Қайднома

Қидирув

Арташес Арутюнянц: «Карпин – «Ростов» бош мураббийи, тамом…»

Арташес Арутюнянц: «Карпин – «Ростов» бош мураббийи, тамом…»

  12.10.2019 09:28
  0
  569
Арташес Арутюнянц: «Карпин – «Ростов» бош мураббийи, тамом…»

«Ростов» клуби жорий мавсум РПЛ етакчилари сафида бормоқда. Ростовликлар ортда қолган 12 учрашувда 23та гол уришди (биргина «Краснодар»­да голлар сони кўпроқ - 23та). Бизга айниқса, Дон соҳили жамоаси вакили Элдор Шомуродовнинг чемпионатнинг энг яхши тўпурарлари қаторида бораётгани маъқул тушмоқда. Валерий Карпин бошқарувидаги жамоанинг юксалиши чиндан ҳам ҳайратланарли. Чунончи, жамоа қишда етакчи футболчиларини йўқотганди, энди эса еврокубоклар йўлланмасига яққол даъвогарлик қилмоқда. Яқинда клуб президенти Арташес Арутюнянц «Чемпионат» нашри меҳмони бўлиб, кўпчиликни бирдек қизиқтираётган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

- «Ростов»нинг ёзги трансферлар давридаги ишига қандай баҳо берасиз?

- Натижалардан мамнунман, албатта. Жамоамиз ўзи режалаштирган барча харидларни амалга оширди. Бу гапим ҳар бир чизиққа тааллуқли. Мана, анчайин рақобатбардош таркиб шакллангани кўриниб турибди, лекин яна баъзи позицияларни кучайтириш кераклигини яхши биламиз. Эндиликда юксак савияли ижрочилар баробарида иқтидорли ёшларни жалб этиш ниятидамиз. Ҳа, мухлисларимиз қимматбаҳо харидларни исташади. Бироқ бизда бундай имконият йўқ. 2 йил олдин асосий мақсадимиз жамоани шакллантириш эди, энди позициялар бўйича куча-йишимиз керак. Муҳими - ажойиб уйғунликка эга аҳил жамоа шакллантириш.

- Бу борада мисоллар келтира оласизми? 

- Масалан, Ингасон жамоадан кетди ва унинг ўрнини Деннис Хажикадунич билан тўлдирдик. Шунингдек, Дмитрий Чистяков билан шартнома туздик, Скопцинцев ўрнига Евгений Черновни таклиф этдик. Гулиев ва Юсупов ўрнини Роман Ерёменко, Ивелин Попов ва Матиас Норманн эгаллашди, Алексей Козлов эса Паршивлюк йўқлигини билинтирмаяпти. Бу тўхтамай давом этадиган жараён. Қўшимчасига, ёшларга кўпроқ эътибор қарат­япмиз. Александр Долгов, Данила Прошляков, Александр Саплинов, Данила Ведерников, Николай Поярков ва Данил Глебов - булар ихтиёримиздаги айрим ёшлар. Албатта, шу йигитларнинг ўз позициялари бўйича етук ижрочига айланишларидан умидвормиз. Михаил Осинов ва Евгений Черкес эса яқин келажакда асосий таркибдан жой оладилар. Алексей Козлов ва Дмитрий Чистяков хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Мана, Хорик Байрамян таркибга қайтди. Хуллас, рисоладагидек жамоага эгамиз.

- Мамаев янги жамоасини топди. У қачон майдонга тушади? Умуман, Мамаевни таклиф этишда мухлислар танқидидан чўчимадингизми, спорт формаси жойида эканлигига аминмисиз?

- Аввало, бизга нима учун шундай ўйинчи кераклигини тушуниб олишимиз лозим. Футболчилар танлови фақат руҳий мутаносибликка боғлиқ эмас. Тактик услубни яратишда терма жамоада ўйнаш тажрибасига эга футболчига эҳтиёж сезаётгандик. Павел эса шундай даражадаги ўйинчи. Ҳа, у бир йил давомида майдонга тушмади, лекин жисмоний ва руҳий ҳолати, иштиёқи талаб даражасида. Шахсан ўзи билан бафуржа суҳбатлашиб, футболга қайтиб, нуфузини тиклаш иштиёқи кучли эканлигига амин бўлдик. Қисқаси, Мамаевнинг жамоага манфаат келтиришига шубҳа қилмаймиз.

- Мирзов «Спартак»ка сотилди - буни клуб учун омадли трансферга йўйиш мумкинми?

- У «Ростов»да ўйнашни истамади, биз эса жамоада қолишини. Бир қатор таклифлар орасидан эса «Спартак»ники маъқул кўринди. Жамоада номига ўйнайдиган даврлар ўтиб кетганини тушуниш лозим. Бизга бутун борлиғини клубга беришга тайёр турадиган ўйинчилар керак. Мажбуран тўп сурадиган футболчидан асло наф йўқ ахир.

- «Ростов» жорий мавсум ўзгача ўйин кўрсатмоқда. Кескин ўзгаришлар боиси нима?

- Янада ҳужумкор, чиройли ўйин намойиш этишни истаймиз. Бу мавзу ўтган йили ҳам кўтарилганди. Бироқ айрим сабабларга кўра, 5 нафар ҳимоячи билан тўп суришимизга тўғри келганди. Услубни ўзгартириш учун аввало, шунга яраша ижрочилар топиш лозим. Мана, янги мавсум арафасида 4 нафар ҳимоячи билан ўйнаш услубига ўтдик. Барча имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, шундай тўхтамга келдик. «Ростов» замонавий, томошабоп футбол кўрсатса, бас. Асосийси, ўйинимиз ҳаммага завқ улашсин. Жумладан, мухлисларга.

- Карпинни ҳозирнинг ўзида РПЛнинг энг яхши мураббийи сифатида таърифлаш мумкинми?

- Матиас Норманн таъбирига кўра, у фантастик мутахассис. Жиддийроқ айтганда, Карпин муносиб мураббий ва унга тўлиқ ишонаман. Албатта,  унинг тенгсиз мураббий эканлигини бемалол тасдиқлайман. Шунинг баробарида футболимизда Юрий Павлович Сёминдек ўз ишининг чин усталари борлигини ҳам инкор этмайман. Дейлик, Гончаренко ҳам малакали мураббий. Умуман, бош мураббий роли ижодга мойил. У самарали иш юритиши учун қулай шароит, рисоладагидек таркибга эга бўлиши лозим. Мен ҳамиша Карпин ёнидаман, лекин ишлар кўнгилдагидек кетаётганда, унга халақит бермайман. Фақат оғир вазиятларда ёрдам беришга уринаман, холос. Бош мураббий учун идеал шароитларни муҳайё қилиш - бизнинг бурчимиз. Таркибимизда Алексей Рискиндек ажойиб спорт директори бор. Муносабатларимиз аъло даражада. Иккимиз ҳам Карпин ишларига аралашмаймиз, машғулотларни қай йўсинда ўтказиш ёки қайси футболчиларни майдонга тушириш - ўзининг ихтиёрида. У эса музокарани қандай олиб боришимиз, маблағни қаердан олишимиз ва клубни бошқариш каби масалаларга бурун суқмайди. Тўғри, қандайдир қарорлар қабул қилишда ўзаро маслаҳатлашамиз, албатта.

- Кононов истеъфосидан кейин кўпчилик Карпиннинг пойтахтга қайтишини тахмин қилмоқда. Уни қўйиб юборишга тайёрмисиз?

- Карпин - «Ростов» бош мураббийи. Буни аввал ҳам кўп бора таъкидлаганман. Ҳа, футболда ҳаммаси жуда тез ўзгариши ҳеч гап эмас. Қисқаси. воқеалар ривожини олдиндан тахмин қилиш қийин, эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Ҳозирги факт эса тайин - Карпин ҳамон «Ростов» бош мураббийи.

- Ўтган мавсум арафасида клуб раҳбарияти ва «Ростов Арена» маъмурияти ўртасида нохуш вазият юзага келганди...

- «Спорт-Ин» компанияси билан муносабатимиз ҳали ҳам кескин даражада. Бунга изоҳ беришни истамайман. Фақат яқин келажакда «Ростов Арена»нинг клуб тасарруфига ўтишидан умидворман. Жамоа ўз стадионига эга бўлиши шарт. Уни қандай бошқаришни биламиз. Ҳозир «Ростов»да ўз рамзидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. На машғулотлар базаси ва на «Олимп-2» стадиони клуб тасарруфида...

- Умуман, «Ростов»нинг йиллик бюджети талабга мосми? Бунда вилоят ҳукумати ўрни қай даражада?

- Жорий мавсум вилоят маъмурияти бизга чамаси 120 млн. рубль миқдорида грант ажратди. Бу бюджетимизнинг 5 фоизини ташкил этади. Бизда трансферлар бюджети ҳам йўқ. Қайсидир футболчини харид қилишни истасак, ҳомийлар билан бамаслаҳат иш тутамиз. Қисқаси, бюджет ва ички ресурслар масаласида ҳозирча РПЛнинг кўплаб жамоа­лари билан рақобатлашолмаймиз. Афсуски, 2 йил давомида мавжуд қарздорлик ҳолатини бартараф этолмадик. Қарз миқдори биз ўйлагандан кўпроқ экан. Лекин ҳозир кредиторлик қарзи бир неча баравар қисқарди. Бир неча футболчини сотиш орқали қарзни тўлиқ узишимиз мумкин эди, аммо бундай қилмадик - таркибни сақлаб қолиш стратегик аҳамиятга эга. Ҳа, молиявий барқарорлик борасида мақтанолмаймиз, тўловлар масаласида ҳам узилишлар бор. Муҳими, жамоа буни тўғри тушунмоқда.

- Умуман, «Ростов» қандай мақсадларни кўзламоқда?

- Ўз стратегиямиз, мақсадимиз, ривожланиш дастуримиз бор. Мавсумга қўйилган режаларни эса ошкор этишни истамайман. Шахсан мен «Рос­тов»ни молиявий барқарор, сов­ринли ўринларни эгаллаш орқали еврокубок мусобақаларининг доимий иштирокчисига айланган клуб мақомида кўришни истайман. Шунда стадионимиз мухлислар билан тирбанд бўлади, жамоа тарафдорлари аудиторияси кенгаяди.

Муҳаммадсодиқ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz