Қайднома

Қидирув

11 йилда кўп нарса ўзгардими? ёки бугуни рақибимиз Сингапур термаси ҳақида

11 йилда кўп нарса ўзгардими? ёки бугуни рақибимиз Сингапур термаси ҳақида

  15.10.2019 02:03
  0
  582
11 йилда кўп нарса ўзгардими? ёки бугуни рақибимиз Сингапур термаси ҳақида

Сингапур термаси Жануби-Шарқий Осиёда ривожланиш йўлида тиришаётган, аммо ҳозирча юқори рақобатга дош беролмаётган жамоалардан биридир. Бугунги рақибимизнинг у қадар юксалиб кетолмаётганига ўзига хос сабаблар бор. Биринчидан, сингапурликлар Малайзия ва Индонезия каби қўшни мамлакатлар футболига рақобат туғдириш билан овора бўлиб қолишяпти. Иккинчидан, миллий терма ўзаги саналган футболчилар қўшни мамлакатлар чемпионатларидан ортмаяптилар. Учинчидан, мамлакатда футболдан кўра, сув спорти кўпроқ ютуқларга эришмоқда, унга эътибор ҳам баланд...

Мундиал йўлидаги Қадамлар

Сингапур термаси илк маротаба 1978 йилги жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида иштирок этган. Лекин жамоа шу пайтгача мундиал финал босқичига бирор марта яқинлашмаган ҳам. Сингапурликларнинг ЖЧ квалификациясига боғлиқ энг яхши натижалари 2010 йилги мундиал довонида кузатилди. Ўшанда орол мамлакат вакиллари биринчи раундда Фаластин термасини 4:0 ва 3:0 ҳисобида енгиб, кейинги босқичга йўл олишди. Иккинчи раундда эса Тожикистон термасини таслим этишди - 2:0, 1:1. Шу тариқа Сингапур термаси 20-жамоа сифатида учинчи босқичга қўшилди. Оролликлар бу довонда Ўзбекис­тон, Саудия Арабистони ва Ливан терма жамоалари билан 1та гуруҳдан жой олиб, якунда 3-ўринни банд этишганди (2та ғалаба). Умуман, Сингапур термаси энг узоқ циклни ҳам айнан ЖЧ-2010 саралашида ўтказган (10та ўйин). Бу сафар ушбу натижанинг янгиланиши эҳтимоли анча паст.

Сингапур миллий жамоаси 2004 йилдан буён уй ўйинларини 8та стадионда ўтказди. Бу оралиқдаги статистикаси унча яхши эмас: 70та ўйин, 20та ғалаба, 11та дуранг, 39та мағлубият, тўплар нисбати - 78-126.

 

Янги авлод маҚсади

Сўнгги йилларда Сингапур Премь­ер-Лигаси мавқеи анча ошди: чемпионатда кўплаб жаҳон футболи юлдузлари тўп суришди. Бу мамлакат футболи ривожига сезиларли таъсир кўрсатди, албатта. Дейлик, 2018 йили чемпионат формати қайта тузилди, титул ҳомийлар жалб этилди. Лекин Зарфан Руҳайзод (дарвозабон), Габриэль Куак (ярим ҳимоячи), Шавал Анвар (ҳужумчи) каби Сингапур Премьер-лигасида тобланаётган терма жамоа аъзоларининг кучлироқ лигаларга йўл олишлари талаб этилади. Маҳаллий чемпионатда бошқа мамлакатлар клублари ҳам иштирок этаётгани эса Сингапурнинг умумий руҳий интернационаллигига хосдир.

Терма жамоага сўнгги йилларда (айнан охирги 2 йилда) барқарорлик етишмаяпти. Бош мураббий лавозимига хориждан таниқли мутахассислар жалб этилмоқда. Дейлик, янги асрнинг 19 йилида жамоа 8 нафар мураббийни кўрди. Амалдаги бош мураббий Тацума Йошида тузган таркибда 4 нафар 30 ёшга тўлган ва ундан катта футболчи бор. Ярим ҳимоя чизиғининг янада ёшариши кенг кўлам касб этмаяпти.

 

Бугунги юлдузлар

Иҳсан бин Фанди (1999 йил 9 апрелда туғилган). Мамлакат футбол афсонаси Фанди Аҳмаднинг иккинчи ўғли сўнгги 1 йил давомида терма жамоа сафида 6та гол урди.

Муҳаммад Сафуван бин Баҳоруддин (1991 йил 22 сентябрда туғилган). Профессионал фаолиятини марказий ҳимоячи сифатида бошлаган футболчи ҳисобида терма жамоа учун урилган 12та гол бор. Клуб футболида эса рақиблар дарвозасини 48 марта ишғол қилган.

Муҳаммад Фарис бин Рамли (1992 йил 24 августда туғилган). Паст бўйли (168 см.) вингер охирги 5 йилда терма жамоа­нинг бош «фигура»ларидан бирига айланди. Ҳужум ва ярим ҳимоя ўртасидаги узвийликни таъминлашга жавоб беради.

Муҳаммад Шокир бин Ҳамза (1992 йил 20 октябрда туғилган). «Кедаҳ» клуби ҳимоячиси охирги мавсумларда гол уришга анча қизиқиб қолган кўринади. 2009 йили Сингапур миллий футбол академиясини тамомлаган йигит ҳужумга ўтишни хуш кўради.

Бош мураббий - Тацума Йошида. 1974 йилнинг 9 июнь куни Япониянинг Чиба шаҳрида туғилган. 1993-2002 йилларда Япониянинг ўртамиёна жамоаларида тўп сурган. 2015 йилдан ўз мамлакати клубларида бош мураббий сифатида ишлаган. Сингапур термаси бошқарувига келганига 4 ойдан ошди. Бу орада жамоа 6та ўйинда 2та ғалаба, 2та дуранг ва 2та мағлубият қайд этди. Йошида мураббийлар штаби маҳаллий мутахассислардан иборат бўлишига қарши чиқмаган.

 

2019 йилги ўйинлар

Сингапур термаси жорий йил 8та ўйин ўтказди: 3та ғалаба, 3та дуранг ва 2та мағлубият. ФИФА рейтинги ҳисоб-китобига кўра, жамоа 8та ўйин­да жами 23,81 очко жамғарди.

Жамоанинг охирги 4та ўйини

5 сентябрь. Сингапур - Яман - 2:2. ЖЧ-2022 саралаши. Голлар: Иҳсан Фанди (27), Фарис Рамли (52).

10 сентябрь. Сингапур - Фаластин - 2:1. ЖЧ-2022 саралаши. Голлар: Шокир Ҳамза (3), Сафуван Баҳоруддин (39).

5 октябрь. Иордания - Сингапур - 0:0. Ўртоқлик баҳси.

10 октябрь. С.Арабистони - Сингапур - 3:0. ЖЧ-2022 саралаши.

 

Ўзаро раҚобат

Миллий жамоамиз Сингапур термаси билан 2 марта тўқнашиб, ҳар иккисида ғалаба қозонган. 2008 йилнинг 7 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган сўнгги ўзаро баҳс аслида 1:0 ҳисобида якунланган, лекин ФИФА кейинчалик сингапурликларга техник мағлубият (0:3) ёзган. Сабаби - жамоа таркибида ўйинда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаган футболчи майдонга тушган. 

 

 

СИНГАПУР ТЕРМА ЖАМОАСИ

Жамоа ташкил топган йил: 1892

Жамоа ФИФАга аъзо бўлган йил: 1952

Лақаби: «Шерлар»

Жамоа сардори: Ҳарис Ҳорун («Жоҳар Дорул Таъзим», Малайзия)

Бош мураббийи: Тацума Йошида (2019 йил 30 май кунидан)

Уй стадионлари: «Миллий» (сиғими - 55000), «Жалан Бесар» (сиғими - 8000)

ФИФА рейтингидаги ўрни: 157 (2019 йил 19 сентябрь кунги ҳолат)

Биринчи расмий ўйини: 11.04.1953. Сингапур. Сингапур - Ж.Корея - 2:3

Энг йирик ғалабаси: 15.01.2007. Сингапур. Сингапур - Лаос - 11:0

Энг йирик мағлубияти: 09.11.1969. Куала-Лумпур. Мьянма - Сингапур - 9:0

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Даниэль Беннетт (145та)

Энг кўп гол урган футболчи: Фанди Аҳмад (55та)

Техник ҳамкори: Nike (2006 йил ноябрь ойидан)

Сингапур Республикаси - Жануби-Шарқий Осиёдаги мустақил орол-давлат. Ер майдони - 725,1 км.|кв. (жаҳонда 176-ўрин). Аҳолиси -  5 778 110 киши (2019 йил, жаҳонда 114-ўрин). Пойтахти - Сингапур шаҳри. Давлат бошқаруви - парламент республикаси. Малайзиянинг Жоҳар султонлиги, Индонезия таркибига кирувчи Риау ороли билан чегарадош. Сингапур 1965 йилнинг 9 август куни Малайзиядан ажралиб чиқиб, ўз мустақиллигини эълон қилган. Расмий тиллар - инглиз, хитой (мандарин шеваси), малай. Пул бирлиги - Сингапур доллари. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми - 13 717 АҚШ доллари. Президенти - Ҳалимаҳ Ёқуб. Бош вазири - Ли Хсиен Лунг. Сингапур пойтахти жаҳонда сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган 5-шаҳар ҳисобланади.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz