Қайднома

Қидирув

Қувғинди хўжайин

Қувғинди хўжайин

  12.10.2019 01:59
  0
  394
Қувғинди хўжайин

ГОЛЛАНДИЯ КЛУБИ ФАНАТЛАРИ УНИНГ СОҲИБИНИ СТАДИОНДАН ҚУВИБ СОЛИШДИ. «Рода» охирги 45 йил бадалига Голландия Эредивизионидан 2 марта тушиб кетди. Жамоа илк омадсизликдан кейин дарҳол кучлилар қаторига қайтганди, бироқ бу гал унинг учун қуйи лигага «сайр» анча чўзиладиган кўринади. Чемпионат-2017|2018 якунига кўра, Эредивизион билан хайрлашган «Рода» ўтган мавсум биринчи лигада 13-ўрин билан кифояланганди, ҳозир эса ишлари янада ёмон. Керкреде жамоаси жорий мавсум 8та ўйинда атиги 6 очко олди ва ҳозир турнир жадвалининг 16-қаторида «осилиб» турибди.

«Рода» ёзда таназзул ёқасига келиб қолган ва унинг чемпионатда иштирок этиш масаласи ҳам катта сўроқ остида турганди. Шундай қийин шароитда мексикалик бизнесмен Маурисио Гарсия де ла Вега клубнинг янги соҳибига айланди. У бунга қадар «Осасуна»ни сотиб олишга уринган, кейин эса «Мурсия» акцияларидан бир қисмини харид қилганди. Бироқ Маурисио Гарсия Испанияда клубнинг аввалги соҳиби билан сира келишолмади. Бунинг оқибатида «Мурсия» ҳаттоки, ўз фаолиятини тўхтатиши ҳеч гап эмасди. Еврофутболда яхшигина жамоага эга бўлишни мақсад қилган мексикалик бизнесмен шундан кейин айнан «Рода»га юзланди. Қисқаси, де ла Вега футбол бозорига кириш учун яна бир бора уриниб кўришни хоҳлади. Бироқ у Голландияда Испаниядагидан ҳам ёмонроқ ҳолатга тушиб қолди. Оддий айтганда, мексикалик соҳиб атиги бир неча ой ичида жамоа фанатлари нафратига учради. Сентябрь ойи охирида эса уни ҳаттоки, стадиондан қувиб юборишди. Аниқроқ айтсак, «Рода» - «Де Графсхап» ўйини (1:1) давом этаётган паллада мухлислар янги хўжайин офисига бостириб киришди ва қатъий ҳолда ундан стадиондан чиқиб кетишини талаб қилишди. Оломон ғазабидан чўчиган де ла Вега эса аввалига полиция чақиришни сўради, аммо гапига қулоқ соладиган ходим топилмади...

Табиийки, фанатлар ижтимоий тармоқларда ҳам мексикалик бизнесменни тинч қўйишмаяпти. Қисқа вақтда унга йўлланган эътирозлардан антиқа «гулдаста» йиғиш мумкин. Мана, керкределиклар мексикалик соҳибни айнан нималарда айблашаётганига қараб, умумий вазиятга ўзингиз баҳо беришингиз мумкин:

- Турмуш ўртоғини «Рода» президенти лавозимига тайинламоқчи бўлди.

- 4 йил муддатга «Рода» сармоядорига айлангани қайд этилган қоғозларни кўрсатди, аммо клуб ҳисоб рақамига бир тийин ҳам туширгани йўқ.

- Клуб атрибутлари савдосини тўғрилаш ҳақида берган ваъдасини бажармади.

- Трансферлардан тушган клуб пулини ўзининг «маркетинг мақсадлари»га йўналтирди.

- Жамоанинг вақтинча мураббийини ишдан бўшатди, бироқ у ҳамон уйида ўтирганча маошини тўлиқ олмоқда.

- Меҳмонхонада яшаши ва узоқ парвозлари харажати клуб зиммасига тушмоқда.

- Клуб ходимларини дам олишсиз ишлашга мажбурламоқда, бироқ қўшимча ҳақ тўлашни хаёлига келтирмаяпти.

- «Мурсия»нинг ўзига тегишли акцияларини сотишга ваъда берганди, аммо амалда бундай қилмади. Шунчаки, акцияларни қариндошларига берди.

- Катта қарз кўтарган, аммо уни узмаган шубҳали шахсдек таассурот қолдирмоқда...

Айтганча...

Аслида «Рода»нинг ҳозирги ҳолати мутлақо бошқача бўлиши ҳам ҳеч гап эмасди. Чунончи, 2017 йили россиялик 30 ёшли миллиардер Алексей Коротаев ва таниқли собиқ ҳужумчи Николя Анелька ҳамкорликда клубни сотиб олишга ҳаракат қилишганди. Улар ҳаттоки, клубни 5 йил ичида Европа Чемпионлар Лигасига олиб чиқишга қаратилган алоҳида иш режасини ҳам тақдим этишган. Бироқ кўп ўтмай, Коротаев йирик сумма ёзилган чекка асоссиз равишда имзо чеккани туфайли ҳибсга олинди ва Голландия жамоаси билан келишув амалга ошмай қолди. Унга 3 йиллик қамоқ жазоси хавф солган бўлсада, якунда катта миқдорда жарима тўлаш асносида қутулди. Айни пайт «Рода»нинг 20 фоиз акцияси айнан Коротаевга тегишли. Эҳтимолки, у яқин келажакда клубнинг тўлақонли соҳибига айланиш имкониятига ҳам эга бўлар ва ЧЛга доир орзусини амалга оширар... Фанатлар эса ҳозирча йирик турнирлар ҳақида ўйлаётганлари йўқ. Уларнинг биринчи навбатдаги хоҳишлари - ҳеч кимга сира ёқмаган мексикалик соҳибдан тезроқ қутулиш, холос.

Ўткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz