Қайднома

Қидирув

Корейс-япон дуэти ёки ОСИЁ ФУТБОЛИ УМИДЛАРИ

Корейс-япон дуэти ёки ОСИЁ ФУТБОЛИ УМИДЛАРИ

  16.10.2019 12:52
  0
  474
Корейс-япон дуэти ёки ОСИЁ ФУТБОЛИ УМИДЛАРИ

Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида турнирнинг амалдаги ғолиби - «Ливерпуль», Италияда ўз ўрнига эга бўлган «Наполи», шунингдек, камтарин «Генк» клублари орасига тушган «Залцьбург» дастлабки икки тур баҳсида бирдек кучли таассурот қолдирди. Австрия чемпиони аввалига ўз майдонида Бельгия вакилига заррача имконият қолдирмади - 6:2. Бу учрашувда «Зальцбург» голларидан бири Жанубий кореялик Хван Хи Чхан номига ёзилди. 2-турда эса австрияликлар «Энфилд Роуд»да «Ливерпул»ни етарлича қийнаб қўйишди. Ҳар ҳолда, ўйин давомида 0:3 ҳисобини мўъжизавий тарзда 3:3га айлантиришди. Тўғри, улар якунда яна бир гол қўйиб юбориб, мағлубиятга учрашди, аммо ҳамма «Зальцбург» анойи жамоа эмаслиги ва охиригача гуруҳдан чиқиш учун курашишига ишонч ҳосил қилди. Биринчи ўйинда норвегиялик Эрлинг Холанд «хет-трик» қайд этгани эвазига бош қаҳрамонга айланган бўлса, Англияда «Зальцбург» ихтиёридаги Осиё легиони яққол кўзга ташланди. Яъни Хван Хи Чхан яна битта гол урди, япониялик Такуми Минамино ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Қолаверса, корейс ва япон йигити 2та ўйинда 3тадан самарали узатма муаллифига айланишди. Хуллас, ЧЛнинг 2та турида осиёлик икки футболчи «Гол + пас» тизими бўйича биргаликда нақ 9 очко (3та гол ва 6та самарали узатма) тўплади - ажойиб статистика. Шундай экан, Чхан ва Минамино билан алоҳида танишиб чиқиш керак...

 

Хван Хи Чхан. 23 ёшли ҳужумчи - Жанубий Корея миллий жамоаси сафида чамаси 30 марта майдонга тушишга улгурган умидли иқтидор. Корейслар «Зальцбург» вакилига нафақат терма жамоа, балки бутун мамлакат футболининг бўлажак ёрқин юлдузи сифатида қарашмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Ҳар ҳолда, Жанубий Корея футболи «МЮ»да довруғ қозонган Парк Жи Сун давридан буён бу қадар юксак иқтидор соҳибини кўрган эмасди. Хуллас, Хваннинг мамлакат футболида бош юлдуз даражасига кўтарилиши ва Европада Парк Жи Сун вориси бўлишига ишонч катта. Ваҳоланки, у миллионлар ўйини машғулотларини нисбатан кеч бошлаган. Чунки Чханлар оиласи иш юзасидан доимий сафарларда бўларди. Қисқаси, Хван Хи футбол секциясига атиги 8 ёшида ёзилган. Муҳими, табиий истеъдоддан бебаҳра қолмаган болакай машғулотларда тезда кўзга ташланади ва кейинчалик ўсмирлар-ёшлар миқёсида жуда самарали ўйнайди. Дейлик, 16 ёшга тўлишига қадар ҳар мавсум ўз тенгқурлари иштирокидаги турнирларда камида 20та гол уради. Бундай самарадорлик ортидан эса Чханлар оиласи турли клублардан етарлича таклифлар олади. Лекин ёш футболчининг ота-онаси шошилишмайди ва Хван Хи мактабдаги таҳсилни якунлашини кутишади. 2014 йилга келиб эса, оила «Зальцбург» чорловини рад этолмади. Чунончи, клуб раҳбарияти нафақат йигитча, балки унинг она-онаси ҳам Австрияда яшашларини таъминлашга ваъда берганди.

Корейс ҳужумчиси Европага кўчиб ўтишидан атиги 1 йил ўтиб, Австрия қуйи лигасида ўйнай бошлади ва дебют мавсумидаёқ 13та гол уриб, жойи жамоанинг асосий таркибида эканлигига шаъма қилди. Шу тариқа мавсум-2016|2017да «буқалар» сафига мустаҳкам ўрнашиб, Австрия Бундеслигасида 26 марта майдонга тушди ва рақиблар дарвозасини 12 бора ишғол қилди. Бироқ Хван Хи кейинги йили қандайдир «ўра»га тушиб қолди, гўё. Рақиблар кореялик иқтидорнинг тезкор юришларига мослашишдими ёки унга нисбатан қатъийроқ ўйнаш кераклигини тушунишдими, ҳар ҳолда, Осиё вакили ҳаракатида бироз пасайиш сезилди. Қолаверса, Хван Хи кетма-кет жароҳатлардан ҳам азият чекди. 2018 йилнинг ёзида унга «Гамбург» харидор бўлди, аммо 10 миллион еврога баҳоланган трансфер ҳуқуқини сотиб олишга ботинолмай, ижара келишувини маъқул кўрди. Германия клуби раҳбарияти режасига мувофиқ, Чхан «динозаврлар»га Бундеслига йўлланмасини ютишда ёрдам бериши ва шундан кейин тўлақонли шартнома остига имзо чекиши керак эди. Бироқ якунда режанинг ҳар икки банди ўхшамади - «Гамбург» мавсум охирида ўта омадсиз ўйнаб, Бундеслигага чиқиш вазифасини уддалай олмади, футболчининг ўзи эса бутун мавсум давомида атиги 2та гол урди. Чунончи, унга яна ўша  жароҳатлар катта халақит берди. Муҳими, Австрияга қайтган корейс ҳужумчиси жорий мавсумни кутилганидан анча яхши бошлади - 4та гол ва 6та самарали узатма. Ваҳоланки, Хван Хи атиги 1та ўйинда тўлиқ вақт давомида тўп сурди, қолганларида захирадан майдонга тушди ёки ўз ўрнини бошқаларга бўшатиб берди.

Такуми Минамино. «Энфилд»даги ўйин вазиятларини бир эсланг: Такуми кореялик жамоадошидан қолишмай, «Ливерпуль» жарима майдони атрофида кимсан Виржиль ван Дейкни ўз ортидан югуришга мажбур этди. Лекин япон йигити 4 йилдан буён Европа футбол майдонларида жавлон ураётганидан кўпчилик бехабар бўлса керак. Тўғри, у жорий мавсумга қадар ўта ёрқин ўйин кўрсатгани йўқ, лекин йўқолиб ҳам қолмади. Такумининг фаолияти ўз юртида бошланди - «Сересо Осака» клубида. Дарвоқе, машҳур голеадор Диего Форлан маълум вақт айнан осакаликлар шарафини ҳимоя қилганди. Хуллас, тан олинган уругвайлик «кунчиқар юрт»га сафари чоғи ёш ва салоҳияти юқори Минаминони ўз қаноти остига олиб, у билан ажойиб тандемни юзага келтирганди. Қисқаси, Такумининг бирданига яхши ўйнаб кетганида Диегонинг ҳиссаси ҳам катта. Фахрий тўпурар ёш клубдошини фаол тарзда қўллаб-қувватлаш баробарида унга турли маслаҳатлар бериб турди. Эҳтимолки, Минаминога «Зальцбург» таклифини қабул қилишни ҳам айнан Форлан тавсия этгандир.

Австрия клуби япониялик ҳужумчи трансферига 1 млн. евродан камроқ сарфлади. Диққатга сазовор томони, раҳбарият маҳаллий мухлислар футболчи фамилиясини талаффуз қилишда қийналишларини ҳисобга олиб, унинг формасига шунчаки, исмини муҳрлади. Асосийси, Такуми нафақат таркибдан дарҳол жой олди, балки жамоадошлари билан ҳам муаммосиз чиқишиб кетди. Мисол учун, илк кунлардаёқ немис тилини ўрганишга қаттиқ бел боғлаб, ҳафтасига 2 марта махсус курсга қатнади. Қолаверса, шаҳар кўчаларида таржимонсиз сайр қилишга одатланди, албатта, маҳаллий тилни тезроқ ўзлаштириш учун. Мана, япониялик футболчи ҳозирга қадар «Зальцбург»нинг оқ-қизил либосида деярли 200 марта майдонга тушди ва самарали ҳаракатлар (гол ва унга ассистентлик) бобида 100 очкодан кўп йиғишга улгурди. Такуми ҳозир 24 ёшда, лекин Австрия чемпионати билан хайрлашишга сира шошилаётгани йўқ. Унинг футболга ёндашуви ҳам эътиборга арзийди - аввалига маҳаллий лига ва еврокубокларда барқарор ўйнаш асносида совринлар ютмоқчи. Умуман, Минамино ўртамиёна жамоалар таклифини кўриб чиқмоқчи эмас. Дейлик, ўтган ёз Грециянинг «Олимпиакос» клуби Минаминони ўз сафига чорлади, бироқ япониялик ЕЧЛда ўйнаш илинжида «Зальцбург»дан кетишни хоҳламади. Бежиз эмас экан: янги мавсумнинг старт қисмида маҳаллий Бундеслигада 3тадан гол ва сарамали узатмага муаллифлик қилган бўлса, ЧЛнинг 2та ўйинида «Гол + пас» тизимида 4 очко ишлади. Лекин у шу кетишда қишдаёқ ёки келаси ёзда кучлироқ клуб сафига қўшилса, ажабмас.

 

Айтганча...

 

«Зальцбург» сафида Япониядан яна бир футболчи бор - Масая Окугава. Австрия клуби уни жорий мавсум бошида Германия қуйи лигаси иштирокчиси - «Хольштайн Кил»дан таклиф қилди. Диққатга сазовор томони, 23 ёшли ярим ҳимоячи ҳозирга қадар Австрия Бундеслигаси доирасидаги 6та ўйинда захирадан майдонга тушиб, 4та гол уришдан ташқари, 2та самарали узатма муаллифига айланди. Энди ёқа ушлашга шай туринг: Масая шу 6та ўйинда майдонда жами 66 дақиқа ҳаракатланди, холос. Ўртача ҳар 11 дақиқада 1та самарали ҳаракат - бу шунчаки, фастастика. Қолаверса, Окугава ЕЧЛда дебют қилишга ҳам улгурди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz