Қайднома

Қидирув

Қаҳрамоннинг қисмати

Қаҳрамоннинг қисмати

  14.10.2019 05:53
  0
  499
Қаҳрамоннинг қисмати

Лондонда «покер»­га эришган («Тоттенхэм» - «Бавария» - 2:7) Серж Гнабри ЕЧЛ гуруҳ босқичи 2-тури қаҳрамонига айланди. Ўтган мавсум финалчисининг йирик ҳисобда маҳв этилишида немис ҳужумчисининг ҳиссаси салмоқли бўлди.

«Кумир» ва Серж ўртасидаги муштараклик

Серж ивуарлик йигит ва немис аёл оиласида дунёга келган. Унинг отаси Жан-Херманн Африкадан Германияга немис тилини ўрганиш мақсадида келган ва таҳсилдан сўнг ўз юртида шу тил бўйича малакали ўқитувчи бўлишни режалаштирганди. Бироқ ватанга қайтмади, оила қуриб, моҳир футболчини тарбиялади.

Дарвоқе, кичик Гнабри «Вердер»га келганида унинг биографияси синчиклаб ўрганилган ва отаси Кот-д`Ивуар терма жамоасида майдонга тушгани ҳақидаги маълумотлар аниқланганди. Бироқ Серж отаси ҳеч қачон профессионал даражада тўп сурмаганлигини таъкидлади. Болакайнинг ўзига келсак, у жуда учқур бўлиб, яқин келажакда Усейн Болт билан куч синашишни орзу қиларди. Аммо айтишларича, «кумир»нинг тинимсиз равишда ўз рекордларини янгилаётгани Гнабрини енгил атлетикадан воз кечишга мажбур этган ва у футболни танлаган. «Қачондир бир тўхтамга келишим тайин эди ва мен футболни танладим», - дейди Серж.

Озил билан танишув

Месут Озил билан танишганини Гнабри болаларга хос самимият билан хотирлайди. Ўша пайт Серж 10 ёшда, Месут ундан 6 ёшга катта эди: «Уйимизга яқин бўлган шаҳардаги турнирда Месут энг яхши футболчи унвонига сазовор бўлганди. У билан танишиб, биргаликда суратга тушганман. Лекин ундан бу ҳақда сўрамаганингиз яхши, яна бурни кўтарилиб кетмасин».

Болаларча беқарорлик

Серж болалик пайтида клубларини тез-тез алмаштирарди, узоғи билан 1-2 йил шуғулланарди. Ниҳоят, 11 ёшида у «Штутгарт»га ўтиб, 5 йил таҳсил олди. Кейин 100 минг фунт эвазига «Арсенал» уни Лондонга таклиф этди. Гнабри Англия пойтахтига отаси ҳамроҳлигида йўл олди, у фарзандига инглиз тилини ўзлаштиришда ёрдам берарди. Вақти-вақти билан ота-бола Германияга бориб туришди. «Биламан, айримлар уй соғинчига чидай олмайдилар. Аммо мен учун бу муаммо эмасди, «Арсенал»да немис тилида сўзлашадиганлар етарли эди», - дейди Гнабри.

Қаҳрамонимиз Лондонда Пер Мертезакернинг таъсири кучли бўлганлиги, ундан доимо кўмак олганлигини эътироф этади. Шунингдек, у «Барселона»га бефарқ эмаслиги ва Зидандан ибрат олишга интилганини айтган, аммо фаолиятининг асосий сабабчиси сифатида отасини тан олганди. «Арсенал»нинг ёш дебютант­лари орасида Серж Жек Уилшердан кейин 2-ўринда - 17 ёшу 98 кунлигида дебютини нишонлаган. Ўша 2012|2013 йиллар мавсумида ҳужумчи барча турнирлар бўйича ҳисоблаганда 14 марта майдонга тушди.

Жиддий синовлар даври

Олдинда ёш иқтидор соҳибини жиддий синовлар кутиб турганди. Кутилмаган жароҳат Гнабрини бир йил яшил майдон ташқарисида юришга мажбур этди, кейин «Вест Бромвич»даги омадсиз ижара сафари анча вақтини йўққа чиқарди. Тони Пюлис уни жамоа савиясига мос келмайдиган ҳужумчи сифатида ажратиб кўрсатганди.

«Дарҳақиқат, мураккаб даврни бошдан кечирдим. Сафга қайтиш учун бир йил сарфладим. «Вест Бромвич» ижараси ҳам самарасиз ўтди, атиги бир марта майдонга тушдим. Албатта, бундай вазиятларда ҳар қандай кишида умидсизлик кайфияти юзага келади, нима қилиш кераклигини била олмай қийналади, ҳаммасини йиғиштириб қўя қолсаммикан, деган ўй пайдо бўлади. Лекин отам умидсизликка тушмасдан астойдил тер тўкиш кераклигини уқтирарди. Шунингдек, Мертезакер ҳам доимо далда бериб турди, қўлидан келганича ёрдамини аямай, ғамхўрлик қилди», - деганди Серж.

Орадан бир неча йил ўтиб, Гнабри «Бавария» юлдузига айланган паллада бу долзарб мавзуга яна қайтди: «Майдондаги босим хусусида сўз очганимизда бизни қўрқоққа чиқариб қўйишади, ҳиссиётларимизни рўй-рост ошкор этганимиз учун танқидга учраймиз. Аслида заифлик ва хавотир - барчага хос хислат. Кўпчилик бу оддий ҳақиқатни унутиб қўяди. Агар ҳиссиётлар хусусида холис мунозаралар кўпроқ бўлганида, бир қатор муаммолардан холи юрардик. Бизнинг уларга ўхшаган одамлар эканлигимиз, хато қилишдан кафолатланмаганимиз, ишларимиз доимо «5» бўлавермаслиги тушунарли бўларди. Футболчилар кайфияти ҳам кўтарилиб, биз янада аҳил ва ҳамжиҳат жамоага айланардик. Бу эса ўзимизга бўлган ишончни ошириб, юксак натижаларга йўл очарди».

Табиийки, туманли ўлкадаги ўша тушкунлик даврида 2016|2017 йиллар мавсумига қадар тишни тишга қўйган ҳолда сабр қилиш ва тер тўкиш кераклигини ҳужумчининг ўзи ҳам, мураббийи, отаси ва атрофидаги яқинлари ҳам билишмасди. «Арсенал» Гнабрини «Вердер»га сотиб юборди, Серж эса 11та голи билан Бремен клуби мавсумни 8-поғонада якунлашига сезиларли улуш қўшди. Кейин «Бавария» уни харид қилди. «Хоффенхайм»даги муваффақиятли ижара Мюнхенга қайтиш имкониятини берди. Қарабсизки, суперклуб таркибидаги илк мавсумидаёқ ҳужумчи мухлислар таснифига кўра «Бавария»­нинг энг яхши футболчиси мақомига лойиқ топилди. Совринлар, терма жамоа сафидаги голлар ва футбол оламининг эътирофига Гнабри 2019 йилда сазовор бўлди.

Голни нишонлаш услуби

Ўз голларини нишонлаш услубини Гнабри қайсидир футбол юлдузидан эмас, балки МБА вакилидан «ўғирлаган», у баскетболнинг ашаддий ишқибози. Аввалига «Лос-Анжелес Лейкерс» клубига мухлислик қилаётгандек кўринганди, лекин таом тайёрлашни эслатадиган ҳаракатлар билан гол нишонлашни «Хьюстон» ҳужумчиси Жеймс Хардендан олган.

Ҳужумчининг пазандаларга хос нафис ҳаракатларига лондонлик мухлислар бир оқшомнинг ўзида тўрт бор гувоҳ бўлишди. Тўғри, ўйин охирида бироз толиқиб қолган Серж сўнгги голини камтарона нишонлаб, жамоадошлари табрикларини қабул қилиш билан кифояланиб қўя қолди. Хуллас, бир неча йил аввал унинг тушкунлик давридаги нурсиз ўйинларига гувоҳ бўлган лондонлик мухлисларга «покер»ни совға қилиб, ўзининг ким эканлигини кўрсатиб қўйди.

Усейн Болтнинг рақобатчисига айлана олмаган учқур футболчи билан ямайкалик спринтер ўртасида ажиб бир уйғунлик мавжуд. Ҳа, Гнабрининг енгил атлетикада қандайдир натижаларга эриша олиши ҳақиқатдан йироқ. Боз устига, у футболда мақташга арзигулик марраларга кўтарилиб олди, ундан воз кечмаслиги ҳам аниқ.

Ҳозирда экспертлар Серж Гнабрининг трансфер қийматини 60 млн. еврога баҳолашмоқда. Ваҳоланки, бундан 8 йил аввал ҳужумчини ҳеч ким танимасди, 2011 йилнинг ёзида «Арсенал» уни «Штутгарт»дан 100 минг еврога сотиб олганди. «Тўпчилар» таркибидаги 5 йил мобайнида ҳужумчи бор-йўғи 18 учрашувда иштирок этди, атиги битта гол урди. 2019 йилнинг 1 октябрь оқшомида шу 100 минглик ҳужумчи «Тоттенхэм» - «Бавария» учрашувида 4та гол билан лондонлик мухлисларига оташин саломини йўллади.

Эътиборли жиҳати шундаки, 24 ёшли тўпурарга «покер»ни қайд этиш учун атиги 25 дақиқа етарли бўлди. Бу ҳам яшил майдондаги ихчамгина мўъжиза.

Африкалик немис  фаолиятининг муҳим босқичлари

Скаутларнинг қистови билан «Арсенал» мутасаддилари 2010 йилда Гнабрини ўз таркибларига қўшиб олиш учун «Штутгарт»нинг розилигини олган бўлишсада, ёш ҳужумчи Лондонга бир йилдан кейин йўл олганди. Сабаби, Серж ўшанда 15 ёшда бўлиб, шартнома имзолаш ҳуқуқига эга эмасди.

2011|2012 йиллар мавсумини ҳужумчи ўсмирлар жамоасида бошлади, мавсум якунида захира таркибга ўтказилди. Ундаги тараққиётдан хабар топган Арсен Венгер 2012 йилнинг 26 сентябрида Лига кубоги доирасидаги «Ковентри»га қарши баҳс­нинг (6:1) 72-дақиқасида Алекс Окслейд-Чемберлен ўрнига Сержни майдонга туширди. Шу йилнинг 20 октябрь санасида Гнабри АПЛдаги дебютини нишонлади. Афсуски, 83-дақиқада Аарон Рэмзининг ўрнини эгаллаган ҳужумчи «тўпчилар»ни «Норвич»га мағлуб бўлишдан (0:1) қутқара олмади.

Тўрт кундан кейин ҳужумчи яна 83-дақиқада майдонга тушиб, «Шальке»га қарши баҳс билан ЕЧЛдаги дастлабки иштирокини нишонлади. Бу дебют ҳам Гнабри учун омадсиз бўлди (0:2). 2013|2014 йиллар мавсумини Серж сабрсизлик билан қарши олди. Мураббийлар тўла ишонч билдиришган, матбуот эса мақтовларга кўмиб ташлаганди. Боз устига, Гнабрининг болаликдаги «кумири» Месут Озил «тўпчилар» сафидан жой олганди.

«Шу пайтгача мен билан ёнма-ён тўп сурган энг яхши футболчи - Месут Озил. Албатта, юксак савияли ўйинчилар жуда кўп эди. Аммо Месутнинг машғулотлар ва ўйинларда намойиш этган ҳаракатлари мени лол қолдирганди», - дейди ҳужумчи.

Сентябрь-Ноябрь ойлари оралиғида кўрсатган сермазмун ўйинлари эвазига Гнабри Golden Boy Award-2013 соврини даъвогарлари рўйхатига киритилди, «Арсенал» билан манфаатлари оширилган 5 йиллик шартномага имзо чекди. 2016 йилнинг ёзида ҳужумчи 5 млн. евро эвазига «Вердер» таркибидан жой олди. Шу тариқа Серж­нинг парвози бошланди. «Мусиқачилар» сафидаги 27 учрашувда у Бундеслига вакиллари дарвозаларига 11та гол урди. Ундаги юқори тезлик ҳимоячилар учун ечими йўқ муаммога айланганди.

Натижада «Бавария» 2017 йилнинг июлида уни 8 млн. еврога харид қилди ва «Хоффенхайм»га ижарага юборди. Боиси, «иккинчи навқиронлик» даврини намойиш этаётган Роббен ва Риберилар ёнида Серж учун «нон» қолмаганди.

Ўтган йилнинг ёзида Гнабри Мюнхен суперклубига қайтди ва шундан бери мунтазам равишда асосий таркибда ўйнамоқда. Бундеслигадаги 30та ўйинда у 10та гол ва 5та самарали узатмани амалга оширди. Маҳсулдорлик бобида Серж фақат тенгсиз Левандовскидан ўзиб кета олмаяпти.

Гранд сафидаги самарали иштирок африкалик немисга «бундестим» эшикларини очди. Евро-2020 турнирининг саралаш босқичида ҳужумчи 5 марта майдонга тушиб, 5та гол урди. Умуман, терма жамоадаги 10 учрашувда у ўз рақибларини 9 марта ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур этди.

2019|2020 йиллар мавсумида Гнабридан янада ёрқинроқ ўйинлар кутишмоқда. Айниқса, Лондондаги сермаҳсул беллашувдан кейин мюнхенликлар унга ишонч билдириб хато қилмаганликларига амин бўлишганига шубҳа йўқ!

Кундалик ҳаётда Серж таниқли шахс эмас, камтарона турмуш тарзини хуш кўради. Шунингдек, у эътиқодли йигит, протестантлар черковига қатнаб туради, имкони бор пайтларда хорга жўр бўлади. Гнабри Хуан Мата ташаббуси билан таъсис этилган Common Goal хайрия жамғармасининг илк аъзоларидан бири. Бутун дунё болаларига ёрдам бериш мақсадида иш ҳақининг камида 1 фоизини ажратадиган саховатли футболчи ва мураббийлар ташкилотида у тўртинчи вакил ҳисобланади. Ундан аввал Хуан Мата, Матс Хуммельс ва Жоржо Кьеллинилар ташкилот аъзоларига айланишган.

 С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz