Қайднома

Қидирув

Усмон Тошев: «Раҳбариятнинг ишончи мураббийга қўшимча куч беради»

Усмон Тошев: «Раҳбариятнинг ишончи мураббийга қўшимча куч беради»

  16.10.2019 11:37
  0
  664
Усмон Тошев: «Раҳбариятнинг ишончи мураббийга қўшимча куч беради»

Ҳозирда Тожикистон термасида фаолият юритаётган ўзбе-кистонлик мутахассис Усмон Тошев айни пайт қўл остидаги жамоани муносиб тарзда бош-қармоқда. Ўз вақтида «Бухоро», «Насаф», «Андижон» клубларида ишлаган мураббий биз билан суҳбатда сўнгги пайтларда ўзбек футболида рўй бераётган воқеаларга муносабатини билдириб ўтди.

- Усмон ака, яқинда ўтказилган Осиё чемпионати (U-16) саралаш босқичида ўсмирларимизнинг ўйинини бевосита стадиондан кузатдингиз. Хўш, уларнинг ҳаракатлари сизда қандай таассурот қолдирди?

- Чиндан ҳам, Ўзбекистон - Туркманистон баҳсини стадионда томоша қилдим. Кўриниб турибдики, мураббийлар штаби астойдил меҳнат қилган, изланган. Лекин бу финал босқичида етарли бўлмаслиги мумкин. Хатолар ҳам бор, кейинги бир йил давомида янада кўпроқ ишлаш зарур. Футболчиларни пухта тайёрлаш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозим. Азамат Абдураимов иқтидорли футболчиларни таркибга жалб этибди, уч-тўрт футболчининг ўйинлари менга манзур бўлди.

- Нима деб ўйлайсиз, ўзбек футболининг ҳозирги даражаси аввалгисидан пастми? Миллий жамоамиздаги инқироз, клубларимизнинг ОЧЛ гуруҳ босқичидан нарига ўта олишмаётгани, квоталаримизнинг камайгани...

- Ўзбек футболи айрим даврларда ўзининг юқори чўққисига чиқди, сўнг яна пастлади. Клублар, ҳаттоки, Чемпионлар Лигаси финалига чиқиш учун курашишди. Энди бу ёғига аниқ режа ва дастур асосида ҳаракат қилинса, Осиёдаги мавқе тиклаб олинади.

- «Машъал» академияси фаолиятини тугатди, «Шўртан» ҳам ўз мактабини ёпишга ариза берган, «Насаф» аввалгидек барқарор эмас. Бу нимадан далолат?

- Ушбу жамоаларнинг ҳозирги ҳолати ачинарли, бу кетишда футболчиларни тайёрлаш жараёнида муаммолар туғилади. Мазкур вазиятга жиддий қаралса, мақсадга мувофиқ бўларди. Умуман, барча вилоятларда футбол мактабларини такомиллаштириш лозим.

- Сиз Бухоро фарзандисиз, шундай экан, «Бухоро»нинг айни вақтдаги ҳолати сизни бефарқ қолдирмайди. Нима деб ўйлайсиз, Муҳсин Муҳаммадиев вазиятни ўнглай олармикан?

- Жамоа бир амаллаб элитада қолиши мумкин, бироқ вазиятни ижобий томонга ўзгартириш осон кечмайди. Бунга анча вақт кетади.

- ОФК инструктори сифатида айтинг-чи, мураббийларга лицензиялар берилиши, уларни ўқитиш жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланиляптими? Умуман, бу борада қандай янгиликлар бор?

- Яқинда мураббийларга ФИФАнинг янги конвенциялари бўйича дарс ўтказишни бошладик. Барчаси замонавий футбол талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириляпти. Бош-қа томондан, мураббийларнинг ҳам ўз устиларида қандай ишлашаётгани муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бирлари ўзларининг дунёқарашларига эга бўлишлари шарт. Ишга ижодий ёндашиш лозимлигини машғулотларда такрор уқтиряпман, масалага ҳеч қачон юзаки қарамасликни сўраяпман.

- Ўзбекистон ва Тожикистон футболида ўхшашликлар борми?

- Тожикистонда ҳам, худди Ўзбекистонда бўлгани каби, футболни севишади. Майдонлар ҳолати, инфратузилма бўйича мамлакатимиз етакчи, аммо ҳозир ишлаётган жойимда ривожланиш учун ҳаракат йўқ эмас.

- Авваллари Тожикистон Осиёдаги кучсиз жамоалар қаторига кирарди, Ўзбекистон термасига бир неча марта йирик ҳисобда ютқазган. Ҳозир эса исталган рақибга қўрқмай тактик кураш таклиф этяпти. Шундай ўсишга қандай эришдингиз?

- Тожикистон термасига келганимда, мутасаддиларга ўзимнинг тушунчам, фикрларимни билдириб ўтдим. Улар эса мени қўллаб-қувватлашларини айтишди. Муҳими, мен татбиқ этаётган фалсафа ва услубни ҳурмат қилишди. Ишлаётган жойингизда ишонч, эътибор, фидойилик бўлса, ўз-ўзидан сизда ҳам қўшимча куч пайдо бўлади.

- Собиқ клубларингиздан бири «Андижон» ҳам сўнгги пайтларда барқарорликка эришолмаяпти...

- Андижонда мутахассислар етарлича, иқтидорли ёшлар ҳам кўп. Фақат тартиб-интизом борасида муаммо катта, деб ўйлайман. Вазиятни ўнглаш учун муайян бир тизимга кўра ишлаш талаб этилади.

- Ўтган йили Тошкентда ўтказилган CAFA CUP мусобақасида Ўзбекистон U-17 термасини бошқаргандингиз. Ҳозир ўша футболчилар Отабек Ғуломхўжаев қўл остида шуғулланишяпти. Сизнингча, бу жамоа келгуси мусобақаларда муносиб иштирок эта оладими?

- Ҳа, ушбу таркибда жуда яхши футболчилар тўпланган. Менимча, кейинги йили Ўзбекистон мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатида ҳам мазкур ёш тоифасидаги термамизнинг ёрқин ўйинларига гувоҳ бўламиз.

- Мураббийликни бошлаётганингизда нимани орзу қилган эдингиз ва нималарга эришдингиз?

- Ўзим ҳам футболчи бўлганман. Шунинг учун майдондаги ўйинчининг ҳолатини яхши тушунаман. Мураббийликни бошлаганимда кўпроқ ҳурмат қозонишни мақсад қилганман. Услубим ҳам ростгўйлик ва самимийликка асосланган. Шогирдларимга ҳам шунга мос равишда кўрсатма беришга интиламан. Кўп ҳолларда ниятим амалга ошади.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz