Қайднома

Қидирув

«Хитойлик Марадона»нинг 5 рекорди

«Хитойлик Марадона»нинг 5 рекорди

  13.10.2019 01:38
  0
  787
«Хитойлик Марадона»нинг 5 рекорди

Москванинг ЦСКА клуби Европа Лигасидаги қаторасига иккинчи ўйинда мағлубиятга учради. Бу сафар «армиячилар» «Эспаньол»га имкониятни бой беришди. Иккинчи бўлим бошларида ғалаба тўпини испанлар вингери Ву Лей киритди: 64-дақиқада Магнуссондан қочиб кетган футболчи дарвозани ишғол қилди. Шу тариқа у еврокубокларнинг асосий тўрида гол урган биринчи хитойлик ўйинчига айланди. Бу тарихий воқеа, аммо унинг ҳайрон қоларли ери йўқ. Ҳозирда 27 ёшли ҳужумчи - Хитой футболининг асосий юлдузи. Фаолияти мобайнида у бир нечта рекордларни қайд этиб улгурган.

Хитойдаги профессионал клубда дебют Қилган энг ёш футболчи

Лей болалигидан футболга иштиёқманд. Спортнинг бу тури билан шуғулланишни беш ёшидан бошлаган, ўшанда отаси унга биринчи марта тўп совға қилганди. Вунинг оиласи болакайнинг қизиқишларига бефарқ эмасди, шу боис уни махсус футбол мактабига беришди.

Кўп ўтмай Лейнинг уринишлари самара бера бошлади. 2003 йили у қадрдон шаҳри Нанкин шарафини ҳимоячи қилувчи «Жиангсу Сунинг» академияси кўригига борди. Афсуски, уни ўсмирлар жамоасига қабул қилишмади, бўйи паст эканлигини айтишди. Шунга қарамай, хитойлик собиқ футболчи Ли Хунбин бу йигитчанинг иқтидорини ўз вақтида пайқади. У Лейга тавсия хати жўнатиб, ўзини Шанхайдаги янги академияда синаб кўриши мумкинлигини маслаҳат берди. Ушбу таълим масканига обрўли мураббий Сюй Генбао асос солганди.

Ву фурсатни бой бермай, жаҳоннинг энг кўп аҳоли яшайдиган шаҳрига борди ва илк машғулотдан ке-йиноқ уни Генбао футбол мактабига қабул қилишди. У ерда қаҳрамонимиз қисқа фурсатда асосий юлдузга айланди, 2006 йилда эса «Шанхай Ист Эйша» (ҳозирги «Шанхай СИПГ») профессионал клуби таркибига кирди.

Ву Лей ўша йилнинг 2 сентябрида Хитойнинг учинчи дивизиони вакили «Юннан Лицзян Дунба» клубига қарши баҳсда захирадан майдонга тушиб, янги жамоасидаги дебютини нишонлаганида 14 ёшу 287 кунлик эди. Шу тариқа ёш ҳужумчи фаолиятидаги даст­лабки рекордини қайд этди: у Хитойнинг профессионал клубида майдонга тушган энг ёш футболчи бўлди.

Хитой Суперлигаси  тарихидаги энг яхши тўпурар

Ўшандаёқ Лей шу қадар ажойиб тўп сурардики, Генбао унинг манзилига мақтовлар йўллашдан чарчамасди. «Шанхай (Чунмин тумани)даги базани қуришга 30 миллион юандан кўпроқ сарфлагандим. Лекин Ву Лей менга барча инвестицияни қайтариши мумкин. У «хитойлик Марадона», - деганди академия асосчиси.

Якунда Генбао ҳақ бўлиб чиқди. Лей жуда тез ўсишга эришди, кўплаб голлар урди. Ву шу қадар яхши футболчи эдики, Халк ва Оскар сингари юлдуз клубдошлари соясида қолиб кетмади. 2018 йили Суперлигада 89-голини уриб, турнир тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди, Хитой чемпионати-2018 якунига кўра, ҳақли равишда мавсумнинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлди.

Хитойлик мухлислар Лейни қо-йилмақом ўйин ва содиқлиги учун яхши кўриб қолишди. Қаҳрамонимиз «Эспаньол»га ўтишидан аввал 12 йил мобайнида ўз клуби билан Хитой учинчи дивизионидан Суперлига чемпионлигигача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтди. Шу вақт мобайнида Европадан келган кўплаб таклифларга рад жавобини берди. Миллий чемпионатда Ву томонидан ўрнатилган 102та голли кўрсаткични ҳозирча ҳеч ким янгилай олмади. Фақатгина 2019 йилнинг августида худди шундай рекордни Лейнинг собиқ клубдоши Элкесон такрорлади, холос.

Ла Лига клубининг бошлан-Ғич таркибига киритилган биринчи хитойлик футболчи

«Эспаньол» ушбу ҳужумчини «Шанхай СИПГ»дан 2019 йилнинг январида сотиб олди. Унинг трансфери испан клуби учун 2 миллион еврога тушди.

Хитойлик вингер билан шартнома имзолагач, «Эспаньол» нафақат таркибини яхши футболчи билан бо­йитди, балки мухлислари сонини ҳам кўпайтириб олди. Лейнинг ватандошлари Хитойнинг асосий юлдузи Испанияга кўчиб ўтиши ҳақидаги янгиликни илиқ қарши олишди. 350 миллионга яқин хитойлик Вунинг янги клубидаги таништирув маросимини томоша қилишди, футболчининг трансферидан кейин эса «Эспаньол»­нинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларидаги обуначилар сони 20 минг кишига ошди.

Ву февраль ойининг бошидаёқ Ла Лигада дебютини нишонлаб, хитойлик мухлислари қувончига қувонч қўшди. У «Вильярреал»га қарши кечган баҳсда захирадан ўйинга қўшилди, бир ҳафтадан кейин эса Каталония клубининг бошланғич таркибида кўриниш берди - бу воқеа меҳмонда «Валенсия» билан учрашувга тўғри келди. Шу тариқа Чин юрти вакили «Месталья»да яна бир рекордни ўрнатди. Лей Ла Лига клубининг бошланғич таркибида майдонга тушган дастлабки хитойлик футболчига айланди.

Ла Лигада гол урган  биринчи хитойлик футболчи

Март ойи бошида Ву яна бир муҳим натижани қайд этди. «Вальядолид»га қарши кечган уй ўйинида Лей ўз клубидаги дебют голини урди. Иккинчи бўлим ўрталарида у бирга-бир вазиятда дарвозабонни алдаб ўтиб, тўп киритиш орқали учрашувдаги якуний ҳисобни ўрнатди - 3:1. Натижада, тезкор вингер Ла Лигада гол урган дастлабки хитойлик футболчи номига ҳам эришди.

Шундан буён Ву каталонияликлар сафида яна 4 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди - икки марта Испания чемпионатида, шунингдек, бир мартадан Европа Лигаси квалификацияси ва гуруҳ босқичида. Табиийки, Лей ўз юртида қайд этган статистикасини «кўҳна қитъа»да ҳам такрорлаши учун кўп меҳнат қилиши лозим. Муҳими, у ватандошлари учун ҳар қандай ҳолатда ҳам «хитойлик Марадона» бўлиб қолаверади.

 

ВУ ЛЕЙ

 

Ёши: 27

Фуқаролиги: Хитой

Амплуаси: вингер, ҳужумчи

Клуби: «Эспаньол»

Бўйи:172 см.

Футболчилик фаолияти: «Шанхай СИПГ» (2006-2019), «Эспаньол» (2019-ҳ.в.)

Ютуқлари: Суперлига-2018 чемпиони, ўша мавсумнинг энг яхши тўпурари


Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz