Қайднома

Қидирув

«Аякс»га армон жуфтлик

«Аякс»га армон жуфтлик

  13.10.2019 08:53
  0
  484
«Аякс»га армон жуфтлик

Жорий мавсум ҳам Нидерландия Эредивизиони ғолиблик масаласи азалий грандлар - «Аякс» ва ПСВ ўртасида ҳал бўлишини башорат қилиш учун футбол бобида ўта ноёб зеҳн соҳиби бўлиш шарт эмас. Мана, мавсумнинг ортда қолган чорак қисми ҳам буни тасдиқлаб турибди. 9-турдан кейин шу икки пешқадам тенг миқдорда очкога эгалар, имкониятлар ҳам деярли баравар. Тўғри, пойтахт жамоасида голлар нисбати бўйича кичик устунлик бор. Агар иккинчи даврадаги ўзаро учрашув Амстердамда бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, «Аякс»да устунлик бордек. Бироқ янги мавсумнинг энг порлоқ юлдузи, шунингдек, чемпионатнинг энг яхши тўпурари эйндховенликлар жамоасининг йўл-йўл либосида майдонга тушмоқда. Эредивизион ўйинларига бефарқ қарамайдиганлар кимларни назарда тутаётганимизни аллақачон фаҳмлаб улгуришганига шубҳа йўқ. Ҳа, бу галги қаҳрамонларимиз -  Донуэлл Мален ва унинг жамоадоши Пабло Росарио. «Тўпурар Донуэлл-ку, майли, нима учун айнан Пабло?», дейишингиз мумкин. Марҳамат, сабабини қуйидаги мақола билан танишиш воситасида билиб олинг...

ПСВнинг 20 ёшли ҳужумчиси Донуэлл Мален жорий мавсум 9та ўйинда 10та гол уришга улгурди ва чемпионат тўпурурлар рўйхатини ишонч билан бошқариб бормоқда. Мален бундан ташқари, Нидерландия миллий жамоаси таркибига ҳам жуда тез мослашди. Ҳар ҳолда, Евро-2020 саралаш босқичи доирасидаги ўйинда Германия термаси дарвозасига урган голи «лоларанглилар» жамоасига финал бос-қичи йўлланмаларидан бирига реал даъвогарлик қилиш имкониятини берди. Ҳозирдан ёш тўпурарни франциялик Килиан Мбаппега қиёслашмоқда. Эҳтимол, бу эҳтирослар маҳсулидир. Лекин факт шуки, Донуэлл ўйин бобида чиндан ҳам, шиддатли ўсишни қайд этмоқда. Чемпионат кашфиёти шу кетишда Евро-2020га Нидерландия миллий жамоаси етакчиларидан бири мақомида йўл олса, ажабмас. У ПСВда аллақачон шундай мақомга эришиб улгурди.

Эйндховенликлар ёзда 2 нафар етакчи футболчидан айрилишди - Люк де Йонг «Севилья» сафига қўшилган бўлса, Ирвинг Лозано фаолиятини «Наполи»да давом эттиришни маъқул кўрди. Бу икки футболчи ўтган мавсум ПСВ учун нақ 53та гол урганини айтсак, йўқотиш кўлами нақадар катта эканлиги шундоқ кўринади. Муҳими, Эйндховен жамоаси ҳужум чизиғи самарали жуфтликсиз унча заифлашиб қолмади. Бош мураббий Марк ван Боммель топқирлик ҳиссини ишга солдими, ҳар ҳолда,  Маленни қанотдан марказга ўтказди. Чунки унинг ихтиёрида қанот ҳужумчилари етарли, аммо марказий зона учун танлаш имконияти кенг эмасди. Шунинг учун ҳам, клуб «Марсел»дан грециялик Костас Митроглуни ижара келишуви асосида таклиф қилди. Лекин ҳозирча ҳужумда бош ролни тажрибали юнон йигити эмас, балки ёш Донуэлл бажармоқда, яна аъло даражада. Йўқ, гап фақат голлар  сонида эмас. Маленнинг голни қандай юзага келтириши ҳам таҳсинга сазовор - қойилмақом ижроси энг нозиктаъб мухлисларни ҳам лол қолдирмоқда, шунчаки.

Моҳир тўпурар ҳозир яшил майдон фронтининг қарама-қарши томонида, яъни ПСВда эмас, балки «Аякс» таркибида тўп суриши ҳам ҳеч гап эмасди. Аслида пойтахт жамоаси Донуэлл учун жуда қадрли ҳисобланади. Зеро, у айнан Амстердам клубининг машҳур академиясида таҳсил олган. Мален 15 ёшга тўлгач, Англия томон йўл олди - «Арсенал»га. Чунки йигитча Деннис Берг­камп ва Тьерри Анрини биринчи рақамли кумирлари ўрнида кўрар ва айнан улар тўп сурган жамоада ўйнашга қарор қилганди. Бироқ «канонирлар» сафида ўз ўрнини тополмади, аммо «Аякс»га қайтишни истамади, шунингдек, «МЮ» ва «Челси» каби жамоалардан тушган таклифларни ҳам рад этди. Ўзини Берг­камп ва Анри вориси, деб ҳисоблайдиган соддадил йигитча Лондонда ортиқча муаммосиз ўйнаб кетишига умид қилганди. Чунки ўз тенгқурларидан яққол ўзиб кетган ва Нидерландия ўсмирлар ҳамда ёшлар терма жамоаларида савияли ўйин кўрсата бошлаганди. Аммо Лондонга бордию, орзулари бирдан пучга чиқди. Бинобарин, Маленни аввалига ўринбосарлар жамоасида синаб кўришни маъқул кўришди. Тўғри, иқтидорли футболчи кейинчалик  2та ўйинда асосий жамоа рўйхатидан жой олди, бироқ уларни захира ўриндиғида кузатиш билан чекланди. Табиийки, воқеаларнинг бундай тус олиши Донуэллга сира ёқмади ва у зерикканидан ўз юртига қайтиш тараддудига тушиб қолди. Бу орада Арсен Венгер уни Хитой сафарига олиб борди, аммо ҳеч нарсани ваъда қилмади. Айни шу алғов-далғов паллада ПСВ раҳбарияти ҳам лондонликлар, ҳам ҳужумчини қониқтирадиган таклиф билан чиқди. Мален янги жамоага бирданига киришиб кетмаган бўлсада, ҳар ҳолда, мунтазам майдонга тушиб, етарли ўйин амалиётига эга бўлди. Дейлик, у ўтган мавсумни самарадорлик бўйича жамоанинг бешинчи футболчиси сифатида якунлади. Янги мавсумда эса барчаси ўзгариб, Донуэлл ПСВ етакчисига айланди. Жумладан, «Витесс» дарвозасига 5та гол урди, қадрдон клуби - «Аякс»ни ҳам аяб ўтирмади.

Донуэлл Мален Эйндховен жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилаётган футболчилар орасида «Аякс»нинг ягона вакили эмас. Ярим ҳимоя чизиғида тўп сураётган Пабло Росарио ҳам амстердамликлар академиясида таҳсил олган. Исм-шарифи испанча бўлсада, у соф голланд. Тўғри, аждодлари Доминикан республикасидан. Ярим ҳимоячи бундан 22 йил аввал Нидерландия пойтахтида таваллуд топган. У мулоқотда ҳам испанчага қараганда, голланд тилида эркин сўзлашади. Росарио нафақат «Аякс», балки «Фе-йеноорд» мактабида ҳам шуғулланган. 12 ёшидан эса «Аякс» тизимида мукаммаллик сари интилган. Футболчилик фаолиятини ҳужум чизиғида бошлаган Пабло «Роналдо» тахаллусини ҳам олганди. Бироқ «Фейеноорд» ва «Витесс» футболчиси сифатида танилган мураббий Орландо Трустфулл унга марказда тўп суришни тавсия этгач, амплуаси ўзгарди. Яъни Пабло устози  раъйини қайтаролмади ва ҳозир ҳам ярим ҳимоячи позициясида тўп сурмоқда. «Роналдо» тахаллуси табиийки, унутилди, аммо эндиликда Росарионинг Патрик Виейрани эслатиши тез-тез қайд этилмоқда.

Пабло Росарио ва Квинси Промес фаолиятида ўхшаш жиҳатлар мавжуд. Бир пайтлар «Аякс» ўз тарбияланувчисидан воз кечган ва ёш футболчи қуйи дивизион вакили «Альмера»га йўл олган, у ердан эса ПСВга кўтарилганди. «Маҳорати юқори бўлмасада, бизга асқотиб қолиши мумкин», - дейишганди ўшанда эйндховенликлар. Чиндан ҳам, асқотди. Чемпионлик қўлга киритилган 2017|2018 йиллар мавсумида захирадан майдонга тушиб, «жокер»лик вазифасини ўрнига қўйган Росарио энди майдон марказининг муҳим ижрочисига айланди. Қолаверса, Нидерландия терма жамоасидан таклиф олиб, бельгияликларга қарши ўйинда майдонга тушишга ҳам улгурди.

Ёзда Росарионинг «Спартак»ка ўтиши ҳақида гап-сўзлар урчиганди. Аммо футболчи тез орада ПСВ билан янги шартнома тузди ва унинг трансфер баҳоси 20 млн. еврога етди. Натижада россияликлар футболчини харид қилишдан воз кечишди.

Росарио фақат ташқи кўриниши билан Виейрани эслатадими ёки услуби ҳам ўхшаш? Муштарак жиҳатлар йўқ эмас. Пабло - ҳаракатчан, чидамли, тўпни рақибларидан тортиб олиш ва узатмаларни илиб олишда фаол. Қисқаси, бу хусусиятлари айнан Патрикни эслатади. У бугунги ПСВда энг муҳим ўйинчилардан бири, ҳар ҳолда, аксар ҳужумларни бошлаб бермоқда. Ўз жамоаси ва рақиб жарима майдонидаги самарали ҳаракатлари Росариога «Гладиатор» тахаллусини инъом этди. Бироқ у ҳужумларни ниҳоясига етказишда Виейрадек сермаҳсул эмас ҳали. Дейлик, Эредивизиондаги дастлабки голини бундан бир неча кун аввал «Гронинген» дарвозасига урди. Албатта, усиз ҳам жамоада рақиблар дарвозасини забт этиш ихлосмандлари етарли. Лекин ўз исм-шарифини стадион таблосида кўриш қайси футболчига ёқмайди, дейсиз?

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz