Қайднома

Қидирув

Яна йирик ҳисоб хаёли

Яна йирик ҳисоб хаёли

  16.10.2019 09:05
  0
  540
Яна йирик ҳисоб хаёли

Муҳтарам мухлис! Ушбу мулоҳазаларнинг зуваласи Яман термасига қарши ўйиндан бир кун аввал, тонг чоғи пишиб етилди. Гап шундаки, 9 октябрь куни саҳарда  InterFutbol газетасининг пайшанба сони бош саҳифасига асосий сарлавҳани танладик. Ҳеч иккиланмай, «Яшин тезлигидаги ўйин», - дея таклиф билдирдим. Очиғи, аксарият ҳолларда таклифим таҳририятда эътироз туғдирмайди. Бироқ бу сафар ундай бўлмади. Мен илгари сурган вариант ўта таваккалчилик сифатида баҳоланди  ва бундай юқори нотадаги сарлавҳа профессионал талабларга тўғри келмаслигини таъкидлашди. Гарчи  фикримдан қайтишни истамаган бўлсамда, таҳририят қарашини ҳам ҳурмат қилишим даркор эди. Муросага кўндим ва сарлавҳа олдига «мухлислар орзуси» бирикмасини қўшиб қўйдик.

 

Хўш, терма жамоамиз нима учун менинг тасаввуримда яшин тезлигида ўйнади? Бу эҳтиросга берилиш, ҳавойилик ёки романтика оқибатими? Йўқ, асло! Ёш нуқтаи-назаридан аллақачон бу жараённи босиб ўтганман. Тўғри, бош муҳарриримиз Аҳадхон Абдуҳамитов гоҳо ҳафтанинг сешанба куни оқшоми қўнғироқ қилиб, газетанинг пайшанба сони учун ҳам мулоҳаза ёзиб беришимни сўрайди тўсатдан. Аёнки, мен тайёр эмаслигимни айтиб, «тутун  қайтараман». Аммо у ҳам бўш келмайди ва «Сиз тасаввур қилиб, ёзаверасиз-ку!» - дейди ҳазиллашиб. Албатта, ҳазилни тўғри тушунаман. Лекин мулоҳаза, эл-юртга тортиқ қилинадиган неъмат ва бу борада ҳазил кетмайди. Айниқса, футбол масаласида. Демоқчиманки, ўша кунги сарлавҳада шунчаки, Вадим Абрамов феъл-атвори ўз ифодасини топганди. Гарчи у «Терма жамоа ҳам, футбол ҳам 7 йил ичида ўзгарди, жумладан, мен ҳам», - деган бўлсада, инсон табиати, феъл- атворининг ўзгармаслиги кўпчиликка маълум. Вадим Карленович ҳар қандай рақибда қўрқув уй­ғотишни ёқтиради. Ёдингиздами, шу йил куздаги ўртоқлик учрашувларида араб футболчисининг қандай «чўчитгани». Унинг услуби камтарона имкон билан катта ғалабаларга эришган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Жалолиддин Мангубердига хос ҳарбий салоҳиятни эслатади. Бош мақсад -  шиддат ва тажовузкорлик билан рақибни эсанкиратиш, вазиятдан тезкор фойдаланиб, уни мағлуб этиш. Хуллас, Вадим Абрамов шогирдларининг Яман термасига қарши баҳсда яшин тезлигида ўйнашлари ва гол уришларига ишонардим. Чунки Вадим Абрамов - Яман термасидек рақиблардан қўрқмайдиган, ҳатто уларга баланддан қарайдиган мураббий. Аввалдан айтишим мумкин, у Сингапур термасига ҳам шундай муносабатда бўлади.

Ниҳоят, орзиқиб кутилган кун! Тушликдан сўнг футбол мавзусида шеър ёзишни яхши кўрувчи Нурмуҳаммад, Президент мактаби ўқувчилари - Мироншоҳ ва Отабек билан суҳбатлашдим. Илтимосимга кўра, ёш мухлислар тахминий ҳисобларни айтишди: Нурмуҳаммад  -  1:0, Мироншоҳ - 2:1, Отабек - 2:0.

Ҳамкасбимиз Санжарбек Ҳамидов эса менинг тахминим билан қизиқди. Шунда тўплар нисбати +3 бўлишини изоҳладим. «О», - дейишди суҳбатдошларим ҳайратларини яширолмай. Ўз навбатида, улар ҳам тахминларини асослашга интилишди. Ёш мухлисларнинг шаштларини қайтармадим. Энг муҳими, улар фақат ғалаба ҳақида ўйлашаётганди.

Ўйинга бир соат қолганида, таҳририятга заҳматкаш муаллим, «Меҳнат шуҳрати» ордени ва «Шуҳрат» медали соҳиби Каримжон Муродов ташриф буюрди. У хотиржам оҳангда Маҳмуд Салоҳиддинов номидаги ёш математиклар фан олимпиадасини ташкиллаш хусусида сўзлади. Академик олим, изланувчан муалллим ва математика фани ҳурмати учун уни сабр билан тингладим. Яширмайман, футбол томошасига шошаётганимни айтиб, Каримжоннинг кўнглини қолдирсам, ҳисоб тахминдагидек бўлмаслигидан, хавотирландим.

Ҳарчанд уринмайин, барибир, Каримжон ҳолатимни сезди ва «Қулоғимга чалинганди, футбол бор эди-а», - дея ўрнидан турди...

Ўтган ҳафта «Ташналик» мавзусини ёритгандик. Тахминимиз қай даражада ўзни оқлашини кутаётгандик. Ҳа, назаримизда терма жамоамиз ташналик либосида тўп суриб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Яман терма жамоасининг савияси шиддат ва ташналик эвазига енгса бўладиган даражада ҳамда бу ҳол яқин келажакда ҳам ўзгармайди. Вадим Абрамов наинки Европа, балки Осиёда ҳам барча футбол ўйнашни ўрганиб олганини таъкидлайдиган мураббийлар тоифасидан ҳисобланмайди. Дейлик, Сан-Марино ёки Гуамда футболни қоида асосида ўйнашни билишади, холос. Мазкур мамлакатлар жамоаларидан юқори савияли ўйин кутиш - футболни тушунмаслик. Яман ва Сингапурда ҳам аҳвол ҳозирча шундай. Масалан, Сингапур термаси ўсмир ёшидаги футболчилар каби очиқ ва ҳужумкор футболни  хуш кўради.

Терма жамоамиз шу услубга мослашиб ўйнаса, 1-2та гол қўйиб юбориши мумкин, лекин рақибдан 3-4та ортиқча уради. Иқтисодий тараққиёт бобида Сингапурга ошно Гонконгда эса футбол тафаккур измида. Шунинг учун бу мамлакат термасига гол уриш мураккаброқ. Ўртоқлик учрашувида олимпиячиларимизни  енгган Жанубий Корея футболида эса кучли инқироз жараёни энди ҳеч қачон кузатилмайди. Бошқача айтганда, авлодлар келиб-кетиши билан боғлиқ муаммолар Жанубий Корея футболига сезиларли таъсир ўтказолмайди. Бироқ бу мулоҳаза Жанубий Корея ёки Япония термаларини енгиш мушкуллигини англатмайди. Футболимизнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилса ва ақлли ёндашув бўлса, терма жамоамиз Осиё футболида исталган рақибни енгишга қодир. Бунинг учун Вадим Абрамов йўлидан адашмаса, бас!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси(нинг 15 октябрь кунги 82(1705) сонидан)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz