энг кучли клубларда ишлаган энг яхши мураббийларнигина чақиришади.

- «Бунёдкор» мавсум бошида таниб бўлмас  даражада эди. Энди кўряпмизки, ҳозир ҳаммаси жойида. Мавжуд муаммо ҳамда камчиликлар қандай бартараф этилди?

- Дарҳақиқат, йил бошида клубимиз мураббийлар штаби Олмалиққа йўл олди. Боз устига, 12 нафар асосий футболчимиз жамоа билан хайрлашди. Улар «Локомотив», «Пахтакор», АГМК ва Ж.Кореяга кетишди. Жумладан, 6 нафар вакилимиз Олмалиқ клуби сафини тўлдирди... Шу тариқа барчасини янгитдан бошлашимизга тўғри келди. Ўз ўрнида, бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турган ҳомийларимизга миннатдорчилик билдиришим жоиз. Уларнинг ёрдамлари билан Симоненко ва Лушанга боғлиқ ўша ёқимсиз муаммоларга ечим топдик. Муҳими, жамоа аъзолари ҳеч нимага эътибор қаратмай, майдонда ўз ўйинларини кўрсатишди. Ўзи футболда ҳар қандай жамоа қандайдир муаммоларга юз тутиши мумкин, ҳеч ким бундан тўлиқ ҳимояланмаган. Дейлик, ҳозир Суперлигада иштирок этаётган аксарият клубларда ўзига яраша муаммолари бор. Ҳақиқат шуки, муаммоларга қараб турган билан иш битмайди, аксинча, тўғри ечим топиш йўлида изланиш керак.

- Жорий йил февраль ойида ўтказилган йиғилишда «Бунёдкор» олдидаги асосий вазифа терма жамоаларимизга футболчи етказиб бериш эканлиги алоҳида таъкидланган эди. Нима, жамоа энди натижага эришиш ҳақида кўпроқ ўйламоқдами, вазифа ўзгардими?

- Футболчи қачон юксалади? Қачонки, клуби билан қандайдир натижаларга эришса, кенг назарга тушса, албатта. Демоқчиманки, натижа футболнинг энг муҳим шарти бўлиб қолаверади. Ахир нуқул мағлубиятга учрайдиган клуб вакилларини терма жамоаларга жалб қилишлари мумкинми? Йил бошидаги гапларга келсак, ўзи жорий мавсум чемпионлик учун курашишимиз реал вазифа саналмасди. Зеро, мавсумни катта йўқотишлар билан бошладик. Бундай шароитда чемпионат фаворитига етарлича рақобат туғдириш осон эмас. Шунинг учун терма жамоаларга малакали кадрлар тайёрлашга бирламчи вазифа сифатида қарадик. Шунингдек, академиямизни такомиллаштириш, иқтидорли ёшларимизга эътиборни янада ошириш каби вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириб боряпмиз. Қаранг, бу ҳаракатлар секин-аста ўз мевасини ҳам беряпти. Фактлар мисолида айтсам, «Бунёдкор» совриндорлар қаторидан жой олиш учун курашмоқда, 7-10 нафар футболчимиз олимпия оиласи аъзоси бўлиб туришибди. Ёшлар ва ўсмирлар термаларида эса 5-6 нафар футболчимиз бор. Қисқаси, «Бунёдкор» вакилларини ҳар бир ёш тоифасидаги жамоаларимизда кўриш мумкин.

- Улуғбек ака, бунга қадар «Пахтакор» ва «Андижон» каби жамоаларда ишлагансиз. Одатда кўп гувоҳи бўлганмиз: айниқса, вилоятлар жамоалари мавсум стартида ўз олдига дейлик, кучли учлик ёки кучли бешликка киришни аниқ мақсад ўлароқ қўяди, аммо кейинчалик вазият буткул ўзгаради, вазифа унутилади. Мутахассис сифатида бунга қандай изоҳ бера оласиз?

- Тўғри таъкидладингиз, мавсум бошида оппоқ қоғозга тарих ёзиш бошқа, барчасини амалда кўрсатиш бошқа. Табиийки, ҳар бир клуб юқори поғоналардан жой олишни истайди. Лекин кўпинча маълум бир муаммолар юзага келиши натижасида мавсум аввалида берилган ваъда унутилади. Фақат муаммоларни вақтида енга олган жамоагина кўзлаган маррасига етади. Мана, амалдаги бронза медали соҳиби «Навбаҳор»ни олайлик. Жамоада бу йил икки марта мураббий алмашди. Аввалига Канчельскис бош-қарди, кейин Журжевич келди ва яна Канчельскис... Шу омиллар таъсирида клуб турнир жадвалининг ўрталарида бормоқда. «Динамо»га қаранг - биринчи даврада ёрқин футбол кўрсатиб, мавсум кашфиётига номзод бўлиб турган клуб энди жадвалнинг қуйи поғонасида бормоқда. Демоқчиманки, жамоа олдидаги вазифанинг бажарилиши кўплаб омиллар уйғунлашувига боғлиқ. Такрорлайман, муаммолар ҳар қадамда учраши мумкин, фақат уларни вақтида енгиб ўтиш талаб этилади. Бу борада Суперлигадаги барча клубларга ривож тилайман. 

- Клублар ва футболчилар ўртасида қисқа муддатли шартнома тузиш футболимиздаги камчиликлардан бири эканлиги кўп бора таъкидланади. Бу фикр қанчалик ўринли ҳамда бу камчиликни қай йўсинда бартараф этиш мумкин, сизнингча?

- Мана, жорий йилдан ПФЛ барча клубларга шартноманинг ягона намунасини юборди. Унда барчаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида акс эттирилган. Хусусан, битимга ФИФА талабига мувофиқ келадиган зарур бандлар ҳам киритилган. Менимча, жамоалар янги футболчини яхши билмагани, унинг қай даражада фойда беришини аниқлай олмаслиги боис, асосан 1 йиллик шартнома тузади. «Бунёдкор» мисолида айтсам, клуб президенти бу борада алоҳида топшириқ берган ва унга кўра, футболчилар билан камида 2 йилга мўлжалланган шартнома тузишимиз керак. Шунингдек, шартномада амалдаги келишув якунланмасидан олдин муддатни узайтириш борасида футболчи билан музокара бошлаш ҳақида алоҳида банд киритилган.

- Билишимизча, «Бунёдкор» стадиони ва унинг атрофидаги бинолар тўлиқ клуб балансига қайтарилди. Яна қандай янгиликлар бор?

- Олдимизда турган биринчи иш Сергей Симоненкога боғлиқ муаммоли масалани ҳал этиш эди. Мана, қарийб 5 йилдан буён ечилмаётган жумбоққа ниҳоят, нуқта қўйдик. Қолаверса, Сергей Лушаннинг даъвосини ҳам судлашувлар орқали ижобий ҳал қилдик. Клубимизда кадастр ҳужжатлари йўқ эди, бир қанча уринишлардан кейин «Бунёдкор» стадиони ва академиясини расман ўз ҳисобимизга ўтказдик. Оддий айтганда, «Бунёдкор» стадионнинг расмий фойдаланувчиси эканлигини билдирувчи ҳужжатни қўлга олдик. Яна маркетинг ва менежмент ишлари тўғри йўлга қўйилди. Кўпчилик эътибор қаратгандир, футболкаларда Drivers Village ёзуви пайдо бўлди. Бу мамлакатимизда автомобилларга техник хизмат кўрсатишга мўлжалланган биринчи рақамли марказ ҳисобланади. Қолаверса, бир қатор брендлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида ёндашяпмиз. Қисқаси, боқимандаликдан қутулиш йўлида тинмай изланяпмиз, домий ҳаракатдамиз. Муҳими, бу борада олдинга силжиш бор. Дейлик, клубимиз бунга қадар Sayhun ичимлик сувини ўз ҳисобидан сотиб оларди, энди янги келишувга мувофиқ, ушбу брендни баннерлар, майдон четидаги девор, мониторлар ҳамда чипталарда реклама қиламиз. Эвазига ҳамкоримиз жамоани ичимлик суви билан тўлиқ таъминлайди. Ҳозир умумий ҳолатимиз яхши, кейинги йилдан янада аълороқ бўлишига ишончим комил.

- «Бунёдкор» ёш, умидли ўйинчиларга кучли жамоаларга йўл очадиган ўзига хос трамплин сифатида ҳам хизмат қилмоқда. Охирги мисол - Абубакр Мўйдинов яқинда БААнинг «Ал-Наср» клуби сафига ўтди. Хўш, яна кимларда шундай имконият бор, хориждан таклифлар етарлими?

- Албатта, бу масалани ҳам инобатга оляпмиз, жамоа аъзоларининг хорижда малака оширишлари, замонавий технологиялар асосида шуғулланишларини таъминлаш ҳаракатидамиз. Умумий айтганда, юртимизга Европа футболи ҳавосини олиб кириш йўлида ишлаяпмиз. Мана, яқинда ўринбосарлар жамоаси вакили Бўронбек Мирзасалимов Швейцариянинг «Цюрих» клубига йўл олди - у 20 кунлик кўрикда қатнашади. Бундан нима чиқиши эса кейинроқ маълум бўлади.

- Академияда Диёр Усмонхўжаев, Александр Хвостунов, Саҳоб Жўраев каби ёш мураббийлар ишламоқдалар, уларнинг малакасини ошириш учун қандай дастурлар қабул қилинган? Чунки футбол бир жойда тўхтаб турмаяпти...

- Битта янгиликни айтаман, 29 октябрь куни ОФКнинг академияларни баҳолаш инспекцияси жамоамиз базасига ташриф буюради. Чунончи, икки юлдузли академия мақомини олиш учун керакли ҳужжатларни тақдим этганмиз. Дунёда рейтинги энг баланд академиялар уч юлдузли  бўлади. Шунинг ўзи далолат бериб турибди, бизнинг таълим даргоҳимиз яқин орада Осиёдаги етакчи академиялар қаторига қўшилади. Саволингизга келсак, мураббийларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб турамиз, албатта. Дейлик, уларнинг лицензияларини кўтариш бўйича изчил иш олиб борилмоқда. Яқиндагина ўринбосарлар жамоасида дарвозабонларни шуғуллантираётган Марат Галимов ОФК мураббийлар семинарида қатнашиб қайтди. Марат Рифтакович шу аснода Осиё мамлакатларида дарвозабонлар мураббийларини ўқитиш ҳуқуқини қўлга киритди. Октябрь ойи ўрталарида эса ОФК вакиллари назоратида академия ёшларини тестдан ўтказамиз. Қисқаси, изланишдан тўхтамаймиз.

- Самимий суҳбат учун ташаккур, клубингизга омад ва ривож тилаймиз.

- «Интерфутбол» - мен учун қадрдон газета. Олдинлари уни мунтазам мутолаа қилиб борардим, ҳозир ҳам бефарқ эмасман.

 А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz