Қайднома

Қидирув

«Тахт» тўпурарники ёки Шомуродов ва Арвеладзе ой лауреатлари

«Тахт» тўпурарники ёки Шомуродов ва Арвеладзе ой лауреатлари

  12.10.2019 04:06
  0
  615
«Тахт» тўпурарники ёки Шомуродов ва Арвеладзе ой лауреатлари

Сентябрь ойида мухлислар Coca Cola Суперлига ва Coca Cola Ўзбекистон кубоги ярим финал учрашувларини кузатишдан ташқари, миллий жамоамизнинг ЖЧ-2022 саралашидаги дастлабки ўйини ва битта ўртоқлик баҳси гувоҳига айланишди. Албатта, термамизнинг мазкур беллашувлардаги иштироки кўпчиликнинг дилини хира қилди, бош жамоамиз  мураббийи алмашди: Эктор Купернинг ўрнини Вадим Абрамов эгаллади. Албатта, ушбу тайинловнинг қуйидаги материалга алоқаси йўқ. Чунки биз бугун «ИнтерФутбол» талқини бўйича сентябрнинг энг яхши футболчи ва мураббийлари ҳақида сўз юритамиз.

Элдор Шомуродовнинг бугунги кунда «Ростов» таркибида кўрсатаётган ўйини, қайд этаётган натижаларини нафақат ўзбекистонлик ишқибозлар, балки Россия чемпионатига бефарқ бўлмаганлар барча мухлису мутахассислар эътироф этишмоқда. Дарҳақиқат, Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси гол уришдан тўхтамаяпти, РПЛ тўпурарлари рўйхатида пешқадамлик қилмоқда. Хусусан, сентябрда Шомуродов чемпионатнинг 3та ўйинида майдонга тушиб, 263 дақиқа тўп сургани ҳолда, рақиблари дарвозасини икки марта ишғол қилди. Асосийси, унинг ҳаракатлари индивидиуал кўрсаткичларини яхшилашда асқотишидан ташқари, «Ростов»нинг муваффақиятларида ҳам муҳим роль ўйнаяпти. Шомуродовнинг миллий жамоамиз асосий форварди эканини инобатга олсак, шундай сермаҳсулликни термамизда ҳам намойиш этишига умид боғлаймиз, албатта. Ҳозирча эса лауреатлар рейтингининг биринчи поғонасини яна Элдор эгаллаганини таъкидлаб ўтамиз.

Сентябрда «Пахтакор» муддатидан аввал Суперлига чемпионлигини қўлга киритди. «Шерлар» «Навбаҳор» ва «Металлург» майдонларидаги ғалабалар эвазига ушбу натижага эришишди. Наманган ва Бекободдаги ўйинларда ўз ҳисобига биттадан гол ёздириб қўйган Достон Ҳамдамовни бугунги рўйхатимизда иккинчи ўринга муносиб кўрдик. Coca Cola Ўзбекистон кубоги доирасидаги «Насаф»га қарши кечган баҳс (2:1)ни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, Ҳамдамов майдонда жами 267 дақиқа тўп суриб, иккита тўп киритди. Шу тариқа жамоасининг чемпионликка эришиши ва кубок финалига йўл олишига катта ҳисса қўшди.

Қаторасига иккинчи йил Ўзбекистон кубоги финалига чиққан АГМК сафида бир хорижлик халоскор бор - Элгужа Григалашвили. Грузиялик легионер Суперлига баҳсларида ҳам ўзини кўрсатмоқда, камида шерикларини самарали узатма билан таъминламоқда. Сентябрда ўтказилган «Динамо»га қарши баҳсда Элгужа ўз ҳисобига «дубль» ёздириб қўйганини эътироф этиш даркор. Шунингдек, мамлакат кубоги ярим финалида «Бун­ёдкор»нинг турнирдан чиқариб юборилишига бош сабабчилардан бири бўлди. Бу ойда жами 4та ўйинда 326 дақиқа ҳаракат қилган Григалашвили 3та гол урди. Айнан у лауреатлар кучли учлигига якун ясаб берди.

«Пахтакор» вакиллари Игорь Сергеев, Сардор Собирхўжаев, Драган Черан, Жалолиддин Машарипов, «Локомотив»дан Ислом Тўхтахўжаев, «Бун­ёдкор» ҳужумчиси Миржаҳон Мираҳмадов, шунингдек, Шаҳзод Убайдуллаев («Андижон»), Зоҳид Абдуллаев («Металлург») каби футболчилар учун ҳам сентябрь анча муваффақиятли келиб, улар майдондаги фаолликлари билан бошқалардан ажралиб туришди.

Мураббийлар рўйхатига ҳам, табиийки, ушбу ойда сезиларли муваффақиятга эришганлар киритилди. Хусусан, «Пахтакор» билан ниҳоят, чемпионлик нашидасини сурган Шота Арвеладзе биринчи ўринни эгаллади. Ушбу мутахассис бошқараётган жамоа жорий мавсум барча рақибларидан бир бош устун эканлигини амалда намойиш этмоқда. Ҳозирча Суперлига ва Ўзбекистон кубогида мағлубият нималигини билмаётган «шерлар» кўрсатаётган ўйин томошабоплиги билан кўпчиликка манзур бўлмоқда. «Пахтакор»нинг сентябрда «Навбаҳор» ва «Металлург» майдонида ғалаба қозонганини юқорида ҳам таъкидладик. Жамоа шунингдек, кубок финалига ҳам йўл олди. Албатта, бундай барқарорликнинг қайд этилишида бош мураббийнинг ҳиссаси катта. Умид қиламизки, Арвеладзе шогирдларини ОЧЛнинг навбатдаги мавсумига худди шундай кайфиятда, муносиб тарзда тайёрлай олади.

Ўтган йили мамлакат кубогини қўлга киритган АГМК ушбу совринни ўзида сақлаб қолиш учун яна бир имкониятга эга бўлди - Ўзбекистон кубоги финалига чиқди. Бу сафар Миржалол Қосимов бошчилигида. Жорий мавсумни кўнгилдагидек ўтказмаётган олмалиқликлар учун сент­ябрь ойи яхшироқ ўтди, десак бўлаверади. Жамоа ўз майдонида ўтказилган «Динамо» ва «Насаф»га қарши баҳсларда ғалаба қозониб, хавфли ҳудуддан бироз бўлсада узоқлашди. Кубок ярим финалида «Бунёдкор» таслим этилди. Ушбу натижаларни инобатга олган ҳолда, Қосимовга лауреатлар рейтингининг иккинчи поғонасини бўшатдик.

Ижобий ўзгаришларга эришаётган яна бир клуб - «Андижон» сентябрда ютқазмади. Айниқса, Самарқандда «Динамо»ни мағлубиятга учратган (1:0) «бургутлар»да ўз кучларига бўлган ишонч ортди. Бошқа томондан, бу ўринда жамоадаги футболчиларга бош мураббий етарлича мотивация бераётганини ҳам унутмаслик лозим. Александр Хом­яков келганидан сўнг «Андижон»нинг ўйини яхшиланди, жамоа голлар уряпти, ғалаба қозоняпти. Шундай экан, Хомяков ҳам сентябрнинг энг яхши мураббийлари қаторига киришга ҳақли. Бу сафар ушбу мутахассис учинчи ўринни эгаллади.

«ИнтерФутбол» талқинига кўра аниқлаб келинаётган лауреатларнинг умумий рўйхатига назар солсак, футболчилар орасида Элдор Шомуродовнинг 15 очко билан Жалолиддин Машариповни (14) ортда қолдирганини кўриш мумкин. Учинчи поғонада бораётган Драган Черан ҳисобида 10 очко бор. Мураббийлар рейтингида эса 20 очко тўплаган Шота Арвеладзе яқин таъқибчиларидан сезиларли фарқ билан ўзиб кетган. 14тадан очко жамғарган Вадим Абрамов ва Рўзиқул Бердиев мос равишда 2-3-ўринларни бўлишиб туришибди.

 

 

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

Т|р     Футболчи                            Ўйин      Дақиқа             Гол     

 

1.       Элдор Шомуродов              3            263                   2

2.       Достон Ҳамдамов               3            267                   2

3.       Элгужа Григалашвили         4            326                   3

 

Изоҳ:Фақат расмий учрашувлар инобатга олинган.

 

ФУТБОЛЧИЛАР

Январь|февраль

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Игнатий Нестеров («Уҳуд», С.Арабистони)

3. Сардор Рашидов («Насьонал», Португалия)

Март

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Элдор Шомуродов («Ростов», Россия)

3. Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»)

Апрель

1. Драган Черан («Пахтакор»)

2. Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор»)

3. Зафар Полвонов (АГМК)

Май

1. Ҳумоюн Муртазоев («Насаф»)

2. Шоҳруз Норхонов («Сўғдиёна»)

3. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

Июнь

1. Драган Черан («Пахтакор»)

2. Александр Касьян («Навбаҳор»)

3. Дилшод Саитов («Насаф»)

Июль

1. Элдор Шомуродов («Ростов», Россия)

2. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

3. Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор»)

Август

1. Элдор Шомуродов («Ростов», Россия)

2. Шоҳруз Норхонов («Сўғдиёна»)

3. Игорь Сергеев («Пахтакор»)

Сентябрь

1. Элдор Шомуродов («Ростов», Россия)

2. Достон Ҳамдамов («Пахтакор»)

3. Элгужа Григалашвили (АГМК)

 

МУРАББИЙЛАР

Январь|февраль

1. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

2. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

3. Эктор Купер (Ўзбекистон МТЖ)

Март

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Андрей Микляев («Сурхон»)

Апрель

1. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Андрей Канчельскис («Навбаҳор»)

Май

1. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна»)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

3. Даврон Файзиев («Динамо»)

Июнь

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

3. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

Июль

1. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

Август

1. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

2. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна»)

3. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

Сентябрь

1. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

2. Миржалол Қосимов (АГМК)

3. Александр Хомяков («Андижон»)

 

УМУМИЙ НАТИЖА

Мураббийлар

1. Шота Арвеладзе - 20 очко

2-3. Рўзиқул Бердиев - 14 очко

2-3. Вадим Абрамов - 14 очко

4. Улуғбек Бақоев - 13 очко

5-6. Андрей Фёдоров - 3 очко

5-6. Миржалол Қосимов - 3 очко

7-11. Эктор Купер - 1 очко

7-11. Андрей Микляев - 1 очко

7-11. Андрей Канчельскис - 1 очко

7-11. Даврон Файзиев - 1 очко

7-11. Александр Хомяков - 1 очко

----------------------------------------------

УМУМИЙ НАТИЖА

Футболчилар

1. Элдор Шомуродов - 15 очко

2. Жалолиддин Машарипов - 14 очко

3. Драган Черан - 10 очко

4. Шоҳруз Норхонов - 6 очко

5. Ҳумоюн Муртазоев - 5 очко

6. Хуршид Ғиёсов - 4 очко

7-10. Игнатий Нестеров - 3 очко

7-10. Элдор Шомуродов - 3 очко

7-10. Александр Касьян - 3 очко

7-10. Достон Ҳамдамов - 3 очко

11-16. Сардор Рашидов - 1 очко

11-16. Темурхўжа Абдухолиқов - 1 очко

11-16. Зафар Полвонов - 1 очко

11-16. Дилшод Саитов - 1 очко

11-16. Игорь Сергеев - 1 очко

11-16. Элгужа Григалашвили - 1 очко

Ўткир УМАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz